"Гулнора Каримова 2015 йилда маҳкум этилган"

Uy

Сурат манбаси, InTERNET

Ўзбекистоннинг биринчи Президенти Ислом Каримовнинг қизи Гулнора Каримова отаси тириклиги вақтида 2015 йили 5 йилга озодликдан чекланган. Ўзбекистон Бош прокуратурасининг орадан 2,5 йил ўтиб маълум қилишича, собиқ Президентнинг тўнғич қизи солиқ тўлашдан бош тортиш каби айб билан озодликдан чеклаш жазосига маҳкум этилган.

Бу вақтгача Каримова устидан маҳкама борасида ҳеч қандай маълумот берилмаган. Бироқ унинг яқинлари уларга номаълум асослар билан Гулнора Каримова 2014 йилдан бери уй қамоғида сақланаётгани ҳақида айтишганди.

2016 йили унинг ўғли Ислом Каримов Би-би-си Ўзбек хизмати билан суҳбатда онасига ҳеч қандай айблов қўйилмагани борасида айтган эди.

"Жиноят ишлари бўйича Тошкент вилояти судининг 2015 йил 21 августдаги ҳукми билан Гулнора Каримова айбланаётган жиноятларни содир этишда айбдор деб топилган ва унга 5 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланган", - дейилади Бош прокуратура хабарида.

Ҳуқуқни муҳофаза қилиш идораси хабаридан англашилишича, Каримовага нисбатан яна бир жиноий иш бўйича тергов давом этмоқда. У молиявий товламачилик ва давлат "бўнак" пулларни ўзлаштиришда жиноий гуруҳга кўмаклашишда айбланмоқда.

Бош Прокуратура Гулнора Каримованинг айни дамда қаерда сақланаётгани борасида хабар бермаган.

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи,

Бир замонлар...

Биринчи иш

Биринчи жиноий иш 2013 йилнинг октябр ойида очилган. Каримовани "Terra Group", "Prime Media", "Gamma Promotion" каби уюшмалардан тушган даромаддан солиқ тўламасликда айблашган.

Тергов маълумотларида айтилишича, Гулнора Каримова 12 йил давомида 51,1 миллиард сўмлик активларга эгалик қилган уюшган гуруҳни назорат қилган.

Жиноий гуруҳ турли корхоналардаги давлатга тегишли акциялар ва улушларни сотиб олиш, мулкий объектларни хусусийлаштириш ва маҳсулотларни паст нархларда сотишда 344,6 млрд. сўмлик давлат мулкини ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилишда айбдор деб топилган. 2 триллион сўмдан ортиқ солиқларни тўлашдан бош тортган. Ушбу иш бўйича Ислом Каримовнинг қизи 2013 йили ҳибсга олинган.

Иккинчи жиноий иш

Гулнора Каримовага нисбатан иккинчи жиноий иш алоҳида очилган ва айни дамгача тергов ишлари давом этмоқда.

Тергов материалларида Каримова жиноий гуруҳга 1 триллион сўмдан ортиқ мулкни давлат органлари ваколатларини асоссиз ўзлаштирган ҳолда ва фирибгарлик йўли билан ўзлаштиршда ёрдам берган.

Унда радиочастота ресурслари ва ер участкаларини ноқонуний реализация қилишда фирибгарлик қўллаш ва хизматларга ҳақ тўлашда мобиль алоқа операторлари абонентларидан қўшимча тўловларни асоссиз ундириш кўрсатилган.

Бундан ташқари Гулнора Каримова 1 миллиард 942,8 миллион долларлик (қарийб 2 миллирадлик доллар) хорижий валютани яширишда гумонланмоқда. У ушбу маблағни турли шахсларнинг манфаатларини «илгари суриш» учун уюшган жиноий гуруҳнинг оффшор компаниялари ҳисоб рақамига «бўнаклар» олиш, улушларни сотиш ва дивидендларни тўлаш ниқоби остида жиноий фаолиятдан олинган даромадларни чет элга олиб чиқиб кетиш орқали яширган.

Прокуратура маълумотларига кўра, гуруҳнинг 12 та хорижий давлатда легаллаштирган маблағлари аниқлаштирилган. Уларнинг умумий миқдори 1,5 миллиард долларга яқин легаллаштирган маблағлари аниқлаштирилган.

Назардан қолган қиз

Гулнора Каримова 2013 йилгача оммага кўз ўнгида тез-тез кўриниш берарди. Мамлакатнинг сиёсий ҳаётида фаол қатнашган, ҳатто Ислом Каримовнинг вориси сифатида ҳам кўрилган. Бироқ кейинчалик у умуман кўринмай кетди. Қисқа муддат ичида Ўзбекистон Президенти тўнғич қизи билан боғлиқ хайрия жамғармалари, телеканаллар ва дўконлар ёпилди.

Каримованинг ўзи Twitter орқали уни отаси олдига қўйишмаётгани ҳақида шикоят қилди.

Яқинларининг гапига кўра, 2014 йилдан бошлаб Каримова амалда уй қамоғига олинган. Айни вақтда АҚШ, Голландия, Швеция ва Швейцария ҳукуматлари Ўзбекистон телекоммуникация бозорида пора тўланганлик ҳақида кенг кўламли суриштирув ишларини бошлаб юборди.

Ушбу материалларда айтилишича, МТС, VimpelСom ва TeliaSonerа лар Ўзбекистонда частота ва лицензия олиш учун гўёки Ислом Каримовнинг қариндоши бўлган шахсга пора берган. Унинг исми айтилмаган, бироқ ОАВ гап айнан Гулнора Каримова ҳақида кетаётганини тахмин қилган. Ушбу маълумот расмийлар томонидан тасдиқланмаган.

Гулнора Каримова отасининг дафн маросимида кўриниш бермаган. Ислом Каримовнинг ўлими ўтган йилнинг 2 сентябрда эълон қилинган. Ушбу ҳодисадан бир неча ой ўтиб Центр-1 портали СНБдаги номи келтирилмаган манбасига таяниб 44 ёшли Гулнора Каримова заҳарлангани ва 5 ноябрда вафот этгани ҳақида хабар чиқарди. Бироқ Би-би-си суҳбатдошлари ушбу хабарни инкор қилишганди.

2016 йилнинг декабр ойида Би-би-си Ўзбек хизмати Ўзбекистон собиқ Президентининг невараси Гулнора Каримованинг ўғли Ислом Каримов билан суҳбатлашди. У онаси норасмий уй қамоғида сақланаётганини билдирган.

"Унга айблов эълон қилишгани йўқ, қайси иш бўйича ва қанча муддатга қамалганини айтишмаган", - деганди Ислом Каримов.

Кичик Ислом Каримовнинг таъкидлашича, онаси сақланган уйга яқинлашган ҳар қандай одамни "дарҳол ҳибсга олишади ва пакетлашади". У Гулнора Каримовани жисман йўқ қилишмоқчи эканлигини айтганди.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02