Юртдошлари алдаган муҳожир аёл Мирзиёевдан уй сўради

Наманганлик меҳнат муҳожир
Сурат тагсўзи,

Наманганлик меҳнат муҳожир

36 ёшли меҳнат муҳожири Ўзбекистон Президентидан уй олиб беришни сўраб мурожаат қилмоқда. Соддалиги туфайли юртдошлари томонидан алданган аёл, Намангандаги икки боласининг олдига қайтиш учун ёрдам сўрамоқда.

Наманганлик Сайёра (исми ўзгартирилган) турмуш ўртоғи билан ажрашгач, 2 фарзанди билан кўчада қолганини айтади. У ноиложликдан фарзандларини собиқ эрига бериб, уй олиш мақсадида 2016 йилда Москвага ишлашга келган. Аммо табиатан соддалиги туфайли ўз юртдошлари томонидан алданиб келаётганини билдирди.

"Уйсизликдан кўчада қолиб эълон ёзгандим, одамлар телефон қилиб ёрдам берамиз деб машина ҳам жўнатишди. Борсам, мендан ўз нафслари йўлида фойдаланишди", - дейди Сайёра.

Сайёра ишга рухсат берувчи қонуний хужжати йўқлиги боис, доимий ишларга жойлаша олмаган.

Ўзининг айтишича, уни юртдошлари икки бора алдашган. Яъни иш ваъда қилиб, пулини олдиндан олишган. Аммо Сайёрани ишга қабул қилишмаган, ўртакашлар эса пулни қайтаришдан бош тортган. Натижада муҳожир аёл пулсиз қолган.

"Кунига 200 рубль (3,37 доллар) тўлаб ижарада турибман. Кунлик ишлар чиқиб қолса қилаяпман, бўлмаса егани ноним ҳам йўқ", - дейди у.

Россияга келиб қийин вазиятга тушиб қолган наманганлик меҳнат муҳожири Президент Мирзиёевдан ёрдам кутаётганини билдирди.

"Шавкат Мирзиёев, сиздан илтимос, менга уй-жойдан ёрдам қилинг. Бориб юртимда ишлай, қўлимдан савдогарчилик келади. Жуда кўпчиликка ёрдам қилаяпсиз, қийналиб кетдим", - дейди меҳнат муҳожири.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02