Мирзиёев Қорақалпоғистонга сафар қилди

Фото муаллифлик ҳуқуқи UzLiDeP

Шавкат Мирзиёев Президент сифатида минтақаларга сафарини Қорақалпоғистондан бошлаган.

У қатор ва туманларда бўлиб, одамларнинг турмуши билан яқиндан танишган.

Интернетда Мирзиёевнинг оддий одамлар билан мулоқоти акс этган тасвирлар пайдо бўлган.

Мобил телефонга туширилган видеода Мирзиёевни қуршаб олган оломон уни олқишлаётгани акс этган, унда "раҳмет, халқнинг ўртасига келди",- деган овозларни эшитиш мумкин.

Президент Оролбўйи минтақасидаги экологик ҳалокатга эътибор қаратиб, минтақада юзага келган экологик офат аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш, сифатли тиббий ёрдам кўрсатиш ва оналик ва болаликни ҳимоя қилишга алоҳида эътибор қаратишни тақозо қилаётганини таъкидлаган.

Мирзиёевнинг ташрифига доир расмий хабарда унинг оддий одамлар билан учрашгани, "оилаларга кириб, уларнинг турмуш шароитлари билан яқиндан танишгани"га урғу қаратилади.

У соғлиқ муассасаларида аҳолига қандай хизмат кўрсатилаётганини бориб кўрган.

Шунингдек, қорақалпоқ тилида кўпроқ илмий ва бадиий адабиётларни чоп этиш ҳақида кўрсатма берган.

Мирзиёев бундан аввал президентлик сайловолди тарғиботлари доирасида Қорақалпоғистонга сафар қилган, минтақа муаммоларини яқиндан ўрганиш ва ҳал этишга ваъда берган эди.

"Бундан буён ҳар бир туман ва шаҳарга, керак бўлса, чекка-чекка қишлоқ ва овулларгача кириб борамиз. У ерда истиқомат қилаётган одамларнинг дардини эшитамиз, муаммоларини ҳал қилишга қаратилган дастурлар ишлаб чиқамиз ва ижросини қатъий назоратга оламиз", - деб айтган Мирзиёев.

Қорақалпоғистон Ўзбекистоннинг табиий заҳираларга бой, айни пайтда энг қашшоқ ва экологик ҳалокатга юз тутган мухтор минтақаси ҳисобланади.

Охирги йилларда Тошкентдаги марказий ҳукуматдан норозилик ва ҳатто бўлгинчилик кайфиятлари кучайгани ҳақида хабарлар пайдо бўлган.

Таҳлилчиларга кўра, Мирзиёев бу каби кайфиятларга барҳам бериш учун минтақанинг марҳум президент Каримов даврида йиғилиб қолган ўткир ижтимоий ва иқтисодий муаммоларни ҳал этиши, биринчи навбатда, Орол денгизи ҳалокатининг салбий оқибатларини бартараф этиш юзасидан аниқ чоралар кўриши керак бўлади.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.