"Билайн" сўмнинг қадрсизланишидан зарар кўрди

Фото муаллифлик ҳуқуқи Infocom.uz

Ўзбекистондаги етакчи мобил алоқа ширкати - Beeline ўзбек сўмининг АҚШ долларига нисбатан кескин қадрсизланишидан зарар кўриши кутилмоқда.

"Билайн" эгаси - Амстердамда жойлашган Veon Ltd. телекоммуникация ширкатининг билдиришича, сўмнинг қадрсизланиши жорий йилда ширкат даромадларининг 300-350 миллион долларга камайиб кетишини англатади.

"Ҳиссаларнинг қиймати $485 миллионга камаяди", дея ширкат баёнотидан иқтибос келтирган Wall Streen Journal.

Амстердамда жойлашган Veon Ltd. телекоммуникация ширкатининг билдиришича, сўмнинг қадрсизланиши ширкат даромадларининг тушиб кетиши ва нақд пул оқимининг камайишига олиб келади.

VimpelCom ширкати 795 млн доллар жарима тўлайди

"Билайн" (2006 йилга қадар Unitel-таҳр.) мобил алоқа операторининг эгаси бўлган ва ўтмишда VimpelCom номи билан билинган ширкат Ўзбекистонда 9.6 миллион мижозларга хизмат кўрсатади.

Бу Ўзбекистон мобил алоқа бозорининг 45 фоизига тенг.

Ўзбекистон ҳукумати 5 сентябр куни эркин конвертацияни жорий этиши натижасида сўмнинг қадри 48 фоизга тушиб кетган ва ҳозирда 1 АҚШ долларининг қиймати 8092 сўмга тенг.

Veon Ltd кўра, ширкат узоқ муддатда Ўзбекистондаги пул сиёсатининг либераллашувидан фойда кўриши мумкин.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images
Image caption VimpelCom Гулнора Каримовага пора бергани иддао қилинган

Ҳозирда "Билайн" ширкатининг нақд пул оқими 350 миллион долларга тенг экани айтилган.

Ўтган йили VimpelCom ўзбек телеком бозоридаги коррупция билан боғлиқ текширувлар доирасида АҚШ ва Голландияга 950 миллион доллар миқдорида жарима тўлашга рози бўлганди.

АҚШ прокурорлари VimpelCom 2006 йилдан 2012 йилгача ўзбекистонлик нуфузли шахсларга мамлакатда бизнес олиб бориш учун 114 миллион доллар пора берганини айтишган.

Америка қимматбаҳо қоғозлар ва биржалар бўйича комиссиянинг аниқлаштиришича, бу амалдор Президент Ислом Каримовга "жуда яқин" инсон бўлган.

Айрим хабарларда пора олган мулозим президентнинг қизи Гулнора Каримова бўлиши мумкинлиги айтилган.

Лекин унинг номи тилга олинмаган. Гулнора Каримова ўзига нисбатан айбловларни илгари рад қилган.

Гулнора Каримованинг ўзи ҳозирда Ўзбекистонда уй қамоғида қолаётгани айтилади.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02