"Хоразмлик қизлар" можароси қайта бошланадими?

Image caption Жаҳонгир Отажонов Юлдуз Усмонова ва Озода Нурсаидова якунлаган жанжални қайта бошламоқчими?

Ўзбекистонлик таниқли хонанда Жаҳонгир Отажонов март ойида Тошкентдаги Туркистон саройида ўтадиган концертида Юлдуз Усмоновага жавоб қўшиғини айтишини маълум қилди.

Бу ҳақида дарё.уз сайти мухбири Феруз Муҳаммад хабар тарқатди.

Бу қўшиқда Юлдуз Усмоновадан хоразмлик қизларга ҳасад қилмаслик сўралган ва у хоразмлик қизларнинг тиззасигача ҳам чиқа олмаслиги айтилган.

Концерт дастури олдидан Ёшлар ижод саройида матбуот анжумани ўтказган Жаҳонгир Отажонов "опа-сингиллари бор Хоразм йигити" бўлгани учун Юлдуз Усмонованинг "Хоразмлик қизлар" қўшиғига жавоб қайтарилишини лозим деб ўйлаганини айтди.

2006 йилги концертида қўшиқни тақдим этган Юлдуз Усмонова хоразмлик қўшиқчи ва раққоса аёлларни "лўли бозори"га ўхшатганди.

Унинг қўшиғида, хусусан, қўйидаги мисралар бор:

Енгил-елпи тақ-туқлардан воз кечинг

Ким қиз дейди ёши қирқдан ошганини

Кўринг энди машҳурликка шошганини

Хоразмлик қизлар босди Тошканини.

Бу қўшиққа тайёрлаган жавоби ҳақида гапирар экан, Жаҳонгир Отажонов аслида қўшиқни бир неча йил аввал ёзгани, аммо у вақтда Усмоновага тош отишни ўзига жоиз кўрмаганини билдирди.

"Бугунги кунда улар ҳам ижод қилишни бошладилар. «Хуш келибсиз Хоразмга» деб номланган қўшиғимизни Юлдуз Усмоновага бағишлаб ёзганман. Чунки ўшанда «Хоразмлик қизлар ҳамма ёқни босиб кетди» деган гап менинг иззат-нафсимга теккани учун, мен ҳам шунга яраша фикрларимни қўшиқ билан тасвирлаган жойларим бор", - деди у.

Сўнгра Отажонов журналистларнинг илтимоси билан Юлдуз Усмонованинг қўшиғига жавоб тариқасида куйлашни режалаштирган қўшиғининг бир қисмини шеър тарзида айтиб берди:

Ким қаерда юрса юртим бағри кенгдир

Қай миллат-у, қай шевада бари тенгдир,

Дея кўрманг, бир бировга ким у менгдир

Ҳасад қилманг Хоразмнинг қизларига,

Юлдуз тугул, ой чиқолмас тизларига!

Тақдимоти кутилаётган қўшиқ Юлдуз Усмоновага берилган илк жавоб эмас. 10 йил аввал Ўзбекистоннинг энг таниқли хонандаларидан бўлган Озода Нурсаидова ҳам "Хоразмлик сингиллар" қўшиғи билан ўзбек эстрадаси мадоннаси бўлмиш Усмоновани "койиганди":

"Баракаси сочилган бағрикенг Тошканини

Эркалайди бирдайин бағрига шошганини

Халқдан буюк устоз йўқ,

У билмаса, ким билар?

Ўзи жиловлаб қўяр ҳаддидан сал ошганни

Ўксимангиз, ранжиманг, хоразмлик сингиллар,

Ёнингизни олгани мен турибман, мен борман".

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber да: +44 78-58-86-00-02.

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.

Алоқадор мавзулар