Гулнора Каримованинг қизи Имон Тошкентда кўриниш берди

Имон Каримова оилавий можаролар ортидан холаси билан кўриниш берган Фото муаллифлик ҳуқуқи Facebook/Lola_Karimova-Tillayeva
Image caption Имон Каримова оилавий можаролар ортидан холаси билан кўриниш берган

Имон Каримова холаси Лола Каримова-Тиллаева билан бобосининг ҳайкали остига гул қўйган. Имоннинг онаси Гулнора Каримова Ўзбекистонда "озодликдан чекланган" ва ҳибсда сақланаётгани айтилади. Акаси Ислом Каримов эса Англияда муҳожиротда юрибди.

Оқсарой қароргоҳида марҳум Ислом Каримовга қўйилган ҳайкалнинг расмий очилиш маросимида Гулнора Каримованинг қизи Имон оммага кўриниш берган.

У холаси Лола Каримова-Тиллаева билан бобоси ҳайкали остига гул қўйган. Бувиси Татяна Каримова нутқ сўзлаган вақти Имоннинг олд қаторда турганини кўриш мумкин.

Сурат Лола Каримова-Тиллаеванинг Facebook даги саҳифасига жойлаштирилган ва "Лола Каримова-Тилляева жияни Иман Каримова билан", - деб ёзилган.

Имон Каримованинг 2014 йили онаси билан уй ҳибсида сақланаётгани ҳақида хабарлар чиққан эди.

2016 йилнинг 29 ноябрида Би-би-си Ўзбек хизматига гапирган кичик Ислом Каримов синглиси Имон уй ҳибсида эмаслигини, аммо мамлакатни тарк эта олмаслигини айтганди.

"Синглим ҳозир «Туркистон» меҳмонхонасида яшаяпти. Февралда уни ойимдан ажратиб шу меҳмонхонага жойлаштиришган. У эркин ҳаракат қилиши мумкин, лекин ўша ерда ухлаши керак. У ойимсиз бир жойга боролмайди. Уни мамлакатдан чиқариб юборишмоқчи бўлишяпти, лекин у ойимсиз ҳеч қаерга кетмоқчи эмас. Чунки агар у кетса ва ойимга бирон нарса бўлса, ҳеч ким гувоҳ бўлолмайди, ҳеч ким у билан мулоқотда бўлмайди. Чунки менда ҳам бевосита алоқа йўқ ойим билан. Агар унга бир кор ҳол бўлса, буни биладиган ягона одам синглим бўлади", деган у.

Тошкентга қайтса ўзбек СНБси онаси, синглиси ва ўзини ёўқ қилиши мумкинлигини айтган Ислом Каримов нима сабабдан синглиси бобоси билан видолашишга қўйилмаганини савол остига олганди.

"Мен-ку майли, нега синглим ва ойим Тошкентда бўла туриб, бобом билан видолаша олмадилар? Бутун умр ёнида бўлишган. Бу ахир оддий инсоний ҳурмат. Видолашув. Буни ҳеч қачон тушунмаймиз", деган у.

Ўзбекистоннинг биринчи Президенти Ислом Каримовнинг қизи Гулнора Каримова отаси тириклиги вақтида 2015 йили 5 йилга озодликдан чекланган.

Ўзбекистон Бош прокуратурасининг орадан 2,5 йил ўтиб маълум қилишича, собиқ Президентнинг тўнғич қизи солиқ тўлашдан бош тортиш каби айб билан озодликдан чеклаш жазосига маҳкум этилган.

Гулнора Каримовага нисбатан иккинчи жиноий иш алоҳида очилган ва айни дамгача тергов ишлари давом этмоқда.

Тергов материалларида Каримова жиноий гуруҳга 1 триллион сўмдан ортиқ мулкни давлат органлари ваколатларини асоссиз ўзлаштирган ҳолда ва фирибгарлик йўли билан ўзлаштиршда ёрдам берган.