Мирзиёев Янги йил билан 'шахсан табриклайди'

Фото муаллифлик ҳуқуқи courtesy
Image caption Шавкат Мирзиёев Каримовдан фарқли бошқарув услубини намойиш этишга уринаётгани кузатилади

Би-би-сига маълум бўлишича, Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон халқини янги йил билан "шахсан табриклаш"ни режалаган.

Бу ҳақдаги видеони YouTube каналимизда томоша қилинг.

Шу тариқа ўзбекистонликлар мамлакат тарихида биринчи марта Янги йилга ўтар кечаси давлат раҳбарининг табригини унинг ўзидан эшитишлари мумкин.

Марҳум Ислом Каримов даврида президентнинг янги йил табриги давлат телевидениесининг бошловчиси томонидан ўқиб эшиттирилган.

Ўтган йили президент табригини ўқиган бошловчи Абдумўмин Ўтбосаров 2016 йилнинг 1 январ куни оламдан ўтган.

55 ёшли сухандоннинг ўлимига юрак хуружи сабаб бўлгани айтилган.

Марҳумнинг ҳамкасблари бошловчи олдиндан ёзиб олинган президент табригини ўқиб эшиттирган пайт ҳаётда бўлмагани ҳақидаги хабарларни рад этишган.

Айни пайтда Ўзбекистон пойтахтининг барча йирик майдон ва сайилгоҳларида янги йил тантаналари бошланиб кетган.

Бу йил мамлакатнинг бош арчаси "Мустақиллик" майдони эмас, балки "Анҳор-Локомотив" паркида ўрнатилган.

Ўтган йилларда бўлгани каби Арча безаташ ва Янги йил тадбирларига чекловлар жорий этилгани ҳақида хабарлар олинмаган.

Ўзгаришлар умиди

Мирзиёев марҳум ўтмишдоши Ислом Каримовдан фарқли бошқарув услубини намойиш этишга уринаётгани кузатилади.

У 2017 йилни "Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили" деб эълон қилган.

Мирзиёев аҳолининг турмуш даражасини яхшилаш, ҳокимият идораларини халқ олдида ҳисоб беришга мажбурлаш, иш ўринлари яратиш ҳамда газ ва электр муаммоларини ҳал қилишга ваъда берган.

Расмийларга кўра, 2017 йилда биринчи марта иш ҳақлари ва нафақалар инфляция даражасидан юқори қилиб белгиланиши кутилади.

Президент Мирзиёевнинг чегараларни очиш ва қўшнилар билан алоқаларни яхшилаш сари қўйган қадамлари Ўзбекистоннинг минтақа ва хориждаги ҳамкорлари томонидан илиқ кутиб олинган.

2017 йилда Ўзбекистонни шунингдек, пул-валюта соҳасини эркинлаштиришга қаратилган йирик ислоҳотлар кутмоқда.

Ҳукуматга яқин манбаълар жамоатчилик муҳокамасига қўйилган валюта соҳасини эркинлаштириш ҳақидаги қонун янги йилнинг апрел ойидан бошлаб кучга киришини айтишган.

Британияда чоп этиладиган Financial Times рўзномасининг ёзишича, ўзбек ҳукуматининг 2017 йил апрелидан Британия дохил 15 давлат фуқароларига визани бекор қилиш қарори Ўзбекистонни дунёдаги сайёҳлар учун "иккинчи энг жозибали" мамлакатга айлантирган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқалибоғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook - BBC UZBEK

Google+BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - uzbekbbclondon

bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.