"Алвидо, "Жаслиқ!" ёхуд сиёсий маҳбуснинг кундаликлари

Муҳаммад Бекжон
Сурат тагсўзи,

Муҳаммад Бекжон Ислом Каримов вафотидан сўнг озодликка чиқарилган

18 йил умрини Ўзбекистон қамоқхоналарида ўтказган собиқ сиёсий маҳбус Муҳаммад Бекжон тутқунликдаги ҳаётига бағишланган биринчи китобини ёзиб тугатган.Таниқли шоир ва марҳум Ислом Каримовнинг сиёсий рақиби Муҳаммад Солиҳнинг укаси бўлган Муҳаммад Бекжон шу йил февралида озодликка чиқарилганди.У 1999 йилда Тошкент портлашларида айбланиб, Киевда ҳибсга олинган ва Ўзбекистонга экстрадиция қилинган. Ўша йилнинг кузида Тошкентда ўтган маҳкамада Бекжон ва бошқа айбланувчилар ўзларига қўйилган айбларни рад этишган ва қийноққа солинганликларини айтганлар. Ўзбекистон маҳкамалари Муҳаммад Бекжонга чиқарилган 11 йиллик дастлабки маҳкама ҳукмини узайтириб келганлар. Франциядаги "Чегара билмас мухбирлар" ташкилоти Муҳаммад Бекжонни "дунёда энг узоқ муддат қамоқда ўтирган журналист" деб атаган.Ҳозирда Хоразмдаги уйида яшаётган 63 ёшли Бекжон ўзининг озодликка чиқарилишини Ўзбекистондаги ҳокимият ўзгариши билан боғлайди."Каримов ҳаёт бўлганида ҳали ҳам қамоқда ўтирган бўлардим", - дейди мухолифатдаги "Эрк" партиясининг фаоли.

Қуйида китобдан бобларни эътиборингизга ҳавола қиламиз.

Собиқ маҳбуснинг ҳикоялари унинг кўрган-кечирганларига асосланган бўлиб, муаллифнинг шахсий нуқтаи назарини акс эттиради.

18.03.1999. Борисполь. Аэропорт

Эрталаб соат саккизларда бизни зековозга чиқаришади ва тўрталамизни УАЗикнинг тўртта боксига [1] жойлаштирадилар. Ҳаммамизнинг қўлларимиз кишанланган. Машина йўлга тушгач, мен бокс эшиги тирқишидан конвойларга: "Ребята, есть просьба, можно с вами договориться!?", деб бақириб сўрайман.

Улардан бири: "Говорите, что за просьба!?", дея бақириб жавоб беради. Мен: "Здесь, в Киеве у нас родственники, они не знают о том, что нас арестовали! Позвоните им, что нас арестовали и отправили в Узбекистан! Если вы согласны, я диктую вам номер телефона родственников!?".

Конвойлардан бири менинг илтимосимга розилик билдиради ва мен айтган телефон рақамларини ёзиб олади. Юсуф ҳам хотини Шоиранинг телефон рақамини ёздиради.

Юсуфдан қаерда қўлга олишганларини сўраганимда, у бозорга кетишдаги йўлда яёв кетаётганида ушлаганликларини айтади. Хотини Шоиранинг бундан хабари йўқлигини гапиради. То Борисполга етиб боргунимизча ўзаро гаплашиб, ҳазиллашиб кетамиз.

Фақат Қобул бошимизга тушган бу кутилмаган кулфатдан озгина довдираб қолган ва бизнинг ҳазил-ҳузулимизга қўшилмай, сукут сақлаб боради. Йўлда Юсуфга қўлга олинишимизгача бўлган "охирги стакан ароқ" воқеасини сўзлаб бераман. Иш қилиб, аэропортгача яхши кайфиятда келамиз.

18.03.1991. Тошкент-Киев маршрутидаги Боинг учоғи салони.

Учоққа кўтарилгач, бошимиздаги қопларни ечишади, бироқ қўларимиздаги кишанлар қулфлоғича қолади. Қўлларимиз орқага қилиб кишанлангани учун, кресло суянчиғига суяниб ўтиришнинг иложи бўлмайди. Бу ҳам етмагандай, қўлингни озгина қимирлатсанг, кишан қисилиб суяккача ботиб кетади.

Ёнимда мени қўриқлаб келган конвойдан (бу конвой ИИВ ертўласида бизни тергаган капитан Илҳом Турғунов бўлиб чиқади) "кишанни бироз бўшатиб қўй" деб беш-олти марта илтимос қиламан, бироқ у "чидаш керак, бирон соатларга манзилга етиб борамиз, ўша ёқда ечамиз" дея такрорларди.

Шу учоқдаги кишаннинг қўлимда қолган излари уч-тўрт йилгача ҳеч кетмаган.

Ўзбекистон қамоқхоналаридаги чеккан даҳшатли қийноқларим қаторида, ўша суякка ботган кишанлар азобини ҳам ҳеч қачон унутолмасам керак.

18.03.1999. Тошкент. Аэропорт

Тушдан кейин, соат тўртларда учоқ Тошкент аэропортига қўнади, бошларимизга қоплар кийдирилади. Олдинги салондан икки кишини олиб чиқишади. Менимча, Қобул ва Неъматни бўлса керак, чунки Юсуф менинг қаршимдаги ўриндиқда ўтирган эди. Улардан кейин Юсуфни олиб чиқишади. Сўнггида эса, мени олиб чиқишади. Мени алоҳида машинага ўтқазишади. Қолганларни қандай ва қаерга олиб кетганини билмайман.

18.03.1999. ИИВ ертўласи

Кечки соат бешларда бизни ИИВ ертўласига туширишиб, бошимиздаги қопларни ечишади, тинтувдан ўтказишади ва боксга қамаб қўйишади. Ертўлада фақат Юсуфни кўраман.

Негадир, Қобул ва Неъмат кўринмайди.

Уч соатларча боксда ушлаб ўтиришиб, терговга яъни "ўзбекчасига тергов"га олиб чиқишади.

Ертўланинг узун даҳлизи ўрталарида чапдаги эшикка кирилиб, параллел даҳлизга чиқилади ва ўша параллел даҳлизнинг охиригача юрилиб, ўнг тарафдаги эшик "тергов" хонасига кириш эшиги бўлади. Ушбу лабиринт коридорнинг ўнг томонидаги хоналарнинг ҳаммаси "тергов", яъни қийноқ хоналари.

Мени шундай хоналардан бирига киритишади ва қўлларимга кишан солишиб, стол қаршисидаги табуреткага ўтирғизиб, ёлғиз ташлаб чиқиб кетишади.

Хона деворларига назар соламан. Деворнинг ҳамма жойи қонга беланган, тепки излари.

Хона ўртасида полга михлар билан маҳкамланган табуретка, бурчакда стол ва стул. Стол қаршисида мен ўтирган табуретка. Менимча, сўроқ олдидан мени қўрқитиш учун атайин ёлғиз қолдириб кетишган, мен девордаги қон, тепки изларини кўриб ваҳимага тушишим керак.

Ярим соатлар чамаси вақт ўтиб, хонага полковник кириб келади.

Мен уни танийман: Ботир Турсунов

У ҳам мени танийди.

Бу одамга шахсан ички ишлар вазири З.Алматов томонидан "Эрк" партияси фаолиятини назорат остига олиш вазифаси топширилган.

1993 йилда унинг «одамлари» Акамни таъқиб қилиб юрган айғоқчилари менинг изимдан тушишган эди.

Улар уйимиз олида машина ичида ўтиришиб, кеча-кундуз пойлашар, ҳатто қизимиз Ойгулни ҳам мактабигача кузатиб (машинадаги тўрт кишидан бири аёл) қўйишарди.

Полковник ўша пайтда капитан лавозимида эди. ЭРК партиясига қарши курашда ўта жонбозлик кўрсатгани учун олти йил ичида полковник даражасигача кўтарилган.

***

"Ўзбекча тергов"

Март. 1999. ИИВ ертўласи

"Тергов" хонасига полковникнинг кетидан ўттиз-ўттиз беш ёш чамасидаги капитан киради. Мен ўтирган жойимдан жилмайман. Полковник менга қараб "Офицер кирганда ўрнингдан турмайсанми?", дейди. Мен ўтиришда давом этаман.

- Мени танидингми?

- Танидим...

- Бир пайтлар анави қайноғанг билан дўст эдик. У сизларга сотилди, мараз. Ҳали у билан ҳисоб-китобмиз олдинда. Олдин сенларни бир ёқлик қилайлик. Ҳаммаларингни ушлаб келамиз. Солиҳинг борми, Тоҳиринг борми, ҳамма-ҳаммангни шу ерга олиб келамиз. Сенларга Ўзбекистон милициясининг кучини би-и-ир кўрсатиб қўяйлик! Шундайми, капитан?

Капитан бошлиғининг бу даражада молсифатлигидан уялиб, пастга қараганча жим туради.

Сурат манбаси, Human Rights Watch

Полковник мавзуни ўзгартириб:

- Муҳаммад, Алфия эсингдами? Сен у билан юрардинг-а, зўр, кетворган қиз эди-да, а?

- Қанақа Алфия? Ҳеч қандай Алфияни танимайман.

-Менга қара, Муҳаммад! Мени алдашга ҳаракат қилма, тушундингми!? Мен аканг Солиҳни ТашГУда студентлигидан бери танийман. У ғирт пантуркист, миллатчи эди...

Менинг жаҳлим чиқа бошлайди ва унинг сўзини бўлиб, шуларни гапираман:

-Ўртоқ полковник, мени бу ерга сўроқ қилишга обкелдингларми ёки ким кетворган, ким қанақа одам бўлганлиги ҳақида гап сотганими?

- Ў-ҳў, менга нима қилиш керак, қандай гапириш кераклигини ҳам ўргатарсан балки? Ҳали сендан гапириш учун рухсат олишим ҳам керакдир, а?

Мен ўзимни зўрға тутиб ўтираман. Яна шунга ўхшаш асабтегар гап гапирса...

Полковник, мендаги ички туғённи сезди шекилли, чеккада муршайиб ўтирган капитанга "чиқиб кет" дегандек ишора қилади.

Капитан чиқиб кетгач, Ботир хона ичида у ёқ-бу ёққа юради, менимча, сўровни нимадан бошлашни билмай, боши қотган кўринади.

Ва ниҳоят биринчи берган саволи шундай бўлади:

- Аканг қаерда?

Мен ичимда: "Аҳмоқ, томдан тараша тушгандай, дабдурустдан савол беришингни қара, "аканг қани?" эмиш".

- Сендан сўраяпман, ҳўв! Қаерда у террорист!?

Мен қандай ўтирган бўлсам, шундай ўтиришда давом этаман. Мендан садо чиқмагач, полковник менга ғазаб тўла кўзлари билан қараб "сен яхши гапни тушунмас экансан, ҳозир булбулдек сайратаман сени," дейди ва хона эшигини қия очиб, эшик орқасида турганларга "киринглар, манави саволларимга жавоб беришни хоҳламаяпти, как следует жавоб беришни би-и-р ўргатиб қўйинглар," дейди ва ўзи ертўла даҳлизига чиқади.

Хонага тўрт нафар барзанги, улардан бири камуфуляжда, киришади ва камуфуляждагиси менинг қаршимга келиб "тур ўрнингдан!" дея ўшқиради.

Ўтирган жойимдан туришга улгурмай, бошимга қаттиқ зарба келиб тушади. Бу зарбадан бироз гангиб қоламан.

Бошимдан юзим узра полга оқаётган қонга кўзим тушиб, "ҳе онангни...!" дея бақириб олдинга бир-икки қадам ташлайман.

Бу пайт хонага яна икки-учта "спецназ"чилар кириб мени полга йиқитишади ва тепа бошлайдилар.

Тепкилардан сўнг навбат резина тўқмоққа (дубинка) келади. Оёқ кийимимни ечишиб, хона ўртасида полга маҳкамланган табуреткага ўтирғизишади, оёқларимни иккинчи табуреткага қўйишади ва устига биттаси ўтириб олади.

Қўлларимга кишан солишиб, иккитаси ҳар томонимдан маҳкам босиб ушлаб туришади. Камуфуляждагиси қўлига резина тўқмоқни олиб, товонимга бор кучи билан ура бошлайди.

Биринчи кунги "тергов" шу зайлда тонггача давом этади, лекин полковник ҳеч нарсага эришолмайди.

Терговнинг учинчи куни менга катта албом келтиришиб (тахминан 100 варақ), ичидаги расмларни кўрсатиб чиқади. Албатта, албомнинг биринчи варағида Акам Муҳаммад Солиҳ, Тоҳир Йўлдошев, Жума Намангоний ва бошқалар расмлари акс этган бўлиб, шу варақдаги ҳар бир расм орқасига исм-шарифлари битилган бўлади.

Ҳар варақда 30 тадан расм қўйилган. Улар қўлимга тутқазган бу албомни икки соатларча варақлаб, фақат тўрт кишини, яъни Акам, ўзим, укаларим Рашид ва Мақсудни танийман.

Албомни олиб кетишганидан сўнг, "тергов" яна давом этади.

Бундай "тергов" бир ҳафта давомида эрталабдан кечгача давом этади. Менга имзо чектириш учун қандайдир қоғозларни келтиришар, мен эса, имзо чекишдан бош тортар, оқибатда мени шафқатсиз қийноққа солардилар.

"Тергов"нинг учинчи куни юролмайдиган ҳолатга тушаман, оёқларим шишиб кетганидан оёқ кийимига сиғмас, қўлларим қошиқни ҳам ушлай олмас, ҳатто бошимни кўтаришга ҳам қурбим етмай қоларди.

Ертўладаги навбатчи сержант, (мендан тўрт-беш ёш катта) мени ҳар сафар коридор узра унинг олдидан судраб олиб ўтишганида, аҳволимга ачиниш билдириб бош чайқаб қўяр, кўзларини пастга тушириб, "шундан бўлак бирон нарса қилишга ожизман" деяётгандек, бошқа томонга қараб оларди.

28.03.1999. ИИВ ертўласи

Бугун "тергов"нинг ўн биринчи куни. Ертўладаги 2-чи ҳужрада[2] бир ўзим. Темир кароват[3]нинг бош томони сал юқорига қайрилган. Унинг устида на ёстиқ бор, на тўшак. Ҳужра совуқ. Соат эрталабки ўнлар чамаси, лекин "терговчилар"дан дарак йўқ. Тушлик обкелишади. Ўрнимдан туришга ҳаракат қиламан, бироқ эплолмайман.

ИИВ ертўласининг 2-чи ҳужраси. Шу ҳужрада мен қизларимнинг исмларини эсдан чиқарганман.

Шу ҳужрада менда ортиқ яшашга иштиёқ сўнган.

Шу ҳужрада менда бу дунёнинг ташвишларидан тезроқ қутулиш истаги пайдо бўлиб, ортиқ бу дунёда яшашга иштиёқ сўнган. Ва ниҳоят, мана шу ИИВ ертўласининг 2-чи ҳужрасида Оллоҳим мени яна ҲАЁТга чорлаган.

Апрел ойи охирларида мени ИИВ ертўласидан тоштурмага олиб келишади.

Турма қабулхонасида тиббий кўрикдан ўтказишади.

Баданимнинг ҳамма жойи кўкариб ётганини кўрган ҳамшира мени кузатиб келган конвоир капитанга қабул қилмаслигини айтади.

Капитан ҳамширага: "Уни Украина милицияси калтаклаган, бу ерда ҳеч ким унга қўлини теккизмаган", дейди.

Ҳамшира менга: "Украинада уришдими?", дея савол беради. "Украинада менга ҳеч ким менга қўл теккизгани йўқ, мана шу одам мени қаердан олиб келган бўлса, шу ерда қийнашди", деб жавоб бераман.

Капитан ҳамширани чеккароққа чақириб, ўзаро нималарнидир келишиб оладилар ва мени тоштурманинг биринчи овули (корпус) ертўласи бошлиғига топширадилар.

Мен ертўлага келтирилганимдан сўнг ертўла бошлиғига: "Ўртоқ капитан! Сиз мени бу ерга қай аҳволда келтиришганини кўрдингиз, тўғрими? Мабодо, мен бирор жойга шикоят қилиб, мени тоштурма ертўласида қийнаб шу аҳволга солишди, десам оқибати сиз учун қандай кечишини биласизми?", деб сўрайман.

Ертўла бошлиғи: "Ака, мени ҳам тушунинг, бу подвал МВД га тегишли, мен ҳам уларга бўйсунаман, шунга мажбурман, ахир. Нима қилай, айтинг?", дея саволимга савол билан жавоб беради.

- Ҳамширага бориб айтинг, мен бу одамни бу аҳволда олиб қололмайман, денг.

Капитан ертўла даҳлизидаги навбатчилар (войсковойлар[4]) дан бирини чақириб, менга қараб туришини айтади ва ўзи ташқарига чиқиб кетади. Орадан ярим соатларча вақт ўтиб, капитан кириб келади ва навбатчи ҳарбийга даҳлизга чиқишига буйруқ беради.

- Ака, сизни олиб келган одам қайтиб кетибди, илтимос, мана шу қоғозга "Украина милициясида шу аҳволга солишди" деб ёзиб беринг,- дейди капитан.

- Мен ҳеч нарса ёзмайман. Украинада ҳеч ким менга қўл теккизгани йўқ...

Капитан даҳлиздаги навбатчини чақириб, мени 23-чи ҳужрага жойлаштиришини айтади ва ўзи юқорига чиқиб кетади. Бу ҳужрада мендан ташқари яна бешта маҳбус - улардан бири корейс, иккитаси рус ва иккитаси ўзбек миллатига мансуб эдилар.

Киев турмаси билан Тошкент турмаси солиштирилса, уларнинг орасида ер билан осмонча фарқ борлиги яққол кўриниб туради.

Юқорида келтириб ўтилганидек, Киевдаги Оболонь турмаси маҳбуслари бир-бирлари билан тез тил топишиб, бир-бирига қўлидан келганча ёрдам қўлини чўзар экан. Тоштурмада эса, янги келган маҳбусга шубҳа билан қарашар, салом-аликни ҳам истар-истамас қилишардилар.

Кейинчалик маълум бўлишича, маҳбуслар орасидаги бундай муносабатнинг сабаблари бор экан. Тоштурманинг ҳар бир хатасининг[5] лохмачи[6] ва козёли[7] бўлар экан.

Хуллас, тоштурманинг 23-чи ҳужрасидаги корейс козёл, русларнинг бири лохмач бўлиб чиқди. Лекин бу иккаласи ҳам менга нисбатан бирон-бир ёмонлик қилишмади ёки ёмонлик қилишга улгуришмади, чунки уч кундан кейин мени бошқа ҳужрага ўтказишади.

Бу бошқа ҳужра- №28. Тоштурманинг энг машҳур ҳужраси. Айтишларига қараганда, лохмачларнинг энг ашаддийлари шу ҳужрада иш олиб боришаркан.

Шундай қилиб, мен №28-чи ҳужрадаман. Бу ҳужрада ҳам 23-чи ҳужрадагидек, беш маҳбус. Кўрпа-тўшакни қўлтиқлаб ҳужрага кирарканман, ҳужрадаги тўртта маҳбус ўринларидан туриб мен билан илиқ сўрашадилар.

Ҳужранинг қоқ ўртасида нонни талқон қилиб майдалаб ўтиргани эса, орқасига ўгирилмасдан, "осторожно, не задевай машку[8]", дея огоҳлантириб, ишида давом этади.

Йигитлар тўрдаги шконкадан жой қилишиб, мени ўтиришга таклиф қилишадилар. Улардан бири ерга дастурхон ёзиб, нон қўяди, чой дамлашади. Бироз суҳбатлашганимиздан сўнг ерга иниб, дастурхон атрофида чардона қуриб чой ичишга ўтирамиз.

Ҳалиги ўртада ўтириб нон майдалаётган "ўзбек" ўзича ғудраниб, нон майдалашда давом этади, биз томонга қарамайди ҳам.

Чой ичиб бўлганимиздан сўнг ўзаро танишиб оламиз.

Йигитлардан иккитаси феврал воқеаларига алоқадорликда гумон қилиниб, биттаси ҳизбут- таҳрир партияси варақаларини тарқатганликда, яна биттаси уйида ов милтиғи сақлаганликда айланиб қамоққа олинганлардан экан.

Ҳалиги ҳужра ўртасида ўтиргандан: "Сен нима билан ўтиргансан?" деган саволимга: "Ты кто? Прокурор что ли?" деган саволий жавобни оламан.

Йигитлар менга "У билан гаплашманг", дегандек имо-ишора қилишади ва мен уларнинг маслаҳатини қабул қиламан.

Мен бу ҳужрага келганимдан бир соатларча вақт ўтгандан сўнг ҳужрамиз эшиги очилиб, "талқончи"ни олиб чиқиб кетишади.

Биродарлар дарров атрофимга йиғилишиб, "талқончи"нинг ғирт "козел"лиги ҳақида гапириб беришади. Мен бу ҳужрага келишимдан ярим соат олдин ҳужра "лохмач"ини бошқа жойга кўчирганини ҳам айтиб беришади. Биродарлардан бири:

- Ҳали вазирлик ертўласида ўтирган пайтингиздаёқ сиз ҳақингизда қўрқинчли хабарлар тарқаганди.

- Қанақа хабарлар экан?,- деб сўрайман мен.

- Сизни ёмон қаттиқ қийнашибди бу золимлар, оёқларингизни, қўларингизни синдиришибди, шу ростми ака?

- Бундай хабарлар қандай қилиб турмагача тарқаган экан? Ахир у жойдан хабар тарқашининг ҳеч иложи йўқ-ку. Қандай йўл билан у ердаги вазиятни аниқлаш мумкин?

Гапимизга ов милтиғи билан ушланган биродар қўшилиб:

- Муҳаммаджон ака, бу системада хабарлар шунчалик тез тарқайди-ки, бугун содир бўлган воқеа бир ҳафта ичида Ўзбекистоннинг барча зоналарида маълум бўлади. Масалан, сизнинг камерадошларингиздан бири зонага этап бўлиб кетади ва у ерда сиз ҳақингизда ўз танишига сўзлаб беради. Унинг таниши эса, ўзининг танишига бу хабарни оқизмай-томизмай, ҳатто ўзидан қўшиб ҳам гапириб беради. Шу билан кетди-борди. Системанинг бу "телеграмма"сини ҳеч ким тўхтатишга қодир эмас.

- Биродар[9], узр албатта, "система-система" дейсиз, системада қачондан бери ўтирибсиз, ўзи?

- Бир йилдан ошди, ака...

Бу пайт ҳужра эшиги шақир-шуқур очила бошлайди ва ҳужрага "талқончи" кириб келади. "Талқончи" ўзбек бўла туриб, ўзбекчани зўрға билар, ўзбекча гапирса, гапираётган гапини ўзидан бошқа одам унча-мунчада тушуниши амримаҳол эди.

"Талқончи" ҳужрага кириб келаркан, менга қараб: "Ҳозир кевоссам, жаллаб, кетвоган манашкани[10] обкевоткан экан, бир обнять қилий десам, қўлтигимга сиғмаса керагов жаллаб, шунаканги толстийкан, вообще жаллаб...". Унинг нафақат чўтир башараси, балки, ҳозиргина айтган узуқ-юлуқ гаплари билан менга Ислом Каримовни эслатди: И.Каримов тахтга ўтирганидан уч-тўрт йил ўтиб, 8 март хотин-қизлар байрамига бағишланган йиғилишда тахминан шундай деган эди: "Қани энди, шу залда ўтирган ҳаммаларинг қучоғимга сиғсаларинг-у, қўлтиғим тагига босиб муччилаб-муччилаб ўпсам", дея армон қилган.

Хуллас, ҳужрага кириб келган "козёл" бу гапларини ўзи ҳақида "илиқ таассурот" қолдириш учун гапираётгани чўтир башарасидан шундоқ билиниб турарди. Мен ундан "Сен ўзбекмисан?", деб сўрайман. "Наполовину узбек, наполовину таджик", дея жавоб беради у русчалаб. Мен, яна: "Ота-онанг нима иш қилишади? " деб сўрайман. У:

- Мой пахан был известным музыкантом, жаллаб…

- Ты может разговаривать без добавки этого мерзкого словца?

- Не понял, ты мне приказываешь? Допрашиваешь? Какое твое дело кто был мой отец? Какое твое дело кто я такой, узбек или русский? Ты кто такой, чтобы допрашивать меня, а?!

"Талқончи" ўзича қизишиб кетган бўлиб, мени қўрқитиб қўймоқчи бўлди шекилли, менинг жим турганимдан илҳомланиб, овозини янада авжига чиқара бошлайди:

- Я у тебя спрашиваю, кто ты такой? Мент?! Может быть ты прокурор, а?!

Унинг попугини пасайтириб қўйиш вақти келганлигини пайқаб, ўрнимдан шашт билан тураман ва ёнига келиб:

- Если ты сейчас же не заткнешься, мне придется самому заткнуть твой поганий рот! Ты меня понял, козел драный?!

Шўрлик "талқончи" қўрқувдан дир-дир қалтирай бошлайди ва энг юқори пардада жаранглаб турган овози бирданига пасайиб, эндигина дунё юзини кўрган қўзичоқдек маъраб:

- Братань, вы что, вы что братань, не надо, не надо, прошу вас,- дейди.

- Я тебе не братань, понял?

- Понял, братань, понял…

"Талқончининг" рангги докадек оқариб кетганига ўзим ҳам ачиниб кетаман. Бу текин томошани зимдан кузатиб ўтирган биродарлар ҳам юзларидаги табассумини яширолмайдилар. Улар "талқончи" ва менинг орамизда бўлиб ўтган бундай "айтишмадан" лаззатланаётгандилар.

"Талқончи" сал ўзига келганидан сўнг, "Пацаны, в честь нового соокамерника будем накрывать хороший стол и будем пить чай", дея дастурхон ёза бошлайди. Мен унга шу дақиқадан бошлаб чой, овқат ишлари билан йигитларнинг ўзлари шуғуллансин, сен умуман аралашма, дейман.

- Братань, не делайте так, пожалуйста. Зачем вы это?

- Что "зачем это?".

- Я же старший по камере, братань. Я должен смотреть за общаком.

- Общак? Какой еще общак? Вообще, кто назначил тебя старшим по камере?

Мен ҳужрадаги йигитлардан буни ким камеранинг каттаси қилиб сайлаганини сўрайман. Йигитларга жон кириб: "Ўзини ўзи сайлади, бизнинг сумкамиздаги нарсаларга ҳам у хўжайинлик қилади. Унинг рухсатисиз биз ҳеч нарсага тегинмаймиз", дейишади жўр бўлиб.

- На это что скажешь ты, фраер?

"Талқончи" бу сафар қизариб кетади ва биродарларга нафрат билан қарайди, асабий ҳолда бошини чайқаб, у ёқ-буёқ юради ва ниҳоят биродарларга қараб:

- Ребята, я вам что-нибудь плохого сделал за все это время? Ведь, ничего плохого не сделал, правильно? Вот вы, очень плохо поступили со мной. Я по отношению к вам всегда хорошо относился, а вы...

Биродарлардан бири унинг гапларига ортиқ чидай олмай, ёрилади:

- Сен бизга ҳар доим ёмонлик қилиб келгансан. Ҳар куни камерадан чиқиб кетиб, биз ҳақда хўжаларингга ахборот бериб келасан. Уларга биз тўғримизда яхши гапларни гапирмайсан-ку, ахир. Мен нотўғри гапираётган бўлсам, айт, сен нотўғри гапираяпсан, дегин-чи? Айтолмайсан, чунки...

Мен биродарнинг гапини бўлиб, бу нусхага гапириб ўтиришингиз бефойда, дейман ва бугундан эътиборан ҳужрада "старший", "младший" деган гапларга чек қўйсак, яхши бўлармиди, дейман. Биродарлар бу таклифни жон-дилдан қабул қилишади ва биз, 28-чи ҳужра маҳбуслари шу дақиқадан эътиборан ҳужрада ўрнатилган янги қоида бўйича яшай бошлаймиз.

"Талқончи" эшикни тақиллатиб, ертўла даҳлизидаги "дубак"ни[11] чақиради ва "Фалончи мени чақирсин, унга айтадиган гапим бор эди", дейди.

Ҳужрадагилар "талқончини" чойга таклиф қилишади, лекин у:

- Пейте сами, я по горле сыт от вашего чая",- деб қўпол жавоб беради ва уёқ-буёққа бориб келишдан тўхтамайди.

Биз чой ичиб бўлганимизда, эшик очилиб, "талқончи"ни олиб чиқишади. Орадан бироз вақт ўтиб, у қайтиб келади ва бор-будурини йиғиб, ҳеч ким билан хайрлашмасдан ҳужрани тарк этади. Ҳужрадаги йигитларга жон кириб, биз бир-биримиз билан яқиндан танишишга тушамиз. Ҳар биримиз ўзимиз ҳақда бир-биримизга иштиёқ билан сўзлаб берамиз.

Шундай қилиб, 28-чи ҳужра маҳбуслари бундай "эркинлик"дан баҳра олиб яшай бошлайдилар. Бироқ, ўзимизга ўзимиз яратган бу "эркинлик" узоққа чўзилмади.

Ўнбеш-йигирма кун ўтиб, мени яна ИИВ га олиб кетишади.

Яна ўша этни жунжиктирувчи совуқ манзара. Яна ўша турқи совуқлар. Яна ўша жирканч "тергов" хонаси.

Орадан ярим соатдан ортиқ вақт ўтади. Бу "тергов" хонада танҳо ўтираркан, турли хаёлларга чўмиламан. Бу ерга яна нима учун олиб келишган экан? Пешонага яна қандай кўргуликлар ёзилган экан?...

Ва ниҳоят, хонага полковник кириб келади ва менга: "Ҳозир сени эски қадрдонинг билан юзма-юз қиламан, лекин қара, ҳеч қандай ортиқча сўз айтилмайди, тушундингми?" дейди.

Ким экан бу эски қадрдоним? Юсуфми? Қобулми? Неъматми? Ким?... бироқ аниқ бир тўхтамга келишимга улгурмай, "тергов" хонага полковник ёрдамчиси капитан Улуғбек бир ёш йигит билан кириб келишади.

Мен бу йигитни дарров танийман.

У мен билан қўл бериб кўришмоқчи бўлади, лекин капитан бунга йўл қўймайди ва менинг қаршимга ўтирғизади.

Полковник қаршимдаги йигитга савол беради:

- Асқаров, қаршингдаги одамни танийсанми? Ким у?

- Ҳа, танийман. Бу киши Муҳаммад Солиҳнинг укаси.

- Исмини, фамилиясини айт.

- Бегжонов Муҳаммад.

- Қаерда танишгансан?

- Муҳаммад Солиҳнинг Истанбулдаги уйида.

- Бегжонов қаерда яшарди? Акаси Муҳаммад Солиҳнинг уйидами ёки бошқа ердами?

- Бошқа уйда яшарди.

- Қаерда? Акасининг уйидан узоқмиди?

- Мен унинг уйида бўлмаганман. Қаердалигини билмайман.

- Қаршингдаги одам билан тез-тез учрашиб турармидинглар?

- Ойда бир-икки марта учрашардик.

- Демак, бир-бирингни яхши танийсанлар, шундайми?

- Ҳа, яхши танишмиз.

Полковник чеккароқда ўтирган капитаннинг олдига бориб, нималарнидир шивирлаб гапиради.

Капитан ташқарига чиқиб кетади, полковник қайтиб жойига келиб ўтиради ва менга саволлар бера бошлайди:

- Хўш, Муҳаммад, бу одам ким? Танийсанми?

- Йўқ, танимайман.

- Демак, танимайсан, шундайми?

- Шундай. Танимайман.

- Акангникида кўрганмисан буни?

- Кўрган бўлишим мумкин, лекин эслолмаяпман.

- Сен акангникида яшармидинг?

- Йўқ, бошқа жойда яшардим. Лекин, Акамникига бориб турардим.

Полковник ёрдамчисини чақиради ва унга нималарнидир гапиради ва "тергов" хонани тарк этади.

Хонада Зайниддин, мен ва капитан қоламиз.

Капитан: "Сизлар бемалол гаплашиб олаверинглар, бошлиғимиз анчагача келмайди, обед қилишга кетди", дейди.

Мен:

- Нимани гаплашамиз? Мен бу кишини танимасам, бу киши мени танимаса.

- Муҳаммад ака, сиз мени тушунмадингиз, мен серьезно айтаяпман, бемалол ҳол-аҳвол сўрашинглар, демоқчиман.

- Капитан, мен сизни тушундим, айтаяпман-ку, мен бу кишини умуман танимайман, деб. Нимани гаплашишимиз мумкин?

Капитан Зайниддинга қараб: "Асқаров, сизда Муҳаммад акага айтадиган гапингиз йўқми?" деб сўрайди.

Зайниддин бошини кўтариб менга:

- Муҳаммад ака, ҳаммасини айтаверинг, яқин кунларда булар Муҳаммад Солиҳни ҳам, Тоҳир Йўлдошни ҳам, бошқаларни ҳам тутиб келишаркан. Булар зўр экан, умуман Ўзбекистон милицияси дунёда тенги йўқ кучли экан.

- Тушунмадим, буларга ниманинг ҳаммасини айтишим керак экан? Ўзбекистон милициясининг дунёда тенгги йўқлигиними? Бегуноҳ одамларни ёппасига қамаб ташлаётганиними? Беайб инсонларни қийноқлар остида "айбига иқрор" қилишлариними?

Асқаров гапиришга энди шайланаётганида, полковник кириб, Асқаровни турғазиб, даҳлизда турган навбатчи милиционерга "камерасига олиб бор," дейди ва менга компьютерда ёзиб тўлдирилган беш-олтита қоғозни қўлимга тутқазиб: "Ўқиб чиқиб, тагига "танишиб чиқдим, бу ерда ёзилган ҳамма нарса тўғри" деб ёзиб, қўл қўйиб бер, бўлди. Шу билан бўшсан, турмага қайтиб, дам олавер. Сени ҳеч ким безовта қилмайди, сўз бераман", дейди.

Қўлимга тутқазилган варақларни бир бошдан ўқиб чиқишга тушаман ва бундаги ёзувлар Зайниддин Асқаровнинг Муҳаммад Солиҳ, Тоҳир Йўлдошев ва бошқа мухолифат аъзоларига қарши берилган кўрсатмалари эканлигини билиб оламан. Ҳар бир қоғознинг тагида Зайнидиннинг имзоси қўйилган. Охирги варақ сўнгида "Тушунтириш хатини ўз қўлим ва сўзим билан тўғри ёздим" дан кейин Асқаровнинг исми-шарифи ёзилган ва имзоси қўйилган.

Полковник мендан танишиб чиққанлигимни ва бу ерда келтирилган "факт"ларнинг тўғри-нотўғри эканлиги сўрайди.

- Қандай фактлар? Бу ерда ҳеч қандай факт кўрмаяпман. Булар ҳаммаси қуруқ туҳматдан ва чўпчакдан бошқа нарса эмас, ўртоқ бошлиқ.

- Қўл қўйиб берасанми, йўқми? Ҳўв инсон, ўзингни ўйла, қамоқда ўтирган акангни ўйла, укангни ўйла! Буларни ўйлама, улар призидентимизга, халқимизга тажовуз қилишди, булар қонхўр террористлар, нега тушунмайсан!

- Илтимос, ўртоқ бошлиқ, менга ўргатманг ким террорист, ким яхшию ким ёмонлигини. Ўзим биламан ким қанақалигини.

- Демак, қўл қўймайсан, шундайми?

- Шундай. Қўл қўймайман.

- Бўлмаса, ўзингдан кўр. Кейин пушаймон бўлиб юрма! Ҳеч ким сенга ёрдам беролмайди. Бутун умринг қамоқда ўтади.

- Пушаймон бўлмайман, ўртоқ бошлиқ. Бировга туҳмат қилиб яшагандан кўра, ўлганим яхши деб биламан, ўртоқ бошлиқ...

Полковник ва капитан камерада ёлғиз ўзимни қолдириб, чиқиб кетишади...

1999 йил апрел ойида, Зайниддин билан юзлаштирувдан сўнг, мени яна Тоштурманинг 1-чи овули ертўласидаги 28-чи ҳужрага ташлашади...

"Деҳқон" Боқижон

Тоштурма ертўласининг 28-чи ҳужраси маҳкумлари ичида Фарғоналик деҳқон йигит Боқижон билан танишиш жараёни кулгили бўлган.

Май ойи охирларида ҳужрамизга узун бўйли, қадди-қомати келишган, сочига анча оқ оралаган, ўттиз етти, ўттиз саккиз ёшлар чамасидаги йигитни ташлашади. У кўрпа-тўшаги қўлтиғида, бир қўлида катта сумка ушлаган ҳолда, эшик олдида бир муддат туриб қолади ва ўта паст овозда, "Ассалому алайкум", дейди. Салом-аликдан сўнг, мен меҳмонга ҳеч ким кутмаган ғайритабиий саволлар билан мурожаат қиламан:

- Бу камерага нимага келдингиз? Ким сизни бу ерга юборди?,- дейман жиддий оҳангда.

Меҳмон ҳайрон, гўё тошга айланиб қотиб қолган. "Жиннихонага тушиб қолмадиммикан?," деган хаёлга боргани аниқ.

Меҳмонни бундай ноқулай аҳволга солиб қўйганимдан ўзим ҳам ҳижолат чекиб, "тўшагингизни анави бўш шконкага ташланг", дейман ва дастурхонга таклиф қиламан.

Меҳмон нарсаларини жойлаб бўлиб, даврамизга қўшилади.

- Менинг исмим Муҳаммад, Хоразмлик. Бу йигит Ҳаётуллоҳ, Наманганнинг Поп туманидан, тожик. Перевалда хусусий чойхона очган экан. Унинг чойхонасида Тоҳир Йўлдошнинг танишлари чой ичгани учун бу йигитни ҳам "ваҳобий" деб қамашибди. Бу киши ҳам Намангандан, исми Нуриддин. Бу йигит Тошкентнинг Самарқанд-дарвозасидан, исми Рустам. Ўзлари ким бўладилар?,- деб сўрайман.

- Исмим Боқижон... Солижонов. Фарғонанинг... Фарғонаданман.

- Боқижон, Боқижон... Солижонов - бу фамилиянгизми?

- Ҳа. Солижонов - фамилиям.

- Боқижон, сиз танишганингизда ҳамма вақт исмингиз ёнига фамилиянгизни қўшасизми ёки айрим ҳоллардами?- деб сўрайман.

Ҳужрадагилар кулиб юборадилар. Боқижоннинг ўзи ҳам кулади.

- Ака, узр, довдираб қолиб фамилияни ҳам қўшиворибман.

- Довдираманг-да, ука. Ёки ҳужрамизда сизни довдиратадиган бирор гап бўлдими?

Боқижон аста-секин ўзига келиб, ҳазилга ҳазил билан жавоб бера бошлайди.

- Ака, тўғрисини айтсам, камерага кирганимда берган саволларингизни эшитиб, кўриниши туппа-тузук одам экан-у, сал-пал оқилдан озибди бу киши, деб ўйладим. Ўзингизам жиддий оҳангда гапирдингиз-да,- дейди, Боқижон жилмайиб.

Боқижон Андижон турмасидан келганини, арзимас нарсага айбланиб қамалганини, худо хоҳласа, тез кунларда озодликка чиқиб, ўзининг меҳр қўйган иши - деҳқончилик билан шуғулланишини айтади. Биз, "Ниятингиз амалга ошсин, омийн" деб дуо қиламиз...

Ўз навбатида, ҳужрадагилар ҳам нима сабабдан қамалганларини гапириб берадилар. Шундай қилиб, Боқижон ҳам Тоштурма ертўласи ҳаётига кўника бошлайди ва кунлар ўтиб ҳужранинг энг қувноқ, энг ҳазилкаш маҳбусига айланади.

Орадан бир-қанча вақт ўтиб, Боқижонга 700 варақдан иборат айблов хулосаси келади. Бу бир қучоқ "айбловни" кўриб, ҳужрадагилар ичакларимиз қотиб куламиз. Боқижон: "Сизларга ҳам айблов қоғози келсин, ўшанда кўрамиз, ким кимнинг устидан кулишини" - дейди. Унинг жиноятига бағишланган бу "роман"даги "қаҳрамонлар"ни, яъни Боқижоннинг "жиноий шериклар"ини санаб чиқишнинг ўзи бир мушкул иш эди.

- Боқижон, ўзбек халқининг тенг ярми жиноий шеригингиз бўлса керагов?

- Ҳа ака, менам шундай деб ўйлайман. Аслида, бу режим учун ўзбекларнинг 90 фойизи жиноятчи ва қуллардир. Қолган ўн фойиз ўзбеклар режим маддоҳлари.

- Боқижон, сиёсатдан озгина хабардорсиз, шекилли. Қаерда ўқигансиз?

- 1990 йилда НарХОЗни тугатганман, ака. Ўзингиз-чи? Қаерда ўқигансиз?

- Мен ҳам Тошкентда, рус тили ва адабиёти институтида 1975-80 йилларда ўқиганман...

Боқижоннинг "айблов хулосаси"ни варақлар эканман, кўзим Акамнинг исми-шарифига тушади.

- Э-ҳе, Боқижон! Муҳаммад Солиҳ ҳам жиноий шеригингиз экан-ку! У кишини танийсизми!?

Боқижон бу саволдан сергак тортади, хавотирга тушади, қандай жавоб беришни билмайди, дудуқланади.

- У кишини... у киши билан таниш эмасман, лекин кўп эшитганман. Президентликка сайлов пайтида телевизорда кўрганман.

- Умуман қўл бериб кўришмаганмисиз?

- Йўқ. Кўрмаганман... кўришмаганман...

- Боқижон, қўрқманг ука, ҳеч кимга айтмайман, чин сўзим. Ҳеч кўрмаганмисиз Муҳаммад Солиҳни? Ваъда бераман, ҳеч кимга айтмайман.

- Ака, сизга айтдим-ку, кўрмаганман деб!... Намунча сўроққа тутасиз...

"Деҳқон" Боқижоннинг хавотирини илғаган Ҳаётуллоҳ ниҳоят "ёрилади" ва Боқижонга:

- Боқи ака, бу камерадаги ҳаммамиз у ёки бу маънода Муҳаммад Солиҳнинг "жиноий шериклар"имиз. Муҳаммад акамиз эса, у кишининг туғишган укаси бўлади. Шундай экан, бизга шубҳа билан қарашингизга ҳожат йўқ,- дейди.

Ҳаётуллоҳнинг бу гапидан сўнг Боқижоннинг юзи чўғдай қизаради, хижолат чекади. Нима қилишини билмай, довдираб қолади. Мен уни бу қийин вазиятдан қутқариш учун гап бошлайман:

- Боқижон, сиз бизга тўлиқ ишонч билдирмай жуда тўғри иш қилгансиз. Шу ҳужрадаги ҳаммамиз бир-биримиз ҳақимизда яхши маълумотга эга бўлмай туриб, ноўрин гапларни гапирмаганмиз. Тўғриси, мен ҳатто қамалмасимдан бурун ҳам келганга ишонавермас эдим. Қамоқда-ку, айтмаса ҳам бўлади, ҳатто ўзимга ҳам ишонмай қолган лаҳзалар бўлган. Шунинг учун ҳам сизга ким эканлигимни тўлиқ ошкор қилмагандим...

Менинг бу гапларимдан кейин Боқижоннинг юзи ёришади, таранг кайфияти ечилади, кўзларида самимият акс этади ва хотиржамлик билан гап бошлайди:

- Ҳайрият-э, ака, гарданимдан тоғ қулагандай бўлди, уф-ф!...

- Қани энди айтингчи Боқижон, нима учун қамалгансиз ўзи?

- Муҳаммад ака, гапнинг очиғи шундаки, мен аҳмоқ кимларгадир "Муҳаммад Солиҳнинг тутган йўли тўғри эди, мана бу каззоб президент бўлиб қолди" деб афсуслангандим. Битта шу гапим уларнинг қулоғига етиб борибди.

- Тоҳир, Жумаларни танимасмидингиз? Фақат шу гапингиз учун қамашганини қаердан биласиз, балки бошқа сабаблар ҳам бордир?

- Э-ҳе, Муҳаммад ака, сиз буларни билмайсиз. Булар бор-ку, булар звания (унвон) учун, пул учун онасини сотадиган тоифадан-ку!

Шундай экан, биз булар учун киммиз? Ҳеч киммиз! Буларга "бор шапкасини олиб кел" деса, шапкаси билан бирга бошини узиб келишади.

- Боқижон, фақат тўғрисини айтинг, қўлингизга ҳеч қурол ушлаган-мисиз?

- Қайси маънода? Агар армиядагини назарда тутаётган бўлсангиз, албатта ушлаганман.

- Йўқ, йўқ. Мен "айблов хулосаси"да сизга қўйилган айбларни назарда тутаяпман.

- Қасам ичишим мумкин, қурол-яроғ деган нарсани кўрмаганман. "Хулоса"да келтирилганларнинг биронтасини ҳам танимадим. Фақат акангизни, Тоҳирни ва Жумани оғзаки танийман, ишонаверинг. Менимча, кимдир Муҳаммад Солиҳ акани тилга олганимни ментларга етказган бўлишса керак, деб гумон қиламан. Чунки, сўроқ пайтида асосан акангиз тўғрисида сўрадилар.

- Боқижон, сизни сўроқ қилишганида роса қийнашган бўлса керак?

- Э-э, ака, гапирманг. Андижон турмаси ҳам... Шундай қийнашди-ки, умуман танимайдиган одамларни "акам", "укам", "оғайним", деворганимни билмай қолдим. Айниқса, Муҳаммад Солиҳ акага ноҳақ туҳматлар ёғдиришимга мажбур қилдилар. Оёқларимни қаранг, менимча дубинканинг излари бир умрга қолади шекилли. Буйракларим ишламай қолди, ака. Жигарим коптокдек шишиб кетганди, ҳозир бу қайтгани (жигарини кўрсатади), мана қаранг... Оқсаб юришингизга қараганда, сизни биздан кўра ўн карра ортиқ қийнашгандир?

- Йўқ, эл қатори. Йиқилиб тушганман, лекин менинг қўлим эмас, оёғим синган. Йиқилганимда мен ҳам машҳур кинокомедиядагидек, "чёрт побери" десам, дуру-тиллолар ўрнига резина тўқмоқлар билан "гипслаб" ташлашган.

Ҳужрадагилар қотиб кулишади. Боқижон:

- Муҳаммад ака, беҳазил, МВД (ИИВ) подвали даҳшат эканлигини ҳаммамиз эшитганмиз. У ердаги ментлар қутурган итлардан ҳам беш-баттар дейишади, шу тўғрими?

- Вазирлик ертўласидаги ментларлардан ҳам ваҳшийроқлари бор. Булар ўша саксонинчи йилларда Афғонистонда бўлиб қайтган "спецназ"чилар. Улар норкотик модда истеъмол қилиб оладилар-да, ишга киришадилар. Бу бултерьерлар нокотикни қабул қилишганидан сўнг раҳм-шафқат деган нарсани билишмайди. Улардан ташқари, етимхонада ўсган етимчалар - Каримовнинг "фарзандлари"- ҳам қийноқларда иштирок этишади. Улар худди "ота"сига менгзайдилар, раҳм-шафқат қилмаслик учун уларга норкотик моддалар қабул қилиши шарт эмас. Улар "ишга киришга-нида" ментлар-у терговчилар даҳлизга чиқиб кетишади. Гумонланувчи ўлиб қолса гувоҳлик беришдан қўрқишса керак...

- Демак, рост экан-да шу гаплар?

- Қайси гаплар?

- Каримов ўзининг тан соқчиларини етимхоналарда улғайиб-ўсганлар ичидан танлаганлиги?

- Билмадим, балки ростдир. Лекин ИИВ ертўласидаги барзангилар Каримовнинг кучуклари эканлигини айтишган. Шу кучуклардан бири Хоразмдан эди. Уларни ҳеч ким исмлари билан чақирмас эди, шунингдек, ўзлари ҳам чурқ этмасди.

- Гапирмаган бўлишса, Хоразмдан эканлигини қаердан билгансиз?

- Ўша ертўлада ишлайдиган бир акахон, яхши одам айтган. Оддий милиционер. Ертўладагилардан фақат шу кишининг менга раҳми келиб йиғлаганини кўрганман. Фақат шу киши менга тасалли берар, бу қийноқлардан тезроқ қутилишимни тилаб дуо қиларди. Худо хоҳласа, эсон-омон бу дардлардан қутилиб чиқиб кетсангиз, уйимга меҳмонга борасиз, деб уй манзилини ҳам берган. Шунақа, Боқижон, милицияда ҳам яхши одамлар бор.

- Муҳаммад ака, гапингиз тўғри, милицияда ҳам яхшилари йўқ эмас, бор, лекин улар жудаям кам, айтиш мумкинки, анқонинг уруғи. Аслида эса, буларнинг 99 фойизи ҳали айтганимдай, пул деса онасини ҳам сотадилар. "Мол эгасига ўхшамаса, харом ўлади" деган нақл буларга тегишли, аслида. Буларнинг эгаси Каримов. Ўзингиз мендан яхшироқ биласиз унинг қандайлигини...

Бир куни "сайр" пайтида Боқижон олдимга келди ва мени чеккага тортиб, секин овозда:

- Муҳаммад ака, ҳали талабалик давримдаёқ Солиҳ акага меҳрим баланд эди. Дўстларимга унинг шеърларини ёддан ўқиб берардим. Аслида, нафақат мен, балки барча талабалар учун акангиз идеал эди. Тақдирни қарангки, қийноқларга бардош беролмадим ва энг азиз ҳисоблаганим инсонга туҳмат қилишга мажбур бўлдим. Ҳозир афсусланаяпман. Азобларга, оғриққа охиригача чидолмадим. Бегуноҳ одамга, соф инсонга туҳмат қилганим учун ҳозир ўзимдан жирканиб кетаяпман, ака...

Боқижоннинг кўзлари ёшланади, хўрлиги келганидан бошқа гапиролмайди. Мен унинг ҳолатини тушунаман ва қандай тасалли беришни билмай; "Қолган гапларни камерада гаплашамиз, ҳозир "сайр" ҳам тугаса керак"- дейман...

Ҳужрага қайтамиз. Бир соатдан сўнг яна ўша бемаза тушлик- тузсиз карам шўрва, ювилмай қайнатилган перловка, "елим" нон (крокодил). Яхшиямки, камерада "машка" бор. Йигитлар шу "машка"да баландани қайта пишириб, ҳақиқий овқатга айлантиришади, нонни қайта ёпишади. Энг асосийси, ёз келиб шўр карам тугагани.

Тушликдан сўнг Боқижон менинг шконкамга келиб ёнимга ўтиради ва "сайр" пайтида узилган суҳбатини давом эттиради:

- Ака, омон-эсон бу жаҳаннамдан қутилиб Муҳаммад Солиҳ ака билан учрашиш бахтига муяссар бўлсангиз, ноҳақ туҳматим учун мени кечиришини сўранг. Билмадим, бу ёғи нима билан тугайди. Қамоқдан чиқсам, қандай бош кўтариб юра оламан? Одамларнинг юзига қандай қарайман? Ўлиб кетганим яхши эди бундай яшагандан кўра, ҳа ака, ўлганим яхши эди.

- Боқижон, қўйинг ундай деманг. Худо хоҳласа, қамоқдан соғ-саломат қутилиб чиқсангиз, ҳаммаси унут бўлади, демоқчиманки, Оллоҳ таолодан гуноҳларимизни кечиришини сўрайлик. Шунинг учун аввало, қамоқдан соғ-саломат қутулишимизни сўраб дуо қилайлик. Иншооллоҳ, у ёғи бир гап бўлар. Сўз бераман, агар бу жаҳаннамдан қутулсак, Акамга ўзим сиз ҳақингизда гапириб бераман ва сизни кечиришини илтимос қиламан. Аниқ биламанки, Акам сизни тушунади ва кечиришига аминман.

- Раҳмат, Муҳаммад ака.

- Рахматни менга эмас, Муҳаммад Солиҳга айтасиз, худо хоҳласа.

Бу бизнинг, янглишмасам, охирги жиддий суҳбатларимиздан бири эди.

Боқижон билан суҳбат қилишни ёқтирардим. У ҳар томонлама -ҳам дунёвий ҳам диний илмга эга, кенг дунёқарашли йигит. Афсуски, у билан бўлиб ўтган суҳбатларимизнинг эсимда қолганларинигина қоғозга туширдим.

Август ойи бошида бизнинг гуруҳни маҳкамага тортишади ва биз шу кетгандан ой охирида Тоштурмага қайтиб келамиз. Мен 28-чи ҳужрага келганимда, Боқижонни олиб кетишган экан. Ҳужрадаги-ларнинг айтишларига қараганда, унга отув ҳукми тайинланибди. Қаерга олиб кетишганини ҳужрадагилар билмаган.

18 йил ичида Ўзбекистондаги қамоқхоналарнинг деярли ярмида жазо муддатини ўтадим, лекин ҳеч бир зонада "1999 йил феврал воқеаларида иштирок этганлар", яъни "террористлар"ни учратмадим, нафақат учратмадим, ҳатто улар тўғрисида бир оғиз сўз эшитмадим.

Маҳкама

"Уюшган жиноий гуруҳ"

1999 йил. Июл

Мени Тоштурманинг тергов бўлимига чақиришади ва шу ердаги маҳбусларни вақтинчалик кутиб туришлари учун мўлжалланган камералардан бирига киритишади.

Бир соатлар вақт ўтиб, камерага ички ишлар вазирлиги катта терговчиси капитан Илҳом Турғунов укам Рашид Бекжонни келтиради. Рашид билан дийдорлашиб олганимиздан сўнг, мен Илҳомдан:

- Нега шу пайтгача укам билан учраштирмадинглар?,-деб сўрайман.

- Муҳаммад ака, тўғри тушунинг, қандай қилиб учраштираман? Менда сизларни учраштиришга ҳуқуқ берилмаган-ку, ахир. Мана, бугун "дело"ни келтирдим, ҳаммангиз (гуруҳдаги олти кишини назарда тутади) бир хонада ўтириб танишиб чиқасизлар. "Дело" олти томдан иборат, ўзаро гаплашиб, маслаҳатлашиб ўтирасизлар. Сизларга ҳеч ким халақит бермайди.

- Илҳом, айтчи, умрингда ҳеч бировга яхшилик қилганмисан? Ҳозир сен ҳеч қандай гуноҳимиз йўқлигини била туриб, шундай оғир айбни бизнинг гарданимизга юклаяпсан. Худодан қўрқмайсанми?

- Муҳаммад ака, гуноҳингиз йўқлигини биламан, тан оламан, лекин юқорининг буйруғи шу. Мен қўлимдан келган яхшиликни қилдим, бошқасига иложим йўқ.

- Э-ҳа! Яхшилик қилдим де? Нима яхшилик экан у? Билмай қолганимиз чатоқ бўлибди ўша яхшилигингни. Қани, эшитайлик ўша яхшилик ҳақда!

- Мана, Рашид ака айтсин...

- Илҳом, мен сендан қилган яхшилигингни айтиб бер, деяпман.

- Қилган яхшилигим - "дело"дан терроризмни (ЖКнинг 155-моддасини назарда тутади) олиб ташладим. Қолган статьялар ерунда. Худо хоҳласа, олти ойга қолмай чиқиб кетасизлар, Муҳаммад ака!

- Шуми бизга қилган яхшилигинг? Ўзинг биласанми нималар деяётганингни? Нима, бизга юкланган бошқа айбларга иқрорлик билдиришимиз керак экан-да, шундайми?!

- Муҳаммад ака, айтдим-ку, юқорининг буйруғи билан сизларга шу айбларни қўйишга мажбурмиз, деб.

- Ким ўша юқоринг? Каримовми?

Менинг сўнгги саволимга терговчи Илҳом бош ирғайди. Мен терговчига:

- Ҳе, ўша Каримовинг...

- Муҳаммад ака, мени ҳам сўкинг, майли мен розиман...

- Сен ҳам ...

Бу пайт камерага кириб келган хабарчи сабаб, "суҳбат"имиз узила-ди. Хабарчи ҳужжатлар хонага келтирилганини айтади. Бизни "дело" билан таништиришга олиб чиқиб кетишади.

Август ойи бошида мени яна ИИВ ертўласига олиб келишади. Эртасига тонгда гуруҳимизни зековозга чиқариб, Янгийўл шаҳри милиция бўлимига олиб боришади ва камераларга тарқатишади. Бу камераларда бор-йўғи бир соатча вақт бўлганимиздан сўнг гуруҳимизни Янгийўл туман суди биносига олиб боришади ва тўғридан-тўғри суд залига олиб чиқишади. Суд залига кўчада кутиб турган одамлар ҳам кириб келишади. Бу одамлар ичида Михаил Арзиновдан[12] бошқаси бизга нотаниш эди.

Залга суд ҳайъти кириб келади. Ҳали суд раиси ўз жойига ўтириб улгурмасдан, М.Арзинов суд раисини саволлар билан кўмиб ташлайди: "Жаноб раис! Сизга бир-нечта саволим бор эди, рухсатингиз билан уларни ўқиб эшиттирсам: Нима сабабдан айбланувчиларнинг қариндош-уруғлари бугунги суд мажлиси тўғрисида хабардор қилинмаган? Нима сабабдан бу суд мажлиси яширин ва фавқулодда тарзда ўтказилмоқда? Ёки бу ёпиқ судми? Бир қизиқиб кўринг-чи, жаноб раис, айбланувчилар нимада айбланаётганларини билишадими, йўқми?".

Суд раиси ўрнидан туриб: "Нима гап? Ҳалигача сизларга айблов хулосаси берилмадими?",- дея сўрайди.

Ҳаммамиз суд мажлиси бугунга белгиланганлигини ҳозир эшитаётганимизни айтамиз.

Раис гўё худди шу жавобни кутиб тургандек, "бунақаси кетмас"лигини айтиб суд куни номаълум муддатга кечиктирилишини маълум қилади ва бизни яна орқага, ИИВга олиб кетишади. ИИВда бизни яна 14 кун давомида ушлаб ўтиришади.

17 август куни эрта тонгда гуруҳимизни камералардан чиқаришади, бироқ нима учун чиқаришаётганини айтишмайди. Бу сафар ҳам биз суд бўлиши ҳақида конвойларнинг ўзаро гапларидан билиб оламиз.

1999 йил. 17 август.

Бу куни Чилонзорда жойлашган Тошкент вилоят суди биносида бизнинг гуруҳимиз судлови куни. Конвойларнинг каттаси бизни ИИВ ертўласида бирма-бир тинтув қилади. Тинтувдан ўтказиб ИИВ ҳовлисида кутиб турган зековозга чиқаришади. Ҳаммамиз зековозга жойлашганимиздан сўнг, машина ўрнидан қўзғолади ва ИИВ ҳовлисидан ташқарига чиққанида, "саф"га яна бир-нечта машина қўшилади.

Орқа ва олдиндаги машиналар сиреналарини ёқади.

Ҳар икки-уч дақиқада бизни қўриқлаб кетаётган конвойларнинг каттаси рация орқали "фалон жойдамиз, ҳаммаси жойида", "фалон бурилишдан ўтдик, ҳаммаси яхши" деб хабар бериб боради.

Машиналар суд биноси ҳовлисига кириб, бизни пастга туширишганида, бизни кузатиб яна икки машина солдат ва битта БТР кузатиб келгани маълум бўлади.

Ҳовлида солдат ва милиция ходимларидан ташқари, бир тўда фуқаро кийимидагиларни ҳам кўрамиз.

Ҳарбийлар бизнинг кишанланган қўлларимизни орқага қайиришиб, бўйинларимизни пастга босишиб иккинчи қаватдаги суд залига олиб киришади ва "обезянка"га киришда қўларимиздаги кишанларни ечишади.

Суд мажлиси залига саноқли одамлар киритилгани гувоҳи бўламиз. Залнинг ярмини бизни қўриқлаётган ҳарбийлар эгаллаб олган, қолган жойлар деярли бўш эди. ,

Қариндошларимиздан биттадан одам киритганини кўриб, биз адвокатимиз Ҳамид Зайниддиновга бошқа қариндош-уруғларимизни ҳам суд мажлисига киритишини талаб қилишини сўраймиз ва агарда суд раиси бу талабимизни бажаришдан бош тортса, биз ўз норозилигимизни билдиришимизни айтамиз.

Ҳамид ака суд раисига бизнинг талабимиз тўғрисида мурожаат этади, бироқ суд раиси бу талабимизни инкор этади.

Шунда адвокат Ҳамид Зайниддинов суд раисига суд мажлиси очиқ деб эълон қилинганлигини эслатади, бироқ раис ўз билганидан қолмай, шу ердагилардан бошқа ҳеч киритилмаслигини айтади.

Биз Ҳамид акадан қалам-қоғоз беришини илтимос қиламиз ва ундан бу нарсаларни олиб Америка, Англия, Олмония ва Франсия раҳбарлари номига Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари поймол этилаётганлиги ва бу ердаги ноҳақсизликларга, диктаторлик режимига муносабат билдиришларини сўраб мурожаат қиламиз ва бу ҳужжат тагига ҳаммамиз имзо қўйиб, Ҳамид акага топширамиз.

Адвокатимиздан бу мурожаат матнини ташқарида турган журналистларга ўқиб эшиттиришини илтимос қиламиз.

Суд мажлисининг биринчи кунининг биринчи ярми шундай тортишувларга бой тарзда ўтади.

Гуруҳимизнинг жипслиги ва қатъияти аввалида оёқ тираб туриб олган суд раисини қариндош-уруғларимизнинг қолганларини ҳам суд залига киритишга мажбур қилади, пастдан то иккинчи қаватдаги суд залигача бизнинг қўлларимизни орқага қайириб, бошимизни ерга букилган ҳолда "югур-югур" қилиб келтирган ҳарбийларнинг ҳам бизга нисбатан муомаласини ўзгартиради, яъни улар ҳам бизга хайрихоҳлик билдира бошлайдилар.

Танаффус пайтида бизни биринчи қаватдаги камераларга тарқатишади.

Мен тушган камерада Тошкентлик икки йигит ўтиради. Улар «ҳизбут таҳрир»дан эканликлари, суди иккинчи қаватдаги заллардан бирида ўтаётганини айтишади.

Ўз навбатида мендан ҳам қайси оқимга мансублигимни сўрашади. Мен уларга ЭРК партиясидан эканлигимни айтаман.

Шунда йигитларнинг бўйи узуни:

- Ҳа, биламан сизларнинг партияни. Сизларнинг катталаринг анави демократ Муҳаммад Солиҳ-ку. Между прочим, яқинда у Россиянинг ТВ-6 каналидан чиқиб Елцинга ялворганини кўрдим.

- Йўғ-е, - дейман мен. - Нима деб ёлворибди?

- "Ўзбекистонга раҳбарликни менга олиб беринг, кейин сиз нима десангиз шу бўлади", деди.

- Қачон айтган экан ундай деб, анча бўлдими?

- Мана, яқинда. Ҳали икки ҳафта ҳам бўлгани йўқ.

- Ўз қулоғинг билан эшитдинг, ўз кўзинг билан кўрдинг-а шундай деб гапирганини?

- Албатта-да! Нима, бировнинг кўзи билан, бировнинг қулоғи билан эшитишим керакмиди?

- Сенинг исминг ким, йигитча?

- Йигитчамас. Заҳарханда қилмай гапиринг.

- Майли, заҳарханда қилмайман, исминг ким эди?

- Меники Ботир, братишканики Шуҳрат,- дейди у бўйи калтароқ йигитга ишора қилиб.

- Хўш, Ботирвой, қачон қамалгансан? Анча бўлгандир?

Ҳисоблаб чиқиб, "икки ой-у 19 кун"- дейди у.

-Қаерда, Тоштурмада бўлдингларми? - деб сўрайман Ботирдан.

Шуҳрат гапга аралашиб: "Йўқ, бизни "управада" сақлашди", дейди.

- Управада телевизор кўришга рухсат бордир? Мен Тоштурмада тўрт ойдан ошиқ ўтирдим, лекин телевизори бор камера ҳақида эшитмадим.

Шуҳрат:

- Управада телевизор тугул радио эшитиш катта проблема, ака. Управада фақат дубинкани кўрганмиз!

- Қани энди айт-чи, Ботирвой! Сен ҳали Муҳаммад Солиҳни ТВ-6 каналида Елцинга ёлворганини бундан икки ҳафта олдин ўз кўзинг билан кўрганингни айтдинг, шундайми? Сенинг ҳизбут таҳрирингдагиларни ҳаммаси сенга ўхшаган бўҳтончими ёки уларнинг ичида битта сенми шундай?

Ботир сурбетларча, отдан тушса ҳам эгардан тушмай:

- Тўғриси, ўзиб кўрмаганман, биродарлардан эшитганман. Бизникилар ёлғонни гапирмайди, ҳақни гапиради, уларга ишонаман, шунинг учун ҳам смело ўзим кўргандай гапираяпман! Сизлар ҳокимият тепасига келсанглар, сизларга ҳам қарши бўламиз, сизларни ҳам ағдарамиз!

- Ў-ҳў, зўрсан-ку! Кимни ҳокимиятдан ағдаришга улгурдинг, Каримовними? Каримовни ағдарган бўлсанг, сени ким қамади?

- Ака илтимос, бу кишига эътибор берманг, характери шунақа. Бўлмағур гапларни гапиради-ю бошқалар унинг учун жавоб беришга мажбур,- дейди Шуҳрат.

Энди баҳс Шуҳрат ва Ботир ўртасида бошланади. Ботир:

- Шух, нима деяпсан ўзи? Қайси бўлмағур гапни гапирибман мен?

- Биринчидан, сен ёлғон гапирдинг, ёлғонинг ошкор бўлганидан сўнг ўзингни асраш учун айбингни бошқаларга, шу жумладан менга ҳам ағдараяпсан. Сенга неча бор айтилди, ташла шу фантазёрлигингни деб. Сен яна ўз билганингдан қолмаяпсан. Қара лекин, охири чатоқ бўлади шу кетишингда!

- Нима деб ёлғон гапирибман мен, Шух?

- Сен шу қилиғинг билан ҳамма ҳизбчиларни шарманда қилаяпсан, Ботир. Ўзинг кўрмаган, ишонмаган нарса тўғрисида валдирашни бас қил! Ҳали суддаям "а" йўқ, "б" йўқ, права качат қиляпсан. Қисиб ўтирмайсанми сенга сўз бергунича!

- Эй Шух! Тилим бор деб тилингга эрк бераверма, ёмон бўлади!

- Вот-вот! Тилим бор деб ҳар балони валдирайвермаслик керак. Жуда тўғри айтдинг, ёмон бўлади. Қис, короче, тушундингми!

Ботир иштонини ҳўллаб қўйган бола мисол жимиб қолади. Ёнида ўтирган Шуҳрат ўрнидан туриб менинг ёнимга ўтиради ва:

- Ака, айбга йўйманг энди. Бунга ўзимиз тушунтириб қўямиз. Беш-олти йил қамоқда ўтирса, ўзига келиб қолар. Узр ака...

Танаффусдан сўнг суд мажлисида айтишга арзигулик гап бўлмайди, яъни гуруҳимиз аъзоларига ИИВ терговчиси томонидан қўйилган айблов хулосаси суд раиси томонидан ўқиб эшиттирилади ва шу билан кейинги мажлис куни эълон қилиниб, суд мажлиси ёпиқ деб эълон қилинади. Бизни яна ИИВ ертўласига олиб келишади.

Суднинг иккинчи кунида ҳаммамиз бизга юкланган айбларни тан олмаймиз, ИИВ ертўласидаги қийноқлар тўғрисида гапирамиз, мажлисга бизни тергов қилган ИИВ катта терговчиси капитан Илҳом Турғуновни гувоҳ сифатида чақиртириб оламиз. Бизнинг бу ҳаракатларимиз суд ҳайъатига мутлақо таъсир қилмайди ва Тошкент вилоят суди раиси танаффусдан сўнг ҳукмни ўқиб эшиттиради. Ҳукмга кўра судланувчилар:

Шарипов Неъмат. Самарқанд вилояти, Оқдарё туманида туғилган. Ҳеч қайси партия ёки ҳаракат аъзоси бўлмаган. Қамалгунига қадар Украинанинг Киев шаҳри, Троешина бозорида савдо-сотиқ билан шуғулланган. Киев шаҳрида қўлга олинган.

Тошкент вилоят суди томонидан қўйилган айблов: "Таъқиқланган "Эрк" газетасини Ўзбекистон ҳудудида тарқатганлиги; Уюшган жиноий гуруҳга аъзолиги; Ўзбекистон Республикаси Конституциявий тузумини куч ишлатиш йўли билан ағдармоқчи бўлган"лиги учун 8 йилга озодликдан маҳрум этилади.

Диёров Қобул. Самарқанд вилояти, Оқдарё туманида туғилган. "Бирлик" халқ ҳаракати фаоли. Қамалгунига қадар Украинанинг Киев шаҳрида тижорат билан шуғулланган. Киев шаҳрида қўлга олинган. Тошкент вилоят суди томонидан қўйилган айблов: "Таъқиқланган "Эрк" газетасини Ўзбекистон Республикаси ҳудудида тарқатганлиги; Уюшган жиноий гуруҳга аъзолиги; Ўзбекистон Республикаси Конституциявий тузумини куч ишлатиш йўли билан ағдармоқчи бўлганлиги" учун 10 йилга озодликдан маҳрум этилади.

Бегжонов Рашид. Хоразм вилояти, Янгибозор туманида туғилган. ЭРК партияси фаоли. Тошкентга кўзини даволатишга борганида қўлга олинган. Тошкент вилоят суди томонидан қўйилган айблов: "Таъқиқланган ЭРК партиясига аъзо бўлганлиги; Чорвоқ ГРЭС ини портлатишни мўлжал қилганлиги; Уюшган жиноий гуруҳга аъзолиги; Ўзбекистон Республикаси Конституциявий тузумини куч ишлатиш йўли билан ағдармоқчи бўлганлиги" учун 12 йилга озодликдан маҳрум этилади.

Маҳмудов Мамадали (Эврил Турон). Таниқли ёзувчи. Жиззах вилояти, Зомин туманида туғилган. Маданият фонди раиси лавозимида ишлаган. Ёзувчилар Уюшмаси аъзоси. Қамалгунига қадар Тошкент шаҳрида яшаган, Тошкентда қамоққа олинган.

Тошкент вилоят суди томонидан қўйилган айблов: "Ўзбекистон Республикаси президенти И.Каримов жонига суиқасд уюштиришни режалаштирганлиги; Таъқиқланган ЭРК партиясини қўллаб-қувватлаганлиги" учун 14 йилга озодликдан маҳрум этилади.

Рўзимуродов Юсуф. Журналист. Қашқадарё вилояти, Қарши шаҳрида туғилган. ЭРК партияси аъзоси. Қамалгунига қадар Украинанинг Киев шаҳрида тижорат билан шуғулланган. Киев шаҳрида қўлга олинган.

Тошкент вилоят суди томонидан қўйилган айблов: "Таъқиқланган ЭРК партиясига аъзолиги; Ўзбекистон Республикаси Конституциявий тузумини куч ишлатиш йўли билан ағдармоқчи бўлганлиги; Президент Каримовни ОАВ ларда ҳақорат қилганлиги; Уюшган жиноий гуруҳга аъзолиги" учун 15 йилга озодликдан маҳрум этилади.

Менга қўйилган айб ҳам гуруҳимиздагилар билан деярли бир хил. Тайинланган жазо муддати - 15 йил.

Этап. Қизилтепа зонаси

Суддан кейин Тоштурмада яна уч ой ёзган шикоятларимизга жавоб кутишимизга тўғри келади ва 1999 йил 9-декабрда мени Қизилтепага этап[13] қилишади. 15 кунлик карантиндан сўнг зонага чиқдик.

Тоштурмада ўтирганимизда "зонага чиқсангизлар, у ерда шароитлар яхши, ишга чиқасизлар, тоза ҳаво, кунлар ўтганини билмай қоласизлар" дейишарди. Зонага келиб бу гаплар қуруқ сафсата эканлигига амин бўлдик. Қизилтепадаги зонада олтмиш кишига мўлжалланган баракда юздан ортиқ киши яшар экан.

Тунда, отбойдан сўнг баракда юрадиган жой бўлмайди, чунки жой етишмаслиги сабаб, ўтиш жойлари ҳам маҳбуслар томонидан ишғол этилади. Ярим тунда ҳожатга чиқиш зарурати туғилса, полда ётганлар устидан ҳатлаб ўтишингга тўғри келади.

Худо кўрсатмасин, беҳосдан оёғинг ётган одамнинг юзига тегиб кетиб уйғонса борми, ур-тўполон бошланиши тайин. Қизилтепада бор-йўғи тўрт ой бўлиб, тўрт марта шундай тўполоннинг гувоҳи бўлганман.

Қизилтепа зонасининг яна бир аҳамиятга молик жойи шунда эдики, бу ерда битламаган одамни топиш амримаҳол эди. Ишониш қийин, лекин барак деворларида ҳам битлар ўрмалаб юрганини ўз кўзим билан кўрганман.

Бу зонанинг ишлаб чиқариш ҳудудидаги шароитни ҳам яхши деб бўлмайди. Ғишт ишлаб чиқариш заводи уч сменада, бетиним равишда ишлайди. Ҳар бир смена 10.000 дона ғишт ишлаб чиқаради.

Зонанинг яшаш ҳудудида ҳам, ишлаб чиқариш ҳудудида ҳам овқат сифати ўта паст, истеъмолга яроқсиз.

Овқатга туз, ёғ солинмайди. Ошхонада ишлайдиганлар ёғни баракма-барак юриб пуллайдилар. Пули борларга гуруч, картошка, гўштни ҳам пуллашади.

Пулсизлар ошхонада тайёрланган баланда билан кун кечиришга мажбур.

Бу зонадаги энг афзаллик томони шунда эдики, яқинларинг учрашувга келгани нима олиб келса, қанча олиб келишса ҳам ўзинг билан олиб киришга рухсат бор эди. Шунинг учун ҳам бу зона "зелёный" дейиларди.

***

Мурод ака (Мурод Жўраев) билан карантиндан чиққан кунимнинг эртасига учрашганмиз. У ўша пайтда ғишт заводида вагонларга ғишт ортиш бригадасига жавобгар эди. Ғишт заводнинг бир бурчагида ўзига эни бир ярим, узунлиги уч метр келадиган капа қилиб олган эди. Ёнида укаси Шавкат ҳам шу бригадада машиналарга ғишт ортувчи бўлиб ишларди.

Заводда ишлаганимда, тушлик пайтида мени капасига чақириб меҳмон қилиб турарди. Гап сиёсат тўғрисида кетганда, ўзимиз йўл қўйган хатоларни ҳам айтарди. Кимнинг олдида туришидан қатъий назар, Каримов тўғрисида ўзининг салбий фикрини очиқ-ойдин билдирар эди.

Бир куни капага чақириб, "Аҳмаджон Одилов сиз билан кўришмоқчи, ҳозир у санчастда, менга эрта ё индин олиб кел деганди. Шунга қандай қарайсиз? Агар рози бўлсангиз, мен бугун кечқурун унинг олдига бориб айтаман", дейди.

Мен розилик билдираман.

Эртасига кечқурун Мурод ака билан санчастга борамиз. Санчастга кирганимизда, менга "Кутиб туринг, мен ҳозир" деб қаергадир бориб келади ва "кетдик" дейди.

Қайсидир палатанинг эшигини қоқади. Ичкаридан "киринг" деган овоз эшитилади. Биз кирамиз. Аҳмаджон Одилов келиб мен билан қучоқлашиб кўришади, "ҳалиям бақувватман" дегандек белимни қучиб кўтариб кўради ва оғирлигим бўйимга мос келмаслигини айтиб, "кўчада неча кило эдингиз?" деб сўрайди.

Мен "тўқсон, тўқсон бир кило" деб жавоб бераман. Одилов Мурод акага:

- Муроджон, мана 500 сўм, ушланг. Эртагаёқ ўзингиз ошхонага бориб Муҳаммаджонни диетага ёздирасиз. Шунча гавда билан эллик кило чиқмайди-ку! Ноинсофлар, ярамаслар!...

Мен Одиловга:

- Аҳмаджон ака, пулингизни олинг, менга диетик овқат шарт эмас. Зонанинг ошхонасига фақат нонимни олиб келиш учун бораман. Овқатни баракдаги газўчоқда ўзимиз пиширяпмиз. Яқиндагина уйдагилар келишди, пул ҳам, егулик ҳам етарли,- дейман.

- Ундай бўлса пулни ўзингиз олинг, гўшт, у-бу сотиб оласиз,- деб Мурод акага бермоқчи бўлган 500 сўмини менинг қўлимга тутқазади.

Мурод ака ҳам "Олинг, олинг Муҳаммад, қўлини қайтарманг" дейди...

Мурод ака ва Одилов ўзаро суҳбат билан машғул бўладилар, мен палатани кўздан кечираман. Катта палатада иккита каравот, уларнинг тагида саккиз-тўққизта катта-катта сумкалар. Бурчакда катта музлатгич, устида бир пачка пул...

"Жаслиқ концентрацион лагери"

"Ассалому алайкум, дорнинг оғочи!"

Рауф Парфи.

22.04.2000 йил. УЯ 64/48. Қизилтепа.

22 апрел куни эрталаб соат олтида зонада уйқудан туриш эълон қилинади. Кийиниб улгурмасимдан олдимга ҳарбий сержант келиб, "Сиз Бегжоновмисиз?" деб сўрайди. "Ҳа, мен Бегжоновман, тинчликми?" сўрайман сержантдан. "Юринг, сизни ДПНК[14] чақираяпти" дейди. Сержант мени ДПНК хонасига эмас, изоляторга бошлаб боради. Мен сержантдан:

- ДПНК чақираяпти дегандингиз, нимага изоляторга келдик?- деб сўрайман.

Сержант:

- ДПНК шу ерда, изоляторда,- дея жавоб беради.

Изолятор навбатчилари хонасига кирамиз. Колония бошлиғи навбатчи ёрдамчиси мени келтирган сержантга ва хонадаги бошқа ходимларга ташқарига чиқиб туришларини айтади. Менга стулни кўсатиб, "ўтиринг" дейди ва қўлидаги қалин "дело"ни очиб, гапиришни бошлайди:

- Сиз Муҳаммад Солиҳнинг укасимисиз?

- Ҳа, укасиман.

- Туғишган укасимисиз?

- Туғишган укаси.

- Ҳозир қаерда акангиз? Қайси давлатда?

- Билмадим. Балки Европада, балки Америка, балки Осиёдадир?

- Мен акангизнинг мухлиси бўлганман. Кўпгина шеърларини ёд олганман. Замонавий шоирлардан унга тенглашадиган шоирни билмайман. Афсуски, сиёсатга ўтиб кетди...

- Ўртоқ майор, қўрқмайсизми бировга "гуллаб" қўйишимдан?

- Биринчидан, нимага қўрқишим керак? Нима, давлатга қарши бирон гап айтдимми ёки Каримовни ҳақорат қилдимми? Иккинчидан, мен ўзим ёқтирган шоир ҳақида гапиришга ҳақлиман, буни ҳеч ким инкор қилишга ҳаққи йўқ. Тўғрисини айтганда, сиёсат бобида ҳам Солиҳ ака Каримовдан анча юқори поғонада туради, чунки у киши ўзбек халқининг дардини бунга қараганда (Каримовни назарда тутади) минг марта яхши тушунади. Учинчидан, сиздан чақимчи чиқишига ишонмайман, буни юзингиз айтиб турибди... Сиз, яхшиси, менга ака тўғрисида кўпроқ гапириб беринг. Қўрқманг, мен ҳам чақимчилик одатидан йироқман, ундайлардан ҳазар қиламан...

Орага чўккан жимликни майор бузади:

- Солиҳ ака бола-чақасини ҳам олиб кетганми?

- Ҳа, оиласи билан бирга кетишган. Ўртоқ майор, нимага бу ерга чақиртирдингиз, сабабини билсам бўладими?

- Сизни ҳозир бошқа зонага олиб боришади. Сабаби менга қоронғи. Бошлиқ буюради, биз фақат унинг буйруғини бажарамиз. Сабабини ҳам фақат бошлиқ билади. Табиийки, унга ҳам юқоридан буйруқ келади ва ҳоказо.

- Бошқа зонага кетсам, баракда қолган буюмларимни олиб келсам бўладими?

- Ҳозир аниқлайман. Сизларда омборхона соат нечада очилади? Саккиздами?

- Ҳа, эрталабки текширувдан сўнг.

- Ҳозир... ҳозир аниқлаймиз,- дейди майор ва рацияда ким биландир менинг буюмларим тўғрисида гаплашади. Омборчини топиб Бегжоновнинг сумкасини бу ерга олиб кел, деб буйруқ беради. Лекин, орадан 15-20 дақиқа ўтса ҳам менинг нарсаларимдан дарак бўлмайди. Бу орада мени зона ташқарисида турган зековозга чиқаришади. Буюмларимдан дарак бўлавермагач, машина йўлга тушади...

22.04.2000 йил. УЯ 64/46. Навоий

Зековоз тушликка яқин Навоийдаги 46-чи зонага кириб келади. Мени тўғри зона изоляторига жойлаштирадилар. Изоляторга кирганимга 10 дақиқа вақт ўтмай, мени колония бошлиғи ҳузурига олиб боришади ва "кирганингда доклад қил" деб бошлиқ хонасининг эшигини тақиллатади ва хонага киргизиб, ўзлари эшик орқасида қолишади. Катта залнинг тўрида ёши мен қатори подполковник ўтиради. Мен доклад қилиб улгурмасимдан, ўзини таништиради:

- Мен шу зонанинг бошлиғи бўламан. Исми-шарифим Азиз Мардонович Бозоров. Келинг, ўтиринг,- дея ўтиришга таклиф қилади. Хол-аҳвол сўрайди, Қизилтепадаги шароитлар ҳақида қизиқади. Мен унга Қизилтепадаги зона тўғрисидаги таассуротларимни айтаман. Гапим сўнгида нима учун бу зонага олиб келишгани сабаби билан қизиқаман:

- Мен ҳам аниғини билмайман. Менга Тошкентдан қўнғироқ қилишиб, сизни Қизилтепадан бу ерга олиб келишни буюришди. Балки Тошкентга кетарсиз, балки... Ҳозирча сиз изоляторда бўлиб турасиз. Ҳозир анавиларга айтаман, у ерда ҳамма шароитни яратиб беришади. Менга бошқа саволингиз йўқми?

- Азиз Бозорович, тўғрисини айтаверинг, қаерга юборишмоқчи? Тошкентгалигига, гапнинг тўғриси, ишонмайман. Жаслиққами?

Мардонов бир сесканиб тушади ва: "Буни сизга ким айтди?",- дейди.

Мен ҳеч ким айтмагани, ички сезгим билан пайқаётганимни гапираман.

- Мен аниқ билмайман, аммо шу ёққа юборишлари ҳам мумкин. Буни мен сизга айтмадим, сиз эшитмадингиз. Қаерда бўлсангиз ҳам соғ-омон бўлинг. Ташқарида турган ҳарбий олдимга кирсин, айтинг. Майли, рухсат сизга, - деб ўрнидан туради.

Мен подполковник Мардонов билан хайрлашиб, даҳлизда кутиб турган ҳарбийга бошлиқ кутаётганини айтаман.

Ҳарбий бошлиқ олдидан чиққач, изоляторга кетамиз. Изолятордаги навбатчи маҳбус омборхонадан қалин тўшак келтириб, нара[15] устига тўшайди, камерани тозалайди, полини артади. У менга ажратилган "люкс" камерани тозалагунча, изолятор даҳлизида ҳарбий билан гурунглашиб турамиз.

Тушлик пайтида мен жойлашган камерага нон, емак ва бир кружка қайноқ сув келтиришади. Изолятордаги бу "шоҳона" ҳаёт бор-йўғи бир-неча соат давом этади ва 23-апрел соат тунги 01:00 ларда мени этапга тортишади.

КПП[16]га келтиришиб, деворга қаратиб ўтирғизиб қўйишади. Орадан беш-ўн дақиқа ўтиб, КППга яна бир маҳбусни келтиришади. Бу маҳбус эски қадрдоним, гуруҳдошим (подельник), ёзувчи Мамадали Маҳмуд эди!

Устозни орадан саккиз ой ўтиб энди кўраётган эдим, шунинг учун бўлса керак, "Устоз, мен ҳам шу ердаман!" деб бақиргим келади, аммо қалбимдаги жўш урган бу ҳисдан тийилишга мажбурман.

Устознинг буюмларини тинтувдан ўтказишаётган пайт у ҳам мен томонга қарайди. Биз бош ирғаб ҳол-аҳвол сўрашамиз.

Мамадали аканинг буюмларини тинтув қилиб бўлиб, бизни ташқарига чиқаради. Олдин Устозни зековознинг бир бўлимига, кейин мени бошқа бўлимига жойлаштирадилар. Конвойлар ҳам машинага чиқишгач, йўлга тушамиз. Зонадан бироз узоқлашганимиздан сўнг, мен баланд овозда:

- Ассаломалайкум, Устоз! Яхшимисиз!?- деб бақираман.

- Валайкум салом! Муҳаммаджон, қалайсиз, ўзингиз яхшими!?

Конвойлардан бири "Ҳўв, гаплашмай ўтиринглар!" дейди. Мамадали ака конвойга нималарнидир гапиради, тушунтиради ва шундан сўнг конвойлар бизнинг гаплашишимизга эътибор бермайдилар.

- Муҳаммаджон, қайси зонада эдингиз!?

- Қизилтепада! Кеча олиб келишган эди!

- Этап қаерга эканини айтишмадими!?

- Йўқ, айтишмади!- дейман бақириб. - Ўзингиз қаерга деб ўйлайсиз!?

- Менимча, Тошкентга! Ишимизни қайта кўриб чиқмоқчи, шекил-ли! Сиз нима деб ўйлайсиз, Муҳаммаджон!?

- Билмадим, Устоз! Вокзалга борайлик-чи, маълум бўлар!

Устозга бор гапни айтай дедим-у, бу фикримдан қайтдим.

Йигирма дақиқа, ўн дақиқа бўлса ҳам яхши кайфиятда бўлгани яхши, деб ўйлаб аслида қаерга кетаётганимиз ҳақда чурқ этмадим.

- Ишонаверинг, Муҳаммаджон, Тошкентга кетаяпмиз, Тошкентга!

- Айтганингиз келсин, Устоз! Айтганингиз келсин!...

Машина Навоий шаҳри темирйўл вокзалига кириб келади. Радиокарнайдан вокзал дикторининг русчада: "Будьте осторожны, по первому пути прибывает скорый поезд №… Ташкент-Москва…". Шу эълонни ўзбекчада ҳам қайтаради. "... Тошкент-Москва...". Мамадали аканинг овози жаранглайди:

- Муҳаммаджон! Муҳаммаджон! Эшитдингизми!? "Тошкент" деди! Тошкентга кетаяпмиз!...

- Устоз! Тошкент-Москва деяпти! Поезд Тошкентдан келаяпти!- бақираман мен.

Мамадали ака менинг гапимни тушундими, йўқми, билмайман. Лекин шуниси аниқ-ки, поездга чиқишимиз биланоқ қаерга кетаётганимизни билди, чунки биз чиққан вагон лиқ тўла, унинг устига вагондаги барча маҳбуслар диндор ва сиёсийлар эди.

Биз, келгусида ўзининг ўта даҳшатли, инсонийлик тушунчасини мутлоқ инкор этувчи тузуми, режими билан дунёга машҳур бўлажак «ЖАСЛИҚ» номли лагерга кетаётган эдик.

Ҳали Тоштурмадалигимизда ҳарбийлар бу зонанинг номи билан, у ерда ўрнатилган режим ҳақида гапириб маҳбусларни қўрқитишар эди...

Эрта тонгда, соат 3:30 ларда поезд Жаслиқ посёлкасида тўхтайди. Вагондаги ҳамма маҳбусни иккита зековозга тиқишади. Машина бўлинмаларига (бўлинма 10 одамга мўлжалланган) йигирматадан одам жойлаштирадилар. Нафас олишнинг имкони бўлмай қолади. Кимладир хушидан кетган, кимлардир...

Охирги манзил

2000 йил 24-апрел. УЯ 64/71. Жаслиқ

Соат тонгги 4:00 да иккита зековоз 80 та маҳбус билан Жаслиқ зонасига кириб келади. Биздан олдин келган машинадаги маҳбусларни туширишни бошлашади."Первый пошёл! Второй пошёл!"... Қий-чув, бақир-чақир, қийқириқлар.

Мен чиққан зековоздаги маҳбуслар ҳам машинадан тушишга ҳозирлик кўра бошлайдилар.

Яхшиямки, менда ҳеч нарса йўқ. Қолганлар ашқол-дашқолини боши узра кўтариб олган, кимлардир сумкасини қидираётган...

Тушиш навбати бизга келади.

Мен Устознинг қайси машинага чиққанини билмайман.

Бу ғала-ғовурда бақиришнинг ҳам фойдаси йўқ. Ҳар ким "ўзинг учун ўл етим" бўлиб ётибди.

Ҳамма эшик олдига сурилади, гўёки олдинроқ чиқса, улуғ мукофот кутиб тургандай. Фамилиясини ўқиганда чиқса ҳам бўларди. Йўқ, эшикни тўсиб туриши керак. Бошқаларнинг ўтишига халақит бериши шарт қилиб қўйилган буларга.

- Бегжанов! Бегжанов! Қани Бегжанов!?- бақиради пастдан.

- Шу ерда! Мен Бегжанов!- бақираман мен ва эшик олдида тиқилиб турган оломонни ёриб ўтиб, пастга тушаман.

Тушишим билан "Нимага имиллайсан ҳайвон, курортга келдингми!?" деб елкамга, белимга беш-олти марта резина тўқмоқ билан аямасдан уришади, "дело" бўйича текширувдан ўтказаётган офицернинг олдига боргунимча ҳам 10-15 марталаб дуч келган жойимга уришади.

- Фамилия, имя, отчество!?- бақиради офицер.

- Бегжанов Муҳаммад Мадаминович, 1954 йилда туғилганман!

- Статья, срок!?

- ЖКнинг 158, 159, 216, 242 моддалари билан 15 йилга озодликдан маҳрум этилганман!

- Йўқол! - ўшқиради офицер.

Бу ёғида мени нималар кутаётганини билмайман ва билишни ҳам истамайман.

Ўзимни "тирик коридор"га ураман.

Икки томондан дубинкалар дуч келган жойимга ёғила бошлайди. Оғриқни сезишни унутиб, жон-жаҳдим билан мўлжалга интиламан. Мўлжал - тезроқ бу "тирик коридор"дан қутулиш.

Бироқ, "коридор"нинг чеки-поёни йўқдай.

Қаерга боришингни ўша "тирик коридор" кўрсатади.

"Коридор" бўйлаб иккинчи қаватга тармашаман. Дубинка ёмғири ҳамон тўхтовсиз ва беаёв ёғарди.

Бу не бахтки, иккинчи қаватга чиққанимда "коридор" тугаб, олдимда стол пайдо бўлади. "Ҳайрият-э, қутулдим" деб ўйлайман.

Столнинг қарши томонида учта офицер ўтирибди.

Улар: "Бизга қандай шикоятинг бор? Биз врачлармиз. Шикоятинг борми?" деб сўрашади. Мен "шикоятим йўқ" дея жавоб бераман.

- Шикоятинг бўлмаса, ечин!- дейди биттаси.

Булар мазах қилмоқчи, устимдан кулмоқчилар шекилли, деб ўйлаб туриб қоламан.

- Нима, тушунмадингми? Ечин дейиляпти сенга!- бақиришади бараварига.

Мен ечина бошлайман.

- Ҳамма нарсангни еч, қип-ялонғоч бўл! Ҳамма нарсангни анави уюмга ташла! Тезроқ бўл, имиллама! Камерага чоп, тез бўл!

Яна ўша "коридор", яна дубинкалар ёмғири. Қип-яланғоч, уялиш нималигини унутган ҳолда "мўлжал"инг томонга чопасан.

"Тирик коридор" камера эшиги олдида тугайди.

Эшик олдида алоҳида-алоҳида полга бир кишилик кийим-кечак, бир жуфт читоз[17] тахлаб қўйилади.

Шу тахламлардан бирини олиб камерага ўқдай отилиб кириб оласан ва дубинка ейишдан қутуласан.

Бу - "Жаслиқ" зонасига киришнинг "ломка"си, яъни "синдириш" маросими дейилади.

Мендан кейин яна ўнтача маҳбусни бизнинг камерага киритишади ва эшиклар қулфланади. Коридорда жимлик.

Камерамизда ҳам жимлик ҳукм суради.

Ҳаммамиз "бу ёғида нима бўлар экан" деб кутаяпмиз.

Бир соатлар сўнг бошқа камераларнинг эшиклари очилиб-ёпила бошлайди. Навбат биз ўтирган камерага ҳам келади.

Эшиклар очилиб, уч-тўртта фамилияни ўқишади, уларни обчиқиб кетишади.

Бироздан сўнг яна эшиклар очилади ва мен билан яна икки кишини камерадан чиқариб, қарама-қарши тарафдаги камераларидан бирига киритишади.

Камерадагилар сони биз билан бирга 16 кишига етади. Шконкалар сони ҳам шунча, демак бу ерга энди одам ташламайди. Камерадаги барчамиз бугунги этап билан келтирилганмиз.

Бу ерда ҳам худди олдинги камерадагидек, кутиш бошланади. Ҳамма ўзининг хаёли билан банд. Жим-житлик. Бироздан сўнг камера эшиги шарақа-шуруқ очила бошлайди.

Ҳаммамиз ўрнимиздан турамиз. Камерага қорақалпоқ лейтенант ва учта войсковой кириб келишади.

- Бугундан бошлаб мен сизларнинг отряднигингизман,- дейди ва исми-шарифини айтиб ўзини таништиради. - Бу ёғига мен сизларнинг ҳам онангиз, ҳам отангиз бўламан. Нима камчилик, нима гапингиз, нима етишмовчилик бўлса менга мурожаат этасанлар. Қаерга келганларингни биласизлар, деб ўйлайман. Билмаганлар бўлса, айтай: бу ер сизлар учун охирги станция ("манзил" демоқчи). Шу ерда ўласизлар, шу ерда кўмиласизлар. Бу гапларни шахсан ўзимдан тўқиб чиқараётганим йўқ, бошлиғимиз шундай деган. Тушунарлими? Кимда қандай савол бор менга? Қаранглар, тартиб-интизом бўлсин,- деб ёнидаги шотирлари билан камерани тарк этадилар.

Отрядник чиқиб кетганидан кейин камерага "хоз барак"дан[18] ёши 50 дан ошган киши (маҳкум) ни киритишади. У ўзини таништиришни бошлайди.

Уч кунлик "Ўқитувчи"

- Йигитлар, менинг исмим Солижон. Наманганнинг Косонсой туманидан. 97- модда билан ўтирибман. Жазо муддатим 20 йил. Бизни бу ерга 1998 йил бошида олиб келишганди. Бу ерга келганимизда зонада биздан бошқа ҳеч ким йўқ, шу бинодан бошқа ҳеч қандай иморат йўқ эди. Зонага киришдаги штабни, учрашув хоналарини биз, ҳозир хозда ишлаётган 35 та маҳкум, қуриб битказганмиз. Жуда қийналганмиз.Ўзларингиз яхшимисизлар? "Ломка"дан эсон-омон қутулдингларми?...

Камерамиздан бир йигит унга савол беради:

- Ака, кечирасиз-у, бу камерага нима мақсадда келдингиз ўзи?

- Мени бу камерага келтиришининг сабаби- уч кун ичида сизларга зонанинг ички тартиб қоидаларини тўлиқ тушунтиришим топширилган. Агарда уч кун ичида ўргатишга, тушунтиришга улгуролмасам, менга ит азобини берадилар. Шунинг учун, сизлардан илтимос, айтганларимни эслаб қолишга ҳаракат қилинглар. Мен йўқ пайтда билганларингиз билмаганларга ўргатинглар.Шу уч кун ичида бир-бирларинг билан танишиб олинглар, чунки уч кундан сўнг гаплашиш, бир-бирингизга қараш таъқиқланади. Агарда гаплашганингиз ёки бир-бирингизга қараганингизни дубак кўриб қолса борми, камерадаги ҳаммани коридорга чиқариб дубинкалайди. Мени ҳам "ўргатмабсан" деб қийнашлари тайин. Шуни ҳам билиб қўйишинггиз керакки, бу зонада дубаклар асосан қорақалпоқ ва қозоқлар. Улар ёшми, қарими, аяб ўтиришмайди, қийнашдан лаззатланадилар. Шунинг учун азобланишингизга заррача ҳам сабаб берманглар.

- Солижон ака, менинг исмим Хайрулло, Марғилонданман. Уч кун давомида бу ердаги режимни тушунтираман, дедингиз. Бу ердаги режимни ўрганиш шунчалик қийинми?

- Баъзилар учун қийин, кимдир учун осон бўлиши мумкин. Ҳамма бир хил қабул қилолмайди-ку. Шунинг учун ҳам айтдимда ҳали: билганларингиз билмаганларингизга ёрдам беринг, деб.

Йигитлар, сизларга шуни ҳам айтиб қўяй: мени "козёл" деб ўйламанглар. Мен ҳеч қачон бировга туҳмат ёки бировга нисбатан чақимчилик қилмаганман, тепада Оллоҳ бор. Биламан, ҳаммангиз диндор одамларсиз, шунинг учун ҳам аниқ далилсиз танимаган одамингиз ҳақда "бу киши козёл бўлиши мумкин" деган шубҳага боришингиз гуноҳ эканлигини биласиз.

- Ака, мен Шуҳратман, Фарғонадан. Бу зонада қанча одам бор экан, билмайсизми? Промка[19]си-чи, борми?

- Сизлардан олдин икки этап келди, менимча. Сизлар билан 200 тадан ошиқ бўларкан. Олдинги этап билан келганлар ҳозир учинчи қаватда сетка тўқишади. Икки-учта камерадан ташқари ҳамма камералар тепада ишлашади.

Шуҳрат яна савол беради:

- Ака, олдинги этапларни қандай кутиб олишган?

- Йигитлар, келинглар, олдин шу режимларини ўрганиб олайлик. Бўш вақтларимизда уларни ҳам гаплашиб оламиз. Бўладими шундай қилсак?

Камерадаги маҳбуслар Солижон аканинг бу гапини маъқуллашади.

- Унда бошладик,- дейди Солижон ва зонадаги режим тўғрисида гап бошлайди:

- Йигитлар, биринчи навбатда "доклад" қилишни ўрганамиз, доклад қилинганда камера номери айтилади. Сизларнинг камерангиз номери 17, эсдан чиқарманглар...

Солижон ака "доклад" қилишни, "ҳолатлар"(положения)ни, эрталабки уйқудан туриш, уйқуга ётиш, сайрга чиқиш, ҳаммомга қандай бориш, сайрга чиқиш, камерада тинтув пайтида нима қилиш кераклиги ва бошқа тартиб-қоидалар тўғрисида гапиради, тушунтиради, "Шу уч кун ичида Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон мадҳияларини ёдлаб олишларингиз керак бўлади", дейди.

- Мени ҳозир тушлик қилдиришга олиб кетишади. Тушликдан кейин сизларга қорақалпоқ гимнини олиб келаман. Биргалашиб ёдлаймиз. Ҳозир сизларга ҳам овқат келтиришади...

Куннинг иккинчи ярмида камерамиздагилар ўзбек ва қорақалпоқ гимнларини машқ қилишади. Баъзи бирлари қорақалпоқ гимнини ёдлаб олишга ҳам улгуришади...

Яна икки кун давомида Жаслиқ зонасидаги режимнинг икир-чикиригача тушунтириб берган Солижон ака, биз билан хайрлашиш олдидан биздан олдин келган этаплар ҳақида сўзлаб беради.

Унинг айтишига қараганда, биздан олдин келган икки этапнинг ҳам "ломка"си даҳшатли бўлган. Калтакдан ўлганлар, бир умрга майиб бўлганлар ҳам бўлган экан. Шунинг учун ҳам бизнинг этап "ломка"си олдинги этаплар "ломка"сига қараганда "шоколад" экан.

Солижон аканинг айтишига қараганда, Жаслиққа биринчи этап 1999 йил ноябр (декабр?) ойида бўлган экан. Биринчи этапдаги маҳбусларни (80 та маҳбус) ғайритабиий услубда, яъни ҳар бир маҳкумни алоҳида матрас ичига ўраб, матрас устидан тиконли сим билан чандиб боғланган ҳолда АН-12 ҳарбий юк учоғига ортиб бу ерга олиб келишган экан. Унинг эшитишига қараганда, биздан олдин келган этапларда 50 кишидан ортиғини шахсан Каримовнинг буйруғига кўра шу ерда ўлдиришган экан.

Солижон ака гапи сўнггида: "Биродарлар, биз энди қайта кўришамизми, йўқми, буниси Оллоҳга аён. Юқоридаги гапларимни сизларга омонат сифатида айтдим, сизларни мусулмон деб, иймон-эътиқодингизга ишониб айтдим. Сиёсатга аралашмасам-да, мен ҳам Ислом Каримовни сизлардан беш-бадтар ёмон кўраман. Бунинг сиз билмаган сабаблари бор, уларни сизларга гапириб ўтирмайман.

Бу ердагилар унга (Каримовга) ит каби содиқлар, айниқса зона бошлиғи (майор Бобожонов) Каримовни "менинг ҳақиқий отам" дейди. Агарда улардан бири мен айтган гаплардан хабардор бўлишса, шу куни мени ўлдиришади. Шунинг учун, илтимос, менга ёмонлик истамасангиз, ўзингиздан бошқа ҳеч ким буни билмасин.

Эртадан бошлаб сизлар учун оғир ҳаёт бошланади, бунга тайёр туришларинг керак. Ҳар қандай оғир вазиятда ҳам бир-бирингни сотманглар, аксинча, суянчиқ бўлинглар. Оллоҳ ёрдамчингиз бўлсин, биродарлар, барчамизга тўйларда кўришиш насиб этсин. Хайр, омон бўлинглар",- камера эшигини қоқади.

Ҳеч ким келмагач, мушти билан янада қаттиқроқ уради.

Коридордан "Қайси камера?" деб сўрашади.

Солижон ака камера номерини айтади. Камера эшиклари очилади ва "уч кунлик ўқитувчимиз" чиқиб кетгач, у билан қайта учрашиш менга насиб қилмайди.

"Жаслиқ" зонасидаги ҳолатлар

Солижон аканинг айтишига қараганда, зонада 11 та ҳолат (положения) жорий қилинган. Қуйида жаслиқ колониясидаги ҳолатлар:

1-чи ҳолат - Камера эшиги очилганда, камерадагилар ўринларидан турадилар ва ўнг қўлини кўксига қўйиб саломлашадилар. Навбатчи маҳкум офицерга камерадаги ҳолат тўғрисида ахборот беради;

2-чи ҳолат - маҳкумлар тик турган ҳолда жўр бўлиб президент Каримов ва зона бошлиғи номига ҳамду-санолар айтишади, ўзларининг қилган жиноятларидан пушаймонлигини билдирадилар, бу қилган жиноятлари учун президент Каримовдан кечирим сўрайдилар ва ҳоказолар.

3-чи ҳолат - эшик очилмасидан аввал коридордан туриб 3-чи ҳолат эълон қилинганида, камерадаги маҳкумлар эшикка орқа қилиб 4-чи ҳолатда ўтиришлари лозим бўлади.

4-чи ҳолат - продолнинг [20] ўнг томонида 8 та ва чап томонида 8 та киши қўлларини бўйни устига қўйиб, боши пастга эгилган ҳолда оёқ устида ўтирилади.

5-чи ҳолат - бунда 4-чи ҳолатдан чиқиб полга ўтирилади ва оёқларга 5 дақиқа мобайнида дам берилади.

6-чи ҳолат - Бир оёқни тиззадан букиб, иккинчи оёқда тикка турилади.

7-чи ҳолат - Бир оёқни кўтариб олдинга узатган ҳолда бир оёқда тикка турилади.

8-чи ҳолат - "Шмон" (тинтув).

9-чи ҳолат - Ўзбекистон Республикаси давлат гимнини жўр бўлиб айтиш.

10-чи ҳолат - Қорақалпоғистон Республикаси гимнини жўр бўлиб айтиш.

11-чи ҳолат - деворга ўгирилиб юқорига кўтарилган қўллар билан деворга таяниб турилади. Бу ҳолат, асосан сайрга чиққанда, ҳаммомга чиққанда ва соч-соқол олдиришга чиққанда ишлатилади.

"Оғир ҳаёт"

Биринчи кун

27.04.2000 йил. УЯ 64/71. Жаслиқ. 17-камера.

Ҳақиқатан ҳам, Соли ака айтганидек, эртасига биз учун янги, ўта оғир ҳаёт бошланади. Эрталабдан камерамизга зона бошлиғи шотирлари билан ташриф буюришади. Навбатчи маҳбуснинг "доклад"идан сўнг бошлиқ шотирларидан бири:

- Бегжонов ким? - деб сўрайди.

- Мен Бегжонов, гражданин началник! - деб эшик олдига келаман.

Зона бошлиғи майор Бобожонов кўзимга тик боқиб, диққат билан мени кузатади. Мен ҳам унинг кўзига тик боқиб қараб тураман. Бобожоновнинг шотирларидан бири "жуда ўхшар экан" дейди бошлиғига. Бобожонов миқ этмайди, шу турганича қотиб тураверади.

- Бор, жойингга тур! - дейди бири.

- Хўп бўлади гражданин началник! - дейман ва жойимга бориб тураман.

Жаслиқ лагери бошлиғи майор Бобожонов билан танишиб олганимиз шу, холос.

Зона бошлиғининг кетганидан беш дақиқа ўтиб-ўтмай, эшикдаги дарча очилади ва коридордаги дубак: "Бегжонов, бу ёққа кел, тирноғингни кўрсат",- дейди. Эшик олдига келаман. "Қўлингни чиқар кормушкадан, темирнинг устига қўй, тирноғинг ўсганми, йўқми, текшираман",- дейди у. Ўнг қўлимни дарча эшикчаси устига қўяман. Қўлимга қаттиқ зарба келиб тушади. Оғриқдан "Воҳ, онангни...!"- дея сўкворганимни билмай қоламан. Дубак:

- Э-э-э, сен мени онамни сўкдингми? Қўлингни чиқар!

- Чиқармайман, бор, қаерга борсанг бор!-дея жавоб бераман.

- Бегжонов! Яхшилик билан айтаман, чиқар қўлингни!

- Чиқармайман, дедим сенга!

Камерадошларим ҳаммаси 4-чи ҳолатда (положение №4) оёқ устида, қўлларини бўйни устига қўйган ҳолда пастга қараб ўтиришади. Дубак айтганидан қолмай, янада қаттиқроқ бақира бошлайди:

- Бегжонов! Охирги марта қайтараман, чиқар қўлингни! Ҳозир войсковойларни чақираман! Ўзингни ҳам, камерадаги сафдошларингни ҳам дабдаласини чиқаришади, тушундингми!?

Йигитларга қарайман. Ҳаммаси қандай ўтирган бўлса, шу ҳолича пастга қараб ўтиришар, ҳеч қайсиси мен томонга бошини кўтариб қарамас эдилар. Уларга раҳмим келиб, қўлимни дарчадан чиқараман.

Қўлга яна зарба тушади. Эшик ортида турган ваҳший бақиришда давом этади:

- Чиқар қўлингни! Ўзим "бўлди, бор жойингга" демагунимча чиқарасан қўлингни, тушундингми!?

Бу сафар чап қўлимни чиқариб дарча эшиги устига қўяман. Яна зарба, яна ва яна...

Ҳар қўлимга бештадан дубинка урганидан сўнг ваҳший "бўлди, бор ўтир жойингга" дейди.

Жойимга келиб ўтираман.

Иккала қўлимнинг панжалари ёстиққа ўхшаб шишиб кетади.

Қўлларимни бўйнимга қўёлмайман.

Оғриқ пасайиш ўрнига янада қаттиқроқ азоб бера бошлайди.

Чамаси ярим соатлар ўтиб, бармоқларим букилмайдиган ҳолатга келади.

Ўнг қўлимдаги жимжилоқ бармоғим синганини суякнинг терини ёриб ташқарига чиқиб турганидан биламан.

Солижон аканинг кечаги айтганлари тўғри чиқаяпти.

Буни мен зона бошлиғи майор Бобожоновнинг менга чексиз нафрат билан қарашидан сезгандим.

Ҳали бу 'хамир учидан патир' эканлигини ҳам тушунаман.

"ИИВ ертўласида қанчадан-қанча азоб-уқубатларга бардош бердим, тўққиз кун ўлим билан олишиб ётдим ва Оллоҳнинг қудрати билан яна ҳаётга қайтдим.Иншааллоҳ, сенларнинг қийноқларингни ҳам енгиб ўтаман", дейман ичимда.

Яна камерамиз эшиги шақир-шуқур очила бошлайди.

Коридордаги дубак "Учинчи ҳолат!" деб бақиради. Ҳаммамиз ўрнимиздан сакраб туриб эшикка орқа қилиб яна тўртинчи ҳолатда ўтириб оламиз.

Кимдир эшик томондан учта фамилияни ўқийди.

Албатта, бу фамилиларнинг ичида меники ҳам бор.

- Фамилияси чиққанлар коридорга чиқсин!- бақиради ўша овоз.

Учаламиз олдинма-кетин бир қатор бўлиб ярим эгилган, қўлларимизни бўйнимизга қўйган ҳолда орқа билан юриб эшикка яқинлашиб тўхтаймиз.

Мен иккисининг ўртасидаман. Войсковойлардан бири эшикка яқин турганни эмас, орқада қолганни бошига дубинка билан уриб, "сен чиқ", дейди.

У орқа билан чиқади. Тапир-тупур қилиб дубинкаларнинг саси чиқади. Иккинчи бўлиб эшик олдида турганни чиқаришади. Дубинкалар саси такрорланади.

Охирида менинг бошимга дубинканинг учи билан уриб "чиқ!" дейди войсковой.

Эшикдан чиқишим билан дубинкалар ишга тушади.

- Қўлингни бўйнингга қўй!- ҳайқиради бири.

Яна бири: "Вой-бў, қўлига нима бўлган буни? Шишиб кетибдими? Эй, қўлингга нима бўлди сени?"-дейди.

Мендан олдин чиққанларни обкетиб бўлган, коридорда мен ва учта войсковой. Войсковойлардан бири иккинчисига: "Бор, олиб бор буни капитаннинг олдига",- дейди.

- Қўлларингни орқага қилиб, бошингни эгиб қадам бос! - буйруқ беради войсковой.

Бир коридордан иккинчисига ўтиб ўнгга қайриламиз ва бироз юрганимиздан кейин бир кабинет эшиги олдида тўхтаймиз.

Войсковой эшикни тақиллатиб, мени келтирганини айтади. Войсковой менга "кириб доклад қил", дейди. Мен кабинетга кириб:

- Гражданин начальник, мен маҳкум Бегжонов... буйруғингизга бинон ҳузурингизга келдим,- дейман.

Кабинетда бир эмас, иккита капитан ўтиришади. Бири сариқ[21] башара қорақалпоқ, иккинчиси узун бўйли ва юзи чўтир ўзбек.

Сариқ капитан:

- Хўш, жаноб Бегжонов! Сен ҳозир бизга қамалмаган шерикларинг устидан маълумотнома ёзиб берасан. Улар қанчалик кўп бўлса, шунча яхши. Сен учун шунча яхши, мен учун эмас, тушундинг-а? Мана ручка, мана қоғоз. Кел бу ёққа, ўтир. Чиройли қилиб, по-поряку ёз. Тушундингми, Бегжонов?

- Тушундим гражданин началник, лекин... менинг қамалмаган шерикларим қолмаган. Ҳаммаси қамалган, гражданин началник.

Чўтир капитан гапга қўшилади:

- Ҳа, бобой!? Қаерга келганингни унутдингми дейман? Бу зонада алдаш мумкин эмаслигини эшитмаганмисан!? Қани, бир чеккадан бор ҳақиқатни ёз-чи, қариндошларинг ичида қамалмаганларидан кимлар бор ва улар ҳозир қаерда яшашади, нима иш қилишади, кимлар билан борди-келдиси бор, ҳамма-ҳаммасини ёз!?

- Ҳеч ким сизларни алдаётгани йўқ, гражданин началник. Мен бор гапни айтдим. Ҳамма танишларим, қариндошларим қамоқхоналарда ўтиришибди.

Сариқ капитан чўтирига:

- Анавилардан бирининг дубинкасини олиб кел, ҳозир ўзи эланиб-ялвориб ёзиб беради,- дейди.

Чўтир дубинка олиб келади, мендан назарини узмай, дубинка учи билан қорнимга ниқтайди, иккинчи, учинчи бор...

Сариқ менга ўшқиради:

- Тур ўрнингдан! Полга ўтир! Читозингни еч! Оёқларингни олдинга ташлаб ўтир! Санаб ўн дубинка ейсан, бу сенинг ҳозирчалик норманг бўлади! Ўзингга келиб, "Бўлди акалар, ҳаммасини сизлар хоҳлагандай қиламан", деб айтганингча, ёлворганингча дубинкалай-миз. Қани, ўтир!

Читозни ечиб полга ўтираман.

Чўтир капитан қўлида дубинкани ўйнатиб:

- Қани, бобой, оёқларингни би-и-и-р массаж қилиб қўяй. Мен "дубинка массаж"нинг профессионали бўп кетганман. Ҳали-вери ўлмасанг, менинг массажимни узо-о-қ вақт эслаб юрасан. Қани-қани, оёқларингни жуфтлаб ол, ҳа, ҳа шундай. Ҳозир, ҳозир... Бир!... Икки!... Бобой, додламай ўтир! Кайфни синдираяпсан! Уч!... Бақирма дедим сенга! Тўрт!... Яхши... Ёқаяптими массаж, бобой!? Беш!... Ўн!

Сариқ капитан ўтирган жойида ишшаяди ва гап қотади:

- Бу бобой чатоқ чиқди. Ўн дубинкани ҳазм қилворди-я. Қойил, бобой! Гап йўқ сенга! Так держать. Ўлигингни ўзимиз уйингга посилка қилиб юборамиз.

Чўтир капитан сариғига:

- Олдингилар икки дубинкани еб тайёр бўлаверарди. Биттаси ҳам беш дубинкадан ортиғига чидолмаганди, "вой дод, акажон илтимос, бошқа урманг!" деб тиз чўкиб ёлворарди. Бу бобой гордий ("гордый" демоқчи) чиқди. Ничего! Буни ҳам эртага синдирамиз. Ҳа, бобой, шундайми? Эртага синасанми? Синаса-а-н, синмай қаерга ҳам борардинг, бобойча! Сендан зўрроқларини синдирганмиз, - дейди ва хо-холаб кулади...

Мени камерага олиб келишади. Тушлик келтирилади. Оёқларим шишиб кетганидан читозга сиғмай қолади. Читозни ечиб орқага қўяман.

Буни кўриб қолган дубак мени эшик олдига чақиради ва нима учун читозни ечганимни сўрайди.

Мен унга оёқларимни кўрсатаман. Дубак "бор жойингга ўтир" дейди.

Бу дубак олдинги итларга ўхшамас экан. "Бор, жойингга ўтир" дейиш билан чекланиб қўяқолди.

Камерага овқат тарқатилади.

Менда иштаҳа ўлган, лекин овқатланишга мажбурман.

Эшик "кўз"идан қараб турган дубак ким нима қилаяпти - ҳаммасини кўриб турибди.

Ҳар қандай шубҳали ҳаракатни кўздан қочирмайди, лекин олдингилардан бутунлай бошқача.

Мен эшикдан киришда чап томонда, иккинчи бўлиб ўтирибман.

Эшик "кўз"ига яқин жойда.

Овқат пайтида ҳамма 5-чи ҳолатда ўтиради. 5-чи ҳолат дегани - полга думбани ташлаб, оёқларни олдинга узатган ҳолда ўтирилади.

Икки болдир орасига овқат идишини қўйиб овқатланилади.

Ҳар икки соатда 5-чи ҳолат эълон қилинганида, думбани полга қўйиб оёқлар чўзилади.

Бир сўз билан айтганда, оёқларга беш дақиқа дам берилади.

Ҳозир эса, биз овқат пайтидаги 5-чи ҳолатдамиз.

Ҳамма овқатланаяпти. Мен қошиқни ушлолмайман, чунки бармоқларим букулмайди.

"Кўз"дан мўралаб турган дубак, "Чапдан иккинчи (яъни мен) нега овқатланмаяпсан?", дейди. Мен қўлларимни кўрсатаман. "Бир иложини қилиб ейиш керак, оч қоласан-ку" дейди дубак.

"Буларнинг ичида ҳам яхшилари учрайди", дейман ичимда.

Дубак айтганидек, "бир иложини қилиб" овқатнинг шўрвасини ичаман...

Овқатдан сўнг ҳамма 4-холатга ўтади.

Икки соат оёқ устида ўтиравериб, қон айланмасликдан оёқлар уюшиб қолади. Камера йўлагининг чап ва ўнг томонида саккизтадан маҳбус. Уларнинг ичида фақат мен думбани полга қўйиб ўтираман, навбатчи кўраяпти, лекин гапирмаяпти.

Навбатчи дубаклар ҳар икки соатда алмашиб туришади.

Ҳали барча навбатчи дубаклар билан "танишиб" улгурмаганмиз. Ҳозирча учтасидан биттаси бошқаларига нисбатан яхшироқ чиқди. Шунга ҳам шукр.

Ҳар икки соатда беш дақиқа 5-чи ҳолат беради. Беш дақиқа ўтиб, яна 4-чи ҳолатга қайтилади. Бундай ўтириш кечки овқатгача давом этиб, овқатдан сўнг эса, уйқуга ётиш эълон қилинишидан 15 дақиқа олдин тўхтатилади. Қолган 15 дақиқа камера ичида сайрга ажратилади.

Сайрдан сўнг уйқуга ётиш эълон қилинади беш сония ичида ҳаммамиз ўз жойимизда кўзларимизни юмган ҳолда ётишимиз лозим бўлади.

Шундай қилиб, "оғир кунлар"нинг биринчиси ҳам ўтади.

Бугунги бошдан кечган воқеаларни хаёлан анализ қилишга киришаман:

Оёқ тагига келиб тушган тўқмоқ оғриғи миямга чақмоқ каби урилади, гўё бу чақмоқ чиқиб кетишга йўл тополмай, миямни қоқ марказидан тешиб ўтгандай бўлади ва дафъатан "воҳ!" дея ҳайқирганим бир-неча сония самода муаллақ қолгандай туюлади.

Бундай азоб таъмини ИИВ ертўласида ўтирган ҳар бир диндор, ҳар бир сиёсий тутқиннинг тотиб кўрганига шубҳа йўқ.

Бундай азоблаш тури олдида бошқа қийнаш усуллари (бошга елим қоп кийгазиш, тинчлантириш кийими кийгазиш, музлаткич ичига қамаш, думба-баданга дубинка билан уриш, тепкилаш, муштлаш, ҳатто тирноқ қўпориш ва ҳ.к.лар) арзимасдек туюлади.

Чунки, уларни унутиш оёқ тагига уришдан кўра тезроқ унутилади. Оёқлар тагидаги оғриқ эса...

Ана шу азоб-уқубатлар унутила бошланганида, унинг қайта такрорланиши ҳар қандай мана-ман деган одам қалбига ғулғула солади, қўрқув уйғотади, ўзига ишончсизликни яратади: "Сени ҳам эртага синдирамиз", "сендан зўрроқларини синдирганмиз..."

Қалбдаги биринчи овоз:

"- Наҳотки, сен ҳам эртага оғриққа дош беролмай бу ит эмганлар олдида тиз чўкишга мажбур бўлсанг!? Нимага титраяпсан, ўзи? Қўрқаяпсанми!? Ҳа, ҳа! Қўқаяпсан, эртаги кундан қўрқаяпсан! Эртаги азобдан қўрқаяпсан! Сен қўрқоқсан, қўрқоқ!...".

Иккинчи овоз:

"Сен ҳар қандай азобга чидашинг керак! Сен қўрқоқ эмассан, кучуклар олдида тиз чўкмайсан! Сендан ўн карра ортиқ азоб чекканлар бор, улар синмади! Нега сен синишинг керак!? Қўрқма, Оллоҳ сен билан, У сени қўриқлайди, синишингга йўл қўймайди"...

Иккинчи кун

28.04.2000 йил. УЯ 64/71. Жаслиқ. 17-чи камера

Бу чўлу-биёбоннинг қоқ марказида тонг отиши қандай манзара касб этишини кўриш биз маҳкумларга насиб қилмаган. Чунки, биз бу хилватга дам олиш учун келмаганмиз, бизни бу ерларга Каримов режими сургун қилган...

Соат эрталабки 5:00. Коридордаги навбатчиларнинг бараварига "Подъём! подъём!!" деган бақириқлари остида биз маҳкумлар беш сония ичида ҳам кийиниб, ҳам сафга туришимиз керак бўлади. Яхшиямки, биз маҳкумларга тўшак ва ёстиқдан бошқа ҳеч нарса берилмаган. Шунинг учун, оёқ кийимидан бошқа, кийиниш, ечиниш зарурати йўқ. Эшик "кўз"и орқали саноқ ўтказган навбатчи войсковой бизга ҳожатга чиқиш, юз-қўлни ювиб эрталабки нонуштага тайёргарлик кўриш учун 10 дақиқа вақт беради. Шу ўн дақиқа ичида камерадаги 16 киши ҳаммасига улгуриб, сафга туриши ва камерадаги навбатчи маҳкум бу тўғрида навбатчи дубакка ахборот беради.

"Яхши" дубак навбатчилик қилаётган бўлса, "завтрак" келгунга қадар 5-чи ҳолат эълон қилади, бошқалари 4-ҳолат бериб оёқ устида ўтирғизиб қўйишади.

Бугун "оғир ҳаёт"нинг иккинчи куни. Эрталаб нонуштадан сўнг навбатчи дубак менинг оёқ кийимисиз ўтирганимни кўриб, "чапдан иккинчи, бу ёққа кел" дейди. Эшик олдига келаман.

Дубак:

- Нимага читозсиз юрибсан?- сўрайди мендан.

Мен унга оёғим шишиб кетганлиги учун читозга сиғмаётганини тушунтиришга ҳаракат қиламан. Лекин бу товуқ мия тушунишни истамайди, шу битта саволни қайта-қайта такрорлашдан чарчамайди. Бу эси пастнинг ғинғиллаши асабга тега бошлайди ва ортиқ унга жавоб беришдан тўхтаб, кўзига тикилиб туравераман. Икки-уч маротаба саволига жимлик билан жавоб олган товуқ мия, ниҳоят ёрилади:

- Қўлингни кормушкадан чиқар,- дейди у минғиллаб.

Бир оғиз ҳам гапирмайман ва қўлимни дарчадан чиқариб, темир устига қўяман. Қўлимга уради. Мен қўлимни тортиб олмайман. Дубак:

- Нариги қўлингни чиқар, бунингни торт,- ғинғиллайди у. Мен ўнг қўлимни чиқараман. Бунга бир дубинка уриб, "бор, жойингга ўтир, читозни кий" дейди.

Мен эшик олдидан кетмай туриб, "читоз оёғимга сиғмайди, қўлимни чиқарайми?" дейман.

"Бор, ўтир жойингга!" дейди товуқ мия.

Келиб жойимга ўтираман ва ичимда: "Куннинг бошланиши ёмонмас. Биринчи "синов" арзимас бўлса-да менинг фойдамга, қолган "синов"лар ҳам қанчалик оғир бўлмасин, иншааллоҳ, менинг фойдамга бўлажак", дея ўзимга далда бераман.

Соат саккизларда ДПНК эрталаб текширишга келади. Камера 1-чи ҳолатга киради. Камера бўйича навбатчи маҳкум ДПНК бошлиғига ахборот беради: "Мен, маҳкум ... 17-чи камерада 16 та маҳкум бор, ҳаммаси жойида, муассаса бошлиғидан миннатдормиз, овқатлар яхши, шароитлар яхши, ҳеч қандай эътирозлар йўқ, арз ва шикоятлар йўқ, президентимизга минг раҳмат, президентимиз олиб бораётган сиёсат тўғри, бизнинг президентимиз чиқараётган қонунлар энг адолатли... ва ҳоказолар".

Шундан сўнг саф тартиб саноғи (маҳкумлар сафдан бир қадам олдинга чиқиб ўзининг рақамини айтадилар) бўлади. Саноқдан кейин яна ўша 4-чи ҳолатга ўтилади...

Соат эрталабки ўнлар чамасида камера эшиклари очила бошлайди ва 3-чи ҳолат эълон қилинади. Ҳамма бараварига ўринларидан сапчиб туришиб, деразага томон қайрилиб 4-чи ҳолатга киришади. Фамилиялар ўқилади. Мен ва яна иккита маҳбус ўринларимиздан туриб эшик томонга юрамиз. Кечаги ҳамроҳларим ўрнига бошқаларини танлашибди. Бугун ҳам кечагидай, янги ҳамроҳлар ўзларига тегишли "улуш"ларини олиб, мендан олдин чиқиб кетишади. Навбат менга келади. Войсковойларнинг каттаси навбатчи дубакдан:

- Нега бу оёқяланг? Оёғига нима бўлган бунинг, ёстиқ бўп кетибдику?

Навбатчи дубак гапирмасдан боши билан оперлар кабинети томонга ишора қилади ва:

- Шу туришида олиб бораверинг, оёғига читози сиғмаса биз айбдормас-ку,- дейди.

Оқсоқланиб ташқарига чиқаман. Негадир бугун войсковойлар мени калтаклашмайди ва оперлар кабинетига ялангоёқ ҳолда олиб боришади.

Кабинетга кириб доклад қиламан. Бугун ҳам кечаги турқи совуқлар. Сариқ капитан чўтирига:

- Анавининг дубинкасини олиб қол, кетиб қолмасин,- дейди.

Чўтир чиқиб кетади анчагача қолиб кетади. Столи устидаги қоғозларини титкилаб ўтирган сариқ менга қарамасдан:

- Хў-ў-ш, ким эдинг, Бегжоновми?

Менинг жавобимни кутмасдан:

- Қандай энди? Яхши дам олдингми? Оёқлар қалай, оёқлар? оғримаяптими?...

Мен жим туравераман. Кабинетга дубинка кўтариб чўтир кириб келади ва сариқдан: "Бу нимага турибди? Ўзидан билиб тайёр туришни билмасмикан?" дейди. Сариқ ўзининг қоғозлари билан банд бўлиб, чўтирнинг гапига унча эътибор бермайди. Шунда чўтир "масъулият"ни ўз қўлига олиб:

- Қани бобой, марҳамат қилсинлар, чиройли қилиб ўтириб олинг-чи,- дейди ва кўзи оёғимга тушади.

- Ие, манавини қара, ялангоёқ келибди-ку бу ерга!

Сариқ қоғоз титкилашдан тўхтаб, оёқларимга қарайди, сўнгра чўтирга сирли қараш қилади ва қайта менга ўгирилиб:

- Бегжонов, нима қиламиз, кечагини ёзиб берасанми ёки "супер массаж"ни маъқул кўрасанми?

- Гражданин началник, менинг ёзиб берадиган нарсам йўқ, бўлмайди ҳам.

- Ҳай майли, демак массажни давом эттирамиз, бўлмаса,-дейди сариқ ва чўтирга:

- Чиройли қилиб бешта дубинка бер, шунинг ўзи етади бунга. Оёғини шиши қайтганидан сўнг яна планкани кўтарамиз,- дейди.

Чўтир дубинканинг учи билан оёқларимга уриб кўриб:

- Оғрийдими? Роса таранглашибди ўзиям, шунақангги массажбоб бўпдики, асли қўяверасиз! Тирсиллаб турибди-я, вах-вах-вах!"- дейди хиринглаб.

"Оллоҳим, ўзинг мадад бер менга" ёлбораман ичимда.

- Бобой, кетдикми? Қани, бешта бўлса бешта-да! Мана, бир!!! Мана, икки!!! Мана, уч!!!

Учинчи зарбада оғриқдан, бошқа оғриқларга қараганда "фарқли" оғриқдан "воҳ!" дея ўрнимдан сакраб турганимни ўзим ҳам сезмай қоламан. Бу сафарги оғриқ гўё кўзларимдан ҳам отилиб чиққандай туюлади менга...

Чўтир қўрқиб кетиб столнинг нарига томонига, сариқнинг пинжига тиқилиб олади, сариқнинг рангги оқаради. Шу лаҳзада менинг ташқи кўринишим қўрқинчли бўлган шекилли, бу икки офицер анча вақтгача шу қотганича туриб қолишади.

Сариқ бироз ўзига келганидан сўнг чўтирга: "Бор, анавини чақир, обкетсин" дейди. На сариқ, на чўтир менга бир оғиз ҳам гапиришмайди.

Чўтир войсковойни олиб киради.

Войсковой ҳам "Кетдик"дан бошқа бир сўз демайди...

Бу воқеадан сўнг уч кунгача ҳеч ким менинг "мушугимни пишт" демайди, коридордагилар ҳам асабга тегишни тўхтатадилар...

Шанба-"Жаслиқ"да ҳаммом куни

Май ойи бошида биз маҳкумларни бу зонанинг "ҳаммом"и билан таништиришади:

- 17-чи камера! Ҳаммомга тайёрлан!,- деган чақириқ янграйди.

Ҳамма қип-яланғоч бўлиб ечинади, қўлига фақат сочиғини олиб камера эшиги олдида саф тортиб турилади ва "деворга бурил" деган буйруқ бўлиши билан деворга қараб яланғоч думбаларни дубинка учун "шайлашади"лар. Ҳар ким 5-6 дубинкани думбасига егандан сўнг, коридорнинг ўртасида бир қатор бўлиб сафланади ва "баняга томон бегом!" деган буйруқни кутишади. Мен югуролмаганим учун сафнинг энг охирида тураман. Буйруқ янграйди ва камерамиз маҳкумлари узун коридорнинг охиридаги эшик томон чопишади...

Ҳар бир камера учун "ҳаммом" вақти бор-йўғи 9 сония. 16 киши ечиниш хонасига йиғилганидан сўнг, ҳаммомга жавобгар дубаклар олти киши аранг сиғадиган "Баня"га камерамизнинг ҳамма маҳкумларини киритади. Дубаклардан бири "Баня бошланди" деб эълон қилади ва тўққизгача санайди. Бу "баня"да учта душ бор, ким ўша душлар тагида туриб қолган бўлса, шуларнинг баданига сув тегади, қолган 13 киши қандай киришган бўлсалар, шундай, қуп-қуруқ чиқадилар.

Тўққиз сонияда ҳамма "чўмилиб" бўлади ва кийиниш хонасида тўпланади. "Коридорга чиқиб бир қатор бўл ва деворга ўгирил. Пайкангни (бешта дубинка думбага ейишни назарда тутади) олганинг 17-чи камера томон бегом!" деган буйруқ бўлади.

Камерага келгач, войсковойларнинг каттаси сўрайди:

- Баня қандай бўлди, мужиклар?

Камерадагилар бараварига:

- Зўр бўлди, гражданин началник!

- Ювинмаганлар борми?

- Йўқ, гражданин началник, ҳамма ювинди!

- Совунлаб ювиндингларми?

- Ҳа, гражданин началник, совунлаб ювиндик!

- Бизга арз ёки шикоятларинг йўқми?

- Йўқ, гражданин началник, ҳеч қандай арз-шикоятимиз йўқ.

- Шикоятларинг йўқ бўлса, соч-соқолни олдиришга тайёрланинг... Соч-соқолингизни совунлаб яхши юмшатинг.

- Хўп бўлади гражданин началник!

"Жаслиқ"да соч-соқол амалиёти

Жаслиқ зонасининг маҳкумлари ҳафтанинг шанба кунидан ўлгудек қўрқишади. Чунки, бу кун улар учун ўта оғир кун ҳисобланади. Ўзи, шундоғам ҳар куни еб турган калтаклари камлик қиладигандек, устига яна "ҳаммом" ва "соч-соқол" каби қийноқ турлари қўшилади.

Соч-соқол олдириш учун камера маҳкумларидан уч киши соч ва соқолини жўмракдан оқаётган шўр сув билан "яхшилаб юмшатишади". Бошқа камерадан "сартарош"лик қилиши учун учта маҳкумни олиб келишади, уларнинг қўлларига тиғи ўтмас устара (одноразовый бритвенный станок) беришади ва коридорда 5-чи ҳолатда оёқларини керган ҳолда пастга қаратиб ўтирғизиб қўйишади. Ҳар бир "сартарош"нинг ёнига иккитадан войсковой биркитилади. Улардан бири "сартарош"нинг, иккинчиси соч-соқол олдираётганнинг "хато"ларини "тўғри йўлга солиб" туришади. Бу дегани - "сартарош" жўрттага соч олмаётганликда айбланиб калтак ейиди, соч-соқол олдираётган эса, соч-соқолини ивитмаганликда айбланиб калтак ейди.

Бундай ғаройиб "амалиёт"дан сўнг камерадагиларнинг барчаси айиқ чангалидан қутилган овчига ўхшаб қоладилар, яъни уларнинг соч-соқоли эмас, териси шилиниб боши-ю афт-башараси қонга беланади. "Амалиёт" сўнгида:

- Беш дақиқа вақт. Ҳамма юз-қўлни ювиб, сафга турилсин! - деган буйруқ бўлади.

Қонга беланган 16 та маҳкум 5 дақиқа ичида ювиниб-артиниб сафга туриши керак бўлади. Агарда биронта маҳкум сафга бир сония кечикса, "амалиёт"нинг давоми коридорда давом эттирилади. Агар ҳамма вақтида сафга туришга улгурса, "амалиёт" қандай ўтгани ҳақида сўров ўтказилади.

ДПНК бошлиғи ёрдамчиси, войскойлар бошлиғи сўровни бошлайди:

- Мужиклар, кайфиятлар қалай!?

- Кайфиятлар аъло, гражданин началник!- жўр бўлиб жавоб беради маҳкумлар.

- Соч-соқоллар яхши олиндими!?

- Яхши олинди, гражданин началник!

- Ҳеч ким қийналмадими, иш қилиб!?

- Йўқ, гражданин началник, ҳеч ким қийналмади!

- Мойкалар[22] ўткирмикан!? Тирнамадими!

- Мойкалар ўткир, тирнамасдан жуда силлиқ олди, гражданин началник!

- Ўнгдан олтинчи! Бу ёққа кел! Юзинг, бошинг нимага тирналган!?

- Йиқилиб тушдим, гражданин началник!

- Қаерга йиқилдинг, полгами!?

- Ҳа, гражданин началник, полга йиқилиб тушдим!

- Полга йиқилган бўлсанг, башаранг кўкармабди-ку, нимага алдайсан!?

- Алдаганим йўқ, гражданин началник, полга йиқилиб тушдим!

- Алдамаяпсанми? Ростданам полга йиқилдингми?

- Худди шундай, гражданин началник, полга йиқилиб тушдим!

- Маладес, мужик! Хўш, бизга эътирозлар борми, мужиклар!?

- Йўқ, гражданин началник, сизларга ҳеч қандай эътирозимиз йўқ!

- Колония бошлиғига шикоятлар борми!?

- Йўқ, гражданин началник, колония бошлиғига эътирозимиз йўқ!

- Колония бошлиғининг олиб бораётган ишлари қониқарлими?

- Ҳа, гражданин началник, колония бошлиғининг олиб бораётган ишларидан мамнунмиз! Овақатлар яхши! Шароитлар яхши! Камчилик-лар йўқ! Шикоятлар йўқ! Ҳаммом вақтида бўлиб турибди! Соч-соқолимизни вақтида олиб турибмиз! Бу яхшиликлари учун колония бошлиғига минг раҳмат!

- Маладес мужиклар, ҳар доим доклад шундай бўлсин! Хайр сизларга, мужиклар!

- Хайр, гражданин началник!...

"Сайр"

Жаслиқ зонасида сайр қилдириш вақти аниқ белгиланмаган. Яъни, зона ходимларининг кайфиятига қараб, сайрга чиқариш эрталаб соат 10 да ёки тушдан кейин соат 14 да бўлиши ёинки умуман бўлмаслиги мумкин.

Мабодо сайр бўладиган бўлса, ҳеч қандай олдиндан эълон қилинмасдан, камералар эшиги очилиб, "17-чи камера сайрга чиқ!" дейилади ва камерадагилар коридорга чиқишади, бир қатор бўлиб қўлларини кўтарилган ҳолда деворга қўйишади. Думбасига 5-6 та "дубинка пайка"сини олганлар коридор ўртасига бир қатор бўлиб сафланишади ва "сайрхонага қараб бегом марш!" буйруғини кутишади. Ҳамма "пайка"сини олиб бўлгандан сўнг буйруқ янграйди.

Сайрхона бинонинг охирги, тўртинчи қаватида жойлашган бўлиб, тепаси арматуралар билан панжараланган, панжара устига сим тўр тўшалган бўлади. Сайрхона устида иккита войсковой сайр қилаётганларни назорат қилиб туради.

Сайрга чиқаётганимизда иккинчи қаватдан то тўртинчи қаватгача 30-40 та дубинка билан қуролланган ҳарбийлардан иборат "тирик коридор" ҳосил қилишади. Бу "коридор"дан ўтган ҳар бир маҳкум сайрхонага етиб боргунича 30-40 та дубинка ейди. Сайрдан қайтишда ҳам бу "ўзига хос ва ўзига мос" жазо усули такрорланади.

Бир соатлик сайрдан сўнг яна ўша ДПНК бошлиғи ёрдамчисининг савол-жавоблар "спектакли" бўлади:

- Мужиклар, сайр қандай ўтди!?

- Раҳмат, гражданин началник, сайр яхши ўтди!

- Ҳеч ким урмади-сўкмадими!?

- Йўқ, гражданин началник, ҳеч ким урмади, сўкмади!

- Чекадиганлар чекдими? Ҳарбийлар самосад[23] беришдими?

- Ҳа, гражданин началник, ҳамма чекди! Самосад ҳам тарқатишди!

- Ҳаммаларинг мазза қилиб сайр қилдингларми!? Ёки ичларингда недоволнийларинг борми!?

- Ҳаммамиз мазза қилиб сайр қилдик, гражданин началник! Орамизда недоволнийлар йўқ, гражданин началник!

- Колония бошлиғига айттадиган гапларинг, шикоятларинг борми!?

- Колония бошлиғига раҳматлар деймиз! Овқатлар яхши! Кийим-бошимиз бут! Камчилигимиз йўқ! Ҳамма нарса етарли! Арз ва шикоятимиз йўқ, гражданин началник!

- Маладци мужики! Так держат!

Савол-жавоблар сўнггида ДПНК ёрдамчиси "қониқарли жавоблар" учун камера маҳкумларига миннатдорлик билдиради. Шу билан сайр тадбири ниҳоясига етади.

"Шмон" ёки тинтув

Жаслиқда "шмон" тадбири бошқа зоналардаги "шмон"га қараганда, ўзининг ғайриинсонийлиги билан яққол ажралиб туради.

Камера эшиги очилиб, 3-чи ҳолат эълон қилинади. Камерага дубинкалар билан қуролланган 10-15 та войсковой кириб келишади ва 8-чи ҳолат эълон қилинади. Саккизинчи ҳолат - бу "шмон" деганидир.

Камерадаги 16 та маҳкум икки дақиқа ичида қип-яланғоч ечиниб, проходга[24] 4-чи ҳолатда бир-бирининг бўнига ўтириши лозим бўлади. Биринчи қатдаги 4 кишининг ҳар бири устига яна 3 кишидан ўтиришади. Ҳар бир кишининг оғирлиги ўртача 70 килодан ҳисобланса, биринси қатдаги шўрлик 200 кило юкни оёқ устида кўтариб ўтирган бўлади. Бундай "шмон" пайтида хушидан кетиб қолганлар ҳам учраб туради.

"Шмон" жўрттага 10-15 дақиқага чўзилади. Ким юқори қатдан йиқилса ёки пастдаги қатда ўтирган киши оғирликни кўтаролмай ўтириб қолса, калтакнинг кўпи уларники бўлади.

"Шмон"дан кейин ҳар бир маҳкум учун белгиланган 5-6 та дубинка "пайка"сини олади. Шунинг билан камерада ўтказилган "шмон" тадбири тугайди ва одатдагидек, ДПНК ёрдамчиси камерадаги маҳкумлар билан савол-жавоблар ўтаказади:

- Мужиклар, қалайсизлар, кайфиятлар яхшими!?

- Раҳмат, гражданин началник, кайфиятимиз зўр!

- Шмон қалай ўтди, яхшими!?

- Худди шундай, гражданин началник, шмон яхши ўтди!

- Шмончиларга эътирозлар йўқми!?

- Йўқ, гражданин началник, шмончиларга эътирозимиз йўқ!

- Колония бршлиғига қандай гапларинг бор?

- Колония бошлиғига раҳматлар айтамиз! Овқатимиз яхши! ...

- Президент олиб бораётган сиёсатни қўллаб-қувватлайсанларми!?

- Албатта, гражданин началник, президентимиз олиб бораётган сиёсатни қўллаб-қувватлайми! Президентимиз чиқараётган қонунлар-ни тўғри, деб биламиз! Президентимизнинг ислоҳотларини қўллаб-қувватлаймиз! Президентимизга раҳмат!...

- Шахсан менга эътирозлар борми?

- Йўқ, гражданин началник, сизга эътирозимиз йўқ! Сиз ҳамма ишни тўғри қилаяпсиз! Бунинг учун сизга раҳматлар айтамиз!

- Маладци мужики! Так держат!...

"Староста"

17-чи камерада бир киши «ЭРК»чи- бу мен, 14 киши "ҳизб"чи ва бир киши "ваҳобий". Чапдан биринчи, менинг ўнг томон "қўшним" Фарҳод Сапаев ваҳобийликда айбланиб қамалган. Отаси тожик, онаси бошқирд. Тошкентда туғилган, ёши ўттизлар атрофида, олий маълумотли, рассом. Ҳаддан ташқари интеллигент, ҳатто душмани билан ҳам ўта юмшоқ гаплашади. Ўзининг айтишига қараганда, намоз ўқишни бошлаганидан сўнг расм чизишни бутунлай ташлаган.

Зонага келганимиздан 20 кун ўтиб, камерамизга ДПНК бошлиғи келиб, Республика Олий суди томонидан ҳукм қилинганларни сўрайди. Бизнинг камерадан фақат Сапаев Фарҳод Олий суд ҳукми билан қамалгани маълум бўлади.

- Сен бугундан бошлаб 17-чи камерада староста[25]сан. Старостанинг вазифаси нималардан иборатлигини биласан. Агарда камерада бирор ишкал чиқса, бошинг билан жавоб берасан, тушунарлими?- дейди ДПНК бошлиғи.

Энди Фарҳоднинг зиммасига камера маҳкумларини Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон мадҳияларини айттириш вазифаси ҳам юкланади. Бу жуда оғир вазифа...

Шу пайтгача камерамизда "староста" тайинланмаган эди ва 9-чи ҳолатни назоратчи дубакнинг ўзи эълон қилиб, ўзи текширарди. 17-чи камерада фақат мен Ўзбекистон гимнини айтолмасдим ва бунинг учун коридорга чиқариб мени роса калтаклашарди. Энди Фарҳод ҳам мен сабаб калтакланадиган бўлди, аммо мен бундай бўлишини асло хоҳламаганман ва хоҳламайман ҳам, лекин ноиложман, "гимн" деса тилим калимага келмай қолади. Шу важдан Фарҳод ҳам менга ҳамроҳ бўлиб, икки-уч маротаба калтакланади.

Шундай кунларнинг бирида навбатчи дубак бизнинг камера маҳкумлари учун яна 9-чи ҳолат эълон қилади. Ҳамма маҳкумлар жўр бўлиб Ўзбекистон мадҳиясини куйлайдилар. Дубак мени эшик олдига чақириб:

- Агар бугун ҳам айтмасанг (гимнни назарда тутиб), нафақат сени ва старостани, балки камерадаги ҳаммани чиқариб калтаклаймиз,- дейди.

Мен дубакка қарата:

- Гражданин началник, ҳамма айб менда. Мен гимнни айтишга ҳаракат қилаяпман, аммо ҳеч ўхшамаяпти. Старостанинг ҳам, бошқа маҳкумларнинг ҳам бунда ҳеч қандай айби йўқ. Шунинг учун, илтимос, фақат мени жазоланглар,- дейман.

Дубакка менинг гапим таъсир қилади шекилли, старостани чақириб мени ҳозироқ шу ерда, унинг кўзи олдида гимнни ўргата бошлашини айтади.

Шўрлик Фарҳод ярим соатларча менга гимнни "ўргатишга" ҳаракат қилади, лекин бирор натижага эришолмайди. Дубак ҳам бу "репетиция"ни томоша қилишдан чарчаб, "Короче, эртагача ўргат буни, агар эртага ҳам айтолмаса, шу гап; эртага ҳамманг коридорга чиқасанлар" дейди ва кормушкани ёпиб қаёққадир ғойиб бўлади.

Дубак эшик олдидан кетганидан сўнг, Фарҳод ёлвора бошлайди:

- Муҳаммад ака, эртагача ўрганайлик, илтимос, бўлмаса эртага... Ҳеч бўлмаганда айтмасангиз ҳам оғзингизни қимирлатиб туринг,- дейди.

- Фарҳод, сиз ҳам менга ишонмаяпсиз, чоғи? Ҳақиқатан, гимн бошланди дегунча тилим калимага келмай қолади. Нега шундай, ўзим ҳам тушунмайман.

Хуллас, камерадошларим мени гимн айтилаётган пайтда фақат оғиз қимирлатиб туришимга кўндирадилар ва шу йўл билан ҳамма калтак ейишдан қутулади...

"Сўнгги манзил"даги кулгили ҳодисалар

Жаслиқда бир ойларча ўтирганимиздан кейин вазият бироз юмшайди. Тушлик, кечки овқатлардан кейин 5 дақиқа бўлсаям бир-бирларимиз билан гаплашишга имкон туғиларди. Дубаклар ҳам энди эртадан кечгача эшигимиз тагида пойлоқчилик қилмасдан, ҳамма камера қоровуллари коридорда йиғилишиб олиб гурунг қилишаётганини "акустик" Раҳматиллоҳ айтиб, огоҳлантириб турарди.

Раҳматиллоҳ ўнг тарафдаги қаторда биринчи (эшик олдида) бўлиб ўтирарди. "Оғир ҳаёт"нинг бошиданоқ унга камера навбатчилигини, яъни "доклад қилиш"ни топширганмиз. Чунки, у "доклад"ни шундай қойилмақом қилиб айтарди-ки, агарда унинг гапирганини Ислом Каримовнинг шахсан ўзи эшитганида борми, Раҳматиллоҳ шу куни қамоқдан озод қилиниб, уйига қимматбаҳо президент совғалари билан қайтган бўларди. Лекин, минг афсуслар бўлсинки, И.Каримовни мақтаётганлар, отасидан устун қўяётганлар, "ҳақиқий отам" деяётганлар кўчада ҳам сон мингта.

Раҳматиллоҳнинг камерамиздаги иккинчи вазифаси -акустиклик. Камерада ўтириб, баландёрлар қайси камерага овқат тарқатаётгани-ю, коридорда нечта войсковой юрганлигигача билади. Шунинг учун унга "акустик" лақабини берганмиз. Шунингдек, акустигимиз бизга қайси камерани "пайка"га коридорга чиқаришгани, қандай фамилияли маҳбусни тепкилагани, ҳатто қайси маҳбус ҳушидан кетганлигигача айтиб берарди.

Бир куни Раҳматиллоҳ акустик коридордаги ғала-ғовурга қулоқ ташлаб ўтириб, сирли ва паст овозда сўрайди:

- 18-чи камерадан Маҳмудов деган одамни танийдиган борми?...

Раҳматиллоҳ, "Маҳмудов" дейишиданоқ, тасаввуримда Мамадали аканинг сиймоси пайдо бўлади. Бирон кори-ҳол юз бермадимикан, устозга, деган савол туғилади:

- Исмини айтишмади?- деб сўрайман Раҳматиллоҳдан.

- Исмини айтди, лекин ...

- Мамадали эмасми?- сўрайман мен.

- Ҳа, ҳа. Тўппа-тўғри, Мамадали дейишди...

- Нималар дейишганини аниқ эшитмадингизми? Маҳмудов ҳақда нималар деди?- сўрайман Раҳматиллоҳдан.

- "Тошкент... Тошкент.. с вещами..." деганини эшитдим. Менимча, Тошкентга этап қилди. Точно, этап...

Табиий-ки, менинг ҳам бу кутилмаган "янгилик"дан бошим осмонга етади. Табиийки, шу ондан бошлаб мен ҳам бундай "бахт"га муяссар бўлишни орзу қила бошлайман.

- У киши менинг поделнигим[26]. Ёзувчи. Менимча, бизнинг ишни қайта кўриб чиқишса керак. Мени ҳам бугун ё эртага этапга тортади, худо хоҳласа! Яшанг, укам Раҳматиллоҳ, яшанг! - дейман юрагим ҳаприқиб...

Шу куни икки маротаба коридорга чиқамиз, икки маротаба юрак ҳаприқади, бироқ, хушхабар ўрнига калтак еб, камерамизга қайтамиз. Эртаги кунни интизорлик билан кутаман, лекин эртасига ҳам калтакдан бошқа бирор янгилик юз бермайди.

Учинчи кун, ниҳоят, Раҳматиллоҳ тилга қиради:

- 18-чи коридорга чиқариляпти. "Пайка" олишаяпти... "Маҳмудов" деяпти... Яна "Маҳмудов" дейишди. "Санчаст... санчаст" дейишди... Этапга кетмаган шекилли... Санчастга обкетишди, менимча... Ҳозир бизнинг камерага келишади... Келишаяпти...

"Террорчилар гуруҳи" бизнинг камера маҳбусларига аталган "пайка"ни "тарқатишиб" даф бўладилар. Камерамиздаги ҳамма маҳбуслар каби, "бош акустигимиз" Раҳматиллоҳ ҳам калтак изларини ишқалаш билан банд. Менга томон қарашга изза бўляпти. Унинг бу ҳолатига раҳмим келиб, ҳазил қиламан:

- Раҳматиллоҳ, сиз бугунги кун "ахборотини" айтмай турганингиз маъқул эди. Нега-ки, шу ўтган икки кун ичида шундай мазза қилиб яшадим-ки, ҳатто еган калтакларим ҳам гўё асалдек туюлди.

Ҳамма жим. Гап нима ҳақда кетаётганини тушунмайди. Раҳматилло менга кўзини лўқ қилиб ўтиради.

Гап нима ҳақда кетганини биринчи бўлиб староста Фарҳод тушунади ва кутилмаганда баланд овозда қаҳқаҳа уриб кулади.

Унинг кетидан баракдаги барча маҳбуслар қўшилади.

Камерадаги бу кулги овозини коридорда юрган дубак ҳам эшитиб, "Тушунмадим, бу нима хурсандчилик?" деб сўрайди.

Мен ўрнимдан туриб, эшик олдига келаман ва "Гражданин началник, ҳаммаси жойида. Йигитлар бир-бирларига дубинка изларини мақташаётганди, шунга кулишаяптилар" дейман.

Дубак бир оғиз ҳам гапирмасдан темир эшикка дубинкаси билан бир марта уриб, кўздан ғойиб бўлади.

Бундай кулги 17-чи камерадаги биринчиси эди.

Старостамиз Фарҳод

Старостамиз Фарҳоднинг калтакдан панжалари шишиб кетганидан бармоқлари ораси очилиб, ёғочдан йўнилган қўлларга ўхшаб қолганди. Фарҳоднинг юриши ҳам туриши ҳам Буратинони эслатарди.

Овқат пайтида, Фарҳоднинг алюмин қошиқни зўр бериб панжалари орасига кийдиришга ҳаракат қилаётганига кўзим тушиб:

- Фарҳод, папа Карлонинг ўғлига роса ўхшабсиз ўзиям! Қошиқни ташланг, барибир натижа чиқмайди. Бир-икки кун энди картошкадан воз кечишингизга тўғри келади,- дейман.

- Нимага энди мен картошкадан воз кечишим керак экан?- дейди Фарҳод.

У қанчалик урунмасин, қошиқ ушлашни эплолмайди. Мен унга:

- Фарҳод, ҳозир тушликка ажратилган вақт тугайди, оч қоласиз,- дейман.

У идишни кўтариб, овқатнинг шўрвасини ича бошлайди.

Шўрвани ичиб бўлиб, картошкани бармоғи учи билан бўлишга ҳаракат қилиб қўради. Мен Фарҳодга яна маслаҳат билан мурожаат қиламан:

- Ҳўв, барака топкур, икки кунга картошкадан воз кечинг, очингиздан ўлмайсиз, қийналиб кетдингиз-ку икки дона картошка деб, - дейман жиддий оҳангда.

- Муҳаммад ака, намунча ёпишиб олдингиз "картошка", "картошка" деб. Мискамдаги картошкалар меники, ҳеч кимга бермайман, ўзим ейман, тушундингизми! Бурним билан бўлса ҳам эзаман шу картошкани! - дейди у янада жиддийроқ оҳангда.

Камерада уч-тўрт сония жимлик ҳукм суради. Ҳамма Фарҳодга қараб ҳайрон ҳолда қотиб қолган. Бир-неча сониядан сўнг худди биринчи галдагидек, 17-чи камера кулгига тўлади.

***

Кунларнинг бирида Фарғонанинг Марғилонидан иккита йигит- Равшан ва Алижон ўзаро шивирлашиб гаплаша бошлайдилар. Староста Фарҳод уларга шивирлаб: "Дубак кўриб қолса, иккаланг ҳам пишасанлар",- дейди. Равшан унга: "Оғзимизни тирсак билан тўсиб ўтирибмиз, дубак қандай кўради, қизиқ гапирасан-да, Фарҳод",-дейди. Фарҳод ҳам "билганларингни қилларинг" деган каби уларга бошқа гапирмайди.

Орадан беш дақиқа, ўн, ўн беш дақиқа ўтади ҳамки, уларнинг тили тийилмайди. Мен Равшанга "иккалангнинг ҳам гаплашиб ўтирганинг кўз-қошларингнинг ҳаракатидан сезилиб турибди, ҳозир дубак буни кўриб қолиши аниқ", дейман. Равшан бу гапга ҳам мутлақо эътибор бермай, Алижон билан шипшишда давом этадилар.

Бироз вақтдан сўнг эшикдаги дарча очилади ва дубак чап қатордан Равшанни, ўнг томондан Алижонни дарча олдига таклиф қилади:

- Қўлингни чиқар!- дейди Равшанга.

- Гражданин началник, сабабнини билсам бўладими? Нимага қўлимни чиқаришим керак?

- Қўлингни чиқар! Сабаби гаплашиб ўтирганинг,- дейди дубак.

- Биз гаплашмадик, гражданин началник.

- Чиқар қўлингни! Ёлғон гапирганинг учун ҳам чиқарасан қўлингни! - ҳайқиради дубак.

- Биз гаплашмадик, гражданин началник.

- Ҳўв! Асабга ўйнама, чиқар қўлингни!

- Гражданин...

- Чиқар!!! - ўкиради дубак.

Бу ўкрикдан бир сакраб тушган Равшаннинг гапи оғзида чала қолиб кетади ва ўнг қўлини секин чиқариб, дарча эшикчаси устига қўяди. "Банг!", "Воҳ!"

- Чап қўлингни чиқар!

- Гражданин началник, ахир биз гаплашмадик.

- Чиқар!!

- Хўп, ака, лекин биз гаплашмадик...

- Чап қўлингни дедим!

Равшан чап қўлини чиқаради. Ҳар қўлига бештадан дубинка ейди. Алижон ҳам Равшан сингари гаплашиб ўтирганини тан олмайди ва ҳар қўлига бештадан дубинка ейди. Дубак Равшанни чақиради:

- Яна гаплашасанми сафда?- сўрайди Равшандан.

- Йўқ, гражданин началник! Бошқа қайтарилмайди!

- Тушунмадим. Нима қайтарилмайди?

- Бошқа гаплашмаймиз, гражданин началник!

- Сафда ўтирганда гаплашиб ўтирганингни тан оласанми, ахир?

- Ҳа, гражданин началник, тан оламан! Бошқа қайтарилмайди!

- Чиқар қўлингни!

- Гражданин началник...

- Чиқар дедим!!!

Равшанбой ва Валижон яна бештадан қўлларига дубинка егандан сўнг жой-жойига келиб ўтиришадилар. Инграшиб, қўлларини силайдилар. Мен уларга ҳамдардлик билдираман:

- Равшанбек, ҳали дубинка емай туриб "бошқа қайтарилмайди, кечиринг" деганларингда, балки бир дубинка ҳам урмасди,- дейман.

Равшан гапирмайди, ёстиқчага айланаётган букиб очиб ўтиришда давом этади.

Фарҳод уларни мазах қилиб:

- Бармоқларингни машқ қилдиришдан фойда йўқ, барибир шиша-ди. Ҳечқиси йўқ, икки-уч кун овқатнинг фақат шўрвасини ичиб, картошкадан воз кечиб турасанглар, очингдан ўлмайсанлар, - дейди.

Мен Фарҳодга:

- Нега улар картошкадан воз кечишар экан? Картошкани бурни билан эзишади, воз кечиш йўқ! - дейман.

Жаслиқ зонасининг 17-чи камерасида яна кулги кўтарилади.

Кўз учиши таъбири

11.06.2000 йил. УЯ 64/71. Жаслиқ. Бугун тонг саҳардан иккала кўзим ҳам пирпираб уча бошлайди. Буни ёнимда ўтирган Фарҳодга гапириб бераман, таъбирини сўрайман. Фарҳод асабларингиз чарчаган, шунга бўлса керак, дейди.

Эрталабки нонуштадан сўнг коридорга чиқамиз, "пайка"ни олиб яна камерага қайтамиз. Кўз "учиши" тўхтайди. Мен Фарҳодга "кўзларим эрталабки "пайка"ни исташган экан, учишдан тўхтади" дейман ҳазиллашиб. Аммо, бироз вақт ўтиб, еган калтакларим камлик қилди шекилли, кўзларим яна бирор кори-ҳолни истаб қолишади.

Соат 10:30 ларда камерамиз маҳбусларини "сайр"га чиқаришади. "Сайр"га боришда, қайтишда яхшигина калтакланамиз. Кўзларим "учиш"дан тўхташади, бироқ, яна вақтинчалик.

Кечқурун, "зерикиб қолмаслигимиз учун" яна коридорга чиқамиз. Кечки "пайка"ни олиб, камерага кирамиз. Кўзим пирпирашдан тўхтагандай бўлади. Лекин, бу сафар ҳам вақтинчалик бўлиб чиқади. Хойнаҳой, ухлаб қолганимда ҳам "учган" бўлса керак.

12.06.2000 йил. УЯ 64/71. Жаслиқ

Бугун ҳам худди кечагидай, кўзларим тонгни пирпираб кутиб олишади. Шунга қарамасдан, кайфиятим кўтаринки.

Бугун ҳам кечаги куннинг такрори бўлади. Эрталаб калтак, тушликдан олдин калтак, кечқурун калтак. Кўз "учиши" ҳам худди кечагидай...

13.06.2000 йил. УЯ 64/71

Жаслиқ. Уйқудан уйғондим дегунча, кўзларим яна "учиб" бошлайди. "Аллергия ёки биронта асаб касаллиги аломати бўлса керак" деган шубҳага бораман, чунки, авваллари ўзимда бундай ғалати ҳолатни ҳеч қачон сезмаганман.

Эрталабки "пайка"дан сўнг ўнг оёғим (синган) зирқираб оғрий бошлайди. Соат 11 ларда Фарҳод билан санчастга тушамиз. Ҳамшира ўнг оёғимни ушлаб кўриб, вазелинга ўхшаган нарсадан қоғозга бармоқ учидай сиқиб беради ва "ҳозир оёғингизга суртинг, эрталабгача оғриқ ҳам, шиш ҳам қайтади" дейди. Мен оғриқ қолдирувчи укол қилишини илтимос қиламан. Ҳамшира хонада ўтирган қорақалпоқдан (врач бўлса керак) "қандай укол қилиш мумкин" дея сўрайди. "Врач" ўрнидан туриб, оёғимни кўрган бўлади ва "маздан сурт, эртага битиб кетади" дея маслаҳат беради. Шу билан "даволаниш курси" тугаб, биз яна ўз камерамиздан қандай чиққан бўлсак, шундайлигича қайтиб кирамиз.

Соат 11:30 ларда акусти Раҳматиллоҳ эшик олдига кимлардир келганини айтади. Яна 15 дақиқадан сўнг тушлик тарқатилиши керак, лекин эшик олдидагилар баландёрлар эмас, бошқалар эканини башорат қилади.

Раҳматиллоҳнинг бу сафарги башорати тўғри чиқади ва камерага 3-чи ҳолат эълон қилинади:

- Бегжанов, ҳамма нарсанг билан ташқарига!- дейди кимдир.

Мен нарсаларимни йиғиштириб, читозни қўлимга олиб коридорга чиқаман. Коридордаги капитан мен тўғримда маълумотларни солиштириб кўради ва ҳарбийга: "Олиб бор",- дейди.

Читозни қўлимда олиб кетаётганимни кўриб қолган капитан бизни тўхтатиб:

- Нега бу оёқяланг юрибди?-сўрайди ҳарбийдан.

- Оёғи шишиб кетган, ўртоқ бошлиқ,- жавоб беради ҳарбий.

Капитан ёнимга келиб оёғимни кўради. "Қани, кийиб кўрчи, балки сиғар" дейди. Мен читозни кийишга ҳаракат қиламан, лекин ўнг оёғим ҳаддан ташқари шишиб кетгани учун ҳамма ҳаракатларим зое кетади.

Капитан ҳарбийга читознинг олди ва ёнини кесишни айтади. Ҳарбий ўнг оёқ читозимни олиб пичоғи билан кесади. Бир илож қилиб илма-тешик бўлган читозни оёғимга илдириб, оқсоқланган ҳолда зинадан биринчи қаватга тушамиз.

Қайсидир хона тўғрисига келганимизда, ҳарбий менга "Нарсаларингни шу хонага ташла" дейди. Мен фақат битта тўшакдан иборат бўлган "нарсаларимни" хонага улоқтираман.

Буни кузатиб турган ҳарбий елкамга бир дубинка тушириб: "Нимага улоқтирасан? Эртага бошқаси келиб шу матрасда ётади"- дейди.

Мен жавоб қайтариб ўтирмайман...

Алвидо, "Жаслиқ!"

Ташқарига чиқаётганимизда, мени кузатиб кетаётган ҳарбий:

- Маҳкум! Чепчигингни[27] босиб кий! Янаям тушир, фақат оёғинг кўринсин! - дейди у бақириб.

Юз-ми, икки юз-ми метрлар чамаси юриб, эшикдан кирамиз. Ҳарбий ким биландир гаплашади. Менга 4-чи ҳолатда ўтиришимни айтади. Мен қўлимни бўйнимга қўйиб ўтираман. Кўзларим фақат оёқларимни кўради. Ўнг оёғимдаги читозга кўзим тушиб, кулгим қистайди; ғирт масхарабозга ўхшабман...

Чап томонимдан бир овоз:

- Маҳкум! Бошингни кўтар, бу ёққа қара! - дейди. Мен бошимни кўтариб, овоз келган томонга қарайман. Камера олдида менинг кимлигимни аниқлаган капитан бошқа бир капитанга менинг "дело"мни топшираётганини кўраман.

- Чепчигингни еч, бошингни кўтариб бу ёққа қара! - дейди таниш капитан.

Энди қабул қилиб олаётган капитан русчалаб сўровга ўтади:

- Фамилия, имя, отчество, год рожденья, статья, срок...

Мен капитаннинг ҳамма саволларига жавоб бериб бўлганимдан сўнг, ташқарига олиб чиқишади ва зона давозаси олдида турган зековозга чиқаришади.

Машинага автомат билан қуролланган учта солдат, овчарка етаклаган сержант ҳам кўтарилишади.

Ҳамма жойи темир билан қопланган зековознинг ичи тандирга ўхшаб қизиб кетган, устига-устак, конвойларнинг каттаси ярим соатларча қаердадир қолиб кетади. Машинадаги ҳарбийлар навбатма-навбат ташқарига чиқиб тушишар, мен эса бу "ўчоқ"да зўрға нафас олиб ўтиришда давом этаман.

Ниҳоят, конвойларнинг каттаси келиб, ҳайдовчи ёнига ўтиради ва зековоз ўрнидан қўзғолади. Машина тепасидаги очиқ люк (дарча)дан чўлнинг ёқимсиз, иссиқ нафаси уради.

Икки соатча вақт юрганимиздан сўнг машина тўхтайди ва менинг қўлларимни кишанлаб, пастга туширадилар. Автоматчилар атрофимни ўраб олишади. Сержант итини ҳозирлайди. Буларни кўриб, миямга келган биринчи фикр шу бўлади: "Етиб келдим, ҳозир отиб ташлашади. Атроф кимсасиз. Шу жазирама бепоён чўлда ким ҳам бўларди...".

- Ҳўв брат, бўлинг тезроқ, ҳожатингизни чиқаринг, энди то Нукусгача тўхтамаймиз, - дейди сержант.

Машинага чиққанимиздан сўнг сержантдан қаерга кетаётганимиз тўғрисида сўрайман:

- Биз сизни Нукус турмасига топширамиз. Турма Тошкентга жўнатади...

------------------------------------------------------------------------------------------------------------------

[1] Бокс - бир одам аранг сиғадиган кичик камера.

[2] Ҳужра - камера.

[3] Жаргонда "Шконка" - турма ва зоналардаги темир кароват.

[4] Войсковой - ички ишлар вазирлигига қарашли ҳарбий.

[5] Жаргонда "Хата" - турмалардаги ҳужралар тушунилади.

[6] Жаргонда "Лохмач" - "хатага" янги келган маҳбусларни жисмонан қийнаб, ўзига ва бошқаларга қарши кўрсатмалар беришга мажбурлайди.

[7] Жаргонда "Козёл" - "хатада" нима гап бўлса, ҳаммасини оперларга ташиб турувчи чақимчи.

[8] Жаргонда "Машка" - спиралли электр ўчоқ. Асосан, пишган ғишт ўйилиб, ўйиққа спирал ёйилади ва томонидан электр токка уланади.

[9] Бу ерда келтириб ўтилаётган ва кейинги бўлимларда келтирилиши мумкин бўлган кўпчилик "қаҳрамонлар" исм-шарифлари хотирамдан кўтарилган. М.Б.

[10] Жаргонда "Монашка" - жиноят оламида жиноят қилган аёлга нисбатан қўлланиладиган лақаб.

[11] Жаргонда "Дубак" - (бу ёғига - дубак) ертўлада навбатчилик қиладиган (Ички Ишлар Қўшинлари) ИИҚ ҳарбийси.

[12] Михаил Арзинов - ўша пайтда Ўзбекистондаги норасмий инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилотининг фаоли.

[13] Этап - маҳбус(лар)ни турмадан зонага, зонадан турмага ёки белгиланган манзилгача ҳарбий конвой(лар) назорати остида кузатиб бориш.

[14] ДПНК - Дежурный помощник начальника колонии (Колония бошлиғининг навбатчи ёрдамчиси.)

[15] Нара - турма ва асосан изоляторлардаги йиғма (деворга йиғиб ташқаридан қулфланадиган) кароват.

[16] КПП - контрольно-проверочный пункт (Назорат-текширувдан ўтиш жойи).

[17] Читоз- Бир йилда бир марта бериладиган қамоқхона оёқ кийими (ботинка).

[18] "Хоз барак"- зонанинг хўжалик ишлари билан шуғулланувчи маҳкумлар ётоқхонаси. "Хоз"- қисқачаси.

[19] Промка- зонанинг ишлаб чиқариш (иш билан таъминлаш) жойи, ҳудуди.

[20] Продол - камера ичидаги эни 2,5 метрлик "даҳлиз".

[21] Одатда, ҳар қандай офицер олдига ким киришидан қатъий назар, у ўзини танитиб ўтади. Юқорида зикр қилинган икки капитан ўзларини менга танитмагани сабаб, уларнинг юз тузилишига қараб "ном" қўйишга мажбур бўлдим.

[22] Жаргонда "мойка" - устарага ўрнатиладиган тиғ (лезвия).

[23] Самосад - арзон тамаки тури.

[24] Проход - икки шконка орасидаги кенглиги ярим метрлик, бўйига 1 метр 70 сантиметр келадиган оралиқ жой.

[25] Староста - бу ерда: "жавобгар" маъносида, яъни камерадаги умумий ҳолат учун жавобгар шахс. Жаслиқда бу "лавозим" билан Каримов режимининг ашаддий душманлари ҳисобланганларни "сийлашади", чунки бу "лавозим" эгалари камерадаги арзимас "хатолар" учун ҳам аёвсиз калтакланадилар, қийноққа солинадилар.

[26] Поделник - жиноий шерик.

[27] Чепчик - маҳкумларнинг ёзги бош кийими.