Овозали жиноят ишининг суди очиқ бўладими?

Марҳум Жасур Ибрагимов Фото муаллифлик ҳуқуқи COURTESY

Тошкент шаҳар прокуратураси хабар қилишича, Боровский номидаги тиббиёт коллежи талабаси Жасур Ибрагимовнинг ўлими бўйича қўзғатилган жиноят иши ниҳоясига етказилган.

Тошкентда пойтахт прокуратураси бўлим бошлиғи ўринбосари Муроджон Содиқов журналистлар учун брифинг ташкил қилгани ҳақида хабар тарқатмоқдалар маҳаллий Интернет нашрлари.

Жасур Ибрагимов иши: асосий гумондор ҳибсга олинди

Тошкент прокуратураси масъули жиноят ишининг Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар судига тақдим этилганини айтган.

Журналистларнинг маълум қилишларича, Тошкент шаҳар прокуратураси вакили тергов тафсилотлари ва жиноят иши кимлар устидан қўзғатилгани борасида маълумот бермаган.

Муроджон Содиқов сўзларига кўра, тез орада Жасур Ибрагимов ўлими юзасидан дастлабки суд мажлиси бўлади ва ана ўшанда ҳаммаси аёнлашади.

Шунингдек, журналистларнинг маҳкама қачон бошланиши ва бу суд жамоатчилик учун очиқ ёки ёпиқ бўлиши ҳақидаги саволлари ҳам жавобсиз қолган.

Шу йилнинг 3 май куни 17 ёшли Жасур Ибрагимов курсдошлари томонидан кўпчилик бўлиб дўппослангани хабар қилинади.

У шифохонага ётқизилган, бир неча марта жарроҳлик амалиётлари ўтказилганига қарамасдан, талаба 1 июн куни оламдан ўтди.

Жасур Ибрагимовнинг онаси айбдорларни жазолашни талаб қилиб Президент Шавкат Мирзиёевга очиқ хат ёзди.

Шундан сўнг Тошкентдаги "Дўстлик" паркида юзлаб одамлар норозилик намойишига йиғилдилар ва айбдорларни топиб жазога тортиш талабини илгари сурдилар.

Ушбу жиноят иши Республика Бош прокурори Ихтиёр Абдуллаевнинг шахсан назоратига олингани ҳақида Бош прокуратура матбуот хизмати хабар тарқатди.

Бироқ Жасур Ибрагимовнинг тиббий аҳволи ҳақида маълумот берган шифокорларга нисбатан ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан босимлар бўлаётгани ҳақида ҳам хабарлар тарқалди.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Бу мавзуда батафсилроқ