Ўзбекистон 'кескин қарши' бўлиб келган Роғун қурилишига ‘Ғарб ҳам аралашди’

Роғун Фото муаллифлик ҳуқуқи courtesy

Расмий хабарларга кўра, Тожикистондаги "зиддиятли" Роғун ГЭСи ғарбликларнинг пули эвазига ҳам қуриб битказиладиган бўлди.

Бу ҳақда Тожикистон Миллий Банкининг куни-кеча қилган баёноти тафсилотларидан маълум бўлди.

Банкнинг билдиришича, бу ишга АҚШ, Буюк Британия ва Европа Иттифоқидаги сармоядорлар бош қўшишган.

Улар Тожикистон давлат облигацияларининг қиймати 500 миллион долларга тенг пакетини сотиб олишган.

Хабарларга кўра, бу пуллар Роғун ГЭСини қуриб битказиш ишларига сарфланади.

Агар, бундан аввал кетирилган айрим ҳисоб-китобларга таянилса, "аср қурилиши"ни тугаллаш учун Тожикистонга ҳукуматига 4 миллиард АҚШ доллари миқдорида пул зарур бўлади.

Расмий Душанбе эса, бу маблағнинг бир миллиардини қарзга олиш режасида экани айтилади.

Тожикистонлик масъулларга кўра, "Роғун ГЭСи" Очиқ Ҳиссадорлик Жамияти акцияларининг аҳолига сотувидан жаъми 180 миллион доллардан ортиқроқ пул тушган.

Тожикистон Роғун ГЭСи қурилишини бошлади

Ўзбекистон Роғун бўйича яна хавотир билдирди

Истаклар ва режалар

Орада Россия Ўзбекистон ишга тушишига буткул қарши бўлган бу ГЭСни "қурилиш ишларида қатнашиш" истагини баён қилган.

Ўтган йил Роғун ГЭСини Италия ширкатларидан бири қуриб битказишига оид хабарлар олинган.

Ислом Каримов даврида Ўзбекистон Роғун ГЭСи лойиҳасига қаттиқ қаршилик кўрсатиб келган.

Мазкур иш юзасидан қўйилган ҳар қандай қадамга Ўзбекистон тарафи жуда тезлик билан кескин муносабат билдирган.

Аммо президент Ислом Каримов кутилмаган вафотидан бор-йўғи икки ойча ўтиб, ўтган йил октябрь ойида Тожикистон дунёдаги энг йирик тош-шағал тўғони - Роғун ГЭСи қурилишини бошлаган.

Бу гал Ўзбекистоннинг давлат назоратидаги матбуоти сукут сақлаган.

Орадан бир ой ўтиб, Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов ҳузурига Тожикистоннинг Энергетика ва сув заҳиралари бўйича вазири биринчи ўринбосари Султон Раҳимзодани қабул қилган.

Ташқи ишлар вазирлиги веб саҳифасида берилган хабарда расмийлар учрашувидан "Марказий Осиёдаги сув ва энергетика заҳираларидан рационал фойдаланиш масалаларида Ўзбек-Тожик муносабатлари юзасидан фикр алмашинув" кўзда тутилгани айтилган. Музокара юзасидан бошқа тафсилотлар берилмаганди.

"Мавқеимиз ўзгармаган"

Аммо шу йилнинг июль ойида худди шу масала кун тартибига чиққан.

Халқаро Пресс клубнинг пойтахт Тошкентда бўлиб ўтган йиғинида Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирига айни мазмундаги савол ташланган.

"Ўзбекистон ҳукумати Роғун ГЭСи қурилиши бўйича нега Тожикистонга ўз муносабатини билдирмаётгани ёки бу сукут Ўзбекистон ўз позициясини ўзгартирди, деган маънони билдирадими?", - дея сўралган.

Савол муаллифи Тожикистон президенти Имомали Раҳмон Вахш дарёси ўзанини тўсиш учун шахсан бульдозерга миниб, дарё ўзанини тўсишда иштирок этганини эслатиб ўтишни ҳам унутмаган.

Абдулазиз Комилов, "бизнинг сукут сақлашимиз, бу - позициямиз ўзгариб қолди, дегани эмас", - деб жавоб берган.

Яқинда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Амударё ва Сирдарё бўйича иккита конвенция тақдим этгани ва минтақадаги сув тақсимотига ечим топишга қаратилган ушбу ҳужжат Ўзбекистон ва Қозоғистон учун маъқуллигини айтган.

Айни вақтда Тожикистон бу ҳужжатни кўриб чиқаётгани, Қирғизистон эса аниқ бир жавоб бермаганини қўшимча қилган.

Кoмилов, шунингдек, агар Тожикистон Роғун ГЭСини қуришни истар экан, бунга Ўзбекистон эътироз билдирмаслигини, фақат бу ерда ҳар бир томоннинг манфаатлари ҳисобга олиниши, томонлар ўзаро келишиб олишлари зарурлигини таъкидлаган.

Тожикистон ҳукумати сув омборининг ҳажми 13 миллиард куб метрга тенг Роғун ГЭСининг биринчи иккита агрегатини келаси йил охири ва 2019 йилнинг баҳор ойларигача қуриб битказишни режаламоқда.

Роғун ГЭСи

У пойтахт Душанбедан 110 километр узоқликда жойлашган.

Роғун ГЭСи лойиҳасига биноан, станция қуввати 600 МВт га тенг олти агрегатдан иборат бўлади.

Тўғонининг баландлиги 335 метрни ташкил қилиб, бундай турдаги электр станциялари орасида дунёда энг баланди бўлади, деб кўрилаяпти.

Ишлаб чиқариш қуввати 3600 МВт электр энергияга эга Роғун ГЭСи минтақада ҳам ҳам энг йириги бўлади.

Расмий Душанбе наздида Роғун ГЭСи қурилиши мамлакатни энергетик мустақиллигини таъминлаш учун зарур ва ундан бутун минтақа мамлакатлари манфаат кўришлари мумкин.

Тожикистон орада Ўзбекистонни ҳам бу лойиҳада қатнашишга чақириб келганини айтади.

Аммо Вахш Амударёни сув билан таъминлайдиган муҳим дарёлардан бири.

Амударёда сув сатҳи камайиши Ўзбекистоннинг Бухоро, Хоразм вилоятлари, Қорақалпоғистондаги, шунингдек, Туркманистондаги сув таъминотига таъсир кўрсатиши аниқлиги айтилади.

Ўзбекистон тарафига кўра, хусусан, Роғун ГЭСини юргизадиган даражада сув тўплаш учун камида 8-10 йил вақт кетади.

Бу дегани - қуйида жойлашган ва деҳқончиликка асосланган Ўзбекистонда миллионлаб инсонлар узоқ йиллар сувсиз қолиб кетишлари мумкин.

Шунингдек, зилзила тез-тез рўй бериб турадиган ҳудудда баланд сув омборлари тўғонларини тиклаш ҳаракатлари ҳам пастда жойлашган Ўзбекистондаги мутахассисларини қўрқитади.

Худди шу манзарада Бишкек ҳам Амударё ва Сирдарё бошланадиган дарёларга тўғон ташлаб, Қамбарота ГЭСини қуришга киришган.

Аммо куни-кеча Ўзбекистоннинг янги президенти сифатида илк бор Бишкекка сафар қилган Шавкат Мирзиёев кутилмаган баёнот билан чиққан.

Ўзбекистон раҳбари қирғизистонлик ҳамкасби билан қўшма баёнотида "Ўзбекистон Қамбарота ГЭСини Қирғизистон билан бирга қуражагини билдирган"ди.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02