'The Financial Times' даги қандай мақола эди?

Мақола Фото муаллифлик ҳуқуқи Gov.uz
Image caption Жаҳон ҳукумат порталида берилган хабар нусхаси

Ҳафта бошида "Жаҳон" ахборот агентлиги Британиянинг халқаро "The Financial Times" газетаси Ўзбекистон ҳақида мақола ёзган, деб хабар берди.

Ўзбекистон ҳукумати порталида ўзбек ва рус тилларида чиққан бу хабарни ҳафта давомида мамлакатнинг бир неча ахборот сайтлари, жумладан, "Халқ Сўзи" ҳам қайтадан чоп этишган.

"Жаҳон" агентлигининг хабарига кўра, "Британиянинг нуфузли "The Financial Times" нашри Ўзбекистон мавзусига мақола бағишлаб, хусусан, "электрон ҳукумат ишончли демократиянинг чуқурлашуви ва давлатнинг шаффофлигини таъминлашга хизмат қилади", сарлавҳали мақола чоп этган экан.

Ўзбекистон расмий агентлигининг хабарига кўра, британ нашрининг муаллифсиз мақоласида Ўзбекистонда электрон ҳукуматини амалга ошириш дастури қандай кетаётгани, унинг мақсадлари ҳамда Бош вазирнинг виртуал қабулхонаси яқинда ишга тушгани ҳақида маълумот берилади.

Худди исботлаш учундек, "Жаҳон" агентлиги узун хабари давомида ҳар бир параграфни британ газетасига иқтибосан бошлайди.

Яъни, "Мақолада...сўз юриталади, "қайд этилади" дан бошлаб, "Мақолада таъкидланишича" билан давом эттирилиб , ниҳоят, расмий хабар охирига етиб, "Мақоланинг хулоса қисмида Британия нашри…таъкидлайди", деган сўзлар билан якунлайди.

"Жаҳон" хабарида мана бу каби сатрларни ҳам учратишингиз мумкин: "Шу билан бир қаторда, "The Financial Times" Ўзбекистон Бош вазирининг Электрон қабулхонаси яратилиши ҳақида маълумот беради."

Фото муаллифлик ҳуқуқи FT
Image caption Бу - FT рекламасининг ўзгартирилган сурати

Британ матбуоти бу каби ўта мақтовли мақолани чоп этиши - ноодатий ҳол.

Айниқса, "The Financial Times" газетаси ўз обрўсини ўқувчилари олдида туширмаслик учун икки асрдан бери ўта эҳтиёткорлик билан фаолият юритиб келади.

FT нинг объектив, воқеиликнинг ҳаққоний тасвирини ўз ичига олган хабарларини дунё бўйлаб миллионлаб одамлар ўқийди.

Британ матбуотининг моҳияти билан бевосита таниш бўлган Би-би-си Ўзбек хизмати кичик бир журналистик текширув ўтказиб, "Жаҳон" ёзган ва кўплаб бошқа нашрлар қайтадан чоп этган бу хабар у қадар ҳам ҳақиқатга яқин эмаслигини аниқлади.

Мазкур мавзудаги мақола "The Financial Times"да пайдо бўлган бўлса-да, бироқ у фақат реклама сифатида чоп этилган.

Буюк Британия нашрлари реклама мазмунидаги мақолаларни чоп этишда газетхонларни чалкаштирмаслик мақсадида қатъий қоидаларга бўйсинишади ва бундай мақола тепасига албатта "реклама" сўзини илова қилишади.

"The Financial Times" нинг 9 ноябр кунги сонида айнан бу мақоланинг реклама эканлиги яққол кўзга ташланади.

Мақола тагида муаллиф сифатида Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири ўринбосари Ким Нам Сокниннг исми ва сурати ҳам келтирилган.

Рекламанинг бош параграфида "ташаббус Ўзбекистон Бош вазири Шавкат Мрзиёев томонидан мувофиқлаштирлмоқда", дейилган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи FT
Image caption Британ нашридаги реклама асли

"Жаҳон" агентлигининг версияси билан солиштирганда, Ким Нам Сокнинг на сурати бор ва на исми кўринади.

Эҳтимол, бу Жанубий кореялик мулозим ўз вақтида айнан шундай мақола ёзган бўлиши мумкиндир?..

Лекин интернетдаги қидирув бу саволга аниқ жавоб бергани йўқ.

"Жаҳон" агентлиги сайтида чоп этилган хабарга жавобан "The Financial Times" таҳририяти баёнот чиқарди.

Баёнотга кўра, "Лондондаги Ўзбекистон расмийлари "The Financial Times" да реклама-мақолани жойлаштириш учун пул тўлашган.

"Бу мақола шу ой бошида газетамизда чоп этилди. FT газетхонларни рекламани кўраётганларига ишонтириш учун бунга ўхшаш реклама-мақолаларни аниқ белгилаб қўяди. Кўринишича, рекламанинг электрон имижига қўл урилган бўлиб, Ўзбекистон расмий ахборот агентлиги худди мазкур мақола FT нинг таҳририяти номидан чиққан, дея нотўғри намоён этган. Таҳририятимиз мазкур ахборот агентлигидан хатони тўғрилаб қўйишни сўрайди."

Қисқача маълумот: ("The Financial Times" - Британ нашрлари орасида энг обрўлиларидан бири саналади. У 1888 йили Лондонда таъсис этилиб, асосан иқтисод ва бизнес мавзуларида мақолалар чоп этиб боради. Газетани ҳар куни дунё бўйлаб 2,2 миллион одам ўқийди).

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқалибоғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг