'Ўзбекистон ҳукумати интернетга тўсиқ қўймаган'

Фото муаллифлик ҳуқуқи Fergananews
Image caption Абдуллаев нима учун алоҳида сайтлар блок қилинаётгани ҳақидаги саволга жавоб бермаган

Ўзбекистон Олий Мажлиси депутати мамлакатда ахборот сайтларига тўсиқ қўйилмаганини айтган.

Олий Мажлиснинг ахборот ва коммуникация технологиялари бўйича қўмитаси раҳбари Илҳом Абдуллаев бу ҳақда сешанба куни Венада ОХҲТнинг Марказий Осиёда омамвий ахборот воситаларининг фаолиятига доир анжуманида баёнот берган.

"Фарғона" нашри Абдуллаевнинг "Ўзбекистон Республикасида ҳеч қандай сайт блок қилинмайди" деган сўзларидан иқтибос келтирган.

Унга кўра, агар ахборот, жумладан, у ёки бу сайтга қандайдир чеклов киритилса ҳам, бу қонунчиликка қатъий амал қилган ҳолда, яъни маҳкама қарори билан амалга оширилади.

Айни пайтда мулозим анжуманда иштирок этаётган Fergananews ва Asiaterra журналистларининг нима учун бу сайтларга тўсиқ қўйилгани ҳақидаги саволларига жавоб бермаган.

У шунингдек, хорижий радиостанцияларнинг Ўзбекистондаги ваколатхоналари қайта очилиши мумкинми, деган саволни ҳам жавобсиз қолдирган.

Анжуманда Ўзбекистон қамоқхоналаридаги журналистлар тақдирига ҳам эътибор қаратилган, аммо расмийлар бу борада ҳеч қандай маълумот бермаганлар.

Париждаги "Чегара билмас мухбирлар" ташкилоти Ўзбекистон ҳукуматини "интернет душманлари" рўйхатига киритиб келади.

Ташкилотнинг айтишича, Ўзбекистон ҳукумати интернетни цензура қилишда Хитойнинг ZTE ширкати хизматидан фойдаланади.

Президент Ислом Каримов вафотидан сўнг ижтимоий-иқтисодий соҳада қатор ўзгаришлар бошланган, аммо ҳозирга қадар матбуот эркинлиги билан боғлиқ вазият ўзгаришсиз қолмоқда.

Сайловолди ташвиқотларида интернетдан фаол истифода этган Шавкат Мирзиёев ўз чиқишларида ҳозирга қадар сўз ва матбуот эркинлигини тилга олмаган.

Мамлакат ичкарисидаги журналистлар ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида ўз-ўзини цензура қилиш тажрибасига барҳам беришга чақирганлар.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқалибоғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook - BBC UZBEK

Google+BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - uzbekbbclondon

bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.