Би-би-сига айтаман: "Ўғлимни топиб беринг"

Фото муаллифлик ҳуқуқи Eshova
Image caption Улуғбек Эшовнинг болаликдаги расми

Азизлар, менинг ўғлим Улуғбек Эшов 1975 йилда таваллуд топган. 1993 йилда Тошкентда бир хонадонни тунаган шериги А.С билан бирга бўлган.

Улар кирган хонадон эгаси қўрққанидан қичқирган, "ёрдам беринглар", деб дод солган. Ўшанда кичик сержант бўлган бир киши уйига қайтаётган бўлади. Ёрдамга киради. Милицияга хабар қилишади.

Яккасарой Ички ишлар ходимлари етиб келишади. А.нинг сумкасидан айрим ашёлар чиқади. Улар орасида сунъий чармдан куртка, спорт кийими чиқади.

Милиция келиши билан уларни ташқарида кутиб турган такси ҳайдовчиси ва бошқа шериклари қочиб қолади.

Ўлим билан таҳдид қилиш, гуруҳ бўлиб жиноят содир этиш каби айблар билан 10 йилга кесишади.

Менга қамоқдан ўғлим бир хат чиқаради.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Eshova
Image caption Орадан бир йил ўтиб ўлим гувоҳномаси келади...

Унда "Ойижон, бир амаллаб менга адвокат ёлланг, биз хонадон эгасига қўл ҳам тегизмадик, аммо у ўн йил жазо беринглар дебди, агар адвокатга кучингиз етмаса, майли мен чидайман", деб битилганди.

1999 йили Ислом Каримов амнистия эълон қилганини эслайман.

Мен ҳам Президент маъмуриятига бордим, ўғлимни кечиришлари, ёш умри қамоқда хазон бўлмаслиги учун ариза ёздим.

Ўғлимдан хат келди. У Бухоро вилоятининг Қоровулбозор қамоқхонасига етиб борганини ёзибди.

Мен эса унга, ўғлим, сени кечиришлари сўраб хат ёздим. Яқинда қайтасан, кўнглингни чўктирма, деб жавоб ёздим.

Менга ниҳоят президент маъмуриятидан жавоб келди. Кутишим кераклиги ва менинг аризам Ички ишлар вазирлигига юборилгани ва жавобни ҳам улар беришларини ёзишганди.

Ўғлим амнистиядан хабар топади, қамоқона нозирининг хонасига кириб, бирор хабар борми, мен қачон уйга қайтаман деб сўрайди.

Хуллас, менга етиб келган маълумотларга кўра, қамоқхонада ўғлимни, яна бир неча кишини қотилликка ундашади.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Eshova
Image caption Ўлим ҳақидаги гувоҳнома...ҳеч қандай тафсилотсиз

Бу қотилликда ўғлимнинг алоқаси борлигига мен ишонмайман ҳеч қачон...

Бухорода суд бўлди. Аввал ўғлим билан кўришдим. Болам, бу қотилликда сенинг ҳам иштирокинг борми, деб сўрадим.

У "йўқ, ойижон, судга келинг, кўрасиз, менинг айбим йўқ", деди.

Ўғлимга ақалли адвокат ҳам беришмаганди.

Гувоҳлардан бири ҳатто "менга Улуғбекни айблаш ҳақида терговчи айтди, менинг аввалги кўрсатмам ёлғон", деди.

Б.Л исмли шахсни икки айбланувчи эса биз ўлдирдик, бизни эса қамоқхона нозири мажбур қилди, деб даъво қилишди.

Хуллас, Улуғбекни 2000 йили май ойида ўлимга ҳукм қилишди.

Орадан 2001 йил 13 сентябрда ўлганлиги ҳақида гувоҳномани 2003 йил июлда олдим.

Мен ўғлимнинг ўлганига ишонмайман. Унинг тақдири ҳақида менга ҳеч нарса маълум эмас.

Чунки 2003 йили 9 июн куни мен талаб қилдим боламни кўрсатинг деб, пикетга чиқдим. Мени Ички ишлар вазирлигига таклиф қилишди. Ўғлингиз тирик дейишди. Лекин нима учун унинг ўлгани ҳақидаги хабарни ана шу учрашувдан кейин бир ой ўтиб беришди. Нима учун 2001 йил 13 сентябрда ўлгани ҳақида мен икки йил хабардор қилинмадим?

Би-би-си, Шавкат Мирзиёев, яхши одамлар айтинг, ўғлим Улуғбек қаерда? Унинг тақдири нима кечган?

Би-би-си, Шавкат Мирзиёев, эй яхши одамлар, айтинг, ўғлим Улуғбек қаерда? Унинг тақдири не кечди?

Башорат Эшова

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқалибоғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook - BBC UZBEK

Google+BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - uzbekbbclondon

bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.