Лола Каримова отаси номига жамғарма очди

Оқ Уйда Фото муаллифлик ҳуқуқи Lola Karimova-Tillaeva
Image caption Лола Каримова-Тиллаева ўзининг турли ижтимоий-мулоқот тармоқларидаги аккаунтларида чоп этган бу суратини, "Ойимлар билан отамнинг Оқсаройдаги иш кабинетларида", деб номлаган

Бу ҳақда Ўзбекистон марҳум президенти Ислом Каримовнинг кенжа қизи турли ижтимоий-мулоқот тармоқларидаги шахсий аккаунтларида хабар берган.

Лола Каримова-Тиллаева онаси Татьяна Акбаровна Каримова билан Ислом Каримов номидаги жамоатчилик хайрия жамғармасини таъсис этганликларини айтган.

Бу хабар президент Каримов вафотидан икки ярим ой ўтиб ўртага чиққан.

Алоҳида таъкидлаш жоиз, бунгача Ўзбекистонда марҳум президент Ислом Каримов номида на жамғарма ва очиладиган бўлса, на-да музей бўлган.

Қолган аксарият минтақа давлатлари лидерлари билан солиштирганда, бу масалада президент Каримов ўзининг камтарлиги билан алоҳида ажралиб турган.

Мустақил Ўзбекистоннинг биринчи ва ўтган чорак асрлик вақт давомидаги ягона президенти бўлган Ислом Каримов шу йилнинг 2 сентябр куни миясига қон қуйилиши оқибатида 78 ёшда ҳаётдан кўз юмганди.

Буни Лола Каримова-Тиллаева ҳам ўзининг кириш сўзидаёқ алоҳида таъкидлаган.

"Отамнинг хотиралари ва ҳаётий тамойилларини абадийлаштириш мақсадида онам билан бирга Ислом Каримов номидаги жамоатчилик хайрия фондига асос солдик", - деб ёзган у ўзининг "Facebook" даги аккаунтида.

Сўнгги билдиришномасидан Ўзбекистон Республикасининг Бирлашган Миллатлар ЮНЕСКО жамғармаси қошидаги доимий вакиласи бўлган марҳум президент кенжа қизининг Тошкентда экани англашилади.

Янги фонд

Аён бўлишича, Ўзбекистон пойтахтида таъсис этилган бу янги жамғарма Ўзбекистоннинг биринчи президенти хотирасига музей очиш, Ислом Каримов ҳақидаги мақола ва асарларни чоп этиш режасида.

Бундан ташқари, Ўзбекистоннинг тарихий, маданий ва адабий меросини мамлакат ичкариси ва ташқарисида тарғиб этмоқчи.

"Ёшларнинг интеллектуал ва ижодий салоҳиятларини ривожлантириш, олий ўқув юртлари ўқитувчилари, муаллимлар ва тиббиёт ходимларининг касбий малакаларини ошириш мақсадида турли илмий-маърифий ва маданий дастурларни амалга оширмоқчи".

Иқтидорли ёшларнинг Ўзбекистон ва жаҳондаги энг илғор университетларда таълим олишлари учун грантлар ҳам бермоқчи.

Лола Каримова-Тиллаева "Ислом Каримов номидаги жамғарма кўплаб фуқароларнинг ўз имкониятларини юзага чиқаришлари, мамлакат бой маданий меросини қўллаб-қувватлаш ва Ўзбекистон тарихий меросининг гуллаб-яшнашига кўмак беради", деган умидда.

Унинг билдиришномаси тафсилотларидан яна аён бўлишича, янги фонд ўзбек тилини ривожлантириш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратади.

Ўзбек мумтоз адабиёти намуналари ва замонавий маҳаллий ёзувчилар асарларини хорижий тилларга таржима қилиб, чоп этиш ишлари учун ҳам грантлар беради.

Аён бўлишича, янги фонд Лола Каримова-Тиллаева бундан 14 йил бурун асос солган "Сел ёлғиз эмассан" жамоатчилик болалар жамғармаси билан ҳамкорликда иш олиб боради.

Ўзбекистон марҳум президентининг кенжа қизи, бундан ташқари, мамлакатдаги бошқа бир йирик хайрия ташкилоти - Республика болалар ижтимоий мослашуви маркази Васийлик кенгаши раисаси ҳам ҳисобланади.

Лола Каримова-Тиллаева шу йилнинг май ойида Global Gift жамғармасининг гуманитар соҳадаги махсус мукофоти билан ҳам тақдирланган.

Манба

Аммо Ўзбекистон марҳум президенти кенжа қизи ва рафиқаси биргаликда таъсис этган янги жамоатчилик фонди молиявий капиталининг миқдори ва манбаси борасида маълумотлар ҳозирча имконли эмас.

Ихтисоси бўйича иқтисодчи бўлган Татьяна Акбаровна Каримова эса, ўз вақтида Ўзбекистон Фанлар академияси қошидаги Иқтисодиёт институтида катта илмий ходим бўлиб ишлаган. Бунинг баробарида жамоатчилик ишларида ҳам банд бўлган. Жорий пайтда эса, нафақада.

Агар, интернетда имконли бўлган айрим маълумотларга таянилса, Ўзбекистон Республикасининг ЮНЕСКО жамғармаси қошидаги доимий вакиласи, Ўзбекистондаги икки йирик жамоатчилик болалар хайрия ташкилоти Васийлик кенгаши раиси бўлишдан ташқари, Лола Каримова-Тиллаева Ўзбекистон Гимнастика Федерацияси президенти, Осиё Гимнастика иттифоқининг фахрий президенти ва Москва Давлат университетининг Тошкентдаги филиали раҳбари муовини ҳам саналади.

2013 йилда Лола Каримова-Тиллаева Би-би-си Ўзбек Хизматининг, "Сиз хайрия фаолиятингиз учун молияни қаерда оласиз?", - деган саволига:

"Мен бунинг учун ўз хусусий маблағимдан фойдаланаман. Қўшимча ҳомийлар дастагини биз жалб қилмаймиз. Аллоҳга эътиқоди кучли бўлган шахс сифатида мен ўз маблағимнинг бир қисмини закот сифатида ночор одамларга беришни ўз бурчим деб ҳисоблайман", - дея жавоб берган.

Ундан икки йил аввал Швейцарияда чиқадиган русийзабон "Наша Газета"нинг "BIlan" иқтисодий журнали Ўзбекистон марҳум президенти тўнғич қизи Гулнора Каримова ортидан кенжаси Лола Каримова-Тиллаевани ҳам Швейцариядаги "энг бой одамлар" рўйхатига киритган.

Аммо Би-би-си Ўзбек Хизматига берган ана шу илк интервьюсида Лола Каримова-Тиллаева, "бу масалада Женевадаги адвокатлари "Bilan" нашрига мактуб йўллаб, бу кўрсаткичлар ҳақиқатдан йироқ эканини айтган"ини билдирган.

"Ўзимиз ҳам бизни Швейцариядаги бойларнинг қайси қаторига қўшишаётганларини кўриб, ҳайрон қолганмиз ва бугунгача турмуш ўртоғим билан бу борада ҳазиллашиб келамиз", - дея қўшимча қилганди.

Марҳум Ислом Каримовнинг тўнғич қизи Гулнора Каримова эса ўтган икки йил давомида мутлақо жамоатчиликка кўрингани йўқ.

Ғарбдаги маҳкама ишларида номи бир неча бор тилга олинган Гулнора Каримова ўз отасининг жанозасига ҳам яқин йўлатилмади.

Айрим манбаларда Гулнора ҳамон уй қамоғида, Тошкентда сақланаётгани айтилади.

Ўзбекистон ҳукумати эса Ислом Каримовнинг тўнғич қизи тақдири борасида ҳозирга ҳеч қандай маълумот бергани йўқ.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқалибоғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг