Ўзбекистон: Умид Аҳмаджоновнинг ‘кимлиги маълум бўлди’

Умид Аҳмаджонов Фото муаллифлик ҳуқуқи UFF

Ўзбекистон Футбол Федерацияси президент этиб сайланишидан икки кун ўтиб, Умид Аҳмаджоновнинг расмий таржимаи ҳолини эълон қилган.

Унинг шахсий ва касбий фаолиятига оид маълумотлар Ўзбекистон Футбол Федерациясининг расмий веб саҳифасидан жой олган.

12 сентябрь куни Тошкентда бўлиб ўтган ҳисобот-сайлов анжумани ортидан, Умид Аҳмаджонов федерацияни ўтган 12 йил давомида бошқариб келган ва айниқса, фаолиятининг сўнгги йиллари спорт журналистлари, футбол мухлисларининг жиддий танқидлари остида кечган Мираброр Усмоновнинг ўрнини эгаллаган.

Ўзбекистон миллий терма жамоасининг жаҳон чемпионати саралаш босқич беллашувларидаги кетма-кет муваффақиятсизлиги манзарасида президенти Мираброр Усмонов бошчилиги остида бутун футбол федерацияси раҳбарияти истеъфосини талаб қилувчи даъватлар манзарасида унинг ўрнини ким эгаллаши эса, ана шу "танқидчи томон" учун муҳим аҳамият касб этган.

Ҳисобот-сайлов анжумани кунида Умид Аҳмаджоновнинг овоз бериш учун илгари сурилган ягона номзод экани маълум бўлиши ва аксарият футбол аҳли учун дастур-барномасининг "номаълум" қолгани турли ижтимоий мулоқот тармоқлари ва Ўзбекистондаги футболга ихтисослашган интернет нашрлари ўқувчилари орасида янги президентнинг ким эканига оид саволларни пайдо қилмай қўймаган.

"У ким?", "унинг таржимаи ҳолини қаердан билсак бўлади?", "Тўғриси, унинг номини биринчи марта эшитиб турибман..." дейилган савол ва эътирофлар эса, ўз навбатида, янги президентнинг бўлажак фаолиятини шубҳа остига олувчи фикрларга ҳам туртки берган, Ўзбек футболида "ҳаммаси "Эски ҳаммом, эски тос "шаклида қолади", деган хавотирларга ҳам сабаб бўлган.

Ўзбекистон Футбол Федерацияси эса, худди ана шу саволлар, фикрлар, тушунмовчилик, таажжуб ва умидсиз оҳанглар манзарасида янги президенти Умид Аҳмаджоновнинг расмий таржимаи ҳолини эълон қилган.

Сўнгги янгиликка муносабат билдираркан, Ўзбекистондан етакчи журналист Шуҳрат Шокиржонов, "албатта, катта бир футбол жамиятининг раҳбари бўлган одамнинг таржимаи ҳоли, кимлиги, дастури олдиндан эълон қилиниши жуда муҳим бўлади", дейди.

"Иложи бўлса, бунақа номзодлардан уч-тўртта бўлганида, солиштириш имконияти бўлганида, бошқача бўларди. Лекин, кўрдик, ягона номзод, яна у кишининг таржимаи ҳолини ҳам ўқишга улгурганим йўқ, иш билан кўчада юрибман, бугун эълон қилинибди, билишимча...Ҳозирча бизда Умид Аҳмаджоновнинг, айтганимдек, оғзаки, "Ўзбек футболини кўтарамиз", деган ваъдасидан бошқа нарса йўқ", - дейди бу суҳбатдош.

'Президент бўладиган одам дастурини бундай белгилаб берса...'

Футбол: Ўзбекистон Футбол Федерациясида янги президент

Расмий таржимаи ҳол

Расмий таржимаи тафсилотларидан маълум бўлишича, ҳозир 40 ёшда бўлган Умид Аҳмаджонов Ўзбекистон Давлат жисмоний тарбия институтини имтиёзли асосда тугатган.

Тошкент шаҳар Халқ депутатлари кенгаши депутати ҳам бўлади.

Ўз меҳнат фаолиятини эса, 1995 йилда "Зенит" фирмасида ишчи сифатида бошлаган.

Етти йилнинг ичида Олимпия Акционерлик Жамиятида автосаноат бўлими раҳбари, Ўзбекистон ногиронлар спорт федерацияси Бош котиби даражасига кўтарилган.

2007 йилга келиб, дастлаб Ўзбекистон Миллий Паралимпия Ассоцияцияси Бош котиби ҳамда раиси ўринбосари лавозимига тайинланган.

Худди шу ташкилотдаги фаолияти билан ҳамоҳангликда яна Ўзбекистон Дзюдо Федерацияси раиси ўринбосари ҳамда Ўзбекистон Олимпия Қўмитаси вице-президенти лавозимларида ҳам иш олиб борган.

Айнан унинг Паралимпия Ассоцияциясидаги фаолияти натижасида Ўзбекистон паралимпия делегацияси 2016 йили Бразилиянинг Рио-де-Жанейро шаҳрида ўтказилган ёзги Паралимпиада Ўйинларида тарихий натижаларини қайд этгани алоҳида таъкидланган.

Ўзбекистон ушбу Паралимпиада Ўйинларида жаъми 31 та: 6та олтин, 8 та кумуш ҳамда 17 та бронза медалларини қўлга киритганди.

Расмий таржимаи ҳоли якунида айтилишича, мамлакатда соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш, шунингдек, спорт соҳасини ривожлантириш ва уни дунёга танитишдаги самарали меҳнати, мамлакат спорти ривожига улкан ҳисса қўшгани учун Умид Аҳмаджонов "Дўстлик" ордени билан ҳам тақдирланган.

Аммо бу таржимаи ҳолда ҳисобот-сайлов анжумани арафаси ва кунида Ўзбекистондаги футболга ихтисослашган аксарият интернет нашрларида тилга олинганидек, унинг "Пахтакор" клуби вице-президенти эканига оид маълумот йўқ.

Ўзбекистон Футбол Федерациясининг янги президенти этиб сайланиши ортидан қилган илк чиқишида эса, Умид Аҳмаджонов кўрсатган "ишончлари учун барчага ўз миннатдорчилигини изҳор этган".

"Худо хоҳласа, кейинги халқаро мусобақаларда ва Олимпия Ўйинларида биргаликда, маслаҳатлашган ҳолда, ўзбек футболини кўтаришга ваъда" берган.

Аммо, шунда ҳам, унинг Ўзбекистон Футбол Федерацияси президентлигига келиши футбол аҳли томонидан бир хилда қарши олинмаган, анчайин "эҳтиёткорона оҳанг"даги фикрлар, ҳам умидбахш ва ҳам хавотирли муносабатларга сабаб бўлган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02

Алоқадор мавзулар