Мирзиёев: Мусулмон дунёси фан ва технологиялар соҳасида ортда қолмоқда

мирзиёев Фото муаллифлик ҳуқуқи Akorda.kz

Президент Шавкат Мирзиёев Остонада ўтаётган Ислом ҳамкорлик ташкилоти (ИҲТ) анжуманида Ислом оламидаги муаммоларга тўхталган. У мусулмон дунёсининг кўплаб мамлакатлари ривожланган давлатларга нисбатан фан ва технологиялар соҳасида анча ортда қолаётганини таъкидлаган.

"Масалан, дунёнинг энг яхши 500 университети рейтингига бизнинг ташкилотимиз иштирокчи давлатларининг атиги 11та ОТМлари киритилди. 2015 йилда ИҲТ давлатларидан патент олиш бўйича берилган аризалар сони бор-йўғи 1,9%ни ташкил қилган", - деган дея Мирзиёев сўзларидан иқтибос келтиради Спутник нашри.

Мирзиёев бой табиий ресурслар ва молиявий салоҳиятга эгалигига қарамай, мусулмон давлатларининг аксарияти инновацион ғоялар ва технологияларни иқтисодиёт соҳасига жорий этиш борасида фаоллик кўрсатмаётганини айтган.

Ўзбекистон Президенти Ислом дунёси мамлакатларида илм-фан соҳасида эришиладиган ютуқлар учун ИҲТ махсус мукофотини таъсис этишни ва бу мукофотни халқаро саҳнада оммалаштиришни таклиф этган.

Шавкат Мирзиёев Президент лавозимига ўтиргач Ўзбекистонда Ислом динининг ривожи учун катта лойиҳаларни бошлагани айтилади.

Тошкентда Ислом цивилдизация марказини ташкил этиш борасида гапирган Мирзиёев дунё вақтида дунё тамаддунига муносиб ҳисса қўшган Ислом дини бундан кейин ўз ўрнини сақлаб қолиши кераклигини билдирган.

Ислом ҳамкорлик ташкилотига 1969 йили асос солинган. Айни дамда ушбу ташкилотга 57 давлат аъзо ва бу давлатларда 1,5 миллиард аҳоли истиқомат қилади.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Бу мавзуда батафсилроқ