Марказий Банк аҳолига нақд доллар сотишни муҳокама қилмоқда

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBCUZBEK

Ўзбекистон банклари бир неча ой ичида аҳолига АҚШ долларини нақд кўринишда сотишни бошлайди.

Бу ҳақда Марказий Банк раисининг ўринбосари Тимур Ишматов пайшанба куни Тошкентда ўтган брифингда маълум қилган.

Podrobno.uz нашрининг Марказий Банк мулозимидан иқтибос келтиришича, аҳолига нақд доллар сотиш масаласи кун тартибида ва Марказбанк бунга қадам-бақадам яқинлашмоқда.

"Аниқ муддат йўқ, аммо пировардида биз шунга келамиз. Бу ерда гап бир неча ой ҳақида боряпти. Аниқроқ муддатни вазиятга қараб айтиш мумкин бўлади. Бу бутун иқтисодиётга таъсир қиладиган нарса. Биз кимнингдир манфаатидан эмас, балки иқтисодга таъсиридан келиб чиқиб, ҳаракат қилаяпмиз", - деб айтган Ўзбекистон Марказий Банки раисининг ўринбосари.

Ишметовнинг сўзларига кўра, шу кунга қадар банклар аҳолидан 200 миллион долларга яқин валютани сотиб олган, экспортчилар топширган маблағлар эса 100 миллион долларни ташкил этган.

Мулозимнинг айтишича, эркин конвертация "давлатга фақат фойда келтирмоқда".

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBCUZBEK

Ўзбекистон банклари шу йилнинг 5 сентябридан эътиборан хориж валюталарини эркин бозор нархида сотишни бошлаган.

Эркин конвертация Президент Мирзиёевнинг 2 сентябр куни имзолаган "Валюта сиёсатини либераллаштириш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида"ги фармонига асосан амалга оширилган.

Биринчи куни Марказий Банк 1 АҚШ доллари курсини 8100 сўм қилиб белгилаган, аммо аҳолидан 8000 сўм қийматида сотиб олинган.

Айни пайтда аҳолига доллар сотиш тижорат банкларининг конверсия бўлимларидан нақдсиз кўринишда халқаро тўлов карталарига (конверсия) тушириб бериш орқали амалга оширилиши белгилаб қўйилган.

Кейинги кунларда долларнинг расмий курси пасайгани кузатилган.

12 сентябр куни Марказий Банк долларнинг расмий курсини 8092.13 қилиб белгилаган, бу конвертация очилган кундан буён қарийб 8 сўмга тушишдир.

Аммо таҳлилчиларга кўра, аҳолига долларни нақд кўринишда сотиш бошланмагунча "қора бозор"га эҳтиёж сақланиб қолаверади.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02