Ўзбекистонда энди ишсизлар ҳам пул ишлашлари мумкин бўлади

Россия

Пойтахт Тошкентдан олинган хабарларга кўра, бутун мамлакат бўйлаб, айниқса, олис ва чекка қишлоқ ҳудудларидаги беиш одамлар пулли жамоатчилик ишларига жалб этилишади. Уларнинг сирасига қишлоқ хўжалик ишлари ҳам киради.

Аввалбошдан таъкидлаш керак, ишсизлик, йилларки, долзарб муаммолигича қолаётган мустақил Ўзбекистон тарихида бу каби янгилик ҳалича кузатилмаган.

Аён бўлишича, ишсизларнинг унча узоқ кутишларига ҳам тўғри келмайди, бу иш шу йилнинг 1 октябридан бошлабоқ синов тариқасида йўлга қўйилади.

Қорақалпоғистон Республикаси, барча вилоятлар ва Тошкентнинг биттадан туманида синаб кўрилади.

Агар, иш берса, янги режа келаси йилнинг 1 январидан бошлаб, босқичма-босқич мамлакатнинг барча туман ва шаҳарларида амалга оширилади.

Пулли жамоатчилик ишлари дейилганда, аҳоли яшайдиган манзиллар, маҳаллаларни обод қилиш, ариқлар, ирригацион тизимларни тозалаш, уй-жой коммунал хўжалик объектларини таъмирлаш, инфратузилмани яхшилаш, кўча ва йўлларни созлаш ҳам назарда тутилади.

Қишлоқ хўжалик ишларидаги мажбурий меҳнат эса, узоқ йиллардан буён Ўзбекистон халқаро миқёсда танқидларга тутиб келинаётган соҳа ва муаммолардан бири бўлади.

Аммо бу ишларнинг қандай асосда ташкил қилиниши, иш ҳақларининг қай тартибда берилиши ва миқдори қанчани ташкил этиши тафсилотлари ҳозирча маълум эмас.

"Ўзбекистон" канали: Ёшлар ноиложликдан Россияга кетмоқда

Шавкат Мирзиёев: Номаълумликдан машҳурликка

Хабарларга кўра, бунга қаратилган комплекс чора-тадбирлар президент Шавкат Мирзиёевнинг буйруғи асосида мамлакат Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги қошидаги Жамоатчилик ишлари жамғармаси томонидан амалга оширилади.

Ўзбекистон Молия вазирлиги жамоатчилик ишларини уюштириш ва амалга ошириши учун жамғармага жорий йилда 84 миллиард сўм, 2018 йилда эса, 714 миллиард сўм ажратади.

Бошқа томондан, таъкидланишича, жамоатчилик ишларига жалб қилинган беиш ўзбекистонликлар жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғидан озод этилишади.

Бундан ташқари, қилган жамоатчилик ишлари учун жамғармадан олажак иш ҳақлари бир маротабалик социал тўловга ҳам тортилмайди.

Ўзбекистон ва ишсизлик

Агар, айрим маълумотларга таянилса, бугун Ўзбекистон аҳолисининг ярмидан ортиқроғини ёшлар ташкил қилади.

Бу эса, Ўзбекистоннинг меҳнатга лаёқатли аҳолисининг катта қисми ёшлардан иборат эканини англатади.

Меҳнат вазирлиги маълумотларига қараганда, республикада ҳар йили 560 минг ёш махсус ҳунар билим юртлари, лицей ва ўқув юртларини битириб чиқади.

Бироқ ҳукумат уларнинг барчасини иш билан таъминлашга қурби етмайди.

Шу боисдан, миллионлаб меҳнат муҳожирлари ҳар йили тирикчилик илинжида ташқарига, асосан Россия ва Қозоғистонга, иш излаб боришга мажбурлар.

Биргина Россиянинг ўзида расмий ҳисобларга кўра, икки миллион ўзбекистонлик меҳнат қилади, уларнинг аксарияти ёшларни ташкил қилади.

Олдинроқ Би-би-си гаплашган Россиядаги бир гуруҳ меҳнат муҳожирлари ватанларида иш бўлса, жон деб уйга қайтишларини айтгандилар.

Таъкидлаш жоиз, аксарият ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари Россиянинг ўзида ҳам худди шунга ўхшаш жамоатчилик ишларида банд бўлишади, қилган ана шу меҳнатлари учун бир неча юз АҚШ доллари миқдорига тенг маош олишларини айтиб келишади.

Агар, уларнинг орада Би-би-си Ўзбек Хизматига берган суҳбатлари тафсилотларига таянилса, ана шу пуллари эвазига Ўзбекистонда уй-жой қилишади, машина олишади, тўй қилишади ва фарзандларини ўқитишади.

Шавкат Мирзиёевнинг ўтган йил Ўзбекистон муваққат президенти сифатида имзолаган илк қонуни эса, айнан ёшлар тўғрисида бўлган.

"Давлатнинг ёшлар сиёсати ҳақида"ги ана шу қонунида уларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари кафолатланиб, ижтимоий ҳимоя қилиниши, иқтидорли ва қобилиятли ёшлар давлат томонидан қўллаб-қувватланиши кўрсатилган.

Кузатувчилар эса, Шавкат Мирзиёевнинг дастлабки қонуни ёшлар ҳақида бўлгани бежиз эмаслигига алоҳида диққат қаратишган.

Уларга кўра, Ўзбекистоннинг меҳнатга лаёқатли аҳолисининг катта қисмини ёшлар ташкил қилар экан, президентликка асосий номзод деб кўрилган Мирзиёев учун ўша пайтда ёшларнинг овозини олиш жуда муҳим бўлган.

Буларнинг барчаси манзарасида сўнгги янгилик турли ижтимоий-мулоқот тармоқларида қизғин баҳсу мунозараларга туртки берган.

Айримлар уни хуш қаршилашган бўлса, бошқалари Ўзбекистон ҳукуматини арзон ишчи кучини суиистеъмол қилаётганликда айблашган.

Агар, маҳаллий кузатувчиларнинг кузатувларига таянилса, Ўзбекистонда бугун ҳам аҳолининг аксарият қисми ўртаҳолликда умр кечиради.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02