Тошкент: Имомлар яна майдонга тушишмоқчи

Футбол Фото муаллифлик ҳуқуқи Muslim.uz

Ўзбекистон мусулмонлари идораси тизимидаги футбол жамоалари ўртасидаги навбатдаги турнир 17 январь куни старт олади.

Имомларнинг бу гал "Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили"га бағишлаб ўтказилаётган турнирини тўрт жамоа бошлаб беришади.

1-тур беллашувларида:

"Дўстлик" - "Минор"

"Имом Бухорий" - "Кўкалдош"

бир-бирларига қарши майдонга тушишади.

Расмий хабарларга кўра, янги турнирга Тошкент Ислом институти мезбонлик қилади.

Аён бўлишича, 11 январь куни имомлар ўртасидаги бу футбол мусобақаси муносабати билан Ўзбекистон мусулмонлари идорасида ҳатто хосан мажлис ҳам ўтказилган.

Унда турнирни ташкиллаштириш ва юқори савияда ўтказишга доир қатор масалалар муҳокама этилган.

Расмий хабарларга кўра, мажлисда ёрдамчи ҳакамлар ва гуруҳ сардорлари иштирок этишган.

Ўзбекистон Футбол Федерацияси вакилининг сўзларидан маълум бўлишича, бу турнирнинг ўзларига ҳеч бир алоқаси йўқ.

Худди шу манзарада кутилаётган мусобақа доирасидаги учрашувларга кимларнинг ҳакамлик қилишларига оид расмий маълумотлар ҳам ҳозирча имконли эмас.

Би-би-си Ўзбек Хизматининг финал учрашуви санаси ва ғолиб учун кўзда тутилган мукофотга оид саволларига ойдинлик киритиш мақсадида Ўзбекистон мусулмонлари идораси билан боғланиш уринишлари ҳам мақола чоп этилаётган соатларда ўз самарасини бергани йўқ.

Маълум бўлгани:

Фото муаллифлик ҳуқуқи COURTESY

Имомлар ўртасидаги янги футбол турнирининг 1-тур учрашувлари 17 январ куни маҳаллий вақт билан кеч соат 19:00 да бошланади ва пойтахт Тошкентнинг нуфузли спорт майдончаларидан бирида бўлиб ўтади.

Аммо матбуот учун имконли бўлган расмий хабарда мезбон стадионнинг номи ҳам очиқланмаган.

Томошабинларнинг сони, кимлардан иборат экани, турнирнинг пуллими ёки бепул эканига оид маълумотлар ҳам ҳалича имконсиз.

Аён бўлишича, жорий мусобақада Ўзбекистон мусулмонлари идораси, "Мовароуннаҳр" нашриёти, Тошкент ислом институти, "Кўкалдош" ўрта махсус ислом билим юрти, Тошкент шаҳар ва Тошкент вилояти имомларидан иборат футбол жамоалари ўзаро беллашадилар.

1-тур ўйинларида бир-бирларига қарши тўп суражак жамоалар эса, қуръа ташлаш орқали аниқлангани ҳам айтилади.

Бу - жорий йил ҳисобидан Ўзбекистон мусулмонлари идораси тизимидаги футбол жамоалари ўртасида уюштирилаётган биринчи футбол турнири бўлади.

Аммо ўтган йили Ўзбекистон мустақиллигининг 25 йиллиги ва "Конституция куни" муносабати билан ҳам худди шундай мусобақалар бўлиб ўтган.

Уларга Ўзбекистон мусулмонлари идораси ва Тошкент шаҳар вакиллиги мезбонлик қилишгани расман хабар қилинганди.

Уламолар насронийларга қарши

Фото муаллифлик ҳуқуқи COURTESY

Икки дин вакиллари ўртасида дунё бўйлаб аксариятнинг эътиборини ўзига тортган футбол учрашуви 2012 йилда Босниянинг Зеница шаҳрида уюштирилган.

Насроний руҳонийлари (5:3) фойдасига ҳал бўлган бу каби ғайриодатий футбол беллашувини томоша қилиш учун стадионга оз эмас, кўп эмас - тўрт мингдан ортиқ одам йиғилган.

Ишқибозларга кўра, бирлари уламо, бошқалари руҳоний эканликларига қарамай, томонлар майдонда яхшигина ўйин кўрсатишган.

Хайрия учрашувидан эса, Боснияда битта болалар боғчасини қуришга етадиган пул тушгани айтилганди.

Бу каби хайрия учрашувини уюштириш ташаббуси билан эса, Босния Динлараро қўмитаси чиққан.

Чорак асрча бурун босниялик мусулмон, ортодокс насроний серб ва католик насроний хорватлар орасидаги уруш 10.000 дан ортиқ инсоннинг умрига зомин бўлганди.

Шу боисми, бу каби сиёсий ва миллий можароларга саҳна бўлган минтақада эзгу мақсад йўлида диний жамоаларнинг бу қадар баҳамжиҳатлик кўрсатишлари камдан-кам кузатилувчи воқеълик сифатида баҳо топганди.

Босния уруши пайти серб кучлари мусулмон эркакларини қиғинбарот қилиб, қиз-аёлларни ақл бовар қилмас даражада жинсий таҳқирлашгани айтилади.

Ўшанда Сребриницада камида 8 минг нафар мусулмон эркак ва ўғил болалар ўлдирилган эди. Мусулмонларнинг ҳатто 15-16 яшар ўспиринларига ҳам шафқат қилинмаган.

Бу жиноят - Иккинчи Жаҳон Урушида яҳудийлар қирғинбарот қилинганидан бери Оврўпода рўй берган энг йирик қатлиом сифатида баҳоланади.

Ислом динида футбол кўриш ва ўйнашнинг қанчалик ҳалол ва ҳаром экани эса, уламолар ўртасида алоҳида баҳсга сабаб мавзулардан бири бўлиб келади.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқалибоғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг