Футбол: Ўзбекистон Футбол Федерациясида янги президент

Футбол Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images

Мираброр Усмонов Ўзбекистон Футбол Федерацияси президентлигидан кетди.

Расмий хабарларга кўра, 12 сентябр куни Тошкентда бўлиб ўтган ҳисобот-сайлов анжумани ортидан Умид Аҳмаджонов Мираброр Усмонов ўрнига федерациянинг янги президенти этиб сайланган.

Ўзбекистондаги футболга ихтисослашган қатор интернет нашрларида ёзилишича, у овоз бериш учун илгари сурилган ягона номзод бўлган.

Умид Аҳмаджонов бунгача Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси вице-президенти, Миллий Паралимпия Уюшмаси раисининг муовини ва Тошкентнинг "Пахтакор" клуби вице-президенти бўлиб ишлаган.

Унинг ҳар уч вазифасини ҳамоҳангликда олиб борадими ёки йўқ, ҳозирча маълум эмас.

Сўнгги янгилик борасида ҳозирча Ўзбекистон Футбол Федерациясининг расмий веб саҳифасида бирор бир хабар йўқ.

Федерация ҳисобот-сайлов анжумани тафсилотлари борасида ўзининг расмий 'Twitter' аккаунтида хабар берган.

Футбол, ЖЧ-2017: Ўзбекистон 0:0 Жанубий Корея, кураш шу ерда тугади

Жаҳон чемпионати: Абрамов ва Қосимовни аямаган федерация Бабаянни нега аяди?

Тафсилот ўрнида

Фото муаллифлик ҳуқуқи olympic.uz

Мираброр Усмонов 2006 йилдан буён Ўзбекистон Футбол Федерацияси президенти лавозимини эгаллаб келаётган эди.

Шу йил январ ойида Ўзбекистон Миллий Олимпия Қўмитаси раҳбарияти ҳам янгиланган.

Ўшанда Мираброр Усмонов ўрнига қўмита президенти этиб "Ўзбекнефтегаз" миллий холдинг компанияси бошқаруви раиси Алишер Султонов сайланганди.

Ўзбекистон миллий терма жамоасининг жаҳон чемпионати саралаш босқич беллашувларидаги кетма-кет муваффақиятсизлиги манзарасида, айниқса, сўнгги йилларда маҳаллий футбол ишқибозлари томонидан Мираброр Усмоновнинг истеъфосини талаб қилувчи даъватлар кучайганди.

Умид Аҳмаджонов келаси 4 йил давомида ўзбек футболини бошқаради.

Хабарларга кўра, бу ягона номзод овоз бериш учун Тошкент шаҳар футбол федерацияси томонидан илгари сурилган.

Расмий хабарларга кўра, Умид Аҳмаджоновнинг янги вице-президентлари Раматов Очилбой Жуманиёзович, Бобожонов Пўлат Раззақович ва Исроилов Шоакрам Холматовичлар тайинланган.

Очилбой Раматов Ўзбекистон Бош вазири биринчи ўринбосари ва "Ўзбекистон темир йўллари" ҳиссадорлик уюшмасининг раҳбари ҳам бўлади.

Пўлат Бобожонов эса, яқинда Ўзбекистон Ички ишлар вазири этиб тайинланган.

Шоакрам Исроилов бунгача Ўзбекистон Давлат жисмоний тарбия институтида ректорлик қилган.

Умид Аҳмаджоновнинг таржимаи ҳолига оид бошқа маълумотлар эса, ҳозирча, матбуотда имконли эмас.

Мираброр Усмонов

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Ўзбекистон Футбол Федерациясининг бугундан собиқ президенти Мираброр Усмонов Бош ассамблеянинг 2012 йил 29 декабр куни бўлиб ўтган мажлиси чоғида мамлакат Миллий Олимпия қўмитасининг раҳбари этиб сайланган.

Бу мажлисда ўша пайтда Ўзбекистон Бош вазири бўлган ҳозирда президент Шавкат Мирзиёев шахсан ўзининг иштирок этганлиги хабар берилганди.

Кузатувчилар ўшанда қўмита раҳбариятидаги янгиланишларни ҳозирда марҳум президент Ислом Каримовнинг ўзбекистонлик спортчиларнинг Лондон Ёзги Олимпиадасида қайд этган натижаларидан қониқмагани сабаби билан изоҳлашганди.

Ўзбекистонлик спортчиларнинг Лондондаги ютуқлари бир олтин ва иккита бронза медали билан чекланганди, холос.

Мираброр Усмонов орада кечган вақт давомида ҳар икки ташкилот президенти вазифасини ҳамоҳангликда бажариб келаётганди.

Айни ўринда алоҳида таъкидлаш жоиз, Ўзбекистон Олимпия терма жамоасининг ўз тарихида Ёзги Ўйинларда қайд этган рекорд натижаси айнан Мираброр Усмонов бошқаруви даврига тўғри келади.

Ўзбекистон Олимпиада терма жамоаси 2016 йилги Рио Ёзги Олимпиадасида тарихий натижа қайд этган, жамоа ҳисобида жаъми 13 та медали билан Тошкентга қайтганди. Жамоа энг кўп олтин медаллари(4 та) ни ҳам айнан Риода қўлга киритганди.

Ўзбекистон боксчилари эса, ҳисобларидаги 3 та олтин, 2 та кумуш ва 2 та бронза медаллари билан илк бор умумжамоа ҳисобида Куба дохил қолган барча Рио Ёзги Олимпиада Ўйинлари иштирокчиларини ортда қолдиришган.

Ўтган олти Ёзги Олимпиада Ўйинларида кузатилмаган бир даражада Ўзбекистон Олимпия терма жамоаси Риода энг кўп медалларини (шу жумладан, олтинларини ҳам) бокс спорт турида қўлга киритганди.

Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси президентлигини топширса-да, Мираброр Усмонов Ўзбекистон Футбол Федерациясидаги раҳбарлик лавозимини сақлаб қолганди.

Тарихча ўрнида

Мираброр Усмонов 2006 йилдан буён Ўзбекистон Футбол Федерациясига раҳбарлик қилиб келган.

69 ёшли Мираброр Усмонов 1990 йилда Ўзбекистон Савдо вазири бўлган, мамлакат мустақиллигидан сўнг “Ўзбексавдо” компаниясини бошқарган.

У 1994 йилдан 2005 йилгача Ўзбекистон Бош вазири ўринбосари лавозимини эгаллаган, Ўзбекистон ҳукуматида савдо масалаларини бошқарган.

2005 йилда Ўзбекистонда икки палатали парламент жорий этилганидан буён Ўзбекистон Президенти тавсияси бўйича тайинланадиган сенаторлардан бири экани айтилади.

Мираброр Усмонов 2015 йилда янги асос солинган Марказий Осиё Футбол федерациясининг президенти этиб ҳам сайланган.

Би-би-си Ўзбек Хизмати Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитасидан олишга муваффақ бўлган айрим маълумотларга кўра, Мираброр Усмонов мазкур ташкилотнинг "фахрий президенти" бўлиб қолгани маълум бўлганди.

Расмий хабарларда эса, Мираброр Усмонов фахрий президент сифатида Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси раҳбариятига нафақат ўз маслаҳатлари билан ёрдам бериши, балки Олимпия ҳаракатини молиялаштиришда ҳам бевосита иштирок этиши айтилганди.

Тошкентдан олинган сўнгги янгилик манзарасида Мираброр Усмоновнинг Ўзбекистон Футбол Федерациясида бирор бир мақомда қолиш-қолмаслиги маълум эмас.

Сўнгги янгиликка маҳаллий футбол ишқибозларининг муносабати ва спорт журналистларининг баҳосини билиш учун Би-би-си Ўзбек Хизмати веб саҳифаси ва барча ижтимоий мулоқот тармоқлариларидаги аккаунтларини кузатиб боринг.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Алоқадор мавзулар