"Ўзбеккино": "Муқаддас истак" техник сабаблар билан кечикди"

истак Фото муаллифлик ҳуқуқи Screenshot

Ҳилол Насимовнинг шов-шувларга сабаб бўлган "Муқаддас истак" бадиий фильми "баъзи техник жиҳатлари талабга жавоб бермаганлиги" сабаб кечикмоқда. Бу ҳақда "Ўзбеккино" миллий агентлигининг матбуот котиби Би-би-си Ўзбек хизматига маълум қилди.

"Сизга шуни маълум қиламизки, жорий йилнинг бошида премьераси эълон қилинган "Муқаддас истак" бадиий фильмининг баъзи техник жиҳатлари талабга жавоб бермаганлиги сабабли, қайта кўриб чиқилиб, фильмга техник сайқал бериш ишлари амалга оширилмоқда. Премьера кечикишига бошқа сабаблар йўқ", - дейди агентлик матбуот котиби Бахтиёр Норов.

Норовнинг айтишича, фильм тайёр бўлиши билан премьераси бўйича эълон берилади.

Диндорларни салбий образда тасвирловчи баҳсли кинолари билан шов- шув бўлган режисёр Ҳилол Насимовнинг "Муқаддас истак" фильми трейлери чиқиши билан танқидларга учраган эди.

Шу йилнинг 31 январ куни "Ўзбеккино"нинг Facebook даги саҳифасида қўйилган трейлер дарҳол оммалашган ва кескин танқидларга учраганди.

Давлат буюртмаси асосида "Ўзбекфильм" киностудияси суратга олган фильм трейлерида ҳижобли аёл, қамоқхона манзаралари, оилавий-маиший келишмовчиликлар, жангарилар жамлоғидаги тайёргарлик ва уларнинг аҳоли яшаш жойларидаги отишмалари акс этган.

Фикр билдирувчиларга кўра, ушбу фильм трейлерида очиқдан очиқ ирқчилик ва миллатчилик акс этган. Трейлердаги бир саҳнада она ролини ўйнаган аёл ўғлига қарата қизини "қора арабга" бермаслигини айтади.

"Шундоқ синглингни қаердаги қора арабга берасанми", -дея хитоб қилади она.

Facebook фойдаланувчилари режиссёр ушбу жумла билан исломофобликни янги чўққига олиб чиққанини ёзишди.

"Трейлерни кўрдим, биргина жумласи етарли бўлди - қора араб. Очиғи жуда ҳайрон бўлдим. Очиқдан очиқ ирқчилик бу", - дейди Аброр Машарипов.

Кескин танқидлардан сўнг 16 феврал куни "Ўзбеккино" "Муқаддас истак" фильмининг яна бир трейлерини Facebookка жойлади.

Бироқ унда "шундоқ синглингни қаердаги қора арабга берасанми", деган саҳна олиб ташланган эди.

"Ўзбеккино" миллий агентлиги фильм премьерасининг кечиктирилишига ижтимоий тармоқлардаги кескин танқидлар сабаб бўлмаганини билдирди.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Алоқадор мавзулар

Бу мавзуда батафсилроқ