Атамбоев ‘яҳудийлардек бўлиш’га чақирди

Алмазбек Атамбоев Фото муаллифлик ҳуқуқи COURTESY

"Хитойлардек кўп сонли бўла олмасак-да, яҳудийлардек бирдам, уддабурон, бой ва кучли бўлишимиз керак", - деб баён қилган Қирғизистон президенти.

Унинг бу сўзлари янги таҳрирдаги Қирғизистон Конституциясининг тақдимот маросими чоғида янграган.

"Қирғизлар - қадимий халқлардан бири бўлади. Буюк қирғиз ҳоқонлигига асос солинган пайтда ҳозирги кўплаб миллат ва элатлар бўлишмаган", деркан, президент Атамбоев улар тарихининг қанчалик қадимийлигини Хитой, грецияликлар ва яҳудийларга қиёслаган.

"Шу боис ҳам, бирдамлик, баҳамжиҳатлик ва ўз қадр-қимматимизни ҳурмат қилиш бобида улардан заррача ортда қолмаслигимиз шарт", - деб айтган Қирғизистон раҳбари.

Россиянинг Sputnik.kg интернет нашри Алмазбек Атамбаевнинг, "бир умр чўкка тушиб яшагандан кўра, тик туриб ўлган афзал", деган сўзларидан ҳам иқтибос келтирган.

Қирғизистон раҳбари, ўз ўрнида, "бўлгинчилик билан шуғулланмаслик" ва "мамлакатни пул учун ташқи кучларга сотмаслик"ка чақирган.

"Манқуртлар ва чириган сиёсатчиларга: "...мамлакат келажагига нуқта қўймоқчи бўлганлар - ўз тақдирларига нуқта қўйган бўлишади", - деб айтган бўлишини ҳам билдирган.

Конституцион тузатишлар

Қирғизистондаги конституцион тузатишларга оид референдум ўтган йил декабрь ойида бўлиб ўтган.

Ўзгартиришлар мамлакат конституциясининг 29 моддасини кўзда тутганди.

Расмий хабарларда овоз берганларнинг 80%дан кўпроғи ҳукумат илгари сурган ўзгаришларни ёқлашгани айтилганди.

Қирғизистонлик расмийларга кўра, конституцион ўзгаришлар парламент бошқарувини кучайтиради.

Лекин таҳлилчиларнинг айтишича, аксинча, агар сайловчилар сўнгги қонун ўзганишларини ёқлаб, "ҳа" деб овоз беришса, унда Бош вазир ва бир партия мавқеи кучаяди холос.

Бу, айни пайтда, президент Атамбоевнинг қудратда қолишини таъминлаб, унинг партияси мавқеини ошириши мумкин, деган хавотирлар бор.

Қирғизистон - Марказий Осиёда парламент бошқарувига ўтган ягона мамлакат.

Кузатувчиларга кўра, ҳозирда Парламент, Бош вазир ва Президент куч-қудрати орасида муайян мувозанат сақланган.

Бироқ конституцион ўзгаришлар айни мувозанатни бузиб, аксар қудратни Бош вазирга ўтказиши мумкин, деган фикрлар мавжуд.

Танқидчиларга кўра, бу йил муҳлати тугайдиган Президент Алмазбек Атамбоев қудратда қолиш учун Бош вазир бўлиб олиши мумкин.

Энди Бош вазир судья-ҳакамларни ишга олиш ё вазифасидан бўшатиш, маҳаллий ҳукумат раҳбарларини алмаштириш ҳамда ҳамжинсбозлар орасидаги никоҳни бекор қилиш борасида катта ваколатларни қўлга киритди.

Қирғизистоннинг янги таҳрирдаги конституцияси жорий йилнинг 15 январидан бошлаб кучга кирган ҳисобланиши айтилганди.

Янги конституция

Парламентга кўпроқ салоҳият беришни кўзда тутувчи янги конституция юзасидан умумхалқ референдуми Қирғизистонда 2010 йилги қонли миллий низолардан бор-йўғи икки ҳафта ўтиб бўлиб ўтган.

Мамлакат жанубида этник ўзбеклар ва қирғизлар ўртасида келиб чиққан тўқнашувларда юзлаб кишилар қурбон бўлишган. Қурбонлар аксариятининг эса, ўзбеклар экани айтилганди.

Этник зўравонликларда минглаб уйлар, дўконларга ўт қўйилган, яна кўпчилиги ўзбеклардан иборат тахминан 400 минг одам ўз турар- жойларини ташлаб чиқишга мажбур бўлишганди.

Қирғизистонда демократияни қайта тиклашга қаратилгани айтилган бу референдумни БМТ, АҚШ ва Россия қўллаб-қувватлашган.

Аммо мухолифат партиялари ва баъзи инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи ташкилотлар референдумни ўтказиш қарорини танқид қилишган.

Улар Ўш ва Жалолободдаги этник низолар яраси битмай туриб референдум ўтказиш нотўғри эканини айтишганди.

Муваққат ҳукумат эса, зўравонликлар референдумни тўхтатиб қолиш мақсадини кўзлаган ағдарилган президент тарафдорлари томонидан содир этилганини иддао қилган.

Аммо ўша йил апрель ойида амалга оширилган инқилоб натижасида қудратдан четлатилган президент Қурманбек Бакиев бу каби даъволарни рад этиб чиққанди.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқалибоғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг