Бокс, ЖЧ-2017: Ҳасанбой Дўсматов финалда

Ҳасанбой Дўсматов Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Рио Олимпиадаси ғолиби, икки карра Осиё чемпиони ва AIBA таснифида жаҳоннинг амалдаги энг кучли боксчиси финалга йўлланма олган ўзбекистонлик биринчи боксчи бўлди. Ҳали яна беш нафар ўзбекистонлик боксчи ўзларининг ярим финал жангларини ўтказишади.

Ҳасанбой Дўсматов колумбиялик рақиби Юберхен Мартинесни 5:0 ҳисобида мағлуб этди ва ўзига биринчиликнинг камида кумуш медалини нақд қилди.

Бу - ўзбекистонлик номдор боксчининг ўз карьерасида биринчи бор жаҳон чемпионлиги учун кураши бўлади.

Ҳасанбой Дўсматов энди жаҳон чемпионлиги учун якуний - финал жангида кубалик ўзига яхши синашта боксчи Йоаннис Аргилагосга қарши рингга чиқади.

Медаллар тақдирини ҳал қилувчи жанги арафасида отаси Маъруфжон ака Ҳайитбоев чорак финал жанглари ортидан ўғли қаторида ярим финалга чиққан қолган ўзбекистонлик боксчилар билан ҳам телефон орқали гаплашишга муваффақ бўлгани, "улар ҳаммасининг кўнгли тўқ экани"ни айтганди.

"Худо хоҳласа, ҳаммаси ўрин эгаллайди, деган умиддаман", - деганди Маъруфжон ака.

Андижондан Ҳасанбой Дўсматов отаси билан Би-би-си Ўзбек Хизмати суҳбатига қулоқ тутинг.

'Тошкент йўлбарси': 'Ҳаммаси Ўзбекистонни билади, қўрқади...'

Бокс, ЖЧ-2017: Ҳасанбой Дўсматов ярим финалда

Германиянинг Гамбург шаҳри мезбонлик қилаётган бу йилги жаҳон чемпионатида Ўзбекистонни жаъми 10 нафар боксчиси барча вазн тоифаларида намоён этган.

Улардан 9 нафар чемпионатнинг чорак финалига чиқиб, ўзига хос рекорд ўрнатишган, эришган бу каби ютуқлари билан қолган барча иштирокчи давлатлар вакилларини ортда қолдириб кетишганди.

Бу боксчилардан олтитаси эса, ярим финалга йўлланмани қўлга киритган ва жаҳон чемпионлиги учун курашиш ҳуқуқини сақлаб қолишган.

Бу йилги жаҳон чемпионатининг ўзбекистонлик боксчи ярим финалчилари эса, Ҳасанбой Дўсматов, Шаҳрам Ғиёсов, Иқболжон Холдоров, Санжар Турсунов, Жасурбек Латипов ва Бектемир Мелиқўзиевлар бўлишади.

Бу йилги жаҳон чемпионатининг ярим финал жанглари 31 август ва 1 сентябрь кунлари бўлиб ўтади.

10 нафар янги жаҳон чемпионларининг номи 3 сентябрга қолмай маълум бўлади.

Ўзбекистон эса, Россия ва Қозоғистон билан бирга Куба (7 нафар) дан кейин ярим финал жангларида энг кўп сондаги боксчилари билан иштирок этаётган учта давлатдан бири бўлади.

"Худо хоҳласа, Ҳасанбой ҳам умидларимизни оқлайди ва жаҳон чемпионатида биринчи ўринни олади, деган умиддамиз", - деб қолганди Маъруфжон ака Ҳайитбоев суҳбатимиз якунида.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Алоқадор мавзулар