'Human Rights Watch' ҳайъати Ўзбекистонга ташриф буюрди

ташкилот Фото муаллифлик ҳуқуқи courtesy

Ўзбекистонга "Human Rights Watch" халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотининг делегацияси ташриф буюрди. Бу ҳақда Ташқи ишлар вазирлиги ахборот хизмати хабар берди. Ташкилот 15 йиллик фаолияти ортидан, 2011 йил бошида Ўзбекистондаги ваколатхонасини ёпишга мажбур бўлганди.

Ташкилот ҳайъати бир неча бошқарув органларида ва мамлакатнинг бошқа ҳудудларида бўлиши кутилмоқда.

"Ташриф дастурига кўра, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси, Олий суд, Бош прокуратура, ташқи ишлар, ички ишлар, адлия, бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирликлари, бошқа давлат ва нодавлат тузилмаларда учрашувлар ўтказиш ва мамлакатимиз ҳудудларида бўлиш режалаштирилган", дейилади хабарда.

Халқаро ташкилотнинг Марказий Осиё бўйича тадқиқотчиси Стив Свердловга делегацияга бошчилик қилиши кутилаётганди.

'Human Rights Watch' қаторида бошқа ҳар қандай халқаро ташкилотларнинг Ўзбекистонга қайтиши масаласини инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ анчайин умумий контекстда кўрамиз. Расмий Тошкент инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ халқаро қонунларда кўзда тутилган асосий вазифаларини бажаришга қодир ва буни қилиши шарт, деб ҳисоблаймиз" ,деганди Стив Свердлов Би-би-си билан суҳбатда.

'Human Rights Watch' ва Ўзбекистон

'Human Rights Watch' 15 йиллик фаолияти ортидан, 2011 йил бошида Ўзбекистондаги ваколатхонасини ёпишга мажбур бўлгани ҳақида хабарлар олинган.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов эса, шу ой бошида Тошкентдаги Халқаро Пресс-клубдаги мулоқот пайти 'Human Rights Watch' ва бошқа ноҳукумат нотижорат ташкилотлар Ўзбекистондаги фаолиятларини қайта бошлашлари мумкинлигини айтган.

Жаноб Комилов сўзларига кўра, халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотлари Ўзбекистонга қайтишлари мумкин, бу борада ҳеч қандай чеклов йўқ.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов яқинда 'Human Rights Watch' раҳбари Кеннет Ротдан мактуб олганини, бу мактубда ташкилот тадқиқотчиларининг Ўзбекистонга келишларига рухсат сўралганини айтган.

"Аммо, мазкур ташкилотлар бир нарсани тўғри тушунишлари керакки, Ўзбекистон ҳукумати билан амалий, ўзаро бир-бирини ҳурмат қилиб, Ўзбекистон ички ишларига аралашмаслик тамойилига амал қилган ҳолда ҳамкорликни йўлга қўйишлари мақсадга мувофиқ бўлади", дея баён қилганди.

Халқаро ташкилотнинг ўзи эса, Ўзбекистоннинг янги президенти этиб сайланишидан бор-йўғи беш кун ўтиб, ўтган йил декабрь ойида Шавкат Мирзиёевга мактуб йўллаган.

Ундан мамлакатдаги "инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ абгор аҳволни яхшилаш йўлида аниқ қадамлар қўйиши лозим"лигини айтган.

Бу халқаро инсон ҳақларини сақлаш ташкилоти наздида Шавкат Мирзиёев ва унинг маъмурияти келаси 5 йил ичида:

-Сиёсий маҳбусларни озод этиши

-Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг масъул идоралари билан ҳамкорлик қилиши

-Қийноқларга чек қўйиши

-Матбуотга қўйилган чекловларни бекор қилиши

-Фуқаровий Жамиятларни ўз холига қўйиши

-Диний эътиқод эркинлигини таъминлаши

-Жинсий озчиликларга қарши дискриминация ҳолларига чек қўйиши

-Мажбурий меҳнатга якун ясаши

-Андижон қирғини юзасидан мустақил терговга изн бериши лозимлигини таъкидлаган.

Худди шу талаблари сирасида "Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг инсон ҳақлари бўйича 14 экспертининг узоқ йиллик сўровлари қондирилиши, уларнинг мамлакатга киришларига изн берилиши керак"лигини тилга олган.

Бошқа инсон ҳақларини сақлаш ташкилотлари қаторида Халқаро Қизил Хоч Ташкилотининг ҳам Ўзбекистонда нормал фаолият юритиши, ҳибсхоналардаги шарт-шароитни кузатиб боришларига имкон берилиши кераклигини айтган.

Маҳаллий ва Ўзбекистонда ўз фаолиятларига якун ясашга мажбур бўлганлари дохил халқаро оммавий-ахборот воситаларини расман қайддан ўтишларига рухсат бериш ва чет эллик журналистларга аккредитация бериш билан ҳам мамлакатда ростмана матбуот эркинлигини таъминлашга ундаган.

Мактубининг сўнггида "айни масалаларни муҳокама этиб олиш учун Шавкат Мирзиёев ва унинг ҳукумати тадқиқотчиси дохил ўз ходимларининг Ўзбекистонга сафар қилишларига изн бериши лозим"лигини ҳам айтган.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Бу мавзуда батафсилроқ