Каримов учун ёпилган яна икки кўча очилди

Тошкентда ҳаракатланиш учун очилган Тараққиёт кўчаси Фото муаллифлик ҳуқуқи Gazeta.uz

29 ноябр эрталабдан пойтахт Тошкентнинг Ҳамид Олимжон майдони ва Ўзбекистон президентининг Оқсарой қароргоҳига яқин икки кўчада транспорт қатнови қайта йўлга қўйилган.

"Газета.уз" веб-сайти хабар тарқатишича, Тараққиёт кўчасининг Ҳамид Олимжон майдони томонга элтувчи участкаси очилган.

Автомобиллар учун ҳаракатланишни тақиқлаб турган бетон блоклари ҳамда йўл белгилари олиб ташланган.

"Янги белгилар эса ҳозирча қўйилмаган, шу сабабли кўпчилик ҳайдовчилар мазкур кўча участкасининг очилганидан бехабар", деб ёзади "Газета.уз".

Шу куни Тошкент марказидаги Оқсарой қароргоҳига туташ Афросиёб кўчасининг Анҳор кўпригидан кейинги қисми ҳам очилган.

Энди Афросиёб кўчасининг Шароф Рашидов шоҳ кўчаси ва Бешёғоч кўчаси ўртасидаги қисмидан, яъни Оқсарой қароргоҳи ёнидан бемалол автомобилда ўтиш мумкин.

Шу йил октябр ойи бошида Мустақиллик шоҳ кўчасининг Ҳамид Олимжон майдонига яқин Абдулла Қодирий билан кўчасига туташ қисми ҳам очилган эди.

Шунингдек, Мустақиллик шоҳ кўчасининг Пушкин метросига яқин 7-Сайрам кўчасидан ҳам транспорт ҳаракатланишига рухсат берилган.

Пойтахт Тошкент яшовчилари марҳум президент Ислом Каримовнинг шаҳар ташқарисидаги "Дўрмон" қароргоҳидан Оқсарой қароргоҳига элтувчи йўлни "президентская трасса" деб аташган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Gazeta.uz

"Президентская трасса" бир неча бор ўзгартирилган ва бу трассада доим хавфсизлик чоралари кучайтирилган ҳолатда бўлган.

Марҳум президент Ислом Каримовнинг хавфсизлиги учун деб тушунтирилиб қатор кўчаларда автомобиллар ҳаракатланиши тақиқланган.

2005 йили Бишкекда президент Асқар Акаевнинг ҳокимиятдан ағдарилишига олиб келган норозиликлардан сўнг пойтахт Тошкентдаги Оқсаройга яқин Мустақиллик майдонига дарахтлар ўтқазилди.

Тошкентликлар ЦУМ деб атайдиган марказий дўкон ва "Мовий гумбазлар" ўртасидаги кўчада ҳам автобус, троллейбус қатновлари ҳам тўхтатилиб дарахт экишга қарор қилинганди.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқалибоғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook - BBC UZBEK

Google+BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - uzbekbbclondon

bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.