Умида Аҳмедова билан суҳбат
Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

100 аёл: Оиласиз аёл ўзини ноқис ҳис қилмаслиги керак

Би-би-си Жаҳон Хизмати - "100 аёл" мавсумини давом эттирмоқда.

Бу мавсумда йирик ўзгаришлар учун ўзини фидо қилаётган ва кўзга кўринарли муваффақиятларга эришган машҳур аёллардан тортиб, оиласи, рўзғори юкини ташиётган оддий хотин-қизлар ҳақида ҳам сўз юритилади.

Бугунги мавзу жамиятдаги қолипларга қарши чиқишга жазм қилган аёллар ҳақида.

Масалан, Покистонлик Наима анъанадор жамиятда ўзи истаган йўлдан боришга бел боғлаган.

Турмушга чиқиш ўрнига ишлаб, мустақил ҳаёт юритишга ҳаракат қилаётган Наима кўплаб танқидларга юз тутади.

Ҳатто машина ҳайдагани учун автомобилига зиён етказилган.

Аёллар ана шу каби жамиятдаги қолипларга қарши курашишлари керакми ва нимадан бошлашлари мумкин?

Дейлик, қандайдир сабаб ёки ўз истаги билан оила қурмаган аёлга нисбатан ёв қарашни тузатиб бўладими?

Ўзбекистонлик илк аёл кинотасвирчи, таниқли фотограф Умида Аҳмедованинг Би-би-си билан суҳбатда айтишича, ўзбек жамиятида бошқа анъанавий жамиятларда бўлганидек мажбурлаб турмушга бериш камдан-кам юз берса ҳам, қизларга берилаётган танловни ҳақиқий танлов , деб атаб бўлмайди.

Энг аввало турли "мезон"ларга тўғри келувчи йигит билан турмуш қуриш юзасидан босим мавжуд бўлса, бошқа томондан қандайдир сабаблар билан турмуш қурмаган қизларга нисбатан "қари қиз", "ўтириб қолган қиз" деган ҳақоратомуз ибораларнинг қўлланиши уларнинг барибир босим остида эканликларини англатади.

Яъни, қизларга ўзларини баркамол ҳис қилишлари учун фақатгина бир йўл - оила қуриш йўли бор, дея кўрилади.

"Қизларни "бир ерга борсанг, юзимизни ерга қаратасан", "қайнонангга ёқишинг керак", деган ўгитлар билан "программалашади".

"Ўз ҳаётингни ва келажагингни ҳал қилиш учун тайёр бўлшинг керак", деган ўгит берилмайди", дейди Умида Аҳмедова.