Шерзод Қудратхўжаев: "Бошловчилик ўрнини ёшларга бераман"

Шерзод Қудратхўжаев ҳоким ва амалдорларни жонли эфирга таклиф қилиши билан эл оғзига тушди Фото муаллифлик ҳуқуқи Facebook/IPCUzbekistan
Image caption Шерзод Қудратхўжаев ҳоким ва амалдорларни жонли эфирга таклиф қилиши билан эл оғзига тушди

Халқаро Пресс клуб бир муддат танаффусдан сўнг жонли эфирга қайтмоқда. Пресс клуб раиси Шерзод Қудратхўжаев Би-би-си билан суҳбатда модератор сифатида ўрнини ёш кадрларга бўшатишини маълум қилди. Аммо муҳим ва мураккаб мавзуларда Қудратхўжаевнинг ўзи ҳам бошловчилик қилади.

Пресс клуб раисининг айтишича, у бошловчиликни бутунлай ёшларга топширмайди. Керакли ва мураккаб мавзуларда Қудратхўжаевнинг ўзи ҳам чиқиш қилиб туради.

"Ижтимоий лифт деган тушунчани тўлиғи билан ҳаётга жорий қилмоқчимиз. Марҳамат, ёшлар ўз ўрнини топишсин", - дейди у.

Қудратхўжаевнинг маълум қилишича, Жамолиддин Усмонов ва Маржона Игамназаровалар кўрсатувларни ўзбек тилида жонли олиб боришади. Франциянинг Бордо университетида докторлик ишини ёқлаган Сардор Усмонов халқаро пресс клуб анжуманларини яқин келажакда инглиз ва француз тилларида олиб бориши мумкин.

Халқаро пресс клуб раҳбари ушбу жамоани бошқариш ва клубнинг бошқа ташкилий масалалари билан шуғулланади.

"Клуб раҳбари вазифасига фақат бошловчилик кирмайди. Ташкилий ишлар ҳам етарлича. Клуб фаолиятини номига яраша халқаро миқёсга олиб чиқишга ҳаракат қилмоқдамиз. Келажакда Жанубий Корея, Россия, Хитой, Қозоғистон ва Туркия каби давлатлар билан алоқаларни йўлга қўйиб, клуб фаолиятини ҳалқаро миқёсга олиб чиқиш устида ишламоқдамиз", - дейди у.

Шерзод Қудрадхўжаевдан Халқаро пресс клубга кимдир тазйиқ ўтказдими деган савол берилганида, ҳеч ким тазйиқ ўтказмаганини айтди. Айрим техник муаммолар сабабли бир оз жонли эфир тўхтаган холос.

"Халқаро Пресс клубга ҳеч ким тазйиқ ўтказаётгани йўқ. Техник муаммолар боис жонли чиқмадик. Энди яна фаолиятни олдингидек жонли эфирда давом эттирамиз. Бошловчиликка ёш кадрларни жалб қиламиз", - дейди у.

Пресс клуб ўзининг Телеграмдаги гуруҳида 23 август куни халқ таълими вазирлиги ходимлари билан бўлиб ўтадиган сессияси жонли эфирга чиқмаслигини билдирган эди.

Вилоятлар бўйлаб ўтказилган бу кўрсатувлар халқ орасида шов-шувга сабаб бўлаётганди. Уларда, хусусан, вилоят ҳокимларига журналистлар ва оддий одамлардан келган саволлар берилган. Тўрт ҳокимнинг пахтага ўқитувчи ва шифокорларни чиқармаслик ваъдаси олинганди.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02

Бу мавзуда батафсилроқ