Бокс, ЖЧ-2017: Шаҳрам Ғиёсов жаҳон чемпиони

Ҳасанбой Дўсматов Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images

Шаҳрам Ғиёсов бу йилги жаҳон чемпионатининг олтин медалини қўлга киритган ўзбекистонлик ягона боксчи бўлди.

Ҳасанбой Дўсматов, Жасурбек Латипов ва Иқболжон Холдоров бу йилги жаҳон чемпионатининг кумуш медаллари билан кифояланишга мажбур бўлишди.

Шу билан ўзбекистонлик боксчилар иштирокидаги финал жанглари ўз ниҳоясига етди.

Уларнинг барчаси ўз финал жангларини кубалик боксчиларга қарши олиб боришди.

Шаҳрам Ғиёсов (-69 кг вазн тоифасида) Рио кумуш медали совриндори ва амалдаги Осиё чемпиони ҳам бўлади.

Бу - 24 ёшли Шаҳрам Ғиёсов боксчилик карьерасидаги биринчи жаҳон чемпионати бўлганди.

Ўзбекистон бу йилги жаҳон чемпионатини битта олтин, учта кумуш ва иккита бронза медали билан якунлади.

Бу йилги жаҳон чемпионатининг финал босқичига Ўзбекистон тарихидаги энг катта сондаги - жаъми 4 нафар боксчиси чиқишга муваффақ бўлишганди.

Финал жанглари олдидан

Ҳозир мезбон Гамбургда бўлган Ўзбекистон тарихидаги энг номдор, совриндор боксчилардан бири, профессионал бокс "қироли" Артур Григорян эса, жаҳон чемпионлиги учун бўлажак финал жанглари олдидан ўз қўлқопдошларига бор диққатларини жангга қаратишни маслаҳат берганди.

"Улар шу пайтгача яхши бокс намойиш этиб келишди. Тўрт нафари финалга ҳам чиқишди. Мен уларга омад, боксчиларга хос жанговар руҳ, кайфият тилаб қоламан. Бор диққатларини жангга қаратишсин, бор куч-маҳоратларини ишга солишсин, жон-жаҳдлари билан жанг қилишсин", - дейди Артур Григорян Би-би-си Ўзбек Хизмати билан суҳбатида.

Суҳбатдошимизнинг айтишича, ҳозир Гамбургда жаҳон чемпионлиги учун курашини давом этдираётган ўзбекистонлик боксчилар билан бирга, битта меҳмонхонадалар ва улар билан ҳар кун кўришиб, шу ҳақда гаплашишади, мулоқот қилишади.

"Мен чин дилдан ўз юртдошларим бўлган ўзбек боксчиларига соғлиқ, омад ва зафар ёр бўлишини тилаб қоламан", - дейди Артур Григорян.

"Уларнинг ғолиб чиқиш имкониятлари олий даражада. Ишдан бўш вақтларимда германиялик маҳаллий бокс ишқибозлари билан бирга болаларнинг жангларини томоша қиламан. Немисларнинг барчаси ҳайратда...".

"Қойил, ўзбеклар бунча кучли, бунча яхши бокс тушадиган бўлишибди, бокс мактаблари бунча яхши бўлмаса, нима учун биз уларни аввал кўрмаганмиз, улар ҳақда деярли эшитмаганмиз", - дейишади ҳаммаси", - дейди суҳбатдошимиз.

У кишининг айтишича, ҳозир ўзбекистонлик боксчилар қолган барча учун, таъбир жоиз, "қўрқинчли бир тушга" айланишган.

"Худди шу боис ҳам, мен болалалар ўзларининг эришаётган ютуқлари билан бугун дунёни тан олдиришаётгани, юртимни тан олишгани ва олишаётгани учун қувончимнинг чеки йўқ. Ўз халқим ва мамлакатим учун мамнунман", - дейди суҳбатимиз якунида Артур Григорян.

"Гамбургдаги кимни танисам - ўзбеклар, ҳамма билет олган, айримлари эса, ҳатто, болалари, оиласи билан бирга финал жангларини томоша қилиш учун боришаяпти", - дейди ҳозир Германияда бўлган асли ўзбекистонлик мустақил журналист Ҳулкар Норқобилова.

Гамбург: 'Ҳамма ўзбеклар финал жангларини кутиб туришибди'

Руслан Чагаев: 'Мен кўпроқ олтин медаллар кутаяпман'

Бокс, ЖЧ-2017: Ҳасанбой Дўсматов финалда

Боксчилар ва финал жанглари

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images

Ҳасанбой Дўсматов бугун жаҳон чемпионатининг олтин медали учун рингга кўтарилажак ўзбекистонлик биринчи бўлади.

Гамбургдагиси - Рио Олимпиадаси ғолиби, икки карра Осиё чемпиони ва AIBA таснифида жаҳоннинг амалдаги энг кучли боксчиси учун ўз карьерасидаги биринчи жаҳон чемпионати бўлади.

Андижон бокс мактабининг энг ёрқин намояндаларидан бири бўлган Ҳасанбой Дўсматов (-49 кг вазн тоифасида) жаҳон чемпионлиги учун ўзининг финал жангини кубалик азалий рақиби Хоанис Архилагосга қарши ўтказади.

Бу икки рақиб сўнгги бор шу йил май ойида Самарқандда Бутунжаҳон Бокс серияси (WSB) доирасидаги чорак финал беллашувларининг дастлабки учрашувида бир-бирларига қарши рингга тушишган.

Бу жангда Ҳасанбой Дўсматовнинг қўли баланд келганди.

Андижондан отаси Маъруфжон ака Ҳайитбоевнинг Би-би-си Ўзбек Хизмати билан суҳбатида айтишича, якуний ҳал қилувчи жанги олдидан "Ҳасанбойга омад тилаб, дуо қилиб ўтиришибди" - суҳбатимизга мана бу линк орқали қулоқ тутинг.

Рақибларнинг барчаси кубалик...

Ўзбекистонлик тўрт нафар боксчининг ҳаммаси эса, бугун жаҳон чемпионлиги учун ўзларининг финал жангларини кубалик боксчиларга қарши ўтказишади.

"Менинг изимдан бориб, ҳамма кубаликларни ютиб, жаҳон чемпиони бўлишсин", - дея уларга тилак билдираётган Руфат ака Рисқиевнинг ўзи эса, икки карра Куба Очиқ чемпионатининг чемпиони бўлади.

"Мен кубаликлар билан саккиз марта рингга чиққанман. Ўшандан фақат биттаси очколар ҳисобига, қолган барчасини эса, нокаут билан ютганман. Мендан бошқа кубаликларни "урган" одам йўқ СССРда. Фақат Ўзбекистондан, биз - ўзбеклар ютганмиз. Шунинг учун ҳам болаларга фақат омад тилайман", - дейди Руфат ака бугунги финал жанглари олдидан Би-би-си Ўзбек Хизмати билан суҳбатида.

Яна бироздан сўнг жаҳон чемпионлиги учун Гамбург рингларига кўтарилажак боксчилар эса, Ҳасанбой Дўсматов, Жасурбек Латипов, Иқболжон Холдоров ва Шаҳрам Ғиёсовлар бўлади.

Германиянинг Гамбург шаҳри мезбонлик қилаётган бу йилги жаҳон чемпионатида Ўзбекистонни 10 нафар боксчиси барча вазн тоифаларида намоён этишган.

Барча иштирокчи давлатларни ортда қолдириб, улардан 9 нафари биринчиликнинг чорак финалига чиқишга муваффақ бўлишган.

Чорак финал жанглари ортидан эса, Ўзбекистон Кубадан кейин энг кўп боксчиси (6 та) ярим финалга йўлланма олган учта давлатдан биттаси бўлган.

Санжар Турсунов ва натижаси ўзбекистонлик бокс ишқибозлари орасида ҳануз қизғин баҳсу мунозараларга сабаб бўлаётган жума кунги ярим финал жанги ортидан, Бектемир Мелиқўзиев биринчиликнинг бронза медаллари билан кифояланишга мажбур бўлишган.

Финал босқичига кўтарилган ўзбекистонлик тўрт нафар боксчи эса, бу йилги жаҳон чемпионатининг камида кумуш медалини олиш имкониятини ўзларида сақлаб туришибди.

25 август куни старт олган жаҳон чемпионати бугун - 2 сентябрь куни ўз поёнига етади ва жаҳоннинг янги 10 нафар чемпионини аниқлаб беради.

46-49 кг. Финал. 21:00:

Ҳасанбой ДЎСМАТОВ (Ўзбекистон) - Жоанис АРГИЛАГОС (Куба)

52 кг. Финал. 21:20:

Жасурбек ЛАТИПОВ (Ўзбекистон) - Йосбани ВЕИТИА (Куба)

56 кг. Финал. 21:40:

Қайрат Ералиев (Қозоғистон) - Дюк Раган (АҚШ)

60 кг. Финал. 22:00:

Лазаро Алварес Эстрада (Куба) - Софиан УМИҲА (Франция)

64 кг. Финал. 22:20:

Иқболжон ХОЛДОРОВ (Ўзбекистон) - Анди КРУЗ ГОМЕС (Куба)

69 кг. Финал. 22:40:

Шаҳрам ҒИЁСОВ (Ўзбекистон) - Рониэл ИГЛЕСИАС ГОМЕС (Куба)

Улар иштирокидаги барча финал жанглари натижаларини Би-би-си Ўзбек Хизмати билан бирга кузатиб боринг.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Алоқадор мавзулар