"Лотин ёзувидаги адабиёт кўпайтирилсин!"

Lotin alifbosida dars Фото муаллифлик ҳуқуқи kun.uz

Президент Мирзиёев имзолаган қарор Ўзбекистондаги алифбо келажаги борасида мужда берган.

Охирги пайтда Ўзбекистон Кирилл алифбосига қайтиши керакми ёки Лотин алифбосига ўтишни якунига етказиши керакми, деган савол атрофидаги баҳс қизгани кузатилди.

Кириллми ёки Лотин?

Ўзбек алифбосининг келажаги борасида баҳс қизимоқда

Ўзбекистонда туғилмаган ўзбек ёшлари: #Kirillgaqaytmaymiz

Бунга 1989 йили "Давлат тили тўғрисида"ги қонун қабул қилинганидан буён алифбо борасида давлат миқёсида якуний бир қарорга келинмагани сабаб бўлди.

Ўзбекистон мустақилликнинг илк йилларида Лотин ёзувига ўтишга қарор қилинди.

Шу асосда мактаб дарсликлари ўзгартирилиб, ўқувчилар илк бор алифбони мактабларда Лотин тилида ўрганишни бошланганларига бу йил 20 йил бўлган эса-да, иш юритиш Кирилл алифбосида қолиб кетаверди.

10 август куни адабиётшунос, "Жаҳон адабиёти" журналининг Бош муҳаррири Шуҳрат Ризаев "Президентга мактуб" очиқ хатини эълон қилди,

Ўз мурожаатида адабиётшунос олим Шуҳрат Ризаев Ўзбекистон Кирилл алифбосига қайтиши лозим деган таклифни илгари сурган.

Шуҳрат Ризаевнинг ушбу таклифига қарши қатор зиёлилар қарши чиқдилар.

Интернетга #Kirillgaqaytmaymiz ҳештеги ҳам олиб чиқилди.

#Kirillgaqaytmaymiz ҳештеги остида Ўзбекистонда туғилмаган ўзбекларнинг Президент Шавкат Мирзиёевга мурожаати ҳам эълон қилинди.

Бу мурожаатда Афғонистон, Покистон, Қирғизистон, Саудия Арабистони ва Туркияда туғилиб вояга етган ўзбеклар Лотин алифбоси дунё ўзбекларини бирлаштирган омил сифатида тилга олинган.

Президент Мирзиёев 13-сентябр куни имзолаган қарор "Китоб маҳсулотларини нашр этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғиб қилиш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастури тўғрисида" деб номланган.

Қарорда "лотин ёзувига асосланган янги ўзбек алифбосидаги илмий-техник, адабий-бадиий ва энциклопедик адабиётларни янада кўпайтириш бўйича аниқ чора-тадбирлар ишлаб чиқиш" алоҳида вазифа этиб кўрсатилган.

Президент қарорига биноан, китоб дўконлари, нашриёт ва матбаа уйларига қатор имтиёзлар берилади.

Хусусан, савдосида китоб олди-сотдиси 70 фоиздан кўпни ташкил этадиган тадбиркорлик субъектлари 2020 йилгача ягона солиқдан озод этиладилар.

Китоб дўконлари, нашриёт ва босмахоналар тижорат банкларидан имтиёзли кредит олишлари мумкин.

Шунингдек, фойдаланилмай ётган бинолар махсус китоб дўконлари учун беғараз берилиши мумкинлиги айтилган.

Президент қарорида eReader ўқув дастурларини йўлга қўйиш зарурлиги таъкидланган:

"Мамлакатимизда интернет орқали зарур адабиётларни топиш ва харид қилиш имконини берадиган eReader электрон ўқув қурилмаларини ишлаб чиқаришни ташкил этиш, уларнинг ахборот базасига умумтаълим мактаблари, академик лицей ва касб-ҳунар коллежлари, олий ўқув юртлари учун дарсликлар, ўқув қўлланмалари, ўқув-услубий, илмий-назарий манбаларни жойлаштириш, бундай маҳсулотларни арзон нархларда сотиб олиш механизмларини йўлга қўйиш бўйича таклифлар тайёрлаш".

Шунингдек, қарорда "мазмунан саёз, миллий маънавият ва қадриятларимизга, ахлоқ меъёрларига мос келмайдиган, ёшлар тарбиясига салбий таъсир кўрсатиши мумкин бўлган адабиётларни тайёрлаш, босиб чиқариш ва тарқатишнинг олдини олиш чораларини кўриш" вазифаси қўйилган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02

Бу мавзуда батафсилроқ