Ўзбекистон Футбол Федерацияси яна кутилмаган баёнот билан чиқди, янги президенти эса виртуал қабулхона очди

Умид Аҳмаджонов Фото муаллифлик ҳуқуқи UFF

Ўзбекистон Футбол Федерациясининг янги президенти этиб сайланишидан бор-йўғи уч кун ўтиб, Умид Аҳмаджонов ўзининг виртуал қабулхонасини очгани маълум бўлди.

Бу ҳақда Ўзбекистон Футбол Федерациясининг "Twitter" даги расмий аккаунтида эълон қилинди.

Сўнгра бу хабарни федерация матбуот хизмати раҳбари Санжар Ризаев ҳам қайта твит қилди.

Твитда, "Кимдан ва нимадан норози бўлсангиз, ҳозироқ федерация президентига хабар беринг, таклиф ва мулоҳазалар киритинг", - дейилган.

Бунга қўшимча, янги виртуал қабулхона интернет манзили ҳам илова қилинган: http://president.the-uff.com/ .

Кун аввалида федерация янги президенти Умид Аҳмаджоновнинг ижтимоий мулоқот тармоқларида аккаунти йўқлиги ва яқин орада очишни ҳам режаламаётганини баён қилди.

Ташкилот матбуот хизматининг расман маълум қилишича, бунга сўнгги пайтларда ижтимоий тармоқларда сохта аккаунтларнинг кўпайиши ва уларда асоссиз хабарларнинг тарқатилиши сабаб бўлган.

Аммо бу расмий баёнотда гап айнан қай бир ижтимоий мулоқот тармоғидаги аккаунтлар ҳақида кетаётгани, бу саҳифаларнинг кимларнинг номи остида, қачон очилгани ва уларда айнан қай бир мазмундаги хабарлар берилгани тафсилотлари келтирилмайди, уларга илова ҳам берилмайди.

Матбуот хизмати, ўз ўрнида, федерация билан боғлиқ расмий баёнотлар, хабар ва маълумотлар Ўзбекистон Футбол Федерациясининг расмий сайтида, ижтимоий мулоқот тармоқларидаги расмий аккаунтларида бериб борилишини алоҳида таъкидлайди.

Расмий баёнот сўнггида эса, Ўзбекистон Футбол Федерацияси президенти ва мутасадди раҳбарлар футбол жамоатчилиги, оммавий-ахборот воситалари, ишқибозларнинг таклиф ва мулоҳазаларини эшитишга тайёрлиги айтилади.

Таклиф ва мулоҳазалар билан мурожаат қилиниши учун, ҳатто, info@the-uff.com электрон почта манзили ҳам илова қилинади.

Ўзбекистон: Умид Аҳмаджоновнинг 'кимлиги маълум бўлди'

'Президент бўладиган одам дастурини бундай белгилаб берса...'

Танқид ва таклиф

12 сентябрь кунги ҳисобот-сайлов анжумани ортидан, ўзининг президентлик ваколатини топшираркан, Ўзбекистон Футбол Федерациясининг 12 йиллик раҳбари Мираброр Усмонов ўзининг издошларига "ҳеч қачон танқидларга салбий қарамасликлари"ни маслаҳат берган.

"Танқид бор жойда ривожланиш бўлади, шундай экан ҳар қандай танқид ёки таклифларга ижобий қаранг. Спорт ва футболнинг ривожланишида журналистлар ва мухлисларнинг ҳам катта ҳиссаси бор", - деб айтганди.

Ўзбекистон миллий терма жамоасининг жаҳон чемпионати саралаш босқич беллашувларидаги кетма-кет мағлубияти манзарасида ҳозирда собиқ президент Мираброр Усмонов ўзининг раҳбарлик фаолиятининг сўнгги йиллари мухлислар ва спорт журналистларининг жиддий танқидлари, истеъфога оид даъватлари манзарасида кечган.

Худди шу танқид ва даъватлар манзарасида фақат ҳисобот-сайлов анжуманига келиб овоз бериш учун илгари сурилган ягона номзод эканлиги маълум бўлган Умид Аҳмаджоновнинг Ўзбекистон Футбол Федерацияси янги президенти этиб сайланиши ҳам мамлакат футбол аҳли томонидан бир хилда қарши олинмаган.

Танқидий, хавотирли, умидсиз, умидли ва ёки ишончсиз бир мазмундаги акс-садоларга сабаб бўлган.

Янги президенти расмий таржимаи ҳолининг ҳисобот-сайлов анжуманидан икки кун ўтиб эълон қилиниши ҳам мамлакат футбол аҳли орасида алоҳида эътиборга сабаб хабар ва воқеъликка айланганди.

Тошкентдан олинган энг сўнгги расмий хабарларга кўра эса, Ўзбекистон Футбол Федерацияси келаси 10 кун ичида ўзининг янги режалари ҳақида хабар қилади.

2018-2022 йилларга мўлжалланган ислоҳотлар режаси, Ўзбекистон футболини янада ривожлантириш дастури юзасидан жамоатчиликка маълумот беради.

Ўзбекистон миллий терма жамоасининг, айниқса, Тошкентнинг ўзида бўлиб ўтган энг сўнгги учрашувида жаҳон чемпионатига чиқишнинг яққол имкониятини бой бериши мамлакат футбол федерацияси фаолиятини тубдан ислоҳ қилиш ва унинг шаффофлигини таъминлашга оид кескин чақириқларга сабаб бўлган.

Ўзининг қисқа тарихида кетма-кет беш бор саралаш босқич беллашувларида иштирок этган Ўзбекистонга ҳалича жаҳон чемпионатига чиқиш насиб этмаган, жамоа деярли ҳар гал энг сўнггига келиб нақд йўлланмани қўлдан чиқарган.

Мираброр Усмонов эса, Тошкентдаги ҳисобот-сайлов анжуманида қилган сўнгги чиқиши якунида, "ташкилотнинг янги раҳбариятига омад тилаб, Ўзбекистон терма жамоасининг албатта кейинги жаҳон чемпионати йўлланмасини қўлга киритиши"га умид қилиб қолган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Алоқадор мавзулар