"Пежо Ситроен" Жиззахда "маршрутка"лар ишлаб чиқаради

Жиззахда халқ орасида маршрутка номи билан машҳур минибаслар ишлаб чиқарилади

Сурат манбаси, citroen.co.uk

Сурат тагсўзи,

Жиззахда халқ орасида маршрутка номи билан машҳур минибаслар ишлаб чиқарилади

Франциянинг "Пежо Ситроен" компанияси Жиззахда халқ орасида "маршрутка" номи билан машҳур енгил тижорий автомобиллар ишлаб чиқаради. Йилига одам ва юк ташишга мўлжалланган 16 минг дона минибас ҳамда пикап ишлаб чиқариш режаланмоқда.

Podrobno.uz сайтининг хабар беришича, "Ўзавтосаноат" ва "Пежо Ситроен" ҳамкорлигида Жиззахдаги эркин иқтисодий ҳудудда "Uzbekistan Peugeot Citroёn Automotive" корхонаси ташкил қилинади.

Лойиҳанинг умумий сармояси 130 миллион доллар, дейилмоқда.

Келишувга кўра, "Пежо Ситроен" янги технологиялар, замонавий ишлаб чиқариш жараёни билан таъминлайди ва ходимларни ўқитади.

Кўшма корхона ўз олдига биринчи йилдаёқ машиналарнинг таркибий қисмларини маҳаллий шароитда ишлаб чиқаришни 50 фоизга етказишни ўз олдига мақсад қилган. Бу ишга Ўзбекистондаги "Ўзавтосаноат"га тегишли 30 атрофидаги йирик завод ва ўрта ҳамда кичик бизнесга оид 160 дан ортиқ корхоналар жалб қилинади.

Сурат манбаси, Sputnik

Сурат тагсўзи,

Минибаслар Ўзбекистонга асосан Россиядан импорт қилинган

Бир йилда 16 минг дона ишлаб чиқариладиган автомобиллар Ўзбекистон ичида сотилиши билан бирга хорижга ҳам экспорт қилиниши айтилмоқда.

"Ўзавтосаноат" ширкати раҳбари ўринбосари Рустам Юсуповнинг подробно.узга айтишича, енгил тижорий автомобиллар бозори Ўзбекистонда ўзлаштирилмаган ягона транспорт воситаси сифатида қолиб келаётган эди. Янги лойиҳа аҳолини иш билан таъминлаш билан бирга Ўзбекистоннинг ишлаб чиқариш саноатини янада ўсишига сабаб бўлади.

Ўзбекистонда шу вақтгача енгил тижорий автомобиллар бозори асосан Россияда ишлаб чиқариладиган "Газель" русумли машиналар эвазига қопланиб келинмоқда.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02