Хайрулла Ҳамидов "Спорт" телеканалига қайтди

ҳамидов Фото муаллифлик ҳуқуқи Xayrulla Hamidov

Таниқли футбол шарҳловчиси Хайрулла Ҳамидов бир неча йиллик танаффусдан сўнг телевидениега қайтди. Ҳамидов 19 август куни "Ювентус" ва "Кальяри" ўйинини "Спорт" каналида жонли эфирда шарҳлайди.

Би-би-си Ўзбек хизмати Хайрулла Ҳамидов билан боғланганида у маҳаллий вақт билан соат 21:00 да тўғридан тўғри эфирга узатиладиган "Ювентус" ва "Кальяри" ўйинини шарҳлашга кириб кетаётган эди.

У бугундан бошлаб "Спорт" телеканалида фаолиятини давом эттиришини маълум қилди.

Таниқли футбол шарҳловчиси 1999-2006 йиллар давомида "Спорт" телеканалида фаолият юритган ва мухлисларнинг севикли шарҳловчиларидан бирига айланган эди.

Унинг "Футбол+" кўрсатуви ҳам мухлислар ўртасида анча довруқ қозонган.

Бироқ кейинчалик Ҳамидов телевидениедан бутунлай кетди. Фаолиятини радио ҳамда газеталарда давом эттирди.

Сал олдинроқ ўзининг диний эшиттиришлари билан ҳам мухлислари қалбидан жой олган Хайрулла Ҳамидовнинг "қора рўйхатдан" чиқарилгани ҳақида хабар берган эдик.

Ҳамидов 2010 йили 6 йил қамоқ жазосига ҳукм қилинганди.

Янгийўлдаги ёпиқ маҳкама 2010 йил май охирларида ёшу қари орасида диний - маърифий дастурлари, шеърлари билан мисли кўрилмаган равишда танилган Хайрулла Ҳамидовни ноқонуний диний гуруҳга аъзолик ҳамда жамоат тартибига хавф солувчи материалларни тайёрлаш ва тарқатишда айбдор деб топган эди.

Суд уни 6 йил қамоқ жазосига ҳукм қилганди.

Маҳкама жараёнида Ҳамидов ўзига қўйилган айбларни рад этганди.

У айблов томони ашёвий далил сифатида тақдим этган ва "жамоат хавфсизлигига таҳдид" экани даъво қилинган аудио ва видео материаллар радио ва телевидениедаги муаллифлик дастурларида эфирга узатилганини айтган.

Унинг шеър, эссе ва маърузалари ёзилган аудио ҳамда видео ёзувлар интернет, шунингдек, минтақанинг бошқа давлатларида ҳам кенг тарқалган.

Мухлисларига кўра, Хайрулло Ҳамидов ўз чиқишларида диний мавзулар билан бирга, долзарб ижтимоий муаммоларни кўтариши билан ҳам эътибор қозонган.

Хайрулло Ҳамидов асос солган "Одамлар орасида" рўзномаси қисқа вақт ичида Ўзбекистонда энг кўп сотиладиган нашрга айланган, аммо олти ойдан сўнг турли важлар билан ёпиб қўйилган.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Бу мавзуда батафсилроқ