Тожикистон: Ўзбекистон ва Қирғизистон чегарасида ҳарбий машқлар

Тожикистон Фото муаллифлик ҳуқуқи courtesy

Тожикистон Ўзбекистон ва Қирғизистонга бевосита чегарадош шимолий Сўғд вилоятида уч кунлик ҳарбий ўқув-машғулотларини бошлаган.

Бунақаси ҳар уч давлат мустақиллиги тарихида кузатилмаган: Тожикистон ўз қўшнилари, айниқса, Ўзбекистон билан чегара ҳудудида ҳеч қачон бу ишга қўл урмаган.

Тафсилотлари видеолавҳамизда - назардан қочирманг.

Тожикистонда Россия бошчилигида йирик ҳарбий машқлар бошланди

Тожикистон шарқида ҳарбий машғулотлар ўтказилмоқдами ёки...?

Хитой ҳарбийлари Тожикистонда нима қилишмоқда?

Маълум бўлишича, Сўғддаги ҳарбий машқлар расман Тожикистон Президенти Имомали Раҳмоннинг буйруғи асосида амалга оширилмоқда.

Бу ҳақда Тожикистон Мудофаа вазирлиги матбуот воизининг сўзларига таяниб, мамлакатнинг етакчи news.tj интернет нашри хабар берган.

Бошқа томондан, Тожикистон сўнгги йилларда Афғонистон билан ўзаро чегарадош жанубий минтақаларида якка ўзи, Россия, Хитой билан ҳамкорликда, Коллектив Хавфсизлик Шартномаси ва Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти доирасида устма-уст ҳарбий-ўқув машғулотларига зўр бераётган ягона Марказий Осиё давлати бўлади.

Худди шу боис ҳам Тожикистон шимолида, устига-устак Ўзбекистон ва Қирғизистонга бевосита чегарадош бир вилоятда ўтказаётган бу галги ҳарбий машқлари аксарият минтақавий таҳлилчиларнинг эътиборларини ўзига жалб этмай қолмаган, турли оммавий-ахборот нашрлари ва шу соҳада қалам тебратаётган журналистларнинг ҳам хос қизиқиш ва саволларига сабаб бўлиб улгурган.

Устига устак, Тожикистондан олинган хабарларга кўра, бу машқларга Сўғд вилояти гарнизони таркибига кирувчи барча ҳарбий қисмлар, куч ишлатар тизимлари ходимлари, мамлакат шимолидаги барча туман ва шаҳарларидан заҳирадаги ҳарбийлар жалб этилишади.

Аммо хабарларда уларнинг аниқ сонига оид тафсилотлар келтирилмайди.

Тожикистонлик юқори мартабали ҳарбийлар куни-кеча бу машқларга мамлакат жанубидаги кучлари ҳам сафарбар этилишларига оид хабарларни расман рад этиб чиқишган.

Уч кунлик ҳарбий-ўқув машғулотлари жараёнида уларга яна шахсан Тожикистон Мудофаа вазири Шерали Мирзо бошчилик қилиши айтилмоқда.

Маълум бўлишича, ҳарбий машқларга 10 дона қирувчи самолёт, юзлаб бронетехника, юзга яқин тўп ёки замбарак, 400 дан ортиқ зирҳли автомобиль ташланади.

Ҳарбий-ўқув машғулотларининг ўзи эса, Сўғддаги иккита ҳарбий полигон - Чоруҳдайрон ва Нурафшонда бўлиб ўтади.

Унда иштирок этажак "ҳарбий бўлинмалар эса, Сўғд вилоятига ўтган қуролли-жиноий гуруҳларни қуршаб олиб, йўқ этиш тактикасини ҳам машқ қилишади".

"Ҳудуд ҳимоясини таъминлаш, заҳирадаги зобит ва аскарларни сафарбар этиш масаласига ҳам эътибор қаратишади".

Сабаб?..

Душанбедаги мустақил журналистлардан бирининг Би-би-си Ўзбек Хизмати билан суҳбатида айтишича, ўзига ҳам қизиқ туюлиб, худди шундай савол билан Тожикистон Мудофаа вазирлиги вакилларига мурожаат қилган.

Улардан эса, Сўғддаги ҳарбий-ўқув машғулотларининг фавқулодда бир ери йўқлиги, унинг аввалдан режаланган бўлгани, Афғонистонга чегарадош жанубий Хатлон ва Тоғли-Бадахшонда ўтказиб келинаётганларидан фарқ қилмаслигига оид жавобни олган.

Суҳбатдошимизнинг айтишича, Сўғддаги ҳарбий машқлардан кўзланаётгани айтилган айрим мақсадлар ҳам ўзига хос саволларни пайдо қилмай қўймайди.

Унинг сўзларидан аён бўлишича, ҳарбий-ўқув машғулотлари ноқонуний қуролли гуруҳлар ва террорчи ташкилотларнинг энди Тожикистоннинг Ўзбекистон ва Қирғизистон билан бевосита чегарадош шимолий минтақаларида пайдо бўлиши эҳтимолига тайёр туришни ҳам кўзлайди.

Аммо, суҳбатдошимиз наздида, асосий эътибор кўпроқ "Бир томондан, террорчи гуруҳларнинг Тожикистоноша бу икки минтақа давлати, бошқа тарафдан, Ўзбекистон ва Қирғизистон орқали ўз ҳудудларига ўтишларининг олдини олишга қаратилади".

"Чунки бундан бир неча йил бурун айнан Сўғд вилояти орқали исёнкор полковник Маҳмуд Худойбердиевнинг одамлари Тожикистонга ўтиб келишган, кейин Хўжандда ҳаракатланишни бошлашган", - дейди у.

Аммо, журналистнинг ўз ўрнида эътироф этишича, сўнгги пайтларда Ўзбекистон билан алоқаларнинг илиқлашиб бораётгани боис, бу каби эҳтимол ҳозир ҳақиқатдан анча йироқ.

Унга кўра, бошқа томондан, масъуллар Тожикистонда турли террорчи гуруҳларнинг яққол таҳдиди йўқлигини эътироф этишса-да, ташқи кучларнинг Ўзбекистон ва Қирғизистонга ўтиш учун ўз ҳудудлари, жумладан, шимолий Сўғд вилоятидан фойдаланишлари мумкинлиги эҳтимолини назардан соқит этишмайди.

Суҳбатдошимизнинг айтишича, улар кўпроқ қўшнилари Афғонистондаги Толибон ва ИШИД жангариларига алоқадор гуруҳларни назарда тутишади.

"Улар эса, Тожикистон ҳудудига сизиб киришлари мумкин. Тожик ҳарбийлари ва чегарачиларининг ишонтиришларича эса, бу каби гуруҳлар оз-оздан Тожикистонга ўтиб, мамлакат шимолига етиб олиш мақсадида кейин шу ернинг ўзида бир тўдага бирлашишлари мумкин", - дейди у.

Тожикистон мулозимлари ҳарбий машқлар борасида қўшни Ўзбекистондаги ҳамкасбларини огоҳлантиришгани ҳам хабар қилинганди.

Тожикистон ва Афғонистон

Бошқа томондан, сўнгги йилларда Афғонистоннинг айнан Тожикистонга чегарадош қатор шимолий-шарқий вилоятларида ҳам вазиятнинг жиддий издан чиққани, толиблар қаторида маҳаллий масъуллар Марказий Осиё фуқароларига нисбат берган ва ИШИД сафларида жанг қилаётганини айтган хорижий жангариларнинг ҳам фаоллашишгани кузатилади.

Журналист Сўғддаги "ҳарбий-ўқув машғулотларининг бундан бир йил бурун режалангани", янги президенти Шавкат Мирзиёевнинг бундан кейин қудратга келганини назарда тутиб, уларнинг уюштирилишида Ўзбекистоннинг иштироки борасида сўз юритиш бир қадар ўринсиз бўлишини ҳам таъкидлайди.

Унинг айтишича, шу пайтгача Сўғддаги ҳарбий машқлар юзасидан расмий Тошкентнинг бирор бир мазмундаги баёнотига оид хабарларга ҳам кўзлари тушмаган.

Аммо, журналистнинг ўз манбаларига таянишича, айнан бугун бошланган ҳарбий-ўқув машғулотлари боис, ўзаро чегарада хавфсизлик чоралари кучайтирилган.

Қарийб йигирма йилдирки, 1.283 чақиримли ўзбек-тожик чегара ҳудуди Ўзбекистон тарафидан миналаштирилганича қолмоқда.

1999 йилда ўзини Исломий кучлар, деб атаган ноқонуний қуролли гуруҳлар Қирғизистоннинг Боткент вилояти орқали Фарғона вилоятига сизиб киришга уринган.

Бунинг ортидан, Ўзбекистон қўшнилари Қирғизистон ва Тожикистон билан чегараларини миналаштирилгани айтилганди.

Янги президент, Тожикистон ва миналар

Президент Ислом Каримовнинг кутилмаган ўлими ортидан муддатидан илгари бўлиб ўтган сайловлар ортидан ўтган йил охирида қудратга келган янги президенти Шавкат Мирзиёевнинг бир неча ойлик бошқаруви даврида Ўзбекистоннинг бу икки давлат билан алоқалари яхшиланишга юз тутган.

Ҳар икки қўшни давлат ҳайъатлари иштирокида ҳам Ўзбекистон, ҳам Қирғизистон ва ҳам Тожикистонда қатор музокаралар бўлиб ўтган.

Аммо ўзаро чегараларни миналардан тозалаш масаласи бу учрашувлар чоғида қай бир даражада кун тартибига чиққани ва уларнинг қандай якун топгани борасида расмий ва муфассал хабарлар имконли эмас.

Шу кунларда Тожикистон Ички ишлар вазирлиги раҳбариятининг ўзбекистонлик ҳамкасблари билан пойтахт Тошкентда бўлиб ўтган музокаралари чоғида эса, ўзаро чегара хавфсизлиги масаласининг муҳокама қилингани айтилган, аммо расмий хабарларда нега экани тафсилотлари келтирилмаган.

Бироқ, таъкидлаш жоиз, сўнгги йилларда ўзаро чегарани бузишга уринган номаълум шахсларнинг ўзбекистонлик чегарачилар томонидан ушлангани, отиб, яралангани, катта миқдордаги гиёҳванд моддаларнинг Ўзбекистон ҳудудига ўтишининг олдини олинганига оид хабарларнинг анчайин кўпайгани кузатилади.

Бундан икки йил бурун Афғонистонда жойлашган толибонпараст "Исломий Жиҳод Иттиҳоди" ўзбек жиҳодий гуруҳи баёнот билан чиқиб, "Тожикистонга чегарадош кўплаб ҳудудларни назорат қилаётганликлари", ўз мужоҳидлари "Амударё соҳилларида бемалол ҳаракат қилаётгани"ни иддао қилганди.

Толибон ўзларига бевосита чегарадош шимолий-шарқий Қундуз вилояти маркази - Қундуз шаҳрини муайян муддатга босиб олган 2015 йилдан буён Тожикистон Афғонистон билан давлат чегарасида қўшимча ҳимоя чизиқларини яратган, чегарага яқин туманларга мамлакатнинг бошқа минтақаларидан катта сондаги қўшимча ҳарбийларини сафарбар этган.

Жорий йил бошидан эса, ўзаро чегарада афғонистонлик наркоконтрабандачиларнинг ўндан ортиқ қуролли босқини олди олингани айтилади.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02