Ўзбек сўми: Сўнгги чора - фалажлаб даволашми?

Фото муаллифлик ҳуқуқи AsiaTerra.info
Image caption Ўзбек сўми - собиқ СССРда энг кўп қадрсизланган миллий валюталардан бири.

Ўзбекистон миллий валютаси - сўм рекорд даражада қадрсизланиб, 7 минг сўм бир АҚШ долларига тенглашди.

Бир неча ой бурун ҳам сўм шу даражага баҳосизланган, бироқ ярим кунда яна бироз қаддини кўтарганди.

"Сўнгги бора бюджет ташкилоти ходимларининг маошлари ошгани боис сўм қадри тушиб кетди" - дейди иқтисодий таҳлилчи Сапарбой Жўбаев.

Ўзбекистон ҳукумати яқинда айрим тиббиёт ходимлари ойликларини одатдагидан ташқари анча оширганди.

Бироқ 2014 йили 3500 сўм бир АҚШ долларига тенг бўлса, охирги икки йил ичида унинг қиймати рекорд даражада пасайиб, 7 минг сўм бир АҚШ доллари бўлмоқда.

Ўзбек сўми - собиқ СССР давлатлари ичида энг кўп қадрсизланган миллий валюталардан бири. Мутахассисларга кўра, бу борада фақат Беларуснинг рубли сўмдан ўзган, холос.

"Қозоғистон-ку майли, ҳатто Қирғизистон пули ҳам Ўзбекистонникидан кўра қадрлироқ ва анча йиллардан бери барқарор сақланмоқда" - дейди суҳбатдошимиз.

Сўм нега қадрсиз?

Ўзбек сўми қиммати жадал пасайиши бир қатор ҳам ташқи, ҳам ички сабабларга боғлиқлиги айтилади.

"Халқаро молиявий инқироз боис Ўзбекистон экспорт қиладиган маҳсулотлар - рангли метал, пахта, газ ва уран нархлари тушиб кетди" - дейди Сапарбой Жўбаев.

"Лекин мамлакат четдан оладиган муҳим маҳсулотлар, хусусан, озиқ-овқат ё сифатли дори-дармон қимматлигича қолган".

Ўзбекистон йирик ун маҳсулотлари истеъмолчиси ҳамдир. Ва четдан кўп дон ва ун сотиб олади.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Шахсий сурат
Image caption Сапарбой Жўбаевга кўра, зудлик билан пул-кредит ислоҳоти ўтказилиши керак.

Бунинг устига, Россия ҳамда Қозоғистонда иш топиш қийинлашиб, ўзбекистонлик муҳожирлар ватанга жўнатаётган пул миқдори ҳам озайиб кетган.

Таҳлилчиларнинг айтишича, ҳукумат зудлик билан пул-кредит ислоҳотларини ўтказиши керак.

"Ҳукумат истаса буни амалга ошириши қийин эмас" - дейди Сапарбой Жўбаев - "Бозор иқтисодиётига ўтилади, пул сиёсати ислоҳ этилади ва валюта айирбошлаш эркинлаштирилади".

Бироқ айни амаллар мамлакат учун оғир кечиши мумкин, деган хавотирлар ҳам йўқ эмас.

"Бошида бир-икки йил қийин бўлади" - дейди суҳбатдошимиз - "Фалажлаб даволаш, дейишади буни, бироқ бошқа илож йўқ".

Ҳозир Ўзбекистон тобора тушиб кетаётган аҳоли харид имконларини бироз кўтариб туриш учун ҳар йили маошларни 10-12% оширмоқда.

Умид - Шавкат Мирзиёевдан

Вақтинчалик президент вазифасини бажараётган Шавкат Мирзиёев мамлакат бўйлаб кўплаб муаммолар ечимига киришмоқда.

Хусусан, четга деҳқончилик маҳсулотлари экспорт қилаётганлар учун солиқ енгилликлари яратилди.

Тадбиркорларнинг давлат ташкилотлари тарафидан текширилишини камайтиришга фармойиш берди.

Айримларга кўра, бу чоралар яхши, бироқ улар ҳали йирик ислоҳотларни англатмайди.

Image caption Шавкат Мирзиёев мева ва сабзавот эскпорт қилувчиларга енгиллик яратди.

"Умид қилаяпмиз" - дейди Сапарбой Жўбаев - "Адашмасам, Шавкат Мирзиёев 3 ой ичида пул-кредит сиёсатини ислоҳ қилишга оид таклифлар киритилсин, деб айтган".

"Шу боис, мазкур соҳадаги аниқ қадамлар ё ислоҳотлар ҳақида ҳали гапиришга эрта".

Ўзбек сўми хорижий валюталарга нисбатан тўрт хил нархда сотилади. Бироқ мутахассислар унинг ҳақиқий баҳосини қора бозордаги нархи билан ўлчашади.

Бир неча йилдан бери халқаро молиявий ташкилотлар Ўзбекистонга иқтисод, қишлоқ хўжалиги ва молия соҳаларида жиддий ислоҳотлар ўтказишни таклиф қилиб келишади.

Лекин марҳум Президент Каримов ҳукумати советлар давридаги каби иқтисод устидан давлат назоратини ва мажбурий меҳнат каби феодал-қулдор бошқарув усулларини сақлаб қолганди.

Шунингдек, Ўзбекистон ҳамон хорижий сармоядорлар келишни истаса-да, лекин маблағини киритишдан қўрқадиган давлатлардан бири бўлиб қолмоқда.

Мамлакатда фаолият юритаётган ўта йирик хорижий ширкатлар эса, асосан, сиёсий элита билан иш тутади.

Сўм келажаги буюкми?

Ўзбекистон аҳолиси 32 миллионга етган ва бу - Марказий Осиёнинг қолган 4 давлатидаги аҳоли сонига тенг, деган гап.

Ўтган 25 йил давомида сақлаб қолинган пахта монополияси ва сув камлиги боис озиқ-овқат ишлаб чиқариш қийинлашмоқда.

Ўзбекистоннинг катта ҳудудлари жадал саҳролашмоқда ва ер тузланмоқда.

Image caption Россиядан муҳожирлар жўнатаётган пул камайиши ҳам сўмнинг янада қадрсизланишига ҳисса қўшган.

Орол денгизининг Ўзбекистон қисми деярли қуриб битган.

Амударё сўнгги йиллари Хоразмга аранг етиб бораётир. У (энди қарийб йўқолган) Орол денгизига қуйилмай қолганига бир неча йиллар бўлди.

Тожикистон Роғун ГЭСи қурилишини бошлади. Шу боис сув таъминотига оид вазият энди яхшиланиши даргумон.

Сурхондарё ва Қашқадарё қисман, Бухоро, Қорақалпоғистон ва Хоразм эса бутунлай Амударё сувига қараб қолган.

Шундай ҳолатда, Ўзбекистон ҳукумати зудлик билан иқтисод, деҳқончилик ҳамда молия соҳасида кенг қамровли ислоҳотлар ўтказиши зарурлиги таъкидланмоқда.

Бироқ ҳозирча, пахта майдонлари қисқариши секин кечаётир. Пахта ўрнига озиқ-овқат ишлаб чиқаришга ихтисослашаётган боғдор туманлар сони бармоқ билан санарли.

Пахта эса меҳнати оғир, сарф-харажати катта, сувталаб, аммо нархи арзон ва фойда бермайдиган маҳсулот саналади. Бу зарарни қоплаш учун Ўзбекистон ҳукумати мажбурий меҳнатдан фойдаланиб келади.

Кузатувчиларга кўра, Шавкат Мирзиёев қишлоқ хўжалигини ич-ичидан билгани учун ҳам вазиятни ўнглаши мумкин ва унинг ҳозирги қадамлари тўғри йўналишга қаратилмоқда. Лекин бу қадамлар ҳали жадал эмас.

Шу сабабли иқтисодий, пул-кредит ва қишоқ хўжалигидаги кенг қамровли ислоҳотлар ҳозирча - фақат умид.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг

Бу мавзуда батафсилроқ