Ўзбек паспортининг кучи нимага етади?

Ўзбек паспорти Фото муаллифлик ҳуқуқи COURTESY

Агар, Arton Capital ширкатининг янги тадқиқотлари натижасига таянилса, Ўзбекистон фуқароси паспортининг бугунги кучи дунёнинг 54 давлатига визасиз чиқиш имкониятини беришга етади.

(Видеолавҳани BBCUZBEK YouTube каналида томоша қилинг )

Қиёсан олинганда, Американинг бу ширкати янги рейтингида энг кучлиси, деб тан олинган Германия паспорти билан сиз жаҳоннинг 158 мамлакатига бемалол саёҳат қилишингиз мумкин бўлади.

Бугун дунёнинг энг кучли иккита паспортидан биттаси, деб эътироф этилаётган Швеция ва Сингапурники эса, фуқароларига Германияникидан фақат биттагагина кам давлат эшикларини очади.

Паспортининг кучи бўйича янги рейтингда юқори учликни тўлдирган Дания, Финландия, Франция, Испания, Швейцария, Норвегия, Буюк Британия ва америкаликлар ўзлари истаган пайтда дунёнинг 156 давлатига ҳеч бир қийинчиликсиз ташриф буюришлари мумкин бўлади.

МДҲ-чи?

Фото муаллифлик ҳуқуқи Thinkstock

Жаҳоннинг 148 мамлакатига боришга изн бериши билан МДҲ давлатлари орасидан Эстония паспорти энг кучлиси бўлиб чиққан ва Америка ширкати янги рейтингида юқори ўнликка киришига фақат бир баҳя қолган.

Россия ўз паспортининг бугунги қудрати бўйича янги рейтингда жаҳоннинг 200 га яқин давлати орасидан 43-ўринни эгаллаган.

Янги тадқиқот натижаларидан россияликлар ҳозир жаҳоннинг 103 давлатига ҳеч бир бошоғриқларсиз сафар қилишлари маълум бўлган.

Марказий Осиё давлатлари орасидан эса, куч-қудрати бобида Қозоғистоннинг паспортига етадигани топилмаган.

Қозоғистонликлар виза машмаларисиз саёҳат қилишлари мумкин бўлган дунё давлатларининг сони бугун 69 тага етган.

Ўзбекистон эса, бу борада Қозоғистон ва Қирғизистондан кейин минтақада учинчи яхши кўрсаткични қайд этган.

Қирғизистон фуқаролари ўз паспортлари билан ўзбекистонликлардан кўра 4 тага кўп давлатга сафар қила олишлари маълум бўлган.

Қўшни Тожикистон янги рейтингда 70-ўринни бўлишиб, паспортининг бугунги кучи бўйича Ўзбекистон, Кот-д'Ивуар ва Гвинея билан бир хил натижа қайд этган.

Паспорти кучсизлар...

Фото муаллифлик ҳуқуқи COURTESY

Ўзбекистон каби чиқиш визаси амалда бўлган дунёнинг бор-йўғи иккита давлатидан биттаси саналувчи Шимолий Корея эса, бу рўйхатда 88-ўринни эгаллаган.

Янги тадқиқот натижаларидан Шимолий кореяликлар бугун жаҳоннинг бор-йўғи 39 давлатига чиқа олишлари маълум бўлган.

Фуқароларига дунёнинг 23 тагина мамлакатига чиқишга изн бериши билан қўшни Афғонистон паспорти дунёдаги энг кучсизи бўлиб чиққан.

Жаҳоннинг энг кучсиз паспортлари ўнлигидан Афғонистондан ташқари Покистон, Ироқ, Сурия, Сомали, Эфиопия, Жанубий Судан, Шри Ланка, Бангладеш, Судан, Эритрея, Эрон, Ливия, Непал, Фаластин ва Ливан ўрин олишган.

Айни ўринда таъкидлаш жоиз, бирор бир МДҲ давлати паспортининг қанчалик қудратлилиги бобида юқори ўнталикка киролмаслик баробарида қуйи ўнликка ҳам тушишмаган.

Arton Capital ширкати ўз тадқиқоти қамраб олган давлатлардаги виза чекловларининг даражасига қараб бу каби хулосага келган.

Яъни, кучи, деганда, паспортлар дунёнинг нечта давлатига визасиз киришга изн бериши кўзда тутилган.

Янги рейтинг эса, Халқаро Ҳаво нақлиёти агентлиги ва бошқа манбалар маълумотлари асосида тайёрлангани айтилади.

Аммо бу хусусда йиллик асосда тадқиқот олиб борувчи турли халқаро тадқиқот марказларининг ўз хулосаларига таянилса, "ҳозирга келиб, дунёнинг деярли барча давлатлари ўз ҳудудларига саёҳат қилиш истагида бўлган ўзга мамлакат фуқароларидан виза талаб қилишга ўтишган".

Улар бунинг сабабини виза чекловлари глобаллашиб бораётган дунёда хорижий фуқароларининг чегараоша ҳаракатланишини назорат этишда муҳим ўрин тутиши билан изоҳлашган.

Чиқиш визаси

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBCUzbek

Айни ўринда шуни ҳам таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон МДҲ давлатлари орасида ўз мустақиллигини эълон қилиши ортидан ҳам чиқиш визаси тартибини амалда сақлаб қолган ягона мамлакатдир.

Маҳаллий кузатувчилар ва инсон ҳуқуқлари фаоллари эса, мавжуд вазият сабабини расмий Ўзбекистоннинг ўз фуқароларини қатъий назорат остида тутиб туриш истаги билан изоҳлашади.

Уларга кўра, четга бориб, эркин жамият тажрибасини кўриб, фикрлаши ўзгариб қайтиши эҳтимоли бўлган фуқароларини амалдаги тузум ўзи учун таҳдид сифатида ҳам кўриши мумкин.

Фаолларнинг наздларида, ҳар икки йилда янгиланиши шарт бўлган чиқиш визаси оддий ўзбекистонликларни давлат идораларига боғлаб қўяди.

Ўзбекистондаги оғир иқтисодий вазият, рисоладагидек иш топиш имкониятларининг ҳаминқадарлиги ва глобализация жараёни сабаб, сўнгги йилларда ўзга юртларни ихтиёр этаётган инсонлар сони кескин ортаркан, чиқиш визаси тартиби фуқаролар орасида энг кўп муҳокама этилаётган мавзулардан бирига айланган.

Фаоллар, ўз ўрнида, агар Ўзбекистонда чиқиш визаси тартиби бекор қилинса, инсонлар бемалолроқ ҳаракат қилиш ҳуқуқини қўлга киритишлари, бунинг ҳам давлат ва ҳам инсонларга фойдаси бўлишини таъкидлашади.

Улар амалдаги чиқиш визаси тартиби мамлакат конституциясига зид бир амал эканини ҳам урғулашади.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viberда - телефонимиз:+44 78-58-86-00-02
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг