Россиядаги аноним қўнғироқлар: Ўзбеклар нимадан хавотирда?

Мигрантлар

"Охирги пайтларда Россияда қанақанги бир тўполон, қанақанги бир террорчилик амали бўлса, буни ўзбеклар ёки мигрантлар қилди, деган олдиндан шунақа бир баҳолар берилишига ўрганиб қолдик", - дейди Москвадан "ЛексМобайл" юридик фирмаси раҳбари Ботиржон Шерматов.

Ўтган бир неча кун ичида бутун Россияни бомбага оид аноним қўнғироқлар қамраб олган.

Номаълум шахсларнинг қўнғироқлари нишонига айланмаган деярли бирор бир иншоот қолмаган: маҳаллий ҳокимлик бинолари, банк, жамғарма, бозор, савдо марказлари, университетлар, вокзаллар, аэропортлар, хордиқ чиқариш масканлари, болалар шифохоналари ва ҳатто, ОИТС марказлари ҳам уларнинг эътиборидан четда қолмаган.

Бомба хавфи сабаб, бор-йўғи бир неча куннинг ўзида ўн минглаб одамлар эвакуация қилинишган, ўнлаб бинолар махсус хизматлар томонидан қуршаб олинган ва бошдан-оёқ текширилган.

Орадан уч кун ўтиб, чоршанба куни бу каби аноним қўнғироқлар пойтахт Москвага ҳам етиб келган ва алал-оқибат шаҳар масъуллари мавжуд воқеълик юзасидан расман жиноий иш очишгача боришганига оид хабарлар олинган.

Би-би-си Ўзбек Хизматининг Москвадан уюштирган суҳбатига мана бу линк орқали қулоқ тутинг.

Москва: Бомбага оид аноним қўнғироқлар юзасидан жиноий иш

Россияда бомба хавфи, одамлар эвакуация қилинмоқда

Орадан қарийб бир ҳафта ўтаётган эса-да, бомбага оид аноним қўнғироқлар кимнинг иши экани маълум эмас, аммо, текширилганда, улардан ҳеч бири ўзининг исботини топмаган.

Россиядан олинган сўнгги хабарларга кўра, Давлат Думасида бу каби шахсларни "террорчиларнинг шериклари"га тенг кўриш таклифлари янграган.

Кеча пайшанба куни "Новости" ахборот агентлиги мамлакат ҳуқуқ-тартибот идораларидаги манбасига таяниб, "аноним қўнғироқларини ИШИД жангари гуруҳи билан алоқадор одамлар уюштиргани" ҳақида хабар берган.

Манбанинг ушбу агентликка берган маълумотлари тафсилотларидан аён бўлишича, Россиянинг ташқарисида ҳам бир қанча "қўнғироқ ижрочилари" борлиги аниқланган ва улар халқаро қидирувга ҳам берилади.

Муносабат

"Биринчи навбатда биз бир нарсани сўраган ва хоҳлаган бўлардикки, бу иш ҳам бизнинг юртдошларимизга нисбатан кўрилмаса. Ва, умид қиламизки, буларнинг барчаси тезликда, яхшилик билан якун топади", - дейди Москвадан асли ўзбекистонлик юрист суҳбатдошимиз.

Биргина расмий рақамларга таянилганда ҳам, ҳозир Россияда меҳнат қилаётган ўзбекистонлик меҳнат муҳожирларининг сони қарийб икки миллион кишини ташкил қилади.

Шу йил апрель ойида Россиянинг иккинчи йирик шаҳри бўлган Санкт-Петербург портлаш нишонига айланган.

Айни ҳодиса юзасидан барчаси Марказий осиёлик бўлган 10 нафар киши ҳибсга олинишган.

Орада айни портлашга алоқадорлик гумони билан қўлга олинган уч нафар ўзбек расман "террор"да айбланган. Яна етти нафари ҳануз ҳибс остида қолаётгани айтилади.

Ҳужум ижрочиси сифатида 22 ёшли, ўзи ҳам ўша портлашда ҳалок бўлгани ишонилган асли қирғизистонлик Акбаржон Жалилов гумон этилган.

3 апрель кунги ҳужум ўндан ортиқ кишининг умрига зомин бўлган, 50 га яқинини яралаганди.

Буларнинг барчаси Санкт-Петербургда бўлган катта сондаги Марказий осиёлик мигрантларни "жиддий хавотирга солиб қўйган", улар "ҳафталаб ишга чиқмай қўйишган".

Шаҳар аҳолисининг ҳам Марказий Осиё фуқароларига нисбатан муносабатлари ўта ёмонлашганига оид хабарлар олинганди.

Орада эса, 'метродаги портлашга масъулиятни 'Имом Шомил батальони' ўз зиимасига олиб чиққанди'.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Алоқадор мавзулар