Ўзбекистон Халқ шоири Абдулла Орипов оламдан ўтди

Фото муаллифлик ҳуқуқи ziyo.uz
Image caption Абдулла Орипов

Ўзбекистон қаҳрамони, халқ шоири Абдулла Орипов Америкада вафот этди.

Ўзбекистон қаҳрамони, халқ шоири Абдулла Орипов 1941 йил Қашқадарёда таваллуд топган. Шоирнинг ўнлаб китоблари нашр этилган. Нафақат Ўзбекистон, балки қўшни мамлакатларда ҳам Абдулла Ориповни танимаган ўзбекларни учратиш мушкул.

Абдулла Орипов Шўролар даврида ҳам, ундан кейинги мустақиллик йилларида ҳам ҳукумат ва халқ томонидан ардоқланган эди.

Фақат умрининг сўнгги йилларида Ўзбекистон қаҳрамони бўлган шоир ҳукуматнинг назаридан четда қолгани айтилади.

Ўзининг яқин шогирдлари билан суҳбатларда марҳум бир неча бор "бир замонлар атрофида юрганларнинг бевафолигидан" нолигани ҳам ижтимоий тармоқларда ёзилган эди.

Абдулла Ориповнинг сўнгги йилларда саломатлиги ёмонлашган, асосан хорижда - Америкада, яқинлари ёрдамида даволанаётган эди.

Яхшилик ва ёмонлик

Эл аро юради бир нақл,

Халқ уни такрорлаб айтади.

Кимсага ёмонлик қилмагил,

Бир куни ўзингга қайтади.

Дарвоқе, панд берсанг бир жонга,

У ҳам тинч турарми ҳеч замон.

Дейдилар, туфласанг осмонга

Юзингга тушгайдир бегумон.

Яхшилик қилсанг-чи, сен, бироқ,

Қайтарми у сенга? Бу мубҳам...

Бошини силасанг гоҳи чоқ

Қўлингни тишлайди итинг ҳам.

Ибодат

Дунёдан розиман дема ҳеч қачон,

Десанг ҳам, сўйлагил саҳрога, тоққа.

Чунки сени тинглаб, кимдир ўша он.

Нега розисан, деб тутгай сўроққа.

Дунёдан норизо бўлсанг ҳам агар,

Сўз дема, бардош қил азоб, фироққа.

Чунки сени тинглаб, кимлардир батта

Нега, деб албатта, тутгай сўроққа.

Дунё ишларига боқма ҳеч ҳайрон,

Жимгина назар сол кўҳна бу корга.

Олис кечалари ёлғиз қолган он,

Дилингни оч фақат Парвардигорга.

Вафо Қилурмисан, Баҳорим

Руҳимда йўқолди қарорим,

Танимда қолмади мадорим.

Бизларни бир йўқлаб келибсан,

Вафо қилурмисан, баҳорим?!

Ёз ўтди, куз ўтди, қиш ўтди,

Бошлардан синовли иш ўтди.

Юракка изғирин - ниш ўтди,

Вафо қилурмисан, баҳорим?!

Ям-яшил қирларни соғиндим,

Чечакзор ерларни соғиндим,

У инжа сирларни соғиндим,

Вафо қилурмисан, баҳорим?!

Лоланинг лаблари хандадир,

Доғи ҳам тубида - андадир.

Қхшаши руҳ ила тандадир,

Вафо қилурмисан, баҳорим?!

Интиқмиз дўст билан, ёр билан,

Шеър билан, соз билан - тор билан,

Дийдорлаш бизнингдек хор билан,

Вафо қилурмисан, баҳорим?!

Тоқат

Бозордан тутоқиб қайтар уйга чол,

Гўшт қайда? Ёғ қани? Ваъда сўздами?

Кампири хўрсиниб юпатар дарҳол:

— Ўкинманг, тақчиллик фақат биздами?

Ёнбошлаб газета варақлайди чол,

Тўполон чиқибди завод, Вуздами.

Кампири юпатар сурганча хаёл:

— Ўйламанг, жанжал ҳам фақат биздами?

Оқшом телевизор кўраётиб чол

Бирдан сапчиб тушар. Эси ўздами?

— Давлатга тош отди кимдир бемалол

Кампири юпатар: фақат биздами?!

Тоқатим тоқ бўлди, дейди энди чол,

Тоқат юракдами? Тоқат кўздами?

Кампири ер чизиб шивирлар беҳол:

Чиданг-да, тоқат ҳам фақат биздами?!

Ўзбекнинг икки шоири - Эркин Воҳидов ва Абдулла Орипов ҳақида Абдулҳамид Исмоил мақоласидан парча:

60-нчи йиллар. Эркин Воҳидов. Қалб шундай уммонки

Қалб шундай уммонки, унинг бағрида

Даҳшатли долғалар силсиласи бор.

Қалб шундай заминки, оташ қаърида

Вулқонлар отгувчи зилзиласи бор.

У бир сайёрадир. ердек шафақгун,

У бир оламдирки, билмас ниҳоя.

Уни меҳваридан чиқармоқ учун

Атом жанги эмас, бир сўз кифоя.

маъно-мазмун

(ўзгарувчан қалб)

|

сўзловчи --------- хабар --------- тингловчи

0 0

|

алоқа воситаси

(атом жанги эмас, бир сўз)

|

белгиловчи қатлам

(сўз майдонига қайтиш)

Бу шеър чиндан ҳам шундай уммонки, Эркин-акамиз: Мана сизларга, бўлмаса! - дегандек, қалам-қоғозларга ўралашиб қолган қалбни оламга отади-ю, уни бир уммон, бир замин, бир сайёра, бир олам қилиб боқадилар. Ғайбона маънода уни ҳаттоки ернинг қўғирчоғи бўлмиш глобусга (меҳвар ҳар ҳолда глобусга таалуқли эмасми! ) ҳам айлантирадилар. Бу кетсиз зилзилалар натижасида - муштдек қалб уммон каби мавж уради, қуруқликка тенг заминдек тораяди, ердек, сайёрадек зўрайиб, олам қадар, коинот қадар кенгаяди - бу портлаш натижасида эски олам - қўғирчоқ олам меҳваридан чиқиб кетадики, бу атом жангининг иши эмас, бу моддий дунёнинг оқибати эмас, - сўзнинг, ғоянинг кучидир.

Ҳаттоки атом (бу шеърдаги ягона ва шу билан бирга табиатга зид неологизм) жангига хос ўлимдан устун қилиб - ким айтганлиги номаълум бўлмиш (шеърда ҳали ўзлигини пеш қилган сўзловчининг шахси йўқ) ва бундан чиқди анъанавий сўзни қўяр экан, Эркин Воҳидов бу интилишда ўзбек шеърияти пешволари қаторини очиб берган Чўлпонга анча яқиндир. Мисол учун бу шеърнинг биринчи бандини Чўлпоннинг «Ўтли сув» шеъри билан солиштириб боқинг:

Зўр денгизнинг тўлқинлари бағрида

юз йилларнинг қонлиб қўрқунч изи бор.

. . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . .

Кўпирар ул, ҳовлиқар ул, тошар ул,

Гўрингиздан наъра тортиб ошар ул.

Ва ё оламнинг меҳваридан чиқиб кетишини Чўлпоннинг «Ўктабр» шеърига қиёсланг.

Эй букун дўл келиб

Оламни йиққан кун!

Эй букун куррамиз

Меҳвардан чиққан кун!

Бу уйғунликнинг юзакиликдан холилигини исботловчи яна бир далил - Чўлпоннинг «Кўнгли»дагидек, бу шеърда ҳам уввиловчи «у» уни билан алдовчи «а» ҳарфининг бемуроса курашидир. Чўлпонда ҳуррият устун келганидек, бунда ҳам атом жанги эмас, сўз ютиб чиқади. Сўз ёрган ва коинот каби портлаган қалбдаги бу куч, бу интилиш ҳам Чўлпону Усмон Носирдагидек ичдан ташқарига қаратилгандир.

Сўз ҳажми тор, фикр ҳажми кенг бўлган бу мўъжаз шеърнинг худди ана шу сўзларини текшира бошласак, маълум бўладики, от туркумидаги сўзлар қаторидаги сўзлар: қалб - уммон - бағир - долға - силсила - замин - қаър - вулқон - зилзила - сайёра - ер - олам - меҳвар - жанг - сўз, - буларнинг бари юксак анъана ва юксак услубга хос калималардир. Умуман, отларнинг феъл, сифат ва равишлардан устиворлиги қалб қирраларининг қайта белгиланишидан, қайта номланишидан далолатдир.

Шеър Эркин Воҳидовда на сўзловчи, на тингловчининг ноаниқлигига қарамасдан, бир силкиниб, яна сўз майдонига қайтади. Албатта, бу шеърнинг вазнию қофияси, сўз тартибию санъатлари устида анчагина мулоҳаза юритиш мумкин. Дейлик, шеърий жумланинг шеърий сатрга сиғмаслиги фикр учун шакл тор бўлиб қолганлигининг аломати эмасми, ва ё тубсиз бу мантиқни олиб боқайлик: қалб - уммондир, бу уммоннинг (демакки инсон бағридаги қалбнинг ҳам) бағрида даҳшатли долғалар силсиласи бор. Бағирда жойлашган бағирнинг яна бир ўгирилиши - бу уммоннинг инсонга тенглашувидир, инсоннинг йўқликдан пайдо бўлиши - бу шеърдаги мўъжизалардан бири эмасми?

Лекин онгда юз берган зилзилаларни сейсмограф каби ёзиб олиш учун Эркин Воҳидов шеърини - қадамдоши Абдулла Ориповнинг ўша йилларда ёзган «Инсон қалби» шеъри билан таққослаштириш кузатувчи учун ҳам қарз, ҳам фарз дея, эътиборимизни яна бир шеърга тортсак.

Абдулла Орипов. Инсон қалби

Инсон қалби билан ҳазиллашманг сиз,

Унда миллат яшар, унда тил яшар.

Унда аждод фаҳри яшайди сўзсиз,

Унда истиқомат қилади башар.

Инсон қалби билан ҳазиллашманг сиз,

Унда она яшар, яшайди Ватан.

Уни жўн нарса деб ўйламаг ҳаргиз,

Ҳайҳот! Қўзғалмасин бу қалб даъфатан!

Эркин-акамиз ҳақида айтилган сўзларнинг кўпига Абдулла-ака ҳам лойиқ. Жумладан, юксак услубга мойиллик бу шеърнинг эгалик қаторида анча намоён: инсон - қалб - миллат - тил - аждод - фаҳр - башар - она - Ватан - нарса - қалб. Биринчи қарашдаёқ Эркин Воҳидовнинг қаторига нисбатан бу қаторнинг мафҳумлиги - абстрактлиги аён бўлади. Яъни, Эркин Воҳидов сўз майдонини портлаш орқали тозалаб берган бўлса, бу майдонда Абдулла Ориповнинг иккинчи табиат, ёки руҳий табиатга тегишли сўзлари уна бошлайди.

Яна бир фарқий хосият - Абдулла Ориповнинг шеърида феълларнинг нисбатан кўплигидир, лекин бу кўплик ўзига хос кўплик. Мана феъллар мажмуаси: ҳазиллашманг - яшар - яшар - яшайди - истиқомат қилади - ҳазиллашманг - яшар - яшайди ўйламанг - қўзғалмасин. Жамъи, бу шеърда атиги тўрттагина - ҳазиллашмоқ, яшамоқ, ўйламоқ ва қўзғалмоқ феъллари мавжуддир.

Э. Воҳидовдан фарқли ўлароқ, А. Ориповнинг шеърида тингловчи «сиз» пайдо бўлар экан, феъллардан иккитаси: ҳазиллашманг ва ўйламанг айни шу сизга таалуқлидир. Яшар - қалбда яшовчи турли тушунчалар билан, қўзғолмасин эса - қалбнинг ўзи билан боғлиқдир. «Сиз» қутби Абдулла Орипов шеърида албатта муҳолифона қутбдир, икки инкор шаклидаги феъл буни бўрттириб, шоирнинг тутган йўли-ю, шижоатини яққол белгилайди.

Тасдиқловчи, дарак шаклидаги ягона «яшар» феълига тобеъ сўзларни кўздан кечирадиган бўлсак, Абдулла Орипов худди Эркин Воҳидовнинг бояги кифоя бир сўзини очиб шарҳлаган гўё: бу - миллат, бу - тил, бу - аждодларнинг фаҳри, бу - башар, бу - она, бу - Ватан, яъни яна бир сўз билан айтганда - одамзотнинг миллий руҳияти. Ва ё маънавияти. Ва ё қадрияти.

Бироқ қалбга тегишли «қўзғалмасин» феълининг инкор орқали огоҳлантирувчи шакли ҳам ўша давр миллий онг тараққиётининг шубҳасиз аксидир. Бу онгнинг умумий қиёфасини чизиш олдидан яна баъзи бир услубий фарқларни изоҳлайлик.

Эркин Воҳидов ўз шеърида қалбни ташқи дунёга тенглаштирган бўлса, Абдулла Орипов бу дунёни қалбнинг ичига жойлайди. Воҳидов манзара берса, Орипов тушунчалар ҳаракатини ифодалайди. Бири қалбни меҳваридан чиқарувчи сўзни белгиласа, иккинчиси - бу қўзғалишдан сизни огоҳлантиради.

Бир шеърни иккинчи шеърга мутаносиб қилувчи аломатлардан яна бири - иккинчи шеърнинг ҳам Чўлпоннинг «Халқ»ига уйғунлигидир.

Бичим нуқтаи назаридан ҳам, яъни иккала шеърнинг икки бандлигию, иккисидаги мавжуд параллелизмларни инобатга олсак, ва ё ҳаттоки иккала шеърнинг сўз мартабаси қаторига ёт, бирида ўта замонавий атом, иккинчисида ўта жайдари «жўн» сўзи авжда игнадек ялт этишини солиштирсак, - иккала шеърнинг мутаносиблигига яна бир бор иқрор бўламиз.

Шундай экан, бу икки шеърга асосланиб, 60-нчи йиллар шеър ёзиш услубининг, бундан чиқди - оламни идрок этиш йўсинининг, хулосан - миллий тафаккурнинг ўзгаришини белгилаб боқайлик.

Ўзгаришлардан бири - баҳоси икки чақага қиммат бўлган сўзнинг қадри-қимматининг қайта тикланишидир. Сўз энди сонан исроф этилмайди, лекин сифатан унинг муболағавий табиати ҳали енгилмаган. Сўз ва ҳодиса ҳаргиз бир-бирига тенг эмас. Дунё ҳали юксак анъана услубида, анча тантанавор равишда ва «мен» қолипига солинмаган юксак ҳиссиёт ила такаллум айланади. Арабу-ажам сўзларининг нисбатан кўплиги ҳам шундан бўлса керак. Бироқ дунёни қаламу-дафтардек акс эттириш ўрнига, энди уни асосий тушунчаларда қайта белгилаб, қалбан, ақлан ва руҳан ҳис ва идрок этиш бошланади. Миллий тафаккур ўта замонавийликни ҳам, ўта қолоқликни ҳам ёт билиб, миллий анъана заминига қайтади. Бу даврга келиб ушбу тафаккур англаган нарса - миллий ҳаёт ва ишқ негизи бўлмиш қалбнинг даҳшатли улуғлигидир. Бу фикр ҳам ғурурлантиради, ҳам чўчитади.

Яна бир ўзгариш - аввалги сифат беришнинг янги ном белгилашга алмашувидир. Бу дегани, 60-нчи йиллар учун хос бўлган ишонч: гарчи ҳаёт ва қалбга таалуқли номларни ўзгартирсак, ҳаёту-қалб ҳам сифатларини ўзидан-ўзи ўзгартиради қабилидаги фикрдир. Аммо у йилларда долзарб бўлган тасниф ўзгариши билан тартиб ўзгариши орасида фарқ ниҳоятда катталигини кейинги қарийб 30 йил исботлади.

Исбот дер эканман, иккала шеърдаги исботи муқобилияни ҳам ўша даврга хос бир йўл сифатида билиб, тафаккур миқёсида бир-бирига муқобил - мавжуд ва мумкин оламлар бир-бирига асос бўла олади деган эътиқодга йўйиш вожибдир...

Алоқадор мавзулар