Нуқтаи назар: Шавкат Мирзиёевнинг Қирғизистонга ташрифидан нималар кутиш мумкин?

Маҳмуд Исаев,

Ўзбекистонлик журналист тахаллуси

Сурат манбаси, official

Қирғизистон президенти Алмазбек Атамбоев 28 август куни Ўш вилоятига ташрифи чоғида кейинги ҳафта Ўзбекистон раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг ташрифи режалаштирилаётганини маълум қилди. Гарчи Шавкат Мирзиёев Алмазбек Атамбоев билан ўтган йилнинг 24 декабрь куни Самарқандда, жорий йилда Остона, Пекинда бўлиб ўтган халқаро тадбирларда учрашган бўлса-да, расмий музокаралар ҳалигача ўтказилгани йўқ эди.

Расмий ташриф нега узоқ кутилди?

Шавкат Мирзиёев ҳокимиятга келгандан бери Қозоғистонга битта давлат, битта амалий ташриф билан борди. Бундай ташрифлар Туркманистонга ҳам амалга оширилди. Ушбу мамлакатлар билан муносабатлар Ислом Каримов даврида ҳам барқарор ривожланган. Шу сабабли Шавкат Мирзиёевнинг Қирғизистон ва Тожикистонга амалга оширадиган сафари муҳим аҳамиятга эга эди.

Хўш, Шавкат Мирзиёевнинг Қирғизистон сафари учун нега бунча муддат керак бўлди?

Ҳар қандай расмий тадбирдан амалий натижа кутилади. Ўзбекистон — Қирғизистон муносабатларидаги узоқ йиллик "совуқ турғунлик"дан сўнг албатта Шавкат Мирзиёев учун ҳам, Алмазбек Атамбоев учун ҳам катта амбицияли келишувлар ҳақида эълон қилиш айни муддао бўлар эди.

Расмий учрашувни ортга сурган биринчи сабаб бу, давлат чегараларини белгилаш масаласидир. Шундан бўлса керак, икки мамлакат раҳбарлари илк учрашувдаёқ қисқа муддатларда икки давлат чегараларини делимитация ва демаркация қилиш бўйича битимни тайёрлаш бўйича топшириқ беради. Оммавий ахборот воситаларида икки мамлакат ишчи гуруҳлари учрашувлари ҳақида мунтазам ахборотлар чиқа бошлади. Турли маълумотларга кўра, сўнгги бир йил ичида томонлар чегара масаласида 15 марта учрашишган. Бу ҳақида Ўзбекистон расмийлари ҳам, Қирғизистон расмийлари ҳам жиддий силжишлар борлигини бот-бот таъкидлай бошлашди.

Жумладан, Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов Халқаро пресс-клубнинг 2017 йил апрель ойидаги мажлисида икки мамлакат жуда кўплаб йўналишларда, жумладан, мураккаб, нозик масалада, таъбир жоиз бўлса, чегараларни делимитация қилишдек муаммода ижобий қадамларни ташлаганини қайд этди. Вазир ўшанда бу борада тегишли ҳужжат ишлаб чиқилаётганини маълум қилган эди.

Маълумот ўрнида айтиш керакки, Ўзбекистон ва Қирғизистон 1378 километрлик умумий чегарага эга. 2010 йилга қадар ушбу чегаранинг 993 километри юзасидан тўхтамга келинган. Аммо ўшандан бери ушбу масалага сиёсий нуқта қўйилган эди. Ислом Каримов вафотидан сўнг ўзаро белгиланган чегаралар 1170 километрга етди. Ҳали ҳам 200 километрдан ортиқ чегара муросага муҳтож турибди.

Бундан ташқари, 50 дан ортиқ участкалар ҳам борки, улар бўйича якуний хулосага келиш жуда оғир кечаяпти. Қирғизистон тарафи ушбу участкалар бўйича махсус келишувлар имзолашни таклиф қилмоқда. Муаммонинг яна бир нозик жиҳати шундаки, томонлар чегараларни турли даврларга тааллуқли ҳужжатлар асосида, масалан, Ўзбекистон 1925 йилги, Қирғизистон 1955 йилги ҳужжатлар асосида белгиламоқчи бўлиб келди.

Бир нарса аниқки, Ўзбекистон ҳам, Қирғизистон ҳам чегара масаласида миллий манфаатларига хилоф иш тутмайди. Лекин чегара муаммосини музокараларсиз, мулоқотларсиз ҳал қилиб бўлмаслиги ҳам аниқ. Шу маънода айтганда, икки мамлакат раҳбариятининг чегара масалада прагматик ёндашаётганини фақатгина олқишлаш мумкин.

Шу йилнинг 15-16 август кунлари Ўзбекистон ҳукумати раҳбари Абдулла Арипов амалий ташриф билан Қирғизистонда бўлиб, ҳамкасби Сооронбай Жээнбеков, мамлакат президенти Алмазбек Атамбоев билан музокаралар ўтказди. Сўнгги 9 йил деганда Ўзбекистон ва Қирғизистоннинг ўзаро ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссияси илк марта ўз йиғилишини ўтказди. "Фабула пресс" газетасининг ёзишича, айнан чегара масаласи бўйича ҳукуматлараро мажлис пайтида Ўзбекистон ҳукумати вакиллари бир неча маротаба танаффус олиб, Тошкент билан маслаҳатлашувлар олиб борган.

Давлат чегараларини делимитация ва демаркация қилиш бўйича битимнинг президентлар томонидан имзоланиши узоқ муддат давомида бошоғриқ бўлиб келган масалани ҳал қилиш билан бир қаторда, истиқболда ушбу масаланинг сиёсийлашувнинг ҳам олдини олади.

Қирғизистондаги сиёсий муҳит мулоқотга таъсир кўрсатадими?

Маълумки, жорий йилда Қирғизистонда президент сайлови бўлиб ўтади. Айрим қирғизистонлик сиёсатчилар фикрича, расмий Тошкент Қирғизистоннинг кейинги раҳбари ким бўлиши аён бўлгандан сўнг ўз хатти-ҳаракатларини фаоллаштирди. Бу фикрга қўшилиб бўлмайди. Чунки бугун Тошкент қўшни мамлакатлардаги сиёсий ўзгаришларга қараб ўз позициясини шакллантирадиган мавқеда эмас.

Ўзбекистон ҳозир Марказий Осиё минтақасида сиёсий интригаларга қўшилмайди. Чунки бу алал-оқибат мамлакат миллий манфаатларига хизмат қилмайди. Қолаверса, Шавкат Мирзиёев ва Алмазбек Атамбоевнинг бир-бирига симпатияси юқорилиги инобатга олинса ҳам, бундай ёндашув нотўғри бўлиб чиқади.

Гилам сотсанг қўшнингга сот...

Шавкат Мирзиёев олиб бораётган ички иқтисодий сиёсатнинг асосий ғояларидан бири маҳаллий маҳсулотларни имкон борича қўшнилар бозорида сотиш ҳисобланади. Майли, сал арзон бўлсин, лекин узоқ бозорларга етказишдан кўра яқин қўшниларга барқарор мол етказиб бериш ўзини оқлайди. Тўғри, икки мамлакатнинг ўзаро савдо-сотиғи ҳажми жуда паст. Шундоқ бўлса-да, бу кўрсаткич жорий йилнинг биринчи чорагида ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 1,8 фоиз ошган. Йил охиригача 200 миллион АҚШ долларига етказилиши мўлжалланмоқда. Масалан, Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги техникалари, автомобиллар, маиший техника воситаларини, Қирғизистон эса текстиль, сут ва гўшт маҳсулотларини экспорт қилиши мумкин.

Одамлар борди-келдисида енгиллик бўладими?

Шавкат Мирзиёев ташрифидан катта ўзгариш кутиш ҳали вақтли бўлган масалалар ҳам йўқ эмас. Собиқ иттифоқ қулаши ва чегара назоратининг ҳаддан ташқари кучайтирилиши оқибатида қавми-қариндошлар, дўсту биродарларнинг узилиб қолган риштасини тиклаш, уларнинг ўзаро бор-келдисини осонлаштириш ана шундай муаммоли масалалардан ҳисобланади.

Айниқса, 2010 йилдан бери аксарият чегара назорат постлари ёпиқлигича қолаяпти. 15 та чегара постидан ҳозирда бештаси очиқ режимда ишлайди. Лекин транспорт воситалари ва одамларнинг чегарадан ўтишини соддалаштириш масалалари муҳокамалар марказида тургани ҳам катта умид уйғотади. Лекин ташрифнинг эртасигаёқ чегаралар очилиб, одамлар борди-келдиси енгил кечади, дейиш қийин. Чунки йиллар давомида шаклланган бюрократия, дунёқарашни ўзгартириш учун томонлар ҳали жуда кўп мулоқот қилиши керак бўлади.

Икки мамлакат ўртасидаги "сиёсий турғунлик" халқлар ўртасида муносабатларнинг ҳам сунъий совуқлашишига олиб келди. Чунки икки мамлакат сиёсий доираларидаги совуқ мулоқот оҳанги, айниқса, оммавий ахборот воситаларида ГЭС, трансчегаравий дарёлар масаласидаги даҳанаки айбловлар оддий одамлар ҳаётига ҳам кўчган эди. Масалан, чегара назорат постларидан ўтиш икки мамлакат фуқаролари учун том маънода муаммога, дардга айланган эди. Қўпол муомала, атайлаб турли текширишларга, кутишларга мажбур қилишлар қирғизларнинг ҳам, ўзбекларнинг ҳам юрагини олган эди. Ўтган бир йил ичида чегарадош вилоятлар аҳли, жамоатчилигининг ўзаро ташрифлари уюштирилгани, турли маданий тадбирлар уюштирилаётгани, оммавий ахборот воситаларида ҳам ижобий руҳдаги материаллар кўпайгани шубҳасиз юқоридаги каби салбий ҳолатларнинг камайишига хизмат қилиши мумкин.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02