"Форбс" Мирзиёевни Дэн Сяопинга қиёслади

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP/Getty Images
Image caption "Форбс"га кўра, Мирзиёев Ўзбекистонни дунёга кўпроқ очмоқда

АҚШда чоп этиладиган "Форбс" (Forbes) нашри Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевни Хитойнинг ислоҳотчи раҳбари Дэн Сяопинга қиёслаган.

Кеннет Рапоза қаламига мансуб мақолада минтақанинг бир пайтлар дунёга ёпиқ ва шўро услубида бошқарилган давлати эндиликда ўзини ўзи "қайта ишга тушириш"га уринаётгани айтилади.

Муаллиф 5 сентябрда жорий этилган ўзбек сўмининг эркин конвертацияси иқтисодий юксалишнинг муқаддимаси бўлиши мумкинлигини башорат қилган.

Унинг ёзишича, мамлакатни узоқ вақт бошқарган Ислом Каримовнинг ўлимидан сўнг ҳокимиятга келган Шавкат Мирзиёев Ўзбекистонни дунёга кўпроқ очадиган лидер бўлишига ишонмоқда.

"Мужда"

"Форбс" га кўра, Мирзиёев минтақанинг энг йирик ҳарбий қудрати бўлган Ўзбекистон Евросиёдаги жараёнларни яқиндан кузатаётганларга , ниҳоят, иқтисодиётини замонавийлаштириш борасида умидларни бермоқда.

Мирзиёев Президент этиб сайланганидан кўп ўтмай, Туркманистон, Қозоғистон, Россия ва Хитойга сафар қилганига эътибор қаратган муаллиф, бу ташрифларнинг қўшнилар учун "қатъий мужда" бўлганини айтади.

"Ўзбекистон қўшнилари билан савдо алоқаларини яхшилаш устида иш олиб бормоқда. Агар қўшнилар билан чиқиша олмасанг, хорижий сармоялардан умидингни узишга тўғри келади", дея қайд этади "Форбс".

Мақолада Ўзбекистон Сенатининг раис ўринбосари Содиқ Сафоевнинг юқори иқтисодий ўсиш ва ўзбек иқтисодининг рақобатбардошлигини ошириш "Ўзбекистон раҳбариятининг устувор вазифаси" этиб белгилангани ҳақидаги сўзларидан иқтибос келтирилган.

"Баъзилар Мирзиёевни Дэн Сяопинга қиёслашади. Дэн Сяопин Хитой иқтисодини Мао Цзедун меросидан тозалаган ва пировардида мамлакатни иқтисодий қудратга айлантирган ислоҳотларни бошлаганди", деб ёзади "Форбс".

Сиёсий ирода

"Агар тарихга қарасангиз, Ўзбекистоннинг Евросиёдаги ўрни таъсирли эканини кўрасиз. Чунки Марказий Осиёнинг бошқа ҳудудларида асосан кўчманчилар яшаган бўлса, Ўзбекистоннинг Тошкент сингари шаҳарларида цивилизация гуллаб-яшнаган", дейди "Форбс" суҳбатлашган Вашингтондаги Стратегик ва халқаро тадқиқотлар мраказидан Жонатан Ҳилман.

Унинг сўзларига кўра, Ўзбекистон қадимий "Ипак йўли"нинг бир қисми ва Хитойнинг янги "Ипак йўли"нинг ҳа бир қисми бўлади.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Courtesy
Image caption "Мирзиёев Каримов меросини танқид қилишга йўл очиб берди"

"Форбс"нинг ёзишича, худди СССР қулагандан кейинги Россия каби, Ўзбекистон ҳам миллий валютанинг тўлиқ конвертациясини 2019 йилда жорий этишни режаламоқда.

Сенат раисининг ўринбосари Содиқ Сафоевнинг айтишича, чекланган конвертация хусусий тадбиркорлик ва хорижий сармояларни бўғиб қўйди ва Ўзбекистоннинг қўшнилари олдидаги рақобатбардошлигига салбий таъсир қилди.

Унга кўра, ҳозирда ҳукумат Халқаро Молия Жамғармаси билан валюта айирбошлашнинг бозор механизмига ўтиш устида иш олиб бормоқда.

"Бу ишни охирига етказиш учун мустаҳкам сиёсий ирода мавжуд" , деб айтган Содиқ Сафоев.

Ички курашлар

Аммо мақолада қайд этилишича, иқтисодий қарорларни Мирзиёевнинг бир ўзи қабул қилмайди.

"У ердаги айрим одамлар Каримов даврида қарор топган вазиятнинг ("статус-кво") ўзгаришини унчалик ҳам исташмайди. Қолаверса, ўзбеклар эҳтиёткор ва тажриба қилишни ёқтиришмайди", - деб ёзган "Форбс".

Нашрнинг қайд этишича, Мирзиёев биринчи марта Ўзбекистонни совет услубида бошқарган Каримовнинг меросини танқидларга очган.

"Каримовнинг бошқарув услубини танқид қилишга йўл очиш билан 60 ёшли Президент ўзгаришларга қаршилик қилаётган кучлар билан курашда ўзига халқ орасидан дастак изламоқда", деб ёзади "Форбс".

Нашрнинг фикрича, Мирзиёев шу йилнинг январ ойида ҳукуматда амалга оширган ўзгаришлар унинг мавқеини мустаҳкамлаган.

"Форбс" суҳбатлашган Швециядаги "Марказий Осиё-Қафқос" институти "Ипак Йўли Дастури"дан Сванте Корнелнинг айтишича, Мирзиёев ҳокимиятга келганидан буён бир йил ўтди, аммо "ички курашларнинг яққол белгисини кўрмадик".

"Бу яхшилик аломати. Мен Ўзбекистоннинг Евросиёга интеграция бўлишида ҳеч қандай тўсиқни кўрмаяпман", - деб айтган швециялик таҳлилчи.

Россиялик иқтисодчи Владислав Иноземцевга кўра, ҳозирда дунё Ўзбекистондаги эски тузумнинг юмшашига гувоҳ бўлмоқда.

Сенат раисининг ўринбосари Содиқ Сафоев буни инкор этмайди.

"Бизда асрлар давомида шаклланган тадбиркорлик анъанаси бор. Бизнинг аҳолимиз ёш ва яхши таълим кўрган. Ва ёш ҳамда динамик иқтисод билан Ўзбекистон яна "Ипак Йўли"нинг муҳим нуқтасига айланади", -дея Сафоевнинг сўзларини келтирган "Форбс" нашри.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02