Президент Мирзиёев яна Қуролли Кучларга эътибор қаратди

Шавкат Мирзиёев Фото муаллифлик ҳуқуқи official

Ўзбекистон янги раҳбари яна бир бор мамлакат армиясини замонавий қурол-яроғ ва ҳарбий техника билан лозим даражада таъминлаш масаласига эътибор қаратган. Бунинг не сабаб муҳимлигига алоҳида тўхталиб ўтган.

Президент Шавкат Мирзиёевнинг таъкидлашича, "армиянинг ҳарбий тайёргарлик даражаси, мамлакатга таҳдид солиши мумкин бўлган ҳар қандай хавфга қарши тура олиш имконияти бевосита худди шу нарсага боғлиқ"дир.

Унинг бу сўзлари Ўзбекистон Қуролли Кучларида амалга оширилаётган ислоҳотлар ва бу йўналишда бажарилаётган долзарб вазифалар натижаларига бағишланган душанба кунги видеоселектор чоғида янграган.

Бир йил ичида Каримов сиёсатидан нима қолди?

Ўзбекистон: Каримовсиз ўтган 1 йил

Танқидлар

Ўзбекистон президентининг айни мавзудаги чиқиши ҳам танқидлардан холи бўлмаган.

Шавкат Мирзиёевга кўра, бу соҳа фаолиятида "изчиллик, батартиб ёндашув етишмайди, аксарият вазифалар шу ҳолича ҳал қилиб кетилаверади".

Бу - Ўзбекистон янги президентининг ўзи расман қудратга келган ўтган саккиз ойдан ортиқроқ вақт ичида мамлакат Қуролли Кучлари масаласига иккинчи бор хосан эътибор қаратиши бўлади.

Ўзбекистон Қуролли Кучлари Бош қўмондони бўлган президент Мирзиёев бу ҳақда илк бор шу йилнинг январь ойида чиқиш қилган.

"Замонавий, қудратли армия - тинч-осойишта ҳаётлари кафолати" эканини айтган.

Ўзбекистон Қуролли Кучларини замонавий қурол-яроғ ва ҳарбий техника билан таъминланганлик даражасини янада оширишга қаратилган аниқ вазифаларни белгилаб берган.

Худди шу манзарада берган аниқ топшириқларидан яна бири Ўзбекистон Қуролли Кучлари қудратини ошириш борасидаги ишларни янада такомиллаштириш борасида бўлган.

Ўзбекистон президенти, бундан ташқари, мамлакат Қуролли Кучлари ташкилий тизимини бундан-да такомиллаштириш ва унинг шахсий таркибини яхшилаш масаласида ҳам сўз юритган.

Аммо бу хусусдаги расмий хабарда Ўзбекистон Қуролли Кучларини янада замонавийлаштириш ва қудратини оширишга қаратилган "аниқ вазифа" ва "аниқ топшириқлар" тафсилотлари очиқланмаган.

Олий Бош қўмондон буларнинг барчаси ҳақида Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги раҳбарияти билан Тошкент Олий умумқўшин қўмондонлик билим юртида ўтказган йиғилиши чоғида баён қилганди.

Сабаб?..

Яна деярли худди шу мазмундаги сўзлар янграган Самарқанддаги махсус видеоселекторда қилган чиқишидан аввал эса, Ўзбекистон президенти Жанубий-ғарбий махсус ҳарбий бўлинманинг "Каттақўрғон" полигонига борган.

У ерда бўлинмаларнинг қўшма оператив-тактик машқларини кузатган, Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги қўллаётган ҳарбий техника ва қурол-яроғлар билан танишгани ҳам хабар берилган.

Президент Шавкат Мирзиёевнинг Самарқандга сўнгги ташрифи чоғида нега бу полигонга боргани, бунинг ортидан барча масъул идоралар раҳбарлари, ҳукумат мулозимлари, Тошкент шаҳри ва вилоятлар ҳокимлари билан видеоселектор йиғин уюштиргани сабаби маълум эмас.

Аммо буларнинг барчаси Ўзбекистоннинг жанубий қўшниси Афғонистонда хавфсизлик билан боғлиқ вазият жиддий издан чиқиб бораётган бир пайтга тўғри келмоқда.

Яқинда Афғонистон биринчи вице-президенти, генерал Абдулрашид Дўстум ҳам мамлакатнинг аксарият Марказий Осиё давлатларига бевосита чегарадош шимолий ва шимолий-шарқий минтақаларининг хавфсизлиги юзасидан ўзининг жиддий хавотирларини изҳор этган.

Яқин Шарқдаги ИШИД гуруҳи Марказий Осиё давлатларини кўзда тутиб, бу ерларга ўн мингга яқин жангарисини сиздириш ҳаракатида экани билан огоҳлантирган.

Шундоққина биқинларида толиблар қаторида ИШИД жангариларининг ҳам фаоллашиб бораётганига оид хабарлар эса, ўтган уч йил ичида Ўзбекистон дохил барча Марказий Осиё давлатлари, Россия ва Хитойнинг жиддий хавотирларига сабаб бўлиб келади.

Сўнгги йилларда АҚШ билан ўзаро алоқаларига жиддий путур етган Россия эса, аллақачон Афғонистонда фаоллашиш "ҳаракатига тушиб қолган".

Расман рад этиб келаётган эса-да, Афғонистон Толибон ҳаракати билан яқинлашишга уринаётганига оид хабарлар олинмоқда.

Россия, бундан ташқари, афғон можаросига тинчлик йўли билан ечим топиш учун янги дипломатик воситачи сифатида ҳам ўртага чиққан.

Минтақанинг барча йирик ўйинчи давлатлари иштирокидаги тинчлик музокараларига ҳам мезбонлик қилиб улгурган, аммо АҚШ уларда иштирок этишдан бош тортганди.

Россия, АҚШ ва Афғонистон

Куни-кеча президент Дональд Трамп бошчилиги остидаги янги АҚШ маъмурияти эса, ўзининг Афғонистонга оид узоқ кутилган янги стратегиясини эълон қилган.

Аскарлари Афғонистонда қолавериши, у ерда ўзларининг ҳарбий иштироклари кучайишини баён қилган ва буни Афғонистон ҳукумати хуш қаршилаганди.

Афғонистонда АҚШ ҳарбийларининг ҳозирлиги эса, айниқса, сўнгги йилларда Россия ва Толибон ҳаракатининг "жиғига тегувчи" мавзулардан бирига айланган.

Ҳар икковлон ҳам, ойларки, Американи Афғонистондан ўз қўшинларини олиб чиқиб кетишга даъват этиб келишаётганди.

АҚШ янги маъмурияти эса, ундан сал аввал Украина ва Сурия можаросида тутган ўрни сабаб, Россияга қарши қўшимча санкциялар жорий этишга қарор қилган.

Навбатдаги кутилмаган санкциялар АҚШ ва Россия ўртасидаги шундоқ ҳам издан чиқиб бўлган алоқаларни "бу яқин тарихда кузатилмаган" даражага келтириб қўйган.

Мавжуд вазият Афғонистоннинг бу икки қудрат орасида навбатдаги "прокси уруши" майдонига айланишига оид сўнгги йилларда пайдо бўлган хавотирларни қайта кучайтирган.

Афғонистонга бевосита чегарадош бўлган Ўзбекистон раҳбарияти эса, шу пайтга қадар афғон можаросига тинч йўл билан ечим топилишига тарафдорлик қилиб келган.

Шавкат Мирзиёев Афғонистонга оид ўзининг илк расмий баёнотини ҳали муваққат президент экан, ўтган йил октябрь ойида қилган.

Афғонистон билан ҳар томонлама ҳамкорликни кенгайтириш ва мустаҳкамлаш тарафдори эканликларини билдирганди.

Аммо Шавкат Мирзиёев ўшанда Сурхондарёга қилган ташрифи чоғида Ўзбекистоннинг жанубий сарҳадларидаги чегара постларидан бирини кўздан кечиришни ҳам унутмаган.

Муваққат президент ва Бош вазирнинг давлат чегараларини мустаҳкамлаш чора-тадбирларини ҳам муҳокама қилгани хабар берилган.

Россия ва ҳарбий ҳамкорлик

Президент Мирзиёевнинг Москвага ташрифидан қисқа вақт ўтмай, шу йил апрель ойида Россия Президенти Владимир Путин Ўзбекистон билан билан ҳарбий-техникавий ҳамкорликни ривожлантириш тўғрисидаги шартномани ратификация қилганига оид хабарлар олинган.

Шартноманинг мақсади ҳарбий-техникавий соҳадаги ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада чуқурлаштиришдан иборатлиги айтилган.

Янги шартномага кўра, томонлар Россия ва Ўзбекистонда ҳарбий хавфсизликни таъминлаш, ўз Қуролли Кучларининг ҳарбий салоҳиятини мустаҳкамлаш, ҳарбий кадрлар тайёрлаш, ҳарбий-техник ҳамкорлик бўйича қўшма тадбирларни амалга оширишлари мумкин бўлади.

Шунингдек, битим доирасида тарафлар бир-бирларига ҳарбий мақсадлардаги маҳсулотлар — қурол-яроғ, ҳарбий техника, ишлар, хизматлар ва бошқаларни етказиб беришлари мумкинлиги ҳақида ҳам сўз боради.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев эса, 29 март куни "Ўзбекистон Республикаси билан Россия Федерацияси ўртасида ҳарбий-техникавий ҳамкорликни ривожлантириш тўғрисидаги Шартномани ратификация қилиш ҳақида"ги қонунни имзолагани хабар қилинганди.

globalfirepower.com веб-сайти ўтган йил май ойида дунё мамлакатларининг жанговор қобилиятини намойиш этадиган навбатдаги Global Firepower Index рейтингини эълон қилган ва унда 126 мамлакат орасида Ўзбекистон армиясини 48-ўринга жойлаштирганди.

Бу рейтингда жаҳоннинг энг қудратли армияси деб АҚШ ҳарбийлари топилган.

Иккинчи ва учинчи ўринларни эса, Россия ва Хитой армиялари эгаллашганди.

Шавкат Мирзиёев Ўзбекистоннинг муваққат президенти сифатида қилган илк чиқишларидан бирида эса, мамлакат Қуролли Кучлари ва ҳуқуқ-тартибот органларини бундан кейин ҳам ҳар томонлама мустаҳкамлаб боришларини таъкидлаган.

"Мамлакат суверенитети ва мустақиллигига хавф туғдирадиган ички ва ташқи кучларнинг ҳар қандай ҳаракатлари, ҳар қандай уринишларига қатъий ва муносиб зарба берилиши"ни айтган.

Ўзбекистон муваққат президенти Шавкат Мирзиёев қўшилмаслик сиёсатини давом этдиришга ваъда берган.

Расмий Тошкент ташқи сиёсатда марҳум президент Ислом Каримов даврида қабул қилинган концепцияга содиқ қолишини таъкидлаганди.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02