Ўзбекистон прокуратураси: Гулнора Каримованинг Россиядаги мулклари муҳрлансин

каримова Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images

Ўзбекистон Бош прокуратураси Гулнора Каримованинг Россиядаги мол-мулкини хатлашни сўраб мурожаат қилган. Ўзбекистоннинг биринчи Президенти қизининг Россияда пентхаус, қаср, квартира ва меҳмонхоналари борлиги айтилади.

Бу ҳақда "Интерфакс" агентлиги Россия Бош прокуратураси матбуот хизматига таяниб хабар берган.

"Россия Федерацияси Бош прокуратурасига Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасидан Каримова жиноий иши бўйича ҳуқуқий кўмак беришни сўраб мурожаат келиб тушди. Унда кўчмас мулк объектларини ҳибсга олиш тўғрисида ёзилган", - дейилади хабарда.

Ушбу мурожаат Россия томонидан кўриб кўриб чиқилмоқда. Ўзбекистон томони ундаги маълумотлар махфий эканлигини билдирган.

2013 йилда Ўзбекистонда Гулнора Каримовага қарши товламачилик ва солиқдан қочиш ҳолатлари бўйича жиноий иш очилган. Унда 2001-2013 йилларда Каримованинг уюшган жиноий гуруҳ таркибидаги жиноятларини қамраб олинган.

Ўзбекистон Бош прокуратурасининг таъкидлашича, Москвада Гулнора Каримованинг "Камелот" турар-жой мажмуасида битта пентхаус, саккизта квартира, "Рублевка" мавзесида қаср, меҳмонхоналар мажмуаси ҳамда Ялта шаҳрида уй ва дала ҳовлиси бор.

Ўзбекистоннинг биринчи Президенти Ислом Каримовнинг қизи Гулнора Каримова отаси тириклиги вақтида 2015 йили 5 йилга озодликдан чекланган.

Гулнора Каримовага нисбатан иккинчи жиноий иш алоҳида очилган ва айни дамгача тергов ишлари давом этмоқда.

Тергов материалларида Каримова жиноий гуруҳга 1 триллион сўмдан ортиқ мулкни давлат органлари ваколатларини асоссиз ўзлаштирган ҳолда ва фирибгарлик йўли билан ўзлаштиршда ёрдам берган.

Унда радиочастота ресурслари ва ер участкаларини ноқонуний реализация қилишда фирибгарлик қўллаш ва хизматларга ҳақ тўлашда мобиль алоқа операторлари абонентларидан қўшимча тўловларни асоссиз ундириш кўрсатилган.

Бундан ташқари Гулнора Каримова 1 миллиард 942,8 миллион долларлик (қарийб 2 миллирадлик доллар) хорижий валютани яширишда гумонланмоқда. У ушбу маблағни турли шахсларнинг манфаатларини «илгари суриш» учун уюшган жиноий гуруҳнинг оффшор компаниялари ҳисоб рақамига «бўнаклар» олиш, улушларни сотиш ва дивидендларни тўлаш ниқоби остида жиноий фаолиятдан олинган даромадларни чет элга олиб чиқиб кетиш орқали яширган.

Прокуратура маълумотларига кўра, гуруҳнинг 12 та хорижий давлатда легаллаштирган маблағлари аниқлаштирилган. Уларнинг умумий миқдори 1,5 миллиард долларга яқин легаллаштирган маблағлари аниқлаштирилган.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Бу мавзуда батафсилроқ