Ўзбекистонда нима гаплар? - 28 июлнинг янгиликлари

Тошкент

Ўзбекистоннинг биринчи Президенти Ислом Каримовнинг қизи Гулнора Каримова отаси тириклиги вақтида маҳкум этилган. 2015 йилда 5 йилга озодлиги чекланган. Ўзбекистон Бош прокуратурасининг орадан икки ярим йил ўтиб маълум қилишича, собиқ президентнинг тўнғич қизи солиқ тўлашдан бош тортиш каби айб билан бу каби жазога лойиқ кўрилган.

Шавкат Мирзиёев эса, туғилган куни муносабати билан олган қутловлари учун барчага ўз миннатдорчилигини изҳор этган. Халқ фаровонлиги йўлида садоқат билан хизмат қилишини билдирган. Меҳнатсевар, бағрикенг ва олийжаноб ўзбек халқига фарзандлик меҳрини билдиришини айтган.

Ўзбекистон президентининг қарорига мувофиқ, Аманулло Юнусов Матбуот ва ахборот агентлигининг Бош директори лавозимидан озод қилинган. Расмий хабарларга кўра, унинг ўрнига Лазиз Тангриев тайинланган. Тангриев бунгача Ғафур Ғулом номидаги нашриёт-матбаа уйи раҳбари лавозимида ишлаган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02