Мигрантлар юборган юклар Ўзбекистонга "етиб бормаяпти"

Image caption Меҳнат муҳожирлари Ўзбекистондаги оилаларини пул ва буюмлар билан таъминлаб турадилар.

Россиядан Ўзбекистондаги оилаларига юк юбораётган меҳнат муҳожирлари ўз совға-саломлари йўлда йўқ бўлаётганидан арз қилишмоқда.

Меҳнат муҳожирлари Ўзбекистонга пулдан ташқари, кийим-кечак, турли буюм ва хўжалик жиҳозларини ҳам жўнатиб туришади. Пул юборишда асосан банклар хизматларидан фойдаланилса, юк жўнатиш учун ҳайдовчиларнинг хусусий бизнеслари йўлга қўйилган.

Россия ва Ўзбекистон шаҳарлари йўналишларида қатновчи ҳайдовчилар маълум хизмат ҳақи эвазига муҳожирларнинг совға-саломларини уйларига етказиш билан шуғулланадилар.

Аммо, юклар ҳамма вақт ҳам ўз эгаларига етиб бормайди.

Қозоғистон ва Ўзбекистон чегараларида текширувлар пайтида машина юклари тинтиб кўрилади ва олиб ўтилиши мумкин бўлмаган маҳсулотлар божхона хизмати томонидан мусодара этилади.

Тўрт долларли бизнес

"Ўтган йилнинг декабрида учта сумка ва йўлкираси учун 8 ярим минг рубль (120 доллар) пул бергандим. Жияним боласига этик бериб юборганди. Шошиб турганда, машинасининг номерини ҳам ёзиб олмаган эканмиз. Ҳалигача нарсаларимиз етиб бормади. Энди телефонларимизни олмаяпти," - дейди Москвада ишлайдиган наманганлик Шаҳноза.

Яна бир меҳнат муҳожири Муҳаббат эса 2 йилдан бери уйига юк юборишда хизмат қилиб келган ҳайдовчидан зиён кўрганини айтади. Телевизор, микроволновка каби маиший техника жиҳозлари, қиммат кийим-кечаклар билан бирга онасининг операцияси ва дори-дармонлари учун пул ҳам бериб юборган. Аммо уларнинг ҳеч бири уйига етиб бормаган.

Юк ташиш билан шуғулланувчи ҳайдовчилар ҳар бир килограмм юк учун одатда 200 рубль (ўртача 4 доллар) хизмат ҳақи олишади. Ҳар бир юкнинг олиб бориладиган манзили ва боғланиш учун телефон рақамлар олинади.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Ng72.ru
Image caption Юк ташувчилар узоқ йўлни босиб ўтадилар.

Ҳовлида сочилган буюмлар

"Юкларингиз уйимда турибди, бориб ўзинглар танлаб олинглар," - деган учқўрғонлик ҳайдовчи Муҳаббат исмли ҳамюртига.

Муҳаббат Ўзбекистонга борганида ҳайдовчининг уйини топиб борган, аммо у ерда юборган буюмларини топмаганини айтади. Ҳайдовчи қайси юк кимникилигини билмаган.

"Ҳовлида ҳар хил нарсалар сочилиб ётибди. Ким келса "бу меники" деб тўғри келган нарсани танлаб олиб кетаверган, натижада фақат эски-туски нарсалар қолган," - дейди Муҳаббат.

Шаҳнозанинг айтишича, Россиядан юборилган янги буюмлар эгаларига етказилмай, бозорда сотиб юборилиш ҳоллари ҳам учраб туради.

"Турмушга берадиган қизимга сарполар олгандим, уларни қора пакетга жойлаштириб бериб юборгандим. Борсам, нарсаларим бормаган. Ҳайдовчига телефон қилсам, менлигимни билмай телефонни олди, кейин блоклаб қўйди. 30 минг рублли (500 доллар) қизимнинг сепига олган нарсаларимнинг ҳеч бири йўқ-да!" - дейди у.

"Бизниям тушунишса бўларди"

Би-би-си муҳожирлар юкини қабул қилиб олган ҳайдовчилар билан боғланишга уринганида, баъзи телефон рақамлар ўчирилган, бошқалари эса жавобсиз эди.

Зиён кўрганларнинг айтишича, юк ташиш хизмати билан шуғулланувчи ҳайдовчилар "тез-тез телефон рақамларини ўзгартириб туришади".

Аммо, Би-би-си билан суҳбатлашган Миразиз исмли бошқа ҳайдовчининг айтишича, юклар сафарнинг ўта қийинлиги туфайли ҳар доим ҳам манзилига етиб бормайди.

"Бировнинг моли бировга буюрмайди. Пулини олиб хизматини қилаяпмизми, эгасига етказамиз. Аммо, Қозоғистонда ҳам ёмон қийнашади. Чегарачилар ҳамма юкларни титиб ташлайди. Шундай пайтларда нарсалар тушиб ё алмашиб қолиши, ёки баъзилари йўқолиши мумкин. Бизниям тушунишса бўларди," - дейди юк ташувчи.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Алоқадор мавзулар