"Ҳақ йўли, албатта, бир ўтилгуси!"

Фото муаллифлик ҳуқуқи asiaterra.info

(Чўлпонга ўхшатма)

...Кап-катта муаллим кичик боладан савол сўрди:

- Аллоҳга инонасанми?

- Шубҳасиз!

- Унда у қани, Аллоҳ турған манзилни менга кўрсат-чи?!

- Аввал сиз менга Аллоҳ йўқ жойни кўрсатиб беринг…

Боланинг хотиржамлик ва инонч ила айтғон сўзи коммунистик тарбия олғон муаллимнинг ақлини шоширтирди...

Сўлқиллаб келасан, ўзбегим,

Маърифат отига отланиб...

("Ўзбегим")

Ҳа, давлатимиз мустақил бўлғач, илк йилларинда бироз эркинлик шабадалари эсиб, ўзликка, Ҳаққа қайтғанлар қайтди. Матбуот, эркин сўз диний эътиқод бир қадар юксалиб, чинакам ҳуррият тотини тотиб кўрди. Бироқ, бу жараён узоққа чўзилмади, афсус... Эски ҳаммом, эски тосдан воз кечгиси келмағонлар, ким тўрга ўтса, анга мутеъларча қуллуқ қилиб, "оғзи қийшиқ бўлса-да бойнинг ўғли сўйласин", деб туришдан ҳам ўзгачароқ фикрлаш мумкинлигини шууриға келтиролмағанлар сездирмайгина, майда-майда қадам ташлаб, эгилиб-букилиб, ўрмалаб-тирмашиб "катта" одамға айланиб қолдилар. Энди эса, туянинг қулоғига тирмашиб чиқиб олиб, "мен ҳаммадан баландман, ҳаммадан ақллиман, ҳамма менга бўйсуниши шарт", дея ғирромлик билан "мучалбоши" бўлиб олған сичқоннинг "каромати"дек ўйин намойишини кўрмайсизми? Кўрасиз, кўриб, аммо индамайсиз, индай олмайсиз. Чунки, барака топгур лаганбардорларимиз аларни "семиртиришиб," аллақачон ўткир тишли, буюк калумушларга айлантириб бўлишди. "Ғинг" деб кўринг-чи, ўзингизни қаерда кўрар экансиз? Ё хорижда, ё зиндонда, ё... Худо асрасин-а, қолғанини айтишқа камина ёмон гумонға кетишдан қўрқдим.

Узоқ... оғир йўлга чиққан йўлчимен,

Бу йўлларда қилоғузим юлдуздир.

Мен юртимнинг пок истакли кучимен,

У юлдузнинг тугалиши кундуздир!

("Юрт йўли")

...Аллақачон поезди ўтиб кетган шўровий мафкуранинг юлунғон пошнасиға ёпишиб қолғонлар ҳам оз эмас экан. Эмди алар "коммунистик партия"нинг ўрниға "мустақиллик" сўзини тўн қилиб кийғизиб, "эркин фикрлаяпмиз, мустақил сўзимизни айтаяпмиз", деб бонг ураётирлар. Аслинда эса, бошқаларни инонтирмоқчи бўлғон бу сўзлариға ўзлари ҳам ич-ичдан инонмайдурлар. Чунки, "эркин" сўзларини кўнгилларининг эрки истаб турғон тилакка қараб эмас, мавжуд ҳокимият, мавжуд сиёсатнинг қош-қабоғига қараб, шу тизим истаётган сўзни "эркин" ва "ўз инон ихтиёрлари" бирлан сўзламоқдалар. Бу тоифа кишилар ингичка узилиб, йўғон чўзилиб қолған бугунги муҳим вазиятларда, айниқса, кўзга яққол ташланиб қолишди.

...Ўзини кичик мутахассис санамайдурғон кап-катта ёшли бир "катта" руҳшунос, яқинда радиомухбир ила суҳбатда "пойинтар-сойинтар гап эгаси"ға илмий таъриф беруркан: бундай одамлар бошқалар олдида умуман масъулият ҳис қилмаслиғи, калта ўй, худбин ва лоқайд кимса бўлиши мумкинлиги қабилиндағи фикрни илгари сурди, инонч ва виқор-ла сўйлади. Сўнг эса... Бу мавҳум, "булутли" жумлалар энг ка-а-а-т-та лавозимда ўтириб олғон бирисиға тобеъ эканлиғини эшитуб, би-и-и-и-ир саросимаға тушди-ей... "Балки бу одам ўрус тилинда равон сўзлар, балки бошқа тилларда гўзал жумлалар туза билур, буни билмоғим шарт, андин сўнгра аниқ хулосалар айтурман, йўқса, ҳаққим йўқ", - дея каловланди-қолди...

Қизиқ, ўзбек элға бош бўлишқа ошиқаётурғон одам ўзбекча жумла туза билмаса, демакким, "катта" мутахассис - руҳшуноснинг илмий таърифи-хулосасиға таянадурғон бўлсак, эл олдида масъулият ҳис қилмаслиғи кафтдек аён... Унда бошқа тилда яхши сўзласа, бундан кимга нима наф? Қоловурса, ўзи ўсғон эл тилини эъзозламайдурғон одамнинг қалбида ўзга эл, ўзга тилга нисбатан ҳурмат ва масъулият ҳисси бўлиши мумкинму?

Ҳа-ааа.... Давлатимиз расман мустақил деб эълон қилинғонидан сўнг ҳам ҳ-у-у-у-в шўро давриндағи зулм ва риёкорлик машинасининг устиға "истиқлол" шойисини ёпиб қўйиб, гуриллатиб ишлатиб юраверган экан бу шоввоз "катта"лар, кўзларимизни шамғалат қилиб... Мана энди барининг миси чиқиб қолди... Бугун бу ғирром ўйинларни ўзбекнинг энг содда, энг оми ва энг гўл фуқароси ҳам англаб, тушуниб етди. Зотан,

Тилинган тилларга қон югургуси,

Бўшалган инларга жонлар киргуси.

Тиканли боқчалар чечак кўргуси,

Ҳақ йўли, албатта, бир ўтилгуси!..

("Созим"дан)

Фото муаллифлик ҳуқуқи asiaterra.info

Биров олдин биров кейин, тегирмондағи каби: навбат-навбати бирлан, вақти-вақти бирлан, вазият-вазияти, моҳият-моҳияти бирлан ҳар ким Ҳақ олдида бошини барибир эггусидур!...

Аммо, афсус, шунга қарамай, асрлар бўйи ўзбекнинг вужуди, қони, руҳиға йилондай ўралиб, чирмашиб олған қўрқув ҳисси бизнинг том маънода ўзлигимизға қайтишқа, ҳақиқатнинг кўзлариға тик қарашқа йўл бермай келаётир. Кўпларимиз тан олиб-тан олмайдурғон қўрқоқлиқ ҳисси бизни инсонлик, жўмардлик шарафиндан жудо қилиб, мунофиқлиқ иллатиға ботирмоқда. Халқнинг ҳаққини еб, яна халққа зулм қилиб, дўқ қилиб, дунё ҳамжамиятиға эса кўзини лўқ қилиб, "Биз ҳуқуқий-демократик давлатмиз", дея мунофиқлик қилаётқан ҳукуматнинг қора ишларини кўра-била туриб, "ўз инон ихтиёримиз бирла" аларнинг қилмишларини оқ дея талқин, ташвиқ этурмиз. Бизнинг ҳаққимиз-ҳуқуқимиз учун курашадурғон, ҳақ сўзни айтадурғон,

"Энди ҳар нафасда яна куямен,

Фақат мажнун бўлиб элни севамен,

Унга ҳурмат билан бўйин эгамен,

Бошимни у учун дорга қўямен!..."-

("Мен ҳам севамен")

дегувчи элдошларимизни кўр-кўрона "ватан хоини" атаб, ҳақоратлайдурмиз. Аксинча, бошимизға чиқиб ўтириб олғон риёкор "катта"ларни олқишлаб, тегирмонлариға сув қуядурмиз. Мунофиқлиқ қиладурмиз: дилимизда бошқа, тилимизда бошқа-бошқа сўз айтадурмиз. Бир ҳовуч зулмкор-қароқчиларға хушомадгўйлик қилурман деб, башар аҳлиға Амир Темур, Жалолиддин Мангуберди сингари жасурлиғи, матонати ила ибрат бўлған марди майдонларни берғон ўз миллатимизнинг шаънини қўрқоқлиғимиз, жоҳиллиғимиз ила ерга ураётқанимизни англамайдурмиз.

Аллоҳ қаршисида, ўзга уммат- миллатлар қошида, жилла қурса виждонимиз қаршисида уялмайдурғон бир ҳолғами солди бизни бу қўрқунчлар, эвоҳ!...

Ол байроғингни, қалбинг уйғонсин,

Қуллик, асорат - барчаси ёнсин,

Қур янги давлат, ёвлар ўртансин,

Ўсиб Туркистон қаддин кўтарсин!

("Туркистон")

Бугун ўз-ўзидан яна бир ғалати метафорик ҳолат юзаға қалқиб чиқди: "катта"лар кичкина нарсалар ҳақида ўйлайдурғон бўлиб қолдилар, "кичик"лар эса катта нарсалар ҳақида...

Олтин бошли ва олтин қўлли одамлар эл фаровонлиғи ва маърифатини юксалтиришдек катта мақсадлари катта ловозимда ўтирғанларнинг моддиятпарастлиғи, майда ва худбинона мақсадлари билан тўқнаш келиб қолғонлиқлари важиндан ўзга юртларға бош олиб кетмоққа мажбур бўлғонликларини баримиз балодай билурмиз. Аммо... Халқнинг асосий фоизини ташкил этадурғон оддий одамлар ўзларини кичик олиб, "катта"ларнинг ишиға аралашса ёмон бўлишини" биларак, бу адолатсизликларни оқламайдурлар ҳам, ёқламайдурлар ҳам. Жилла қурса жим юришни афзал кўрадурлар. Аммо, "юртнинг, миллатнинг тақдири бу кетишда нима бўлади", деган катта сўроқли қайғулар аларнинг қалбини ҳамиша безовта этиб турадур. Билъакс, элнинг олдиға тушиб, аларни ҳақ йўлиға етаклаши керак бўлғон баъзи катта шоирлар-у катта ашулачилар саҳнаға чиқиб олқишланиш-у унвон олиш, шахсий шон-шуҳратқа эришишдек майда ҳасратларини олд плонға қўюб, миллат қайғусини кичик кўруб ортқа суриб қўйғанликдан ҳадеб "катта"ларға хушомад уриб ўлиб-тирилиб ётибдурлар. Ўзбек ҳукуматининг адолатсиз сиёсати бутун дунёға маълум бўлиб улгурғон эса-да, булар энди халқни чалғитмоққа уруниб, ҳатто шу ҳукуматдан "урулғонлари" ҳам маддоҳлиқ қилишқа тушиб кетдилар.

Буюк дард соҳиблари эса буюк сукут ичра ночордурлар... Аларнинг амали амалдорларға лутфигўлик қилмоқ эрмас, эл дардига дармон изламоқдин иборат. Яъниким:

Йўқ ишим ҳоким амалдор, шоҳу ҳоқонлар билан,

Биргадурман доимо ҳамдард бўлғонлар билан!...

("Галдир")

...Шу кунларда муваққат "катта"нинг Андижонға ташлаған "қора маскали"лардан иборат армияси (2005 йилни машъум воқеъаси сабаб) эркаклари зиндонбанд қилинған ва юртдан қочғон оилаларнинг ожизалариға зулм қилиб, аларни қурол бирла таҳликаға солиб, талон-тарож этаётқанлиқлари ижтимоий тармоқларни ларзаға солди. Хотин-халаж ва гўдакларни қўрқутуш, хўрлаш, сабрли элнинг ярасини тирнаш бирла шуҳрату ҳурмат қозонишқа, мансаб курсисиға эришишқа уруниш ўта кетган калтабинлик ва тубанлик эмасму?... Заифаларни бахтдан мосуво айлаб, оилаларни пароканда этиб, жужуқларнинг жавдираған кўзларидан шашқатор ёшларини оқизаётқан бу "кучли"лар "қудратли давлат ва бахтли келажак" ҳақинда сафсата сотурларму яна?...

Қалбимда йиғлаган малаклар кимлар?

Шарқнинг оналари, жувонларими?

Қаршимда инграган бу жонлар кимлар?

Қуллар ўлкасининг инсонларими?

("Амалнинг ўлими")

Хуллас, "катта"ларнинг майда мақсадлари ила алар кичик кўруб, менсимаётғани миллионлаған оддий одамлардан иборат катта бир халқнинг Ватан тақдири, эл эртаси хусусиндағи катта ўйлари ўз-ўзидан бир-бириға рўбарў келиб турибдир...

Ечим битта: Ё "катта"лар ёлғондан, ваъдабозлиқ ва риёкорлик, очкўзлик ва зулмдан воз кечадурлар, ё-да сабр илмидан сабоқ олған буюк эл аларға каттагина бир сабоқ бериб қўйишқа мажбур бўладур. Зеро,

Халқ денгиздир, халқ тўлқиндир, халқ кучдир,

Халқ исёндир, халқ оловдир, халқ ўчдир...

Ҳарна эса охири бахайр бўлсин, ишқилиб...