Сардор Раҳимхон ва Жонибек Муродовлар дуэти ‘хит’га айланмоқда

Сурат манбаси, courtesy
Ўзбекистон ва тожикистонлик бу икки таниқли хонанда ижросидаги "жадаллик билан оммалашиб бораётган" мазкур қўшиқ "Дўстлик" ёки "Дўстон", деб аталади.
Янги дуэтга ишланган видеоклип 12 сентябрь куни YouTube га юкланган бўлса, бор-йўғи бир куннинг ўзида қарийб олтмиш минг марта кўрилган.
Унинг остида қолдирилаётган постларнинг эса, кети узилмайди.
Шу соатларда бир неча юзга яқинлашиб қолган бу фикрлар ўзининг қанчалик дўстона оҳангда экани билан кишининг алоҳида эътиборини тортади.
Устига устак, ўзининг қоришиқ тилда битилгани, қолдирилгани билан ҳам алоҳида аҳамият касб этади.
Жумладан, Илҳом Расулов, "Жонибек Муродов, Сардор, "гап нес", офарин, кўпроқ шунақа клиплар"дан бўлсин, - деб ёзади.
Бундан ташқари, оралиқ - рус тилида қолдирилаётган фикр-мулоҳазалар ҳам ўзининг озмунча эмаслиги билан кишининг диққатини тортади.
Далер Баратов, "Узбеки и Таджики один народ! Мы таджики любим вас! (Сардор Рахимхон)", - деб пост қолдирган бўлса, Пакиза Халмуратова, "Спасибо Вам за такую замечательную песню. Надеюсь, Все поймут что дружба самое главное на Земле", - деган фикрларни изҳор этиб қолдирган.
Ҳам Ўзбекистон ва ҳам тожикистонлик қўшиқ ихлосмандлари қолдираётгани англашилган бу постларда янги видеоклипга берилаётган баҳолар "жуда зўр чиқипти", "класс", "ashula va klipga gap nest", "гап йўқ, ажойиб", "суппер класс", деган сифатларда ўз ифодасини топган.
"Нима деганини тушунмадим, лекин қулоққа ёқимли эшитиларкан", - деган битта постнинг ўзига жавоб тариқасида ёзилган ўнга яқинида эса, "дўст, деган, менимча", "Мен ўзим тожикистонлик ўзбекман, лекин ҳаммасини тушундим", "жон дўстим, деб куйлаяпти", "Мен ҳам нима деганини, тўғриси, тушунмадиму лекин чин дўст ҳақида айтгани аниқ", - дея ёзилади.
Аён бўлишича, бу қўшиқ ҳозир тожикистонлик ёшлар орасида ҳам "шиддат билан оммалашиб бормоқда", "хитга айланмоқда".
Тожикистоннинг айрим етакчи интернет нашрлари эса, янги дуэт атрофидаги бу каби шоув-шувни назардан қочиришмаган, унга ишланган видеоклипнинг қанчалик машҳурлашиб бораётгани ҳақида алоҳида хабар беришган.
Бу каби хабар тафсилотларидан маълум бўлишича, клип Ўзбекистон пойтахти Тошкентда олинган, томоша қилиш жараёнида эса, унда ўзбекистонлик қатор ёш санъаткорларнинг суратга тушишгани кўринади.
Қўшиқ мусиқаси ва матнининг ўзбек бастакори Дилшод Аҳмадшоҳга тегишли экани айтилади.
Тикланаётган маданий дўстлик
Шу йилнинг май ойида Тожикистонда ўтган 20 йил бадалида илк бор Ўзбекистон маданияти кунлари бўлиб ўтган.
Хабарларда маданият кунларида Ўзбекистонни элликдан ортиқ санъат намояндалари намоён этиши айтилган.
Улар қаторида Ғуломжон Ёқубов, Маҳмуд Намозов, хонанда Севинч Мўминова, Фарҳод ва Ширинларнинг номлари ҳам тилга олинган.
Орада Юлдуз Усмонова, Озодбек Назарбеков, Ўлмас Оллобергановлар ҳам Тожикистоннинг пойтахти дохил қатор шаҳарларида ўз концертларини беришга улгуришган.
Жумладан, Ўзбекистон Халқ артисти Юлдуз Усмонованинг Тожикистонда "Дўстнинг қайтиши" дастури билан концерт бериши хабар берилган.
Унинг концерт дастурида тожик тилидаги "Ошно" қўшиғининг ҳам борлиги айтилган.
"Гарчи қўшиқ эркак ва аёл муносабатлари ҳақида бўлса ҳам, унинг Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасида алоқалар тобора яхшиланиб бораётган шароитда айни муддао бўлгани таъкидланган".
Ўзбекистонлик хонандалар иштирокидаги концертлар Тожикистоннинг концерт заллари қолиб, стадион ва маданият уйларида ҳам кечган.
Маҳаллий журналистлардан бирининг Би-би-си Ўзбек Хизмати билан суҳбатида айтишича, бу концертлар маҳаллий аҳоли томонидан жуда катта қизиқиш ва хурсандчилик билан қарши олинган.
Унга кўра, ҳали Тожикистонда экан, ўзбекистонлик айрим санъаткорлар бу каби илиқликдан, ҳатто, ўз ҳайратларини изҳор этиш даражасигача боришган.
Умидлар, тилаклар, истаклар...
Тожикистонликлар ҳам, ўзбекистонликлар ҳам икки мамлакат орасидаги муносабатлар бундан ҳам яхшиланишини исташларини айтишади.
Тожик расмийлари Ўзбекистон Маданият кунлари икки қўшни республика ўртасидаги маданий алоқаларни мустаҳкамлашда муҳим қадам эканини таъкидлашган.
Эслатиб ўтиш керак, сўнгги йилларда Ўзбекистон билан Тожикистон ўртасидаги муносабатлар анча таранглашган эди.
Бунга 1998 йили Тожикистоннинг Хўжанддаги қуролли ҳодисаларда Ўзбекистонни бош қўшишда, хусусан, тожикистонлик ўзбек полковниги Маҳмуд Худойбердиевни дастаклашда айблагани, Ўзбекистон эса исломий жангариларнинг Тожикистон ҳудудидан ўтишларига изн беришда айблаб чегараларини миналаштиргани, икки давлат фуқаролари учун виза тартиблари жорий қилингани, Ўзбекистон қаршилик кўрсатган Роғун ГЭСи лойиҳаси, Тожикистон Ўзбекистонни Роғун боис "иқтисодий қамал"да айблагани кабилар сабаб бўлган.
Ўзбекистоннинг биринчи президенти Ислом Каримовнинг ўтган йил сентябрь ойидаги кутилмаган вафоти ортидан, Тожикистон билан муносабатлар илиқлашиши кузатилди.
Ўзбекистоннинг янги сайланган президенти Шавкат Мирзиёев ташқи сиёсатда асосий эътиборни минтақа давлатлари ва улар билан алоқаларни мустаҳкамлашга қаратишини баён қилди.
Янги президент сифатида ўзининг илк давлат ташрифини ҳам Туркманистон, сўнгра Қозоғистонга амалга оширди, куни-кеча эса, Қирғизистонга ҳам биринчи бор сафар қилди.
Қарийб чорак асрлик танаффус ортидан, шу йил апрель ойидан бошлаб, Тошкент ва Душанбе ўртасида ҳаво парвози қайта йўлга қўйилди.
Шунингдек, яқинда Тожикистон пойтахтида илк бор Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган маҳсулотлар кўргазмаси ташкил этилди.
Тожик расмийлари хабар қилишларича, кўргазмада 35 миллион долларлик шартнома имзоланган.
Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02