Мирзиёев ҳокимларни кетма-кет алмаштиришни бошлади

Фото муаллифлик ҳуқуқи Gov.uz
Image caption Мирзиёев ҳокимларни кетма-кет алмаштиришни бошлади

Шавкат Мирзиёев Ўзбекистоннинг қасамёд қилган тўлақонли президентига айланиши билан, мамлакат вилоятлари ҳокимларини алмаштиришга киришди.

59 ёшли президент 15 декабрь куни бирданига иккита - халқ депутатлари Сирдарё ва Тошкент вилоятлари кенгашларининг навбатдан ташқари сессияларида қатнашишга улгурган.

Тошкентдаги йиғилишда 12 августдан бери вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи сифатида ишлаб келаётган Исломжон Эргашхўжаев истеъфога чиқарилган.

Унинг ўрнига, Шавкат Мирзиёев тавсиясига биноан, шу кунгача Ангрен шина заводига директорлик қилиб келаётган Шукурулло Бобоев вилоят ҳокими этиб депутатлар томонидан сайланган.

Гулистондаги сессияда эса Сирдарё вилоятига 2010 йилдан бери раҳбарлик қилаётган Ойбек Ашурматов "бошқа ишга ўтгани муносабати билан" лавозимидан озод қилинган.

"Шавкат Мирзиёев тавсиясига биноан Президент девони масъул ходими вазифасида ишлаб келаётган Ғофуржон Мирзаев Сирдарё вилояти ҳокими этиб сайланди", - дейилади расмий хабарда.

Хабарларга кўра, Шавкат Мирзиёев ҳар иккала сессияда ҳам ўзи бош вазир бўлган вақтда ташкил этилган виртуал қабулхонага келиб тушган мурожаатлар ҳақида тўхталиб ўтган.

"Давлат раҳбари бир нарсани очиқ тан олиш кераклигини - вилоят социал-иқтисодий аҳволи қониқарсиз эканини айтди. Бош вазир виртуал қабулхонасига келиб тушаётган кўплаб мурожаатлар шундан далолат бермоқда. Тошкент вилоятида истиқомат қилувчи фуқаролардан келиб тушган мурожаатлар сони 18 мингдан ошди. Мурожаатларнинг 99 фоизи туман ва вилоят ҳокимлари фаолиятига оиддир", - дейилади Тошкентдаги сессия ҳақида хабар берган UzReport телеканали.

"Бугун Сирдарё вилоятининг ижтимоий-иқтисодий ривожланиш суръатлари бизни қониқтирмайди, деди давлатимиз раҳбари. Фикримизнинг тасдиғини биргина Ўзбекистон Бош вазирининг виртуал қабулхонасига ўтган 2 ойда вилоят фуқароларидан 2 мингдан ортиқ мурожаат келиб тушгани ва шундан атиги 793 таси ижобий ҳал қилингани мисолида ҳам кўриш мумкин. Мана шунинг ўзи Сирдарё вилояти раҳбарларига берилган баҳодир", - деган Шавкат Мирзиёев.

15-декабрь оқшомида Самарқанд вилоятининг ҳам ҳокими ўзгариши маълум бўлди. Шу вақтгача вилоятга ҳокимлик қилиб келган Зойир Мирзаев Ўзбекистон бош вазирининг ўринбосари - Қишлоқ ва сув хўжалиги вазири - Қишлоқ ва сув хўжалиги, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш ҳамда истеъмол товарлари масалалари комплексининг раҳбари лавозимига тасдиқланган.

Самарқанд вилоятига энди ким ҳоким бўлиши ҳозирча номаълум.

Шавкат Мирзиёев ўз президентлигининг учинчи куни - 16-декабрь куни Навоий ва Сурхондарё вилоятлари ҳокимларини алмаштирди.

Хабар беришларича, 2008 йилдан бери Навоий вилоятига ҳокимлик қилиб келган Эркин Турдимов Сурхондарё вилоятига ҳоким этиб тайинланган.

Сурхондарёга тўлиқсиз икки йил (2015 йил январидан) раҳбарлик қилган аввалги ҳоким Тожимурод Мамараимов вилоятнинг Қизириқ тумани ҳокими этиб тайинланган.

Навоий вилоятига ҳам ким ҳокимлик қилиши ҳақида аниқ маълумот йўқ.

Сўнгги хабарларга кўра, Бухоро вилоятининг ҳокими ҳам вазифасидан озод этилган.

Унинг ўрнига Ўктам Барноев Бухоро вилоятига ҳоким этиб тайинланган.

Ўктам Барноев муқаддам Самарқанд вилояти ҳокими бўлиб ишлаган, 2010 декабр ойида Ислом Каримов томонидан танқидга тутилиб, вазифасидан четлатилган эди.

Каримов Ўктам Барноевни "қатъиятсизлик, сусткашлик, манманлик, ўзбошимчаликка берилиб кетгани учун" ишдан олган эди.

Мамлакат бўйлаб кетма-кет ҳоким ўзгаришларининг асл сабаблари номаълум.

Таниқли журналист Шароф Убайдуллаевнинг Би-би-си Ўзбек хизматига айтишича, бу жараёнда ҳеч қандай нотабиийлик йўқ.

"Шавкат Мирзиёев мамлакат Бош вазири сифатида 13 йил ишлади, кейин яна бир неча ой президент вазифасини бажарувчи бўлди. Менинг назаримда, янги президент кадрлар ўзгаришига доир қарорни тез ва ё шошма-шошарлик билан эмас, балки аввалдан ўйлаб, кейин бермоқда".

Аммо Шароф Убайдуллаевга кўра, "кадрларни алмаштириш бир масала бўлса, уларнинг барчаси ҳам кўнгилдагидай ишлаши бошқа масала... Буни бир-икки йилдан кейин кўрамиз".

Шаффофлик борми?

Фото муаллифлик ҳуқуқи Government
Image caption Абдулла Арипов

Кузатувчиларга кўра, ҳокимларнинг бу каби тез алмашиниши ва жараённинг ўзи Каримов давридагидан жиддий фарқ қилмаган.

Авваллари бўлгани каби, камчиликлар танқид қилинган ва янги ҳокимга ишонч билдирилган.

Ягона фарқ қисқа муддат ичида бир неча ҳокимларнинг алмаштирилаётганидир.

Президент Мирзиёев бундан атиги бир неча кун аввал келажакда ҳокимларнинг сайланиши масаласи кўриб чиқилишига ишора қилган эди.

Шароф Убайдуллаевнинг айтишича, жараёнда баъзи жумбоқлар, жавоб талаб қиладиган саволлар мавжуд.

"Мен янги Бош вазир Абдулла Арипов ҳақида кўплаб яхши гаплар эшитганман. Аммо Бош вазирлик вазифасига қўйиладиган мулозимнинг ўтмишига доир жумбоқли ҳолатлар имкон қадар ечилган бўлиши керак. Тасаввур қилинг, Абдулла Арипов ҳукуматдан ўтмишда ноҳақ, адолатсиз ишдан четлаштирилган эди. Нима учун? Нима учун Сенатдагилар бу масалага ойдинлик киритмади? Ахир, Абдулла Арипов Бош вазир бўлиб келмоқда, бу каби гап-сўзлар, коррупция деган гаплар...булар ечилиши керак эди. Ўзбекистондай давлатнинг Бош вазири мусаффо бўлиб халқнинг олдига чиқиши керак".

Абдулла Арипов 2002 йилдан 2012 йилга қадар Бош вазир ўринбосари лавозимида ахборот ва телекоммуникация тизимига раҳбарлик қилган.

2012 йилда ўзбек телеком тизимидаги порахўрлик можароси сабаб ишдан четлатилгани айтилади.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқалибоғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook - BBC UZBEK

Google+BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - uzbekbbclondon

bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг