‘Мени кечирасизу ҳозир бутун Ўзбекистон шокда...’

Футбол Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images

Тошкентдан фахрий футбол шарҳловчиси Ахбор ака Имомхўжаев Ўзбекистон миллий терма жамоасининг ўз тарихида бешинчи бор жаҳон чемпионатига чиқиш имкониятини қўлдан бой бериши воқеълигига худди ана шундай муносабат билдирди.

"Нега ҳеч ким жавоб бермади бунга? Нега шу аҳволга олиб келиб қўйдик? Бизга ўхшаган фахрий футбол шарҳловчилари, шу соҳада сочи оқарган одамларни чақириб, ҳеч бўлмаса маслаҳат сўраса бўларди-ку, "бу вазиятдан чиқиб кетиш учун нима қилсак бўлади, деб", - дейди суҳбатдошимиз.

Ахбор ака Имомхўжаев билан Би-би-си Ўзбек Хизмати суҳбатига мана бу линк орқали қулоқ тутинг.

Футбол бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси Жанубий Кореяга қарши ҳал қилувчи якуний ўйинида, устига устак, Тошкентда дуранг натижа қайд этган.

Ғалаба қозонган тақдирда, "А" гуруҳига ажратилган иккинчи нақд йўлланмага эгалик қилиш имкониятига эга бўлиб туриб, уни бой берган.

Гуруҳ пешқадами Эрон билан Теҳронда дуранг натижа қайд этган Сурия эса, тўплар нисбатидаги фарқ ҳисобига бу йил Ўзбекистонга ярим йўлланма учун ўз курашини давом этдириш имкониятини ҳам қолдирмаган.

Футбол, ЖЧ-2017: Ўзбекистон 0:0 Жанубий Корея, кураш шу ерда тугади

Футбол: Ўзбекистон Хитойга мағлуб бўлди

Тошкентдан олинган хабарларга кўра, Жанубий Кореяга қарши бу каби ўйиндан кейин миллий терма жамоа Бош мураббийси қисқача кириш сўзи қилиб, журналистларнинг саволларига жавоб бермасдан, матбуот анжуманини тарк этган.

Самвелл Бабаян ўз кириш сўзида, "...қўлимдан келган барча ишни қилдим. Мендан кейин келадиган мураббий кўпроқ ишлаши керак бўлади. Қачондир бизга муваффақият учун нима етишмаганини айтарман. Ҳозирча саволларга жавоб бера олмайман", - дея гапни калта кесган.

Маълум бўлишича, миллий терма жамоа аъзолари ва мураббийлар штаби эса, тартиб-қоидага мувофиқ, микст-зонадан ўтмаган.

Хабарларга кўра, бу ҳолат ҳам журналистларнинг қатъий норозиликларига сабаб бўлмай қолмаган.

"Ўзига хос, ўзига мос ўйинчилар керак бизларга. Ватан, деб, элим, деб, юртим, деб, ёниб яшайдиган одамлар керак. Раҳбарлар ҳам, ўйинчилар ҳам, захирадагиларга ҳам - бутун Ўзбекистондаги футболчилар учун терма жамоага кириш жуда катта бир ҳавас бўлиши керак. Ўзбек деса, ўзини кўрсата оладиган, қўрқмайдиган, мард...эл таниган бўлсин шу ўйинчиларни...", - дейди Ахбор ака Имомхўжаев.

Футбол бўйича Россия мезбонлик қилажак 2018 йилги жаҳон чемпионати 14 июнь-15 июль кунлари бўлиб ўтади.

Унга бу йил Осиё қитъасидан Эрон, Жанубий Корея, Япония ва Саудия Арабистони тўғридан-тўғри чиқишган.

Сурия ва Австралия эса, қитъага ажратилган яримта йўлланмани "бутун" қилиш учун ҳали яна плей-офф босқич беллашувларида иштирок этишлари керак бўлади.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02