"Ижтимоий фикр": "Порахўрлик, адолатсизлик авж олган бўлса ҳам Каримов даври яхши эди...ми?"

Ислом Каримов даврида президент ва унинг ҳукумати сиёсатини тинмай "ёқлаб" берадиган "Ижтимоий фикр" маркази яна бир сўров натижаларини эълон қилган.

Бу сўров натижаларига кўра, марҳум президент Ислом Каримовнинг деярли барча амаллари барча ўзбекистонликлар томонидан маъқулланган.

Ҳамма саволлар бўйича жавоблар ижобий ва тўқсон фоизнинг тепасидан пастга тушмаган.

BBC Uzbek YouTube

Сўралганлардан мутлақ кўпчилиги - 98,8 фоизи Ислом Каримовни мустақил Ўзбекистон асосчиси, деб ҳисоблар экан.

Мирзиёев: бардош бергани, чидагани учун халқимизга сажда қилишимиз керак

Президент Мирзиёев милициядаги жиноятлар ва таниш-билишчиликни қоралади

"Ижтимоий фикр": Ўзбекистонда коррупция бор

96,5 фоиз сўралганлар фикрича, Ислом Абдуғаниевич "Мамлакат ҳаётининг барча соҳасидаги ўзгаришларнинг бош ислоҳотчиси ва ғоявий илҳомчиси" эди.

Халқнинг иқтисодий аҳволи бўйича уруш кўрган қўшни Тожикистон даражасига тенг ва айрим ҳолатларда паст бўлган, оммага ошкор этилмайдиган кўрсаткичларга эга Ўзбекистон "Ижтимоий фикр" марказидагиларнинг ишонишича, айнан "Ислом Каримов раҳбарлигида Марказий Осиёдаги асосий давлат сифатида мустаҳкам қарор топди".

Қўшни давлатда электр таъминоти ҳатто қишлоқларда ҳам деярли узлуксиз берилаётгани, Ўзбекистон бўйлаб бармоқ билан саноқли банкоматлар куни кеча ишга тушган ҳолда Душанбедан тортиб Хўжандга қадар бу сўнгги 10 -15 йил ичида оддий кўринишга айлангани зикр қилинмайди.

Сўровномада "Замонамизнинг буюк давлат арбоби Ислом Абдуғаниевич Каримов томонидан илгари сурилган қайси фикрлар, ғоялар ҳамда ташаббуслар, Ўзбекистонни янгилаш, ривожлантириш ва гуллаб-яшнатишга қаратилган қайси сиёсий қарорлар, сизнинг фикрингизча, энг муҳим ҳисобланади?" деган осмонўпар саволга аксарият, рақамда 93,4 фоиз иштирокчи "Ўзбек модели" деб жавоб берди.

"Ўзбек модели" ва коррупция

Фото муаллифлик ҳуқуқи Tass

Шу йил июн ойида "Ижтимоий фикр" ўтказган сўров иштирокчиларининг қарийб 57 фоизи Ўзбекистонда коррупция борлигини таъкидлаган эди.

"Ижтимоий фикр" респондентлари асосан ҳаётдан ва давлат олиб бораётган сиёсатдан мамнунлигини "изҳор қилиб келган".

Сўровда қанча одам иштирок этгани маълум эмас. Сўров ўтказилгани ҳақида "Халқ сўзи" газетаси хабар берган.

"Респондентларнинг ярмидан кўпи (56,8 фоиз) жамиятимизда коррупция бор, деб ҳисоблайди. Бу ҳақда Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент, Сирдарё ва Сурхондарё вилоятлари аҳолиси кўпроқ қайд этган. Сўров шуни кўрсатдики, шаҳар аҳолиси қишлоқ одамларига қараганда жамиятда коррупция мавжудлигини кўпроқ таъкидлаган", - дейилади хабарда.

Респондентларнинг 37,6 фоизи томонидан соғлиқни сақлаш коррупция энг кўп кириб борган соҳа сифатида кўрсатиб ўтилган. Ундан кейин таълим соҳаси эгаллаган.

Сўровда иштирок этганларнинг ҳар тўртинчиси айрим ҳуқуқ-тартибот органлари коррупциялашган, деган фикрни билдирган. Бандлик, ижтимоий таъминот, коммунал хизмат, банк, солиқ ва божхона идоралари, ҳокимликлар ҳамда бошқалар фаолиятида ҳам коррупция учраши билдирилган.

Хабарда айтилишича, тадқиқот давомида фуқароларнинг мансабдор шахсларни ўз мавқеидан шахсий манфаати учун фойдаланишга ундайдиган ва коррупция ҳуқуқбузарлигини амалга ошириш сабабларига нисбатан фикри аён бўлган.

"Ижтимоий фикр" ўшанда сўровномада иштирок этганлар аслида Ислом Каримов даврида шакллантирилган коррупцияга нисбатан муносабат билдиришганини очиқламаган эди.

"Ижтимоий фикр", тошкентлик журналистга кўра, "ҳеч қачон ўз сўровлари билан журналистлар, ҳатто маҳаллий журналистлар орасида ҳам обрўли саналмаган. Аммо тепадан ёзасан, мақтайсан дейишган, пастда буйруқ бажарилган. Йўқса, бу сўнгги икки сўров бир-бирига мутлақо тескари. Каримов ўлимига бир йил тўлиши билан "Ижтимоий фикр" бераётган "фикр", демак, "адолатсизлик бор эди, порахўрлик авжига чиққанди, лекин барибир Каримов яхши эди" қабилида бўлмоқда. Қани мантиқ?"

Сизнингча, "Ўзбек модели" иш бердими?

Агар иш берган бўлса, унда нима учун Ислом Каримов оламдан ўтгач президент Мирзиёев узоқ йиллар мобайнида давлат халқ ҳақида қайғурмаганини тан олган, қийинчиликларга бардош бергани, чидагани учун раҳбарлар халққа бош эгиб таъзим қилиши лозим, деб айтди?

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02