Ўзбекистон Мяньмар мусулмонлари юзасидан музокаралар ўтказди

Мусулмонлар Фото муаллифлик ҳуқуқи EPA

Расмий хабарларга кўра, Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири бу хусусда Бангладеш Халқ Республикасининг фавқулодда ва мухтор элчиси билан учрашди.

12 сентябрь куни вазирлик Мяньмардаги "мусулмон озчилигига қарши зўравонликлар қораланган" расмий баёнот билан чиққан.

Мяньмар раҳбарларини бегуноҳ мусулмонларга қарши зўравонликларга чек қўйишга чақирган.

Бу каби ҳолларнинг олдини олиш учун лозим бўлган барча чораларни кўриш, мавжуд муаммони фақат тинч йўл билан ҳал этишга даъват қилган.

Буларнинг барчаси манзарасида Ўзбекистон ҳукумати Мяньмардаги қочқинларга инсонпарварлик ёрдами юбориш қарорида эканини ҳам маълум қилганди.

Пойтахт Тошкентдан олинган хабарларга кўра, Бангладеш томони билан бўлиб ўтган учрашув чоғида худди шу масалалар кўтарилган.

Мяньмардан қочиб, Бангладешга юз тутаётган қочқинларнинг эҳтиёжларини қондириш учун уларга инсонпарварлик ёрдами юбориш борасида амалий масалалар муҳокама қилинган.

Ўзбекистон ҳам Мяньмардаги вазиятдан 'хавотирда'

Марказий Осиё Мяньмар инқирозидан 'хавотирда'

Энг сўнгги маълумотларга кўра, янги зўравонликлар бошланган бир неча ҳафтанинг ўзида Бангладешдаги мяньмарлик мусулмон қочинларининг сони қарийб 400 минг кишига етган.

Улар аксариятининг Бангладешда бор-будларидан мосуво аҳволда эканликлари айтилади.

Ўзбекистон томони уларга юбораётган инсонпарварлик кўламининг шакли, миқдори ва бунинг аниқ қачон амалга оширилиши тафсилотлари ҳозирча маълум эмас.

Аммо, сўнгги расмий хабарларга кўра, Тошкентдаги учрашув чоғида Ўзбекистон ҳукумат делегациясининг Бангладешга бўлажак ташрифига доир кун тартиби ва дастури ҳам кўриб чиқилган.

Маҳаллий кузатувчиларнинг бирдек эътироф этишларича, бу - Ўзбекистоннинг узоқ хориж, хусусан, мусулмон дунёсига биринчи инсонпарварлик мудохаласи бўлади.

Таъкидлаш жоиз, Мяньмардаги зўравонликлар манзарасида қолган бирор бир Марказий Осиё давлати томонидан бу каби саъй-ҳаракатларга қўл урилгани воқеълиги кузатилмайди.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Алоқадор мавзулар