Самарқандда стриптиз рақсига тушувчи қизлар ушланди

"Зарафшон" газетаси сайтида нашр қилинган суратда рейдлардан бири акс этган Фото муаллифлик ҳуқуқи zarnews.uz
Image caption "Зарафшон" газетаси сайтида нашр қилинган суратда рейдлардан бири акс этган

Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи ҳуқуқ тартибот органи ходимлари билан ҳамкорликда Самарқанд шаҳридаги тунги клубларида рейдлар ўтказди. Қўлга олинган қизлардан бири етишмовчиликдан ва кунига 5 доллар учун стриптиз рақсига тушишини билдирган.

"Зарафшон" газетасининг ёзишича, шаҳардаги 7 та тунги барда турли қонунбузарликлар аниқланган.

"Масалан, "Jeyran" клубида енгил табиатли аёллар ва ўсмир қизлар меҳнатидан фойдаланилаётгани маълум бўлди. Ярим яланғоч кийинган бир гуруҳ қизлар клубга ташриф буюрган мижозларга беҳаё рақсларни намойиш этиш билан шуғулланаётган экан", - деб ёзади нашр.

Мақолада стриптиз - кийимларни доимо ечиб бориш билан тушуладиган рақс билан шуғулланган 20 ёшли қизнинг суҳбати келтирилган.

" Бу иш билан бир йилдан буён шуғулланаман. Бир нафар фарзандим бор. Онам оғир касалликка чалинган, отам ҳеч қаерда ишламайди. Шу иш орқали кунига 40-50 минг сўм топиб, уйдагиларни боқаман. Бошқа ишни қилай десам, маълумотим йўқ", - деган у.

Ҳуқуқ-тартибот муассасалари ходимлари томонидан тунги клублар эгаларига нисбатан муайян чоралар кўрилган. Уларга тунги клубларнинг салбий оқибатлари хусусида тушунчалар берилган.

Тунги клубларда қўлга олинган 11 қизнинг шахсини аниқлаш учун ички ишлар идораларига олиб келинган.

Мақолада мажбурият юзасидан бу иш билан шуғулланаётгани айтган қизларга нисбатан Ёшлар иттифоқи томонидан қандай амалий ёрдам берилгани борасида ҳеч нарса дейилмаган.

Ўзбекистонда сўнгги вақтларда фоҳишаларни қайд этиш ва уларга нисбатан чора кўриш ҳақида хабарлар тез-тез чиқа бошлаган.

Хабарларда уларнинг мижози бўлмиш эркакларга қандай чора кўрилгани борасида ҳеч нарса айтилмайди.

Кузатувчилар фоҳишахона ва тунги клубларда стриптиз рақсларига тушаётган қизларга қонунбузар эмас, балки жабрланувчи сифатида қараш кераклигини урғулашади.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Алоқадор мавзулар

Бу мавзуда батафсилроқ